Ўтган ҳафта Америка Қўшма Штатларида йирик сиёсий тадбир — парламент ва ижроия ҳокимияти сайловлари бўлиб ўтди. Конгресснинг қуйи ва юқори бўғини — Вакиллар палатаси ва Сенат сайловида ҳам, айрим штатлар губернаторлари учун овоз бериш жараёнида ҳам амалдаги ҳукуматни бошқараётган республикачилар партиясига мухолифатда бўлган демократлар ғалаба қозонди. Шу тариқа мамлакат сиёсий саҳнасида чигал бир вазият вужудга келди.
Давлат раҳбари — президент республикачилар вакили бўлгани ҳолда, мамлакат парламентининг иккала палатасини мухолиф партия ўз назорати остига олди. Дунё сиёсатида етакчи бўлишга уринаётган мамлакатда юзага келган янги сиёсий тизим эса жиддий ўзгаришлардан далолат бераётгандай…
Республикачилар партиясининг оташин сайловолди чиқишлари ҳам, президент Жорж Бушнинг мамлакат бўйлаб поэздда юриб ўтказган тарғибот кампанияси ҳам бу сафар фойда бермади. Ҳаттоки олдинги президентлик сайловида Бушнинг осонлик билан Жон Керридан «улоқ»ни илиб кетишига сабаб бўлган террорчи Усама бин Лодин омили ҳам бу гал самара бермади (Миллий хавфсизлик масаласини ҳар галгидай биринчи планга олиб чиққан республикачилар агар демократлар парламентга сайланса, Усома бин Лодин яна Америкага таҳдид қилиши мумкинлиги тўғрисидаги телевизион рольикларни тинимсиз намойиш қилишганди).
Президент бошчилигидаги республикачилар навбатдаги жиддий сиёсий синовдан ўтишолмади. Демократлар 12 йиллик танаффусдан кейин яна Конгрессни «забт» этишди.
Конгресснинг қуйи бўғини — Вакиллар палатасининг 435 ўрни учун бўлган сайловда демократик партия яққол пешқадамлик қилди. 1792 йили миллат «ота»ларидан бири бўлган машҳур арбоб Томас Жефферсон томонидан асос солинган партия вакиллари 226 та ўринни банд қилишди. Республикачиларга эса қуйи палатанинг 191 ўрни насиб этди.
Парламентнинг юқори палатаси — Сенат аъзолиги учун бўлган шиддатли курашларда ҳам омад демократларга кулиб боқди. Мухолиф партиянинг 51 вакили сенатор лавозимини эгаллади. Республикачилардан эса 49 нафар номзод Сенат аъзолигига сайланди.
Бир пайтнинг ўзида ташкиллаштирилган губернаторлар сайловида ҳам демократик гуруҳ қўли баланд келди. Мазкур ғалабадан кейин мамлакат ҳудудлари бўйлаб раҳбарлик ҳам рамзий маънода мухолиф партия қўлига ўтди (Айни пайтда Американинг 50 та штатидан 28 тасида демократлар раҳбарлик қилмоқда).
Эслатма. Америка қонунчилигига биноан мамлакат парламенти (Конгресс) ва штат губернаторлари бир пайтнинг ўзида янгиланмайди. Белгиланган муддатда ўтказилидаган оралиқ сайловларда ижроия ва қонун чиқарувчи идора таркиби қисман ўзгариб боради.
Дарвоқе, оралиқ сайловларнинг кутилмаган натижаларидан бири дунёга актёр сифатида танилган Арнолд Швартсенеггернинг иккинчи муддатга Калифорния губернаторлигига сайлангани бўлди. Аксарият таҳлилчилар Голливуд юлдузининг сиёсий саҳнадаги эркаликлари тугади деб турган бир пайтда республикачилар вакили ишончли ғалабага эришди («Терминатор» учун сайловчиларнинг 62 фоизи овоз берди). Бу эса нохуш янгиликлар билан ёдда қолган «қонли сешанба» куни республикачилар кўнглига чироқ ёққан нодир ҳодиса бўлди дейиш мумкин.
Республикачилар сиёсий курашда енгилганларини тан олишди. Партиясининг мағлубияти кутилмаган ҳодиса бўлганини эътироф этган Оқ уй раҳбари Жорж Буш сайлов натижаларидан ҳафсаласи пир бўлганини яширмади. Президентнинг матбуот котиби Тони Сноу эса бироз аламзадалик аралашган совуққонлик билан республикачиларни тинимсиз танқид қилиб келган демократларнинг нималарга қодирлигини кўриш пайти келганини айтди.
Миллий хавфсизлик ва халқаро террорга қарши кураш каби сўзлар билан Америка халқини сеҳрлаб олган Жорж Буш бошчилигидаги республикачиларнинг сайловдаги мағлубияти тасодиф ёки кутилмаган натижа бўлди дейиш бироз муболағали. Гап шундаки, республикачилар Конгрессни идора қилган даврда Қўшма Штатлар бир қатор жиддий халқаро можаролар марказида қолди. Европадаги яширин қамоқхоналар, Гуантанамодаги оғир аҳвол, Оқ уй томонидан дунё мамлакатларининг ички ишларига аралашув ва бошқа кўплаб парда ортидаги ҳақиқатларнинг ошкор бўлиши билан партия ҳамда унинг раҳнамолари нуфузи тушиб кетди. Америка халқининг миллионлари эвазига олиб борилаётган ва давлатга эмас, алоҳида шахсларга манфаат келтираётган Ироқ уруши масаласида эса кўп тўхталиб ўтириш шарт эмас. Америка жамиятининг асосий қисми Ироқ урушини кечириб бўлмас хато деб ҳисоблаётган бир пайтда мазкур йирик ҳарбий амалиётга изн берган республикачи депутатларнинг ғалабасига умид қилиш эса ёз чилласида қор кутишдай гап эди.
Қолаверса, республикачилар раҳбарлиги даврида хавфсизликка устувор ўрин берилгани туфайли мамлакат ички ҳаётида, хусусан, иқтисодиётида ҳам сезиларли муаммолар юзага келди.
Нима бўлган тақдирда ҳам, республикачиларнинг Конгрессдаги 10 йилдан ошиқ муддатга чўзилган ҳукмфармолиги якунланди. Вакиллар палатаси ва Сенатни тўла назоратга олган демократлар келиши билан эса мамлакат сиёсий ҳаётида жиддий ўзгаришлар аллақачон бошланди. Президент Жорж Буш сайлов натижалари чиққан пайтдаёқ демократларнинг биринчи рақамли душманларидан бири, Ироқ уруши ташкилотчиси — мудофаа вазири Доналд Рамсфелдни лавозимидан озод қилди. Президентнинг ўзи энг яқин сафдоши, Ироқ урушидаги «қуролдош»ини ишдан бўшатгани Оқ уй муроса йўлини танлашга мажбур бўлганини кўрсатади. Чунки президент обрў борида аввалроқ ҳаракат қилмаганида, демократик партия барибир босим билан бўлсада, Пентагон раҳбари истеъфосига эришган бўларди. Айтиш керакки, Доналд Рамсфелд охирги «қурбон» эмас. Президент демократлар раъйига кўра яна кўплаб сафдошларидан воз кечиши мумкин.
Шунингдек, яқин кунларда яна бир муҳим сиёсий янгиланиш бўлиши кутилмоқда. Демократик партия Вакиллар палатаси спикерлигига Ненси Пилози номзодини тақдим этмоқчи. Мамлакат тарихида илк аёл спикер бўлишга яқин турган сиёсатдон хоним палата раислигига сайланса, мамлакат президентини Ироқ уруши борасида нохуш янгиликлар кутишини эслатиб қўйишга улгурди.
Эндиликда президент Жорж Бушнинг демократик Конгресс билан ишлаши анчайин қийин кечади. Чунки бундан буён Вакиллар палатаси ва Сенатда давлат раҳбарининг ҳаммаслак партиядошлари эмас, мухолиф сиёсий гуруҳ аъзолари етакчилик қилмоқда.
Президентнинг маълум сиёсий ҳужжат ёки қонунларни парламент тасдиғидан ўтказолмаслиги истиқболдаги қийинчиликларнинг бир қисми, холос.
Энг асосийси, демократлар яқин кунларда қонун чиқарувчи идора ваколатидан фойдаланиб, мамлакат бошқарув тизимларининг яхши ишламаётгани, иқтисодий тараққиётнинг орқага кетаётгани каби ҳолатлар бўйича текширув ўтказиши мумкин. Қолаверса, демократлар фаолият дастурида атроф-муҳитга оид муаммолардан тортиб, охирги пайтда чексиз ваколатлар бериб қўйилгани туфайли фуқаролар ҳуқуқларини бузишга журъат этаётган махсус хизматлар ҳовурини босиб қўйиш режалари ҳам бор…
Гарвард университети томонидан ўтказилган ижтимоий сўров Америка ёшларининг ҳар учтадан биттаси мамлакат нотўғри ривожланиш йўлида деб ҳисоблашини кўрсатди. Жамиятдаги ана шундай тушкунлик ҳолатида «Америкага янгиланишлар керак!» деган шиор остида ҳаракат қилаётган демократлар мамлакатда туб ўзгаришлар амалга ошира олишармикин? Бу саволга эртанги кун жавоб беради…
Собиржон Ёқубов
«Ҳуррият» газетасидан олинди.