Ўтган куни Исроил авиациясининг қақшатқич бомба ёғдириши натижасида Ливан жанубидаги Кана қишлоғи тамомила вайронага айланди. Бу ҳақда Ливан матбуоти ҳамда жаҳон оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда. Дастлабки маълумотларга қараганда, навбатдаги ҳужум натижасида ливанлик тинч аҳолининг 50 ка яқини қурбон бўлган, юзлаб кишилар вайроналар остида қолган. Исроил армиясининг сараланган «Голани» гуруҳидан ташкил топган ҳарбийлар эрталаб Бинт-Жубайлдан шимоли-шарқда жойлашган Тойибий туманида «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи аскарлари билан ҳужумга киришган. Шиддатли тус олган жангда Исроил томонидан 12 танк ва зирҳли машиналарда пиёдалар қисми иштирок этган.
ИТАР-ТАСС ахборот маҳкамасининг хабар беришича, якшанба куни Исроил томони тўплардан Ливан ҳудудини ўққа тутган. Авиация Ал-Хиём шаҳарчасига тинимсиз бомба ёғдирган. «Ҳизбуллоҳ» жангарилари ўз навбатида Исроил аскарлари босиб олган Заур ва Аббосия ҳудудларидаги нуқталарни миномётлардан ўққа тутган. Шунингдек, Исроил шимолий ҳудудларидаги тўрт аҳоли пунктига «Катюша» русумидаги ракеталардан отилган. Эрталаб эса Исроилнинг Ҳайфа шаҳрига бир неча ракета тушган.
Ўтган кун давомида «Ҳизбуллоҳ» Исроилнинг шимолий ҳудудларига 100 дан ошиқ ракета ҳужуми уюштирган. Исроилнинг Нагария, Акко, Сафед (Сфет) ва Карят-Шмона шаҳарлари ракета ҳужумига тутилган. Исроил ОАВнинг хабар беришига қараганда, 20 дан ошиқ киши жароҳат олган.
Ўтган ҳафтанинг шанба куни эса Франция БМТ Хавфсизлик Кенгаши эътиборига Ливандаги хунрезликни зудлик билан тўхтатиш, мамлакат ҳудудига халқаро тинчликпарвар кучларни жойлаштириш бўйича ўзининг резолюция лойиҳасини тақдим этди. ИТАР-ТАСС ахборотларида БМТ Бош котиби Кофи Аннаннинг Франция лойиҳасини қўллаб-қувватлагани, Исроил томонидан халқаро меъёрлар ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли талабларига қатъий риоя этишни талаб қилгани айтилади.
Душанба куни Бош котиб халқаро тинчликпарвар кучлар таркибига ўз қўшинларини юбориш истагини билдирган давлатлар вакиллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда Евроиттифоққа кирувчи 25 давлат, Туркия ҳамда айни дамда тинчликпарвар қўшинлари Ливанда бўлган давлат вакиллари иштирок этди.
Яқин Шарқда Исроил-Ливан муаммоси бўйича музокаралар олиб бораётган АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс ҳафта давомида бу ерда бўлиши лозим эди. Аммо вазиятнинг назоратдан чиқиб кетгани, уруш ҳаракатларининг тобора шиддатли тус ола бошлагани ҳамда Ливандаги тинч аҳолининг ҳалок бўлаётгани сабабли Райс сафар режасини ўзгартириб, зудлик билан Вашингтонга қайтишга қарор қилди. Бунга қадар у Кофи Аннан билан учрашиб, АҚШ томонининг резолюцияси хусусида Бош котиб билан музокара олиб борган эди.
Бироқ ҳозирда Франция таклиф этган резолюция Хавфсизлик Кенгаши эътиборига тақдим этилиши кутиляпти. Париж таклиф этган лойиҳада томонларни ҳеч қандай шартларсиз уруш ҳаракатини тўхтатиши, «Ҳизбуллоҳ»дан асирга олинган Исроил аскарлари ҳамда Исроил турмаларидаги ливанликларни озод қилиш назарда тутилган.
«Ҳуррият» газетасидан олинди.