2016 йил 15 июль куни Туркия халқига етказилган жароҳат ҳали битганича йўқ, аммо мамлакат бир тану бир жон бўлиб террор таҳдидига қарши курашда давом этмоқда.
Бу ҳақда Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен 15 июль воқеаларининг икки йиллиги муносабати билан Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Туркия Қуролли Кучлари ичида ин қурган Фатҳуллачи террор ташкилоти (FETÖ) аъзолари 2016 йил 15 июль куни Туркияда қонли давлат тўнтаришини амалга оширишга уринган эди. Бу уриниш Анқара ва Истанбулда бир вақтда бошланган, Истанбулда Бўғозичи ва Фатиҳ Султон Меҳмет кўприклари, Отатурк номидаги халқаро аэропорт ва Истанбул ички ишлар бош бошқармаси бинолари террорист тўнтарувчилар томонидан қисқа вақтга бўлса-да қўлга олинган, ички ишлар ва миллий хавфсизлик идораларига тегишли баъзи биноларга самолёт ва вертолётларда ҳужум уюштирилган эди”, – дея икки йил аввалги воқеаларни ёдга олди Туркия элчиси.
Қайд этилишича, Туркия Республикаси тарихида илк маротаба Президент ва Бош вазир девони ҳамда парламент биноси террорчилар томонидан бомбардимон қилинди. Давлат тўнтаришига уриниш ҳаракатлари бошлангандан бироз муддат сўнгра телевизион каналлардан жонли эфирда чиқиш қилган Президент Эрдўғон турк халқига ўз демократияси ва миллий иродасини ҳимоя қилиш учун кўчаларга чиқиб террористик тўнтаришга қарши оёққа туришга чақирган эди. Бу даъватга жавобан Туркиянинг барча вилоятлар ва шаҳарларида юз минглаб аҳоли тўнтариш ҳаракатларига тўсқинлик қилиш учун кўчаларга чиқди.
“15 июль санаси Туркия Республикасининг ва турк миллатининг тарихида демократия ғалаба қилган кун сифатида ўрин олди. Турк миллати бутун дунёга демократияни ҳимоя қилганини ва ҳимоя қилажагини намойиш этди. Туркияга қуролли тўдалар эмас, фақатгина демократик йўл билан сайланган ҳукуматлар ва миллий ирода ҳоким бўлиши мумкинлигини кўрсатиб қўйди”, – деди Туркия элчиси.
Элчи Аҳмет Башар Шенга кўра, тергов ва суриштирув хоинона давлат тўнтариши айни пайтда АҚШда яшаб келаётган Фатҳулла Гулен бошчилигидаги террорчи ташкилот томонидан амалга оширилганини рад этиб бўлмас далиллар билан исботлади.
“Туркия 15 июль воқеаларидан кейинги ўтган икки йил давомида маъмурий, жиноий ва ҳуқуқий текширувлар олиб борди, Туркия адлия органлари давлат тўнтарувини ишлаб чиққан ва амалга оширган бу тузилма ҳақида жуда катта фактларни аниқлади. Кўрилган тадбирлар билан бу тўданинг Туркиядаги уяси йўқ қилинди. Бироқ бу хавф Туркия билан чегараланиб қолмаган. Ташкилотнинг кўпгина давлатларда Туркиядагига ўхшаган тузилмалари мавжуд. Улар ҳозирда бошқа давлатларнинг ичида хиёнат уруғларини экишда давом этмоқда. Тирик қолиш учун бу сафар янада фаол тарзда глобал миқёсда иқтисодий ва сиёсий обрў орттириш пайига тушганлар. Туркия барча дўст давлатларни яширин ва айёрона ҳаракат қилаётган ниҳоятда хавфли ушбу террорчи ташкилот тўғрисида ҳар фурсатда огоҳлантирмоқда”, – деди элчи Аҳмет Башар Шен.
Қайд этилишича, айни пайтда FETÖ тўдаси бутун дунё бўйича 30 миллиард АҚШ долларидан ортиқ сармояга эгалик қилмоқда ва маблағ вақт ўтгани сари кўпайиб бормоқда. Мазкур фактнинг ўзи ушбу гуруҳ нақадар хатарли эканини кўрсатади.
Элчи Аҳмет Башар Шен Ўзбекистон биринчилардан бўлиб ушбу террорчи гуруҳ хатарини сезгани ва мамлакатдаги уларга қарашли таълим масканларини ёпганини қайд этар экан, Туркия бунинг учун Ўзбекистондан ҳамиша миннатдор эканини таъкидлади.
Турк элчиси расмий Анқара террорчи тўдалар билан асло муроса қилмаслиги, аксинча қонун устуворлиги, ахлоқ ва демократия каби уч қадриятга таянган ҳолда бузғунчиларга қарши аёвсиз курашда давом этажагини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 15 июль куни Туркияда давлат тўнтаришига уриниш рўй берди. Туркия раҳбариятига кўра, мазкур жиноят АҚШда яшаётган Фатҳулла Гулен ва унинг террорчи ташкилоти томонидан уюштирилган. Расмий Анқара АҚШдан Фатҳулла Гуленни Туркияга экстрадиция қилишни сўраб бир неча марта мурожаат йўллаган.
Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон террорчилар шунчаки ижрочи экани, аслида ушбу улкан фитна ортида қудратли кучлар турганига қайд этган.
Туркия Қуролли кучлари ичига сизиб кирган ва FETÖ террорчи ташкилоти аъзоси бўлган ҳарбийлар томонидан амалга оширилган давлат тўнтаришига уринишнинг мақсади Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонга суиқасд уюштириш, конституцион тузум ва парламент тизимини ағдариш эди.
Давлат тўнтаришига уриниш вақтида 251 киши шаҳид бўлган, 2000 дан ортиқ киши жароҳатланган. Ҳарбий исён халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланган.
Ўн минглаб туркияликлар демократияни ва ҳокимиятга сайлов орқали келган ҳукуматни ҳимоя қилиш мақсадида кўчаларга чиқди. Шу тариқа халқнинг мисли кўрилмаган қатъияти ва жасорати боис давлат тўнтаришининг олди олинди.
Туркияда 2016 йил 15 июль тунида юз берган давлат тўнтаришига уринишнинг икки йиллиги бутун мамлакат миқёсида миллий бирдамлик ва демократия куни сифатида кенг нишонланмоқда.
С.Салим
Шу мавзудаги мақолалар:
15 июль – Туркия қайта туғилган кун. 16.07.2017
Владимир Аватков: “Фатҳулла Гулен Россия ва Марказий Осиёга дўст бўлмайди”. 17.08.2016
Туркия: 15 июль фитнаси қатнашчилари жазосиз қолмайди. 18.07.2016