Маърифат асри муаммоси

Дунёнинг айрим мамлакатларида хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоялаш масаласи долзарблигича қолмоқда

Энг муҳтарам ва мукаррам зот сифатида аёл шаънига кўп яхши сўзлар айтилади. Дунёдаги барча яхшиликлар сабабчиси, буюк жаҳонгиру тенгсиз алломалар тарбиячиси бўлган хилқат ҳақли равишда таъриф-тавсиф этилади. Юртимизда ҳам асрий қадриятларимизга мувофиқ хотин-қизларга юксак даражада эҳтиром кўрсатилмоқда.

Аёлларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга давлат аҳамиятига молик масала сифатида эътибор қаратилмоқда.

Лекин дунё айвонида рўй бераётган турфа ҳодисалар, ихтилоф ва зиддиятларни кузатар эканмиз, она сайёрамизнинг барча минтақаларида ҳам хотин-қизларга муносабат мамлакатимиздаги каби ижобий эмаслиги, келажак тарбиячилари бўлган аёлларга ҳамма жойда ҳам бирдек ғамхўрлик кўрсатилмаётганига амин бўлиш мумкин. Ачинарлиси, мазкур нохуш ҳолатлар маърифат асри деб аталаётган янги юзйилликда рўй бермоқда. Қуйида келтирилаётган маълумотлар ҳам жаҳоннинг кўплаб давлатларида аёлларни асраб-авайлаш, улар ҳуқуқини таъминлаш ҳамон долзарб муаммо бўлиб қолаётганини яна бир карра тасдиқлайди.

Тожикистонлик муҳожир аёлларнинг мамлакат президентига мурожаати

Россия Федерациясидаги тожикис­тонлик аёллар 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мамлакат президенти Имомали Раҳмон номига мактуб йўллашди, деб хабар беради www.tajmigrant.com сайти. Россияда тирикчилик важидан сарсон бўлиб юрган юзлаб аёллар номидан юборилган мурожаатда тожик хотин-қизлари ўзга юртда қанчалик оғир шароитда меҳнат қилишаётгани, давлат томонидан эса уларга амалий кўмак берилмаётгани айтилади. Мактубда қуйидаги муаммолар тилга олинган:

«Бугунги кунда биз — тожикистонлик аёллар, Россия Федерациясидаги меҳнат муҳожирларининг 30 фоизини ташкил этамиз. Оғир ва кам ҳақ тўланадиган соҳаларда меҳнат қилишга мажбурмиз. Бизлар Ватанни ҳаддан зиёд муҳтожлик туфайли тарк этганмиз. Болаларимиз уйда қаровсиз, меҳрсиз қолмаслиги учун уларни ҳам ўзимиз билан олиб келганмиз. 2003 йилга қадар турмуш ўртоқларимиз ва ўғилларимиз Россияга пул топиш учун келишганди, улар юборган маблағ билан тирикчилик ўтказаётган эдик. Бугунга келиб улар ҳаммалари касал ва меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолишди, айримлари эса ногиронга айланишди. Шундан кейин биз оналик бурчини адо этиш ва оила бошлиқлари ўрнини билинтирмаслик учун республикамизни тарк этишга мажбур бўлдик. Фарзандларимиз, кекса ота-оналаримизни боқиш учун кунига йигирма соатдан меҳнат қиламиз.

Жаноб Президент, Сизнинг ҳам қизларингиз бор ва, ўйлаймизки, аёллар муаммоларини тушунарсиз. Хотин-қизларга бўлган бундай меҳрсизлик қачонгача давом этади?

Биз ўз уйимизда, яқинларимиз билан бирга, оила бағрида яшаш ва ишлашни истаймиз. Ҳозир барча яқинларимиз бутун дунёга тарқаб кетган гўё. Уларнинг айримлари билан йиллаб учрашолмаймиз. Яна айримлари эса дому дараксиз йўқолган.

Оммавий ахборот воситалари, телевидение ва радио орқали ҳар куни эшитамиз, сиз мамлакатни идора эта оладиган ягона инсон экансиз. Балки шундайдир. Лекин республикамиз ташқарисида ҳам депутатликка, давлатнинг юқори лавозимларига, жумладан, мамлакат президентлигига лойиқ бўлган кадрларни кўряпмиз. Агар демократик тартиб кафолатланса, улар ҳам сайловларда қатнашишлари мумкин.

Бугунги кунда тожик аёли боши хам ҳолатда юрибди. Бу суверен давлатимизни бошқараётган эркаклар учун номус бўлмоғи керак».

Шундан кейин мактубда давлат раҳбарига илтимос ва талаблар илгари сурилади:

«Биринчидан, айни пайтда ҳукумат таркибида кадрлар алмашувини амалга ошириш керак. Сизнинг атрофингизга асосан яқин қариндошларингиздан иборат жамоа йиғилиб олган. Биз Ироқдаги Саддам Ҳусайн (мамлакатни ўғил ва куёвлари бош­қарган), Қирғизистондаги Асқар Акаев (ҳокимиятдан ағдарилишига қизларининг эркаликлари сабаб бўлди) тақдири такрорланишини истамаймиз.

Иккинчидан, республикада демократик тамойиллр мавжуд эмас, оммавий ахборот воситалари коррупция ботқоғига ботган амалдорлар назоратида.

Учинчидан, республикада фақатгина қоғозда кўп партиявий тизим амал қилади. Бунинг яққол исботи, айни пайтда парламентдаги ўринларнинг 90 фоизи сиз раҳбарлик қилаётган партия томонидан эгалланган.

Тўртинчидан, биз ўсиб келаётган ёшларимизни билимли кўрмоқни истаймиз. Бизнинг халқимиз ҳам қачондир юқори салоҳият ва билим эгаси, юксак маданият соҳиби бўлган. Ҳозир эса болаларимиз билим олиш ўрнига арзимас чой-чақа эвазига қулларча ишлашга мажбур. Уларнинг аксарияти ўқиш-ёзишни ҳам билмайди».

Мактубда Тожикистон раҳбари 2008 йилнинг 21 февральида Россия Федерациясига ташрифи чоғида ҳамюртларининг умидларини оқламагани айтилади.

«Биз сиздан Россиядаги Тожикистон жамоатчилик ташкилотларини ягона куч қилиб бирлаштириш ва муҳожирлар ҳуқуқи учун курашиш йўлида амалий ҳаракатлар кутган эдик. Бунинг ўрнига ташрифингиздан кейин Россиядаги тожик жамоалари ўртасидаги бўлиниш янада кучайди».

Мурожаатда Россия Федерациясидаги Тожикистон халқ­ларининг биринчи съезди қарори билан 2007 йил 10 ноябрьда «Тожикистон меҳнат муҳожирлари» умумроссия жамоатчилик ҳаракати ташкил этилгани ижобий баҳоланади. Ушбу ҳаракат мавжуд оғир вазиятдан чиқишда ёрдам бериши таъкидланади.

«Биз Тожикистон Республикаси ҳаво ва темир йўллари компаниялари вакиллари хатти-ҳаракатларига эътибор қаратишни талаб қиламиз. Тижорат тузилмаси бўлган ушбу компаниялар давлат томонидан назорат йўқлиги сабабли бизларни хўрлашмоқда, қонунсизлик ва Ватандан йироқдаги фуқароларни қақшатиш эвазига бойишмоқда».

«Тожикистон меҳнат муҳожирлари» умумроссия жамоатчилик ҳаракати қошидаги хотин-қизлар қўмитаси номидан йўлланган мактуб сўнггида мамлакат раҳбари халқ талабига қулоқ осиши ва қийинчиликда қолган аҳоли томон юз буришига умид билдирилган.

БМТ БОШ КОТИБИ ТАШВИШДА

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун хал­қ­аро ҳамжамиятни хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун сармоя миқдорини ошириш ва миллий бюджетларни шакллантиришда улар манфаатларини ҳам эътиборга олишга чақирди.

Пан Ги Мун хотин-қизларга ҳали ҳам нотенг муносабатда бўлинаётгани ва зўравонлик ҳолатлари учраётгани, уларда керакли ресурс ва иқтисодий имконият мавжуд эмаслиги, муҳим қарорларни қабул қилишда уларнинг фикри инобатга олинмаётганини ташвиш билан қайд этди.

Бош котиб аёлларни ҳимоялаш йўлида ажратиладиган қўшимча маблағ бутун дунёда иқтисодий барқарорликка сабаб бўлишини таъкидлади.

БМТ раҳбари бу борада маълум ижобий натижаларга эришилаётгани, хусусан, дунёнинг 50 га яқин давлати бюджетни шакллантиришда хотин-қизлар манфаатларини инобатга олиш ташаббусига қўшилганини маълум қилди.

Яқинда Халқаро меҳнат ташкилоти мутахассислари аёлларнинг иш билан бандлиги бўйича ҳисобот эълон қилган эди. Ҳисобот муаллифлари аёллар кўп ҳолатларда кам маош тўланадиган соҳаларда банд деган хулосага келишган.

Маълумотларга қараганда, сўнгги 10 йил ичида меҳнатда банд бўлган аёллар сони 1,2 миллиардга етган. Лекин хотин-қизлар орасидаги ишсизлик юқори кўрсаткич (6,4 фоиз) да қолмоқда (эркакларда — 5,7 фоиз).

Эслатиб ўтамиз, 1945 йили Сан-Франтсиско шаҳрида имзоланган БМТ низоми хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини эълон қилган биринчи халқаро ҳужжат саналади. Ташкилот аъзолари томонидан аёлларни ҳимоялаш устувор мақсад этиб белгиланган.

ҲАР БEШТАДАН ТЎРТТАСИ САВОДСИЗ

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистондаги хотин-қизларнинг ҳолати бўйича баёнот эълон қилди. Унда тенгсизлик ва саводсизлик мамлакат учун энг катта фожиа бўлиб қолаётгани таъкидланади. Шунингдек, хал­қ­аро ташкилот баёнотида кўплаб аёллар тиббий хизмат йўқлиги туфайли туғиш пайтида вафот этаётгани айтилган.

2003 йили қабул қилинган Афғонис­тон Конституциясида аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги мустаҳкамланган. Асосий қонунда хотин-қизларнинг таълим олиш, меҳнат қилиш, сиёсий ҳаётда иштирок этиш ҳуқуқлари ҳам тикланган. Амалдаги тартибга кўра, парламентнинг қуйи палатасида 25 фоиз, сенатда эса 17 фоиз жой аёлларга тегишли бўлиши керак. Айни пайтда қонунчилик идорасидаги 250 ўриндан 64 тасини аёллар эгаллаганлар.

Айрим ижобий натижаларни эътироф этган ҳолда афғон давлатида аёллар билан боғлиқ кўплаб муаммолар мавжудлигини ҳам айтиб ўтиш керак. Кузатишларга қараганда, ҳозирда афғон аёлларнинг бор-йўғи 2 фоизи шахсини тасдиқловчи ҳужжатга эга. Қолган 98 фоиз аёлларда ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Шунинг­дек, мамлакат аёллари орасида саводсизлик даражаси жуда юқори. Афғонистондаги ҳар беш аёлдан тўрттаси ёки 85 фоизи ўқиш-ёзишни билмайди (эркакларда бу кўрсаткич 51 фоиз). Қизларнинг бор-йўғи 20 фоизи бошланғич мактабларга қатнайди. Ўрта мактабларда таълим олиш даражаси эса 5 фоиздан ошмайди.

МУАММО ЕЧИМИ БЎЙИЧА ТАКЛИФЛАР

БМТга аъзо давлатлар томонидан хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоялашга қаратилган бир қанча резолциялар таклиф этилмоқда. Муҳокама этилаётган ҳужжатларда бу борадаги турли муаммоларга эътибор қаратилган.

Озарбойжон агар аёллар ва болалар гаровга олингудек бўлса, уларни зудлик билан озод этилишини талаб қилувчи резолюция лойиҳасини тақдим этди.

Антигуа ва Барбуда давлати Фаластин аёлларига ёрдам бериш тўғрисида резолюция қабул қилиш тарафдори. Ушбу давлат таклиф этаётган ҳужжатда Ғазо секторида хотин-қизларнинг оғир аҳволи муҳокама этилади.

«Ҳуррият»дан олинди.