Мафия ҳақида сўз кетса, кўпчилик тасаввурида тсезарлар юрти Италия гавдаланади. Бу ҳолатни биргина мамлакатнинг мафия ватани бўлгани билан изоҳлаш етарли эмас. Европанинг «юраги»да жойлашган Италияда, яна денг, маърифат асри саналган янги юз йилликда, ҳали ҳам мафиянинг, яъни ноқонуний жиноий тўдаларнинг таъсири кучли эканини кўриш мумкин. Бу ҳолат Европа Иттифоқининг юқори лавозимдаги вакиллари томонидан ҳам хавотир билан тилга олинган.
Шу кунларда Италия жамоатчилиги ҳаддидан ошган махфий жиноий гуруҳларнинг қилмишларини яна қизғин муҳокама қиляпти. Гап шундаки, бундан бир неча кун муқаддам Италия кичик корхоналар ассоциацияси — Cонфесерcэнти ташкилоти мамлакатдаги иқтисодий ривожланиш ҳолати, бу жараёнда ишбилармонларга яратилаётган шароит юзасидан ҳисобот эълон қилган эди.
Мазкур уюшма томонидан тайёрланган ва Италия ҳукуматига тақдим этилган ҳужжатда мамлакат иқтисодий тараққиётига тушов бўлиб турган иллатлар, хусусан, мафиянинг кирдикорлари таҳлил этилган.
Ҳужжатда Италиядаги махфий жиноий уюшмаларга тегишли компаниялар жуда катта миқдорда даромад олиши қайд этилган. Бунга кўра, мафиянинг йиллик молиявий маблағлар айланмаси 90 миллиард еврони ташкил этади. Бу рақам Италия йиллик ялпи ички маҳсулотининг оз эмас, етти фоизига тўғри келади.
86 бетдан иборат ҳужжатда бутун дунёда ном чиқарган итальян мафиясининг қайси соҳалардан даромад олаётгани батафсил кўрсатилган. Қизиқ жиҳати, парда ортидаги ҳокимият деб баҳоланадиган жиноий тўдалар энг кўп даромадни судхўрлик орқасидан топар экан. Ҳисоботда айтилишича, биргина ўтган йил давомида 150 мингдан ошиқ ишбилармон уюшган гуруҳлар тасарруфидаги маблағлардан катта-катта фоизлар эвазига фойдаланган. Мафиянинг кейинги асосий даромад манбаи ноқонуний савдо саналади. Италиянинг турли шаҳарларида очилган савдо нуқталаридан 13 миллиард евро миқдорида тушум қайд этилган.
Табиийки, махфий тўдалар фаолиятини фирибгарлик, товламачилик, одамларни гаровга олиш каби жиноятларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Тадқиқот натижаларига кўра, Дон Карлеоненинг ватандош ва издошлари ўтган йили рекетдан 10 миллиард, ўғирликдан 7 миллиард, фирибгарлик ва ҳужжатларни сохталаштиришдан 4,6 миллиард, қимор ўйинларидан 2,5 миллиард, контрабандадан 2 миллиард евро даромад олишган.
Бугунги кунда шоу-бизнесга айланиб кетган санъат мафия гуруҳлари учун ҳам улкан даромад манбаи бўлиб қолмоқда. Амалда кўплаб машҳур қўшиқчилар, юлдузларни ўз қарамоғига олган жиноий тўдалар уларнинг ижодий фаолиятидан мўмай фойда қилишда фойдаланяпти. Яъни панадаги норасмий пешволар санъатнинг турли йўналишлари устидан ҳам ўз ҳукмини ўтказишга уриняпти. Шу билан бирга қароқчилик йўли билан, яъни муаллифлик ҳуқуқини поймол этган ҳолда сотилаётган дисклар, кассеталар ҳам улкан маблағлар келтирмоқда. Cонфесерcэнти ташкилоти хулосасига кўра, ўтган йил мобайнида қароқчилик маҳсулотлари савдосидан мафия ғазнасига 7,4 миллиард евро келиб тушган.
Мафия гуруҳлари ҳамма вақт ҳам кўпчилик назаридан четда бўлган, аммо жуда катта даромад келтириши мумкин бўлган соҳаларга кўз тикади. Тадқиқотларга қараганда, итальян мафияси охирги йилларда қотиллик, одам савдоси, рекетдан ҳам хавфлироқ бўлган фаолият ядро қолдиқларини сотиш ва плутоний ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланяпти.
Аслида Италия мафиясининг ядро қолдиқларини яширин суръатда сотаётгани тўғрисидаги овозалар 1990 йилларда пайдо бўлган эди. Ўшанда мамлакат прокуратураси ЭНEА – ядро энергияси бўйича миллий агентликнинг мафия билан ҳамкорлик қилган ва мутлақо махфий маҳсулотларни пора эвазига бериб юборган ходимларига қарши жиноий иш ҳам очган эди. Лекин орадан салкам йигирма йил ўтган бўлсада, текширувни якунлаш имкони бўлмаяпти. Чунки мафиянинг айрим раҳбарлари жалб этилган жиноий иш гувоҳлари сирли равишда ғойиб бўляпти ёки ўлдириб кетиляпти.
Дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бири саналган Италия учун мафияга қарши кураш масаласи энг оғриқли нуқта бўлиб қоляпти. Мамлакатнинг жанубий ҳудудлари — Ситсилия, Кампане, Калабрия ва Апулияда мафия таъсири кучли. Тадқиқотларга қараганда, Италияда ҳар куни бизнесменларга қарши 1300 та жиноят содир этилади. Бу ҳар соатда элликта ишбилармоннинг ҳаққига хиёнат қилинади деганидир. Табиийки, бундай қалтис шароитда хорижлик сармоядорлар ҳам бирор бир фаолиятни йўлга қўйишга журъат қилишавермайди.
Бу ҳолатни ҳуқуқ идораларининг ўзи ҳам очиқ эътироф этмоқда. Италия ички ишлар вазири ўринбосари Марко Миннитининг сўзларига кўра, агар мамлакатда мафия гуруҳлари буткул йўқ қилинганда эди, Италия бутун дунёда энг олдинги ўринга чиқиб олган бўларди. Албатта, ялпи ички маҳсулотнинг салмоқли қисми саналган 90 миллиард евро жиноий тўдалар киссасига эмас, давлат ғазнасига тушса эди, Италияда сўнгги пайтларда кучаяётган ишсизлик, пул қадрсизланиши муаммолари бу қадар жиддий хавотирга сабаб бўлмас эди. Лекин Cонфесерcэнти уюшмаси каби ташкилотлар эътироф этганидек, мамлакатда яширин тўдалар таъсири ҳамон сезиларли. Бу эса тараққиёт йўлини кўндаланг тўсиб турибди.
Собиржон Ёқубов
«Ҳуррият»дан олинди.