Туркия етакчиси Ўзбекистон заминида камолга етган улуғ алломаларга ҳурмат изҳор этди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан мамлакатимизга ташриф буюрган Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 30 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзоларига мурожаат қилди.
Ўз нутқини атоқли ўзбек шоири Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” шеъридан парча билан бошлаган Туркия раҳбари Ўзбекистон заминида ўзини худди уйдагидек ҳис этаётганини таъкидлади.
Тамаддун бешиги бўлган бу замин Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби жаҳон илм-фани равнақига улкан ҳисса қўшган алломаларни, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби маънавий раҳнамоларни тарбиялади, дея таъкидлади юқори мартабали меҳмон.
“Бу зотлар гарчи боқий дунёга рихлат этган бўлсалар-да, улар мерос қолдирган маърифат машъаласи нафақат Ўзбекистон, балки Онадўлини ҳам ёритмоқда”, – деди Туркия раҳбари.
Қайд этилишича, Тошкент билан Анқара, Самарқанд билан Кўня, Бухоро билан Бурса, Хива билан Эдирне асрлар мобайнида ҳамфикр, ҳамнафас яшамоқда.
Мамлакатларимиз ўртасида жуғрофий масофа узоқроқ бўлиши мумкин, аммо қалбларимиз яқин. Қалби яқин миллатлар учун эса масофанинг аҳамияти йўқ, деб таъкидлади нотиқ.
Туркия раҳбарига кўра, қардошлик энг қимматли хазинадир. Шу боис Туркия 1991 йилда қардош ўзбек халқининг мустақилликка эришганини биринчилардан бўлиб тан олди.
Айни чоқда, Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўтган асрнинг 20-йилларида Туркия мустақиллиги учун кечган омонсиз курашларда туркистонлик ватанпарварлар ҳам қаҳрамонларча жанг қилиб, қардошлик ва дўстлик намунаси кўрсатганини юксак ҳурмат ила қайд этди. “Биз уларни ҳеч қачон унутмаймиз”, деди у.
Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг таъкидлашича, 2017 йил октябрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи чоғи мамлакатлар ўртасида стратегик ҳамкорлик ўрнатилган эди. Туркия Президентининг галдаги ташрифи эса савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, ишлаб чиқариш қуввати, инфраструктура, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича ҳамкорликни янада жонлантиришга хизмат қилмоқда.
Туркия етакчиси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бериб, чора-тадбирлар ҳозирданоқ ўз мевасини бераётганини таъкидлади.
Ражаб Тоййиб Эрдўғон парламент аъзоларига мурожаатида дунёнинг турли минтақаларида нотинчлик ҳукм сураётган бугунги даврда Туркия ва Ўзбекистон қўлни қўлга бериб, елкама-елка туриб тараққиёт, барқарорлик йўлида ҳамкорлик қилиши муҳимлигига урғу берди.
Туркия етакчиси Ўзбекистон парламентидаги тарихий чиқишини адабиётимизнинг забардаст вакили, шоир ва адиб Чўлпоннинг “Тўфон” деб номланган шеъридан ўзбек тилида парча ўқиш билан якунлади.
Туркия Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт-логистика, саноат, энергетика, илм-фан, таълим, туризм ва бошқа соҳаларга доир 24 та ҳужжат имзоланди.
Бундан ташқари, Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Туркия бизнес-форумида 50 дан ортиқ янги инвестициявий лойиҳалар бўйича умумий қиймати 3 миллиард долларга тенг битимлар имзоланди.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга қаратилган Қўшма баёнотни имзоладилар.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда икки давлат раҳбари музокаралар ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида ўтгани, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги узоқ истиқболли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Туркия Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан биридир. 2017 йилда давлатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ортиб, 1,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Яқин йилларда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда Туркия капитали иштирокидаги 550 дан зиёд фирма ва компания фаолият юритмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ўзбекистонга 2016 йилда ҳам ташриф буюрган эди.
С.Салим