Швейтсариялик таниқли профессор Даниел Гансер «НАТОнинг махфий қўшинлари: Ғарбий Европада терроризм» (НАТЎс сеcрет Армиес: Террорисм ин Wэстерн Эуропе) деб номланган китобини нашрдан чиқарди. Тарихчи олимнинг тадқиқотларига кўра, ўтган 50 йил вақт давомида АҚШ махсус хизматлар воситасида Ғарбий Европа давлатларида бир қатор қўпорувчилик ҳаракатлари содир этган. Кўпинча сўл қанот сиёсий гуруҳлар зиммасига юкланган терактларни уюштиришда НАТОнинг махфий гуруҳлари ҳам фаол иштирок этган. Олимнинг таъкидлашича, мусулмон давлатларидаги нефть ресурсларини эгаллаш ва ислом динига нисбатан қўрқув уйғотишда беқарорлик стратегияси деб аталган ушбу кураш усулидан ҳозир ҳам фойдаланилади. Қуйидаги суҳбатда профессор Даниел ГАНСЕР бутун дунёда катта шов-шувларга сабаб бўлган ушбу тадқиқот юзасидан айрим саволларга жавоб беради.
— НАТОнинг махфий армияларига бағишланган китобингизда ёлғон террор ва беқарорлаштириш стратегиясининг нечоғлик хатарли эканини очиб беришга урингансиз. Аслида беқарорлаштириш стратегияси деганда нимани тушунмоқ лозим?
— Беқарорлик стратегиясининг моҳияти шундаки, кимдир томонидан содир этилган жиноий хатти-ҳаракат усталик билан бошқалар гарданига юкланади. Ушбу тактика одамларни қўрқув ва таҳлика солишда қўлланилади. «Совуқ уруш» даврида беқарорлаштириш стратегиясидан унумли фойдаланган НАТОнинг махфий тузилмалари АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси (МРБ) томонидан молиялаштирилган ва ўқитилган. Бу жараёнда инглиз жосуслик хизмати (МИ-6) ҳам фаол қатнашган. Масалан, 1970-йилларда Италия махсус хизмати махфий армия кўмаги билан кўплаб терактлар содир этган. Аҳоли орасида кучли қўрқув пайдо бўлишига олиб келган қўпорувчилик ҳаракатлари коммунистлар зиммасига юкланган. Сиёсий гуруҳлар террор ва ёлғон воситасида ҳокимият учун кураш олиб боришган.
— Бу гапларни, албатта, жиддий тадқиқотларга таянган ҳолда айтяпсиз. Бироқ барибир Европа давлатлари ҳукуматларининг НАТО, Марказий разведка бошқармаси ва махсус хизматларга эрк бериб, ўз фуқаролари хавфсизлигига таҳдид солганига ишониш қийин…
— Биласизми, бутун Европани ўргимчак тўри каби ўз комига олган террор билан боғлиқ махфий тармоқ марказида НАТО турган. Шимолий иттифоқнинг Махфий режалаштириш қўмитаси (Cландестине Планнинг Cоммиттеэ — CПC) беқарорлик сиёсатини олиб боришда асосий ташкилотчи ва ижрочи вазифасини бажарган. Бироқ нозик жиҳат шундаки, гарчи ушбу махфий ташкилотларнинг фаол иш олиб боргани инкор этиб бўлмас далиллар билан тасдиқланган бўлсада, қўпорувчилик ҳаракатларини айнан кимлар содир этгани маълум эмас. Ёлғон терактлар бошида ким турган, ким буйруқ берган, НАТО, Европа махсус хизматлари ва МРБ ўртасида вазифалар қай тариқа тақсимланган? Афсуски, бу саволларга жўяли жавоб берадиган ҳужжатлар сақланиб қолмаган.
— Қизиқ, наҳотки, махфий қўшинлар Ғарбий Европанинг барча давлатларида фаолият олиб борган бўлса?..
— Тадқиқотлар давомида махфий армиялар биргина Италияда эмас, бутун Ғарбий Европа мамлакатлари — Франция, Белгия, Голландия, Норвегия, Дания, Швеция, Финляндия, Туркия, Испания, Португалия, Австрия, Швейтсария, Греция, Люксембург ва Германияда иш олиб боргани аниқланди. Лекин бу ўринда бир жиҳатга ойдинлик киритиб ўтмасак бўлмас. Махфий армиялар аввал-бошда биринчи навбатда Совет Иттифоқининг эҳтимолий ҳужумларини бартараф этиш мақсадида ташкил этилган. НАТОнинг Стай беҳинд («душман ортида бўлиш» маъносида) номи билан танилган гуруҳи айнан юз бериши мумкин бўлган Совет оккупациясига қарши сафарбар қилинган. Бироқ кейинроқ махфий ҳарбий гуруҳлар ўз матлабидан чекиниб Европа мамлакатларида қўпорувчилик ҳаракатлари уюштиришга тушиб кетган. Сиёсий курашда кўринмас қурол сифатида фойдаланилган махфий гуруҳлар уюштирган терактлар учун сўл партиялар айбдор бўлиб қолаверган.
— Туҳмат туфайли жабр кўрган сўл партиялар нега шу пайтгача ҳукуматлардан текширув ўтказишни талаб қилиб чиқмади?
— Нега сўл кучлар текширув талаб қилмас экан?! Масалан, Италия коммунистик партияси ҳукуматдан мамлакатда «Гладио» номи билан фаолият юритган яширин армия хусусида тушунтириш беришни кўп бора талаб қилган. Бироқ ҳар сафар бу маълумотлар давлат сири ўлароқ махфий тутилган. Фақатгина 1990 йилда мамлакат бош вазири Жулио Андреотти «Гладио» яширин тарзда иш олиб боргани ва у НАТО, МРБ ва МИ-6 билан яқин алоқада бўлганини тан олди.
Кейинроқ судья Фелис Кассон Италиянинг Петеано шаҳрида 1972 йили амалга оширилган даҳшатли терактлар ҳукумат даъво қилганидек, сўл партиялар эмас, мамлакатдаги фашистлар гуруҳи аъзоси Винчентсо Винчигерра томонидан амалга оширилганини исботлади. Тергов давомида Италия махсус хизмати ёрдамига суянганини тан олган Винчентсо Винчигерра махфий тармоқлар бутун Европа бўйлаб ишлашини маълум қилган эди.
Дарвоқе, махфий армиялар масаласига ойдинлик киритилишини талаб қилган Европа парламенти депутатлари 1990 йилнинг ноябрьида НАТО ва АҚШнинг ўша пайтдаги президент катта Жорж Бушга норозилик хати юборган эдилар. Бироқ бу билан ҳеч нарса ўзгармади. Ҳозирга қадар махфий армия борасида Европанинг уч давлати — Италия, Швейтсария ва Белгиядагина текширувлар ўтказилган.
— Ҳозирги аҳвол қандай? Махфий армиялар, давлат назоратидан ташқарида бўлган тизимлар ҳали ҳам ишлаяптими?
— Тарихчи учун бу саволга жавоб бериш қийинроқ. Бироқ китобимда бу масалада ҳам далилларга таяниб фикр юритишга ҳаракат қилганман. Расмий текширув хулосасига кўра, Италиядаги «Гладио» гуруҳи тугатилган. Швейтсарияда кўплаб портлашлар уюштирган «Р 26» армияси ҳам тарқатиб юборилган.
Бироқ бошқа давлатлар хусусида аниқ гап айтиш қийин. Масалан, Франция президенти Франсуа Миттеран махфий тизимлар тугатилганини эълон қилган эди. Бироқ кейинроқ президент ёлғон маълумот бергани фош бўлди. Франтсуз махсус хизмати раҳбари, адмирал Пер Лакост ҳаттоки 1990-йиллар бошида ҳам мамлакатда яширин ҳарбий гуруҳ иш олиб бораётганини тасдиқлади. Шу боис ҳам, ҳаммаси тугади деб охирги хулоса айтиш қийин. Гарчи «Гладио» расман тарқатилган бўлсада, беқарорлик стратегиясини давом эттириш учун янги тузилмаларни ташкил этиш ҳеч гап эмас…
— АҚШ ва НАТО беқарорлик стратегиясини бошқа ҳудудларда ҳам амалга оширдими?
— Албатта, бошқа ҳудудларда ҳам ёлғон террор усулидан фойдаланилган. Масалан, 1953 йили Эронда рўй берган портлашлар жинояти дастлаб коммунистларга қўйилди. Бироқ бу нефтьни назоратга олиш мақсадида МРБ ҳамда МИ-6 томонидан амалга оширилгани маълум бўлди. Бошқа бир мисол: 1954 йили Мисрда амалга оширилган терактлар мусулмонлар томонидан қилинган деган хабарлар тарқалди. Пировардида эса теракт Моссад агентлари томонидан уюштирилгани, Исроил шу йўл билан Буюк Британия қўшинларининг араб давлатида қолишига эришмоқчи бўлгани аниқланди.
— Беқарорлик стратегиясини амалга ошириш пайтида асосий эътибор оммада қўрқув уйғотишга қаратилишини айтиб ўтдингиз. Бу усул ҳозир ҳам қўлланилмаяптими? Яъни, кеча коммунистларга қарши кайфият уйғотилган бўлса, бугун мусулмонларга нисбатан салбий муносабат шакллантирилмаяптими?
— Ҳа, айнан ўхшаш жиҳатлар йўқ эмас. Ироқ урушига тайёргарлик чоғида Саддам Ҳусайн оммавий қирғин қуролига эга экани, ҳатто Бағдод ва «Ал-қоида» ташкилоти ўртасида алоқалар мавжудлиги даъво қилинди. Ҳақиқатдан йироқ ёлғон воситасида мусулмонлар терроризмни бутун дунёда ёйишяпти деган тасаввур ҳосил қилишга уринишди. Аслида эса бу уруш ортида энергия ресурсларини эгаллаш мақсади яширинган эди.
— 2001 йили Европа Иттифоқи террорга қарши курашни кучайтирди. Бироқ кейинроқ маълум бўлдики, бу тадбирлар Марказий разведка бошқармасига одамларни ўғирлаш, махфий қамоқхоналарда қийнашга имкон берган экан. Бу вазиятда Европа давлатлари АҚШга бўлган садоқати ва итоатининг қурбони бўлмадими?
— Европа давлатларининг АҚШга эътирозли муносабати ҳар доим ҳам заиф бўлган. Германия кантслери Ангела Меркел хоним Гуантанамода шарт-шароит, инсон ҳуқуқлари масаласида Оқ уйга эътироз билдирган пайтда Қўшма Штатлар аниқ тушунтириш берди: Германия Ироқ муаммосида тенг шерик, мамлакат махсус кучлари уруш оловини ёқишга ҳисса қўшишган. Шундай бўлгач, Германия жим туриши керак!..
— Махсус хизматга оммани алдаш имкони берилган бир шароитда НАТО ўз фуқароларининг ҳуқуқларини қандай қилиб ҳимоя қилиши мумкин?
— «Совуқ уруш» даврида махфий армиялар томонидан амалга оширилган терактлар хусусида гап кетганда, НАТО раҳбарияти аниқ бир жавоб беришдан ўзини олиб қочади. 11 сентябр воқеаларидан кейин НАТО ҳужумкорлик йўлини танлади. Ҳолбуки, у Европа халқларини Совет Иттифоқи хуружидан ҳимоя қилиш учун тузилган эди. Шимолий иттифоқ мусулмон мамлакатларнинг нефть ва газини эгаллаш учун ташкил этилмаган эди.
Европа одатда энг кучли давлат билан ҳамкорлик қилиш керак деган тамойилдан келиб чиқади. Шу боис ҳам Европа парламентарийлари АҚШнинг у ёки бу фронт учун қўшимча кучлар кераклиги борасидаги босимига осонгина ён беради. Европа мамлакатлари қанча кўп ён берар экан, шунча кучли тобе бўлиб қолаверади.
— Оммани ёлғон билан овутиш бугун қай даражада тарқалган? Ушбу жиноий фаолиятга тўсиқ бўлиш имкони борми?
— Хавотирли жиҳати, бугунги кунда терроризмга қарши кураш энергия ресурсларини эгаллаш йўлидаги ҳаракат билан қоришиб кетган. Қўшма Штатлар нуқтаи назарига кўра, кураш стратегик муҳим нуқтада жойлашган Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон, Форс кўрфазида эса Саудия Арабистони, Кувайт, Эрон, Ироқ энергия манбалари устидан назорат учун олиб бориляпти. Эътибор берсангиз, терроризмга қарши кураш нефть ва газ жамланган нуқтада қизғин кетяпти.
Европа мамлакатлари уйғониши, беқарорлик стратегияси қандай ишлаётганини англаши лозим. Ва ниҳоят, улар АҚШга «йўқ» дейишни ҳам ўрганиши керак.
www.inosmi.ru сайти материали асосида
Абдул Собир тайёрлади