АҚШда чоп этиладиган The Fortune журнали дунёдаги энг нуфузли 50 та компания рўйхатини эълон қилди. Йиллик рўйхатни тузиш учун дунёнинг 30 га яқин мамлакатидаги 1500 дан зиёд топ-менежерлар фикрлари ўрганилган. Респондентлар янги технологиялардан фойдаланиш, бошқарув самарадорлиги, молиявий хавфсизлик, маҳсулот ва хизматлар сифати каби жиҳатларга кўра компанияларга баҳо беришган.
Сайёрамизнинг энг нуфузли 50 компанияси сафига Амеркадан 35 та, Япониядан бешта, Буюк Британиядан 3 та, Германиядан 2 та, шунингдек, Франтсии, Финляндия, Швейцария, Сингапур ва Жанубий Кореядан биттадан компания кирган. Қуйидаги компаниялар The Fortune журнали рейтингининг дастлабки ўнлигини эгаллаган.
1. General Electric (АҚШ). Машинасозлик соҳасида етакчи саналган компания бутун дунёда ўз ваколатхоналарига эга. Компаниянинг йиллик савдо айланмаси 163,4 миллиард долларни ташкил этди.
2. Toyota Motor (Япония). 1937 йили ташкил этилган корпорацияда 286 мингдан ошиқ ходим меҳнат қилади. 2006 йили Тоёта Моторнинг савдо айланмаси 178,9 миллиард долларга тўғри келди.
3. Procter & Gamble (АҚШ). Косметика, парфюмерия воситалари ва шахсий гигиена маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган компаниянинг йиллик савдо обороти 68 миллиард долларни ташкил этади. Procter & Gamble жаҳоннинг 160 мамлакатида фаолият олиб боради.
4. Johnson & Johnson (АҚШ). Шахсий гигиена воситалари ҳамда тиббий ускуналар ишлаб чиқарадиган компания дунёнинг 57 мамлакатида 200 дан ортиқ бўлимларга эга. Компания штатида 122 минг ходим қайд этилган.
5. Apple (АҚШ). Асосан компютер маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган компания бутун дунёда юқори сифат рамзи деб тан олинган. 2007 йили компания номидан «computer» (компютер) атамаси олиб ташланди. Буни муассаса фаолият кўламини кенгайтириб, янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга киришгани билан изоҳлаш мумкин.
6. Berkshire Hathaway (АҚШ). Сармоя холдинги дунё бойлари рўйхатида иккинчи ўринни банд этган Уоррен Баффетга тегишли. Компания суғурта, савдо ва молия хизмати билан шуғулланади.
7. FedEx (АҚШ). Дунёнинг 220 дан ортиқ мамлакатида почта хизмати кўрсатиб келаётган компания катта нуфуз қозонган. Унинг йиллик савдо айланмаси ўртача 32,3 миллиард долларни ташкил этади.
8. Microsoft (АҚШ). Сайёрамизнинг энг бой кишиси Билл Гейтсга қарашли компания компютер ва ахборот технологиялари ишлаб чиқаради. 2006 йили компания 12,6 миллиард доллар соф фойда кўрган эди. Microsoft компаниясида 71 минг ходим меҳнат қилади.
9. BMW (Германия). Автомобиль ишлаб чиқариш бўйича деярли бир асрлик тажрибага эга бўлган немис концерни ҳақли равишда нуфузли компаниялар ўнлигига кирди. Концерн айни пайтда Mini ва Rolls-Royce компаниялари назорат акция пакетига ҳам эгалик қиляпти. BMW биргина 2005 йилнинг ўзида 1,3 миллион дона автомобиль сотишга муваффақ бўлди.
10. PepsiCo (АҚШ). Ичимликлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган компанияни Индра Нуйи бошқаради. Дарвоқе, ишбилармон хоним Американинг энг таъсирли аёллари рўйхатига ҳам кирган эди. Пепси компанияси Lipton Ice Tea, Pepsi, Mirinda, Tropicana, Mountain Dew каби ичимликлар ишлаб чиқаради.
С. КАМОЛ тайёрлади