Хитойлик тадбиркорлар ички Мўғулистонда жойлашган Чингизхон мақбарасини қайта таъмирлаб, сайёҳликни йўлга қўймоқчилар. Бу эса, ўз навбатида дархадларнинг кучли норозилигига сабаб бўлди. Дархадлар жанубда Хитойдаги автоном Мўғул вилоятидан Россиянинг Забайкалье ўлкасигача бўлган кенг ҳудудда кўчманчи тарзда ҳаёт кечирувчи Хон авлодларидир.
Чингизхон мақбарасида асосан диний нарсалар, чўян қозон ва ёғоч бут ҳайкаллари каби тарихдан ҳикоя қилувчи қимматбаҳо ашёлар бор. Дархадларнинг фикрича, мақбаранинг қайта қурилиши ва уни фойда келтирувчи сайёҳлик қадамжосига айлантириш Чингизхоннинг руҳини безовта қилади. Чингизхон мақбараси Ордос платосида (ички Мўғулистон) жойлашган. Бино уч гумбазли шаклда қад кўтарган. Кўринишидан мақбара биноси қурилганига кўп бўлгани йўқ. Аммо, ривоятларга қараганда, Чингизхон 1227 йилги сўнгги ҳарбий юришидан олдин ўлимидан сўнг шу ерга кўмишларини васият қилган экан.
Дархадлар мақбара ичида Чингизхоннинг мойчироғини ҳам сақлашади. Хон бу чироқдан диний ибодатлар ўтказишда фойдаланган экан. Ҳар йили маҳаллий мўғуллар бу ерда диний маросим ўтказадилар. Ёғоч челак тўла сутни мақбара ичкарисига қўйишади. Уларнинг фикрича, челак тешикларидан сут қанча кўп тўкилиб, қумга сингиб кетса, келгуси йил шунча ҳосилдор ва баракали бўлади. Мақбарани йирик сайёҳлик комплексига айлантиришни режалаштирган хусусий «Дунлян» фирмаси вакили ҳамон дархадларни кўндириш билан овора. Хугеджилету хоннинг ўттиз тўққизинчи авлодидир.
«Тўққиз ёшли ўғлим Сонеко мендан кейин ҳам менинг ишимни давом эттириб, маросимларга бош бўлишини хоҳлайман», дейди у. Келиб чиқиши Чингизхонга бориб тақалувчи дархад аёл ҳам хитойлик ишбилармонлар ғоясига қарши фикр билдирди: «Биз бу қурилишга қарши чиқамиз, — дейди у. — Хитойликларнинг биз учун мақбара қуришларининг кераги йўқ. Уларни бизнинг номимиздан фойда кўришларини хоҳламаймиз. Ҳар бир анъанамиз, динимиз ва қарашларимиз биз учун жуда азиз».
Кўпчилик мўғуллар «маданий инқилоб» давридаги даҳшатларни унутганларича йўқ. Маълумотларга қараганда, 10 мингдан 17 минггача мўғуллар коммунистик террор қурбони бўлганлар. 87 минг аҳоли оғир босимга дучор қилинди, 346 минг дархад репрессия қилинган. Улар ушбу масалада БМТнинг Инсон ҳуқуқлари халқаро марказига ёзма мурожаат қилишди. Улар миллийликнинг йўқолиб бораётганидан ташвишдалар. Ҳозирда ички Мўғулистонда 19 млн. хитой, 4 млн. мўғул яшайди. Шундан 2 млн. мўғул ўз она тилида гаплашади. 1 миллиони мўғул ёзувини унутганлари йўқ. Шундай экан, уларнинг хавотирларини тушуниш мумкин.
Шаҳобиддин МУСАЕВ тайёрлади