Ёхуд янги ҳукумат тараддуди
27 сентябрь куни Германия бундестаги учун ўтган сайловда мўъжиза рўй бермади, воқеалар кутилмаган ўзанга бурилиб кетмади. Тахмин қилинганидек, кантслер Ангела Меркел бошчилигидаги христиан-демократик иттифоқ/христиан-социалистлар иттифоқи, яъни консерваторлар ғалаба қозонди. Иккинчи йирик сиёсий куч саналган социал-демократлар ва улар номзоди Франк-Валтер Штайнмаер мағлубиятга учради. Сайловда омадли иштирок этган эркин демократик партия – либераллар бошига эса давлат қуши қўнди. Ҳозирда ушбу партия консерваторлар билан бирга коалицион ҳукумат тузиш ҳаракатида. Сайлов мамлакатдаги қизғин сиёсий жараённинг дебочаси бўлди дейиш мумкин. Негаки, ўзига хос бошқарув тизимига эга Германияда баъзан сайловдан ҳам кўра ҳукумат ташкил этиш жараёни қизғинроқ кечади.
Сайловчи кўпроқ кимга ишонч билдирди?
Ҳисоб-китобларга қараганда, христиан-демократик иттифоқ/христиан-социалистлар иттифоқи блоки 33,8 фоиз, яъни 2005 йилги сайловга нисбатан 1,4 фоиз камроқ овоз йиғишга эришди. Замонавий Германия давлатининг ёрқин сиёсатчиси Конрад Аденауэр асос солган сиёсий ҳаракат бу гал бундестагдаги 228та ўринга даъвогарлик қилмоқда.
Сўнгги йилларда вице-кантслер ва ташқи ишлар вазири вазифаларини бажариб келган Франк-Валтер Штайнмаер раҳбарлигидаги социал-демократлар партияси эса 23% фоиз овоз олди. Бу ГФРга асос солинганидан буён партиянинг энг ёмон кўрсаткичи сифатида баҳоланмоқда. Негаки, партия парламентдаги 146 ўринни эгаллаётган бўлсада, 11,2 фоиз сайловчилари ишончини йўқотди. Ўн бир йил ҳукуматда ўтирган социал-демократлар муҳим позицияни бой берди. Шу боис ҳам, партия сайлов тугаши билан ўзини янги ҳукуматга мухолиф деб эълон қилди.
Эркин демократик партия ўз тарихидаги энг яхши натижага эришди. 14,6% овоз тўплаган либераллар парламентдаги 94 ўринга эга бўлиши кутилмоқда. Сайловда имконияти доирасида иштирок этган сўллар партияси – 11,9%, яшиллар – 10,7% овоз йиғди. Бундестагнинг яқин тарихидаги 17-cайловда 62 млн. аҳоли 27та партия учун овоз берди. Аммо партиялар сони йигирмадан ошсада, парламентдаги асосий ўринлар юқорида зикр этилган партиялар томонидан тақсимлаб олинди (кўплаб давлатларда бўлгани каби Германияда ҳам умумий сайловчиларнинг беш фоиз овозини олган партиягина парламентга ўта олади).
Социал-демократлар қуёшининг ботиши
Германия қонунчилиги бўйича сайловда ғалабага эришган партия бошқа сиёсий партия билан биргаликда коалицион ҳукумат тузиши зарур. Бу гал христиан-демократлар эркин демократик партия билан коалицион ҳукумати ташкил этадиган бўлиб турибди. Ҳозирча парламентдаги 622 ўриндан 332таси мазкур икки партия аъзоларига тегишли. Дарвоқе, ушбу ўринлар сони ошиши ҳам мумкин. Гап шундаки, немис қонунчилигига кўра, ҳар бир фуқаро иккита овозга эга. Яъни у аввало, сайлов участкасидаги ўз номзодига овоз беради. Бунда энг кўп овоз олган номзод ғалаба қилади (бу мажоритар тизим деб аталади). Айни замонда, сайловчи муайян партия учун ҳам овоз беради. Мазкур иккинчи овоз ҳисобланиб, партияларга қўшимча мандат сифатида берилади (бу пропорционал сайлов тизими саналади, яъни Германияда бир пайтнинг ўзида сайловнинг ҳар икки усули қўлланилади).
Асли, эркин демократик партия ва христиан-демократлар ўртасида коалицион ҳукумат тузилиши янгилик эмас. Бу икки сиёсий куч машҳур кантслер Гелмут Кол давридан бошлаб – 1982-1998 йиллар мобайнида сиёсий ҳамкор сифатида фаолият юритиб келган. Бироқ эски қадрдонлик муносабатларига таяниб, консерваторлар ва либераллар осонгина коалиция тузади дейиш тўғри эмас. Чунки икки партия ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларда ўзига хос фарқли қарашлар мавжуд.
Ҳар кимники ўзига…
Гидо Вестервелле етакчилигидаги либераллар мамлакат солиқ тизимини ислоҳ қилиш ва кескин соддалаштириш талаби билан чиқмоқда. Улар таклиф этаётган концептсия бўйича фуқароларни солиққа тортиш уч кўринишда бўлиши – 20 минг еврогача даромад топадиган шахслар 10 фоиз, 50 минг еврогача даромад қиладиганлар 25 фоиз, 50 минг евродан юқори даромад топадиганлар эса 35 фоиз солиққа тортилиши керак. Христиан-демократлар эса ушбу ташаббусни ножиддий режа деб баҳолаган.
Христиан-демократлар Нюрнбергдаги Меҳнат масалалари бўйича федерал идорани янада кенгайтириш тарафдори. Улар бу билан ижтимоий ҳимояни янада кучайтиришни мақсад қилишган. Давлат харажатларини қисқартиришни ният қилган либераллар эса ушбу федерал идора баҳридан ўтишни маъқул кўрмоқда.
Либераллар ходимларни ишдан бўшатиш ҳақидаги қонун талабларини енгиллаштириш, бу борада кичик ва ўрта корхоналарга кўпроқ эркинлик беришни таклиф қилмоқда. Консерваторларга эса мазкур режа манзур эмас.
Эркин демократлар Германияда умумий ҳарбий мажбуриятни бекор қилиш ва бундесверни профессионал армияга айлантиришни хоҳлайди. Бу режа христиан-демократларнинг умумий дастурига мувофиқ келмайди.
Консерваторлар ва либераллар ўртасида булардан ташқари, cоғлиқни сақлаш ва тиббий суғурта борасида ҳам ўзига яраша зиддиятли нуқтаи назарлар бор.
Ташқи ишлар вазирими ёки суперминистр?..
Ўзаро фарқли ёндашувларга қарамасдан, консерваторлар ва либераллар коалицион ҳукумат ташкил этиш борасидаги дастлабки музокараларни бошлади. Хабарларга кўра, икки сиёсий етакчи – Ангела Меркел ва Гидо Вестервелле ўртасидаги дастлабки учрашув 5 октябр – душанба куни ўтиши мўлжалланган.
Аслидаку, келгуси тўрт йилда Германия кантслери бўладиган Ангела Меркел хоним учун ҳукуматни тезроқ шакллантириш муҳим. Негаки, жаҳонда молиявий инқироз ва кескин сиёсий вазият ҳукм суриб турган бир пайтда ҳукуматни тезроқ тузиш, ички ва ташқи сиёсатни аниқлаштириб олиш ғоят зарур. Қолаверса, яна саноқли кунлардан кейин 9 ноябрь куни Германияда катта сиёсий тадбир – Берлин девори қулашининг йигирма йиллиги нишонланади.
Одатда, коалицион ҳукуматда иштирок этаётган иккинчи партия етакчисига вице-кантслерлик ва ташқи ишлар вазири лавозими топширилади. Шу маънода, кўпчилик либераллар етакчиси Гидо Вестервелле вице-кантслер ва ташқи ишлар вазири бўлишини тахмин қилаётган эди. Аммо куни кеча немис матбуотида Гидо Вестервелле суперминистр – бир пайтнинг ўзида молия ва иқтисодиёт вазири бўлиши эҳтимоли ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Айрим кузатувчилар ҳам «Эркин демократик партия асосан ички сиёсатга оид ислоҳотларни илгари сурмоқда, шунинг учун партия раҳбари ташқи ишлар вазири эмас, суперминистрликни эгаллагаши керак» деган фикрни айтмоқдалар.
Асосий қаҳрамонлар эса бу борада аниқ баёнотга беришга шошилмаётирлар. Ҳукумат ташкил этиш масаласида ҳам немис дипломатиясига хос вазминлик яна бир карра намоён бўлмоқда.
Абдул Собир