Кун иссиқ. Айни тушлик пайти. Ҳамма ўзини катта йўл ёқасидаги чинор тагига – чойхонага урган. Чойхоначи, ошпаз-у – сомсапазларнинг қўли қўлига тегмайди. Барча сўрилар одамга лиқ тўла. Туман ташкилотларидан бирининг икки хизматчиси – Ҳаитқораев билан Амриев ҳам шу ерда бир лаган паловнинг устидан аччиқ чой ичиб, чойхонанинг четроқдаги серсоя сўриларидан бирида дам олишмоқда. Ёнларида бўш жой бўлса ҳам, жой сўраб ёки «бўш чойнак борми?» деб суриштириб келганларни Хаитқораев «зайнит» деб яқинига йўлатмайди.
– Бу дунёда ҳамма одам шайтон бўлиб кетган. Шундоқ кўзингга тикилиб, кулиб туриб жонингни олади-я. Э, товбангдан-эй, – дейди у сўрининг устига ёнбошлаб ётаркан, – Ичидагини билолмайсан, ука. Бировга тирноқдай ёрдамим тегсин дейиш йўқ. Иложи бўлса юлсам, алдасам деб туришади. Худо урмаса кишини. Бу дунёда ҳеч кимга ишониб бўлмай қолди-я. Яхшиям сиз бор экансиз, ука. Ҳе, рахмат-э. Икковимизнинг юлдузимиз тўғри келиб қолганини қаранг. Сиз ўсасиз, ука. Сизнинг кўнглингиз очиқ. Мен тўғрисини айтаман. Ҳа, ҳа. Сизни шунинг учун ҳам яхши кўраман. Сиздек виждони пок, билимдон ёшлар кам ҳозир…
Амриев ерга қарайди. «Ҳа» ҳам демайди, «Йўқ» ҳам демайди. «Хе, ошириб юбордингиз» дегандек ҳижолатомуз жилмайиб, бош чайқайди, холос.
– Йўқ, йўқ. Сиз уялманг, ука. Ўзим шундай қўпол кўринганминан гапнинг тўғрисини айтаман. Икковимиз икки бўлимда ишласак ҳам ташкилот бир-ку. Сизни орқавотдан эшитиб юраман, ука. Албатта, ўсасиз. Бу жупруқвойларга амал абадийми? Бариси ҳам кетади. Қайта қуриш. Демократия. Маънавият деган гаплар бекорга айтилмаётир, ахир. Келажак ёшларники. Ҳа-ҳа. Мана мени айтди дерсиз, ҳали. Сизларнинг «зав»ларингиз ҳам, бизнинг Тошболта тирриқ ҳам, бариси ишлаб бўлди. Оладиганини олиб бўлди. Энди кетади, мана кўрасиз. Юқорида танишларим бор… – у чойдан хўплади-да давом этди: – Ҳалиги… Ҳали ҳам ёзиб турибсизми? Бўшаштирманг, ука. Газит-пазит дегандек… Ижод бу зўр иш. Ҳа, энди, талант ҳаммада ҳам бўлавермайди. Ука, шу пелетон қиладиган бир гап бор эди-да. Мен сизга айтсам…
Амриев бу гапларни аввалдан эшитиб, ўрганиб қолгандек пинагини ҳам бузмай атрофга – ўтган-кетганга қараб ўтирар экан, бирдан жилмайди.
– Ие, анови Тошболта аками? Ҳа, ўша-ку. Жой излаяпди шекилли, чақирайми?
Ҳайитқораев ток ургандек бир сесканиб тушди, ранги оқарди, сўнг хўмрайиб:
– Ким?… Тошболта дедингизми? Бизнинг заведуюшийми? Ҳе, йўқотинг-э. Чақирманг, ука. Ошга пашша қилиб нима қиласиз. Турқи қурсин… – деди шошиб чойдан хўпларкан.
– Майлику-я, лекин ўзи ҳам бизни кўрди, чамамда. Шу ёққа келяпди, – Шундай деб, Амриев сўридан тушиб, туфлисини кия бошлади.
– Оббо… Қани? Қаёқдан келяпди? – Ҳаитқораев ҳам семиз гавдасига беўхшов ҳолатда сапчиб ўрнидан туриб кетди ва атрофга аланглади. Гапи эшитилмайдиган масофада келаётган Тошболтани кўриб, тўнғиллади:
– Оббо, исковучэй, шу ерга ҳам топиб келди-я. Энди ука, хизмат бўлса ҳам манови ошнинг лаганини йўқотинг. Тез-тез бўлинг. Бориб беш-олти сомса опкелинг. Бизнинг ҳисобдан. Чой ҳам айтинг. Яна ўтирмасак бўмайдиёв…
Сўнг Ҳаитқораев чаққонлик билан сўридан тушди. Катта гавдаси бироз эгилди. Мешдек қорнини ичига тортди. Тиржайди. Сочи олинган ялтироқ боши тердан яна ҳам йилтираб кетди. Томоғини қириб, ялангоёқ, икки қўлини олдинга узатганича Тошболта акасига пешвоз чиқди:
– Ассалому алайкум, Тошболта Болтаевич, келсинлар, ака, келсинлар. Қандай яхши шамоллар учирди, ака. Оббо, сиз-эй… Биз хомкалла-да… Ҳали, бирров кириб, «чойга кетдик» дейишни ҳам билмабмиз… Узр, ака…
– Мен бошқармага ўтган эдим. Йўл-йўлакай овқатланиб кетай деб бурилганим, ҳечқиси йўқ, хижолат бўлманг… – деди Тошболта Болтаевич.
Улар сўрига чиқиб ўтиришди. Ҳаитқораев олдидаги чойнакларнинг биридан пиёлага бир оз чой қуйиб обдан чайқаб ташлади, сўнг тоза чой қуйиб узатди.
– Қани, ака, чойдан олинг. Ҳозир дамлатдик. Биз ҳам ҳозир келдик. Қандайсиз, ака? Яхшимисиз? Жиянлар, янгамлар тинч-омон юришибдими? Х, раҳмат-е, ака… Чойдан ичиб туринг, ака, ҳозир сомса буюрдим. Пиёзи кам бўлсин деб тайинлаганман. «Заказной»… Хи-хи-хи… Ана, Амриев укам опкеляпди. Ановичи… Ишлаб чиқариш бўлимидаги «мухбирча»…
– Ие, сизлар ҳам ҳозир кепсизларда?! …
– Ҳа, ҳа. Ҳозир келдик. Энди жой топиб, чой опкелтирсам… Қарасам сиз… Дарров Амриевни сомсага юбориб, ўзим сизни чақиргали сакраб турган эдим. Ҳайрият-е. Ўзингиз кеп қолдингиз. Ҳе, раҳмат, ака…
Ҳаитқораев бир қўли кўксида тиржайди. Сўнг гўё индамай турса Тошболта Болтаевич бир нарса сўраб қоладигандек яна гапга тушиб кетди. Куннинг иссиқлигию, чойхонанинг торлигидан шикоят қилган бўлди. Шу пайт Амриев патнисда сомса ва яна бир чойнакдан аччиқ чой опкелиб ўртага қўйди. Тошболта Болтаевич билан кўришиб сўрашди.
– Бекор овора бўлибсизда. Ўзим буюрардим-да… Ҳа, майли. Қани, ўтиринг. – деди Тошболта Болтаевич Амриевга қараб.
– Энди, акалар менга рухсат. Сизлар бемалол олаверасизлар – деди Амриев кетишга чоғланиб.
– Ие, ие. Сомсачи? … Ҳозир келдик дединглар-ку?!
– Бу киши мендан сал олдинроқ келган. Майли, майли ука, бораверинг, – деб, Ҳаитқораев гапни илиб кетди. Амриев унга ҳайрон бўлиб бир қараб қўйди-да, бурилиб кетиб қолди. Ҳаитқораев гапда давом этди.
– Қани, ака, сомсадан бошлаб беринг. Олинг, ака. Мен ҳозир иссиқ чойдан сузаман. Хе, рахмат-е, ака… Нимасини айтасиз. Давлатнинг иши кўп оғир. Айниқса сиз раҳбарларга жуда ҳам қийинда, ака. Лекин кимдир қилиш керак. Шу десангиз, бўлимку-бўлим, бутун ташкилотимизда сиздек жон куйдириб ишлайдиган одамнинг ўзи йўқ-да, акажон. Ўлай агар… Кузатиб юраман… Сиздек обектив раҳбарнинг қўлида ишлаганимдан худога минг шукур қилиб юраман, десангиз… Катта раҳмат, ака. Кам бўлманг, ака. Ҳали ўсасиз, ака. Мана мен айтди, дерсиз. Ишқилиб бошимизда ишлаб туринг. Ҳе, ҳозирги шароитда… Тўғрисини айтсам, ака, агар мановига ўхшаган ёшлар сизнинг ўрнингизда ишлаганда аллақачон ишнинг «каша»сини чиқариб юборган бўлар эдиёв. Худо асрасин. Яхшиям сиз борсиз… Ҳе, раҳмат-е… Қани, катта-катта олинг, ака…
Тошболта Болтаевич очиққан экан шекилли, Ҳаитқораевнинг гапларига индамай бош ирғаб қўйиб, овқатланишга тушиб кетди. Ҳаитқораев эса пешонасидан реза-реза тер қуйилиб қўлида бир чети тишланган сомсани ушлаганича, тинмай бидирларди:
– Ҳе-е, ака… Бу дунёда одамлар шайтон бўлиб кетган. Кулиб туриб жонни олади. Шу десангиз…