Шайхзода Бабич (1895-1919)

Шайхзода Бабич (Шәехзадә Мөхәммәтзәкир улы Бабич) Уфа вилоятидаги Бўри туманида мулла оиласида туғилган. Ўн беш ёшигача отасининг мадрасасида, сўнг Уфадаги Олия мад­расасида таҳсил олади. Шеърлар ёзади, фольклор асарларини тўплайди. 1917 йилда Оренбургдаги “Қармоқ” газетасида иш бошлайди. Сўнгра миллий озодлик ҳаракатига қўшилади. Гарчи 1919 йили шўролар тарафига ўтиб, масъул вазифаларда ишласа-да, кўп ўтмай қизиллар томонидан ўлдирилади.

ХАЛҚИМ УЧУН

Оппоқ олтин қўшиғимни куйламасдан турай нечун?
Куйлай олтин элим учун, куйлай она халқим учун!

Соф, кумушдай қўшиғимни айтмайман мен олтин учун,
Айтай уни соф, кумушдай, шу софюрак халқим учун!

Гул-чечакдай қўшиғимни айтмасман бўш талқин учун,
Айтай уни гул-чечакдай қизларга бой халқим учун!
Қўшиғимда дард тўлқини, айтай қирғоқ, тўлқин учун,
Уни куйлай дард-қувонч-ла тўлқин урган халқим учун!

Йиғламасман, гар кунларим бўлса совуқ, салқин учун,
Йиғларман мен, гар бўлса хор, мискин, фақир халқим учун!

Ёшлик чоғим, олтин чоғим, ёлқин чоғим бўлсин фидо
Халқим ҳузуринда туриб, берган сўзим, онтим учун!

БОЙ ВА ФАҚИР

Сен сабр этсанг, сабр эт, бошқаси сабр этмасин,
Йўқ, тузалмасман сабр-ла! Ақчаси жабр этмасин!

Ич ёнар турмушда тенгсиз оммани ўйлаб яна,
Мунгли, мискин бандаларнинг мунгини сўйлаб яна.

Мен чиқиб боқдим кўчамга, ким сўрар ўз халқини,
Кўзга чиқди ёш бўлиб кўксимдаги дард ёлқини.

Кўзларим ўнгинда йиғлаб хору йўқсиллар ўтар,
Камбағал, мискин фақирлар ёш кўнгилни ранжитиб…

МАНДОЛИНА

Янгра, мунглиғ мандолина, мен-да тинглаб, мунгланай!
Мунгланиб, қайғуларимдан сал узоқлаб, ўнгланай!
Сен менинг жон сирдошимсан, мунгдошимсан, янграгин!
Сирга ботган, мунгга ботган ҳайбатинг-ла чўнгланай!

Шу сенинг товшинггина ҳар дардима дармон берар,
Шу берар ҳар нарсани, шу жон берар, фармон берар,
Шу менга ўй, шу менга ҳис, шу менга оқ онг берар,
Шу менга сир чашмасиндан лаълию маржон берар!

Эй, менинг кўнглимни софловчи муқаддас мандолин!
Тинглагач, кўз ёшланар – жисмим дали, шу жон дали!
Тинглар эркан, ҳар гидирдан, ҳар не кирдан покланиб,
Кучланиб боргай бу жоним “Оллоҳ! Оллоҳ! Тавба!..” деб.

Эй, сеҳрли, сирли чолғу! Кел, сени мен бир чалай,
Янгра чолғу, софланай, сал жонланай, иймонланай!..

Татар тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи