Салқин сарғиш лойқа дарёга шўнғиган Фотимага сувнинг кенг олтин тасмалари ботаётган қуёшнинг нурлари остида шишиб, баданига оҳиста ўралиб олаётгандай туюлди. У соҳилга қайтиб чиқаётиб, сув белига етганда тўхтади. Бўлиқ жигарранг баданига ёпишган ҳўл кўйлаги остида тўла кўкраги ва ҳомиладор аёлда бўладиган думалоқ қорни бўртиб турарди. Малайя аёлларига хос бўлган тунд япалоқ юзи ифодасини йўқотган, ғам босган қора кўзлар Фотиманинг янги ҳаёт типирчилаётган вужудига қараётгандек эди.
Фотима бошини силкитди, тим қора ялтироқ сочларини ёйиб шивирлаётган шамолга тутди. У турган жойдан буталар ва баланд дарахтлар кўринмасди. У томондан ҳеч қандай овоз эшитилмасди. Фотиманинг олдида зич ва баланд ўт-ўлан гиламдай тўшалганди.
Сокин оқшом чўкаётганди. Ҳаво қотиб қолгандай эди. Фақат аҳён- аҳёнда ёлғиз сув қушининг қичқириғи, уйқудан уйғонаётган бойқушнинг қанот қоқиши эшитиларди. Гоҳо каламуш енгил шапиллатиб сувга шўнғир, майда жониворлар баланд ўт ва буталарни шитирлатарди. Яйлов гуллари ва ботқоқ ҳиди анқирди. Фотима бирдан ўзини жуда ёлғиз ва қаровсиздай ҳис этди, гўё ибтидоий бўшлиққа тушиб қолгану ер юзи ботқоқлик ва жирканч жондорлар бижғиб ётган макондан иборат…
Туйқусдан эшитилган йўлбарснинг паст товушда ириллаши Фотиманинг хаёлларини пардай тўзғитиб юборди. Йўлбарс ўкиргач, бу хаёл эмас, ҳақиқатлигини тушунди. Йўлбарснинг ерга қапишган, ярми ўтлар орасидан чиқиб турган гавдаси аёлдан бор-йўғи йигирма қадамча нарида эди. Қуёш нурида жувонга тикилган сариқ кўзлар ёвуз ялтирар, қулоқлар диккайиб турарди. Йўлбарс бошини ўгириб ўкирди, қизил тили ва сариқ сўйлоқ тишлари кўринди.
Фотима қўрқувдан карахт бўлиб қолди. У ўрнидан қимирлашга ҳам, ўзига тикилиб турган ҳайвон нигоҳидан кўзини олиб қочишга ҳам ботина олмасди. Ўз навбатида, йўлбарс ҳам ўзидан қочмаётган одамни кўриб ҳайратда эди.
Фотима йўлбарсга қўрқув билан, йўлбарс Фотимага шубҳа билан қарарди. Унинг ўкириги борган сари пасаярди. Сал ўтиб йўлбарс Фотимага буткул қизиқмай қўйди. Унинг олдинга чўзилган улкан панжалари ҳўл ўтлоққа тирноқларини санчиб турарди. Афтидан, йўлбарснинг эътибори ўзга нарса билан банд эди. Фақат Фотима жойидан қимирлаганда йўлбарс сергак тортарди. Унинг кўзлари энди чақнамасди, нигоҳида тундлик, аниқроғи, зерикиш ифодаси пайдо бўлганди. Йўлбарснинг кайфиятидаги бу ўзгаришни Фотима сезмай қолди.
Тепаликлар оша ғира-шира қоронғилик босиб келарди. Теварак зулматга чўка бошлади. Дарё узра кўтарилган енгил туман ерга ёпирилди. Чирилдоқнинг тинмай қичқириши ва бойқушнинг хунук сайроғи кеч кирганидан дарак берарди.
Сал ўзига келган Фотима тинкаси қуриганини сезди. У совуқдан титрар, ҳафсаласи пир бўлганди – йўлбарс кетишни ўйламасди. Аёл қўлини қорнига қўйди, бағрида типирчилаган митти вужуд Фотимани қутулишга ундади. У жонивордан кўз узмасди. Қоронғида йиртқич зўрға кўзга ташланар, шунга қарамай аёл йўлбарс қачон кўз узишини пойларди.
Фотиманинг бутун борлиғи қувватга тўлди. У ўрнидан илкис турди-да, дарёга шўнғиб, сув остида суза кетди. Фотима қарши соҳилга қараб интиларди. Қишлоқ ўша томонда эди. У ҳар замонда, ўпкаси ҳавосиз ёрилиб кетай дегандагина бошини сувдан чиқариб нафас олар, кейин яна сув остига кирарди. Дарёнинг ўртасига борганда у мўлжални адаштириб қўйди ва йўлбарснинг ўкиригини эшитиб, йиртқич худди ёнида тургандек қўрқиб кетди. Чарчоқдан толаётган оёқ-қўлини чаққон ишлатиб, соҳилга қараб интилди. Бошини сувдан кўтарганда, қишлоқ мойчироқларининг ёруғи кўринди.
* * *
Фотиманинг онаси қизидан эшитганларига ўзидан ҳам қўшиб гапиргач, қишлоқни ваҳима босди. Курк товуқлар калхатни кўрганда жўжаларини қандай бағрига олса, аёллар ҳам болаларини ҳеч қаёққа чиқаришмас, эшикларни тамбалаб ўтиришарди. Улар эркаклар нима қилиб бўлса-да, қотил йўлбарсни йўқотишлари керак, деб чувиллашарди. Эркаклар сигиру эчкиларни қўраларга қамашар, чоллар бетелларини чайнаб, шовқин-сурон сабабини фаҳмлашга уринишарди.
Жони ҳалқумига келган Фотима қамишдан тўқилган бўйра устида ётарди.
Бир пайт Фотимани сўраб қишлоқ оқсоқоли бошлиқ бир тўда одам кириб келди. Улар жувондан йўлбарсни қаерда кўрганини сўрашди. Гапга аралашган онаси Фотиманинг ўша “йўл-йўл” махлуқ билан учрашувини янада бўрттириб тасвирлашга тушди. Оқсоқол унга “бас қилинг” дегандай ишора қилди. Кейин ўзи Фотимага савол бера бошлади. Жувон эса истамайгина жавоб қайтарди. У негадир йўлбарсни излаб топиб, ўлдиришларини хоҳламасди. Буни сезган оқсоқол хўмрайди.
– Ё Оллоҳ! – хитоб қилди кампир диққатни ўзига жалб қилиш учун. – Худонинг ўзи раҳм қилиб, қизимни ўша “йўл-йўл”нинг чангалидан қутқариб қолди! – кампир ажин қоплаган жигарранг қўлларини осмонга чўзди.
Оқсоқол елка қисди.
– Худди шундай бўлган деб ҳисоблайлик, – деди у, – лекин келаси сафар Оллоҳ бунчалик раҳмдил бўлмай қолса-чи? Қишлоқ атрофида инсон гўштини татиб кўрган йўлбарс айланиб юрганини билишнинг ўзи қанчалик ваҳимали. Аёллар, болаларни хатарда қолдирмаслик учун уни излаб топиб, отиб ўлдириш керак. Махлуқ қанча тез ўлдирилса, шунча яхши.
У ташвишманд қиёфада жим турган эркакларга синчков назар ташлади. Ҳамқишлоқлари йўлбарсни қоронғи кечада, айниқса, тўқайзордан излаб топиш қанчалик хавфли эканлигини яхши билишарди.
– Хўш? – деди оқсоқол.
Эркаклар кўзларини ерга қадашди. Оқсоқолнинг ранги гезариб кетди. У эндигина эркакларни қўрқоқлиги учун койимоқчи эди, шу пайт уйга елкасига милтиқ илган Мамуд кириб келди. Унинг ғайрат ёғилиб турган чеҳраси ҳаяжондан қизариб кетганди.
– Мен Фотимага йўлбарс ҳужум қилибди деб эшитдим, – деди у. – Шу ростми?
Оқсоқол гап нимадалигини тушунтиргунча Мамуд янги қўш тиғли милтиғини бир неча бор силаб қўйди. У ов қилишни жуда яхши кўрарди. Айниқса, йўлбарс ови учун ҳозироқ йўлга чиқишга тайёр эди.
– Оқсоқол тўғри айтаяпти, – деди Мамуд. – Аёллар ва болалар ҳақида ўйлашимиз керак. Йўлбарс тирик экан, бу шўрликлар уйдан бир қадам ҳам ташқарига чиқолмайди. Эркакнинг бурчи уларни ҳимоя қилиш. Ким боради мен билан? Эрталабгача йўлбарс бошини судраб келмасам, онамнинг ўғли эмасман, лекин менга ёрдамчи керак.
Мамудга иккилана-иккилана ўнтача эркак қўшилди. Аввалига хавфсираб турган бўлишса-да, Мамуднинг мерганлик бобидаги шуҳрати уларга куч бағишлаганди.
– Жуда соз! – хитоб қилди Мамуд. – Мени уялтирмасликларингни билардим.
Эркаклар кетишди.
– Ишон, қизим, – деди Фоиманинг онаси эшикка зулфин солиб.– Бу йигит, мана шу Мамуд ўзи ёввойи йўлбарсга ўхшайди.
Фотима бўйрадан турди ва дарчадан ойга қаради. Гўё кумуш бўлакларга бўлинган ёмбилар пальма шохлари узра енгил зиё таратарди. Эркаклар бир-бирини чорлаб, хабарлашиб овга тайёрланишарди. Фотима уларнинг ортидан маъюс қараб қолди. Ниҳоят улар кўздан ғойиб бўлди. Атрофга жимлик чўкди. “Ҳозир йўлбарс қаерда экан? – ўйлади Фотима. – Анча узоққа кетиб қолган бўлса керак. Овчилар етиб боргунча кўздан йўқолса, яхши бўларди…”
– Ё Оллоҳ, – йиғлаб саннай бошлади онаси, – бу тун – ҳалокат туни. Шундай қоронғи кечада йўлбарсни излаётган одамларни ўйласанг-чи. У ахир юзта тулкидан ҳам аййёрроқ, зулматда худди кундузгидай кўради. Мени айтди дерсан, ҳали тонг отмасдан қишлоқда аза бошланади.
– Йўлбарсга тегмаслик керак, – деди Фотима дарчадан узоқлашмай.
– Нима деб валдираяпсан, ўзи? – жаҳли чиқди кампирнинг. – У бизларни бўғизламасдан бурун уни ўлдириш лозим. Бошқа чораси йўқ.
– Балки ўзи кетиб қолар?
– Йўлбарс қишлоққа келган экан, у кетмайди. Кимнидир қон қақшатмасдан бу ердан кетмайди, – тўнғиллади кампир. –Ҳамма яхши билади, фақат одамхўр йўлбарсгина қишлоқ атрофида дайдиб юради.
– Лекин бу йўлбарс одамхўрга ўхшамайди, – эътироз билдирди Фотима.
Кампир ҳеч нарса демади, лекин жаҳли чиққани кўриниб турарди.
– Йўлбарс мендан ўн беш қадамча нарида эди, бир сакраб мени тилка-пора қилиб ташлаши мумкин эди, – деди Фотима. – Аммо у менга тегмади. Нимага? Тўғри, у мендан кўз узмади, лекин мен ҳам унга қараб турдим. Кейин тинчланди, менга ёмон ниятда қарагани йўқ…
– Мана, сен менга аҳмоқона гапларни гапиряпсан. Баъзан отанг ҳам шундай қиларди. – Онаси жаҳл билан ёнғоқ мағзини янча бошлади. – Отанг, шамол менга қўшиқ айтади, деб мени ишонтиришга уринарди. Майли, ўлган отанг ҳақида шундай гапираётганим учун мени худонинг ўзи кечирсин. Лекин вақти-вақти билан унинг мияси мана шунақа айниб қоларди.
Фотима дарчадан ғамгин қараб, сукунатни тинглай бошлади. Қишлоққа қабристон жимлиги чўккан, уйлар гўё кафан билан ўралгандай эди. Фотима уюшган қўлини қисганича бутун вужуди қулоққа айланиб, зулматга тикилди. Бирдан баданида қаттиқ санчиқ туриб, у қорнини чангаллаб қолди.
– Сенга нима бўлди, Фотима? – сўради онаси ташвишланиб.
– Ҳеч нарса, –Фотима тишлари орасидан шивирлади.
– Қоч елвизакдан, бориб жойингга ёт!
Фотима оғриқ бир кучайиб, бир пасайганини сезди. У кўзини юмган эди, рўпарасида йўлбарс кўрингандай бўлди. У қуюқ ўт орасида яшириниб ётарди. Ана қонга тўлган кўзлари билан қараб турибди, кейин тинчланди, кўзини олиб қочди – четга қаради.
Бирдан олисда ўқ овози эшитилди. Яна ўқ узилди. Фотима сесканиб тушди: ўқ унга узилгандай эди. Кейин йўлбарснинг қаттиқ ўкиргани эшитилди. Бу оғриқ ва ғазаб ўкириги эди. Жониворнинг ўлим олдидан чўзиб, узоқ ўкириши бир неча сонияда Фотиманинг бутун вужудини қамраб олди. Унинг бу ўкирикка жавоб бергиси келди. Фотиманинг юзи оғриқдан зўриқиб кетди, баданини тер босди. Кўксидан ингроқ отилиб чиқди.
– Ё худо! Ё худо! – шошиб қолди кампир. – Сенга нима бўлди? Мазанг қочдими? Бориб ётгин… ё бошландими?
– Мени тўлғоқ, тўлғоқ тутди, ойижон, – зўрға нафас олиб, ингради Фотима.
Онаси уни бўйра устига ётқизди.
– Туғишниям жуда яхши пайтини топдинг-а, – йиғлаб юборди қўрқиб кетган кампир.– Сен ётиб тур, мен ҳозир ичишингга иссиқ нарса тайёрлайман. Эркаклар қайтиб келмагунча, дояни чақиришга ҳам боролмайман. Мен шўрлик кампирга кўп оғир кеча бўлди-да.
Фотима бўйра устида ётар, кўзларини қаттиқ юмиб олганди, онаси сув иситар,ўзича бир нималар деб минғирларди.
– Менга қара, — деди онаси бирдан, — менимча, эркаклар қайтиб келишаяпти.
Қишлоқ бирданига шовқинга тўлди.
Кампир эшикни очиб, кимнидир чақирди.
– Мамуд азамат экан, хола, – деди уйга отилиб кирган ўсмир. – Йўлбарсни ўлдирди. Уни буёққа судраб келишди! Каттакон! Роса қаршилик кўрсатди! Иккита ўқ тегсаям тирик эди. Найзалар билан ўлдиришди. Биласизми, нима экан?
Фотима диққат билан болага каради. Кампир сабрсизлик билан унинг оғзига тикилди.
– Нима?
– Йўлбарсни ўлдиришлари билан унинг ёнида нимадир чийилладими ё миёвладими-ей. Чироқ билан ёритиб кўришди – у ерда учта йўлбарсча бор экан, кичкина-кичкина! Кўзчалари очилмаган денг! Мамуднинг айтишича, туғилганига атиги бир неча соат бўлган экан. Она йўлбарс ўшаларни ҳимоя қилган экан! Мамуд айтди, йўлбарсчаларга яхшигина ҳақ тўлашаркан.
Фотима оғриқдан инграб юборди. Пешонасини тер босди.
– Ойижон!!! – бақирди у.
Кампир болани эшикка қараб итариб юборди.
– Чоп, дояни айтиб кел! Тезроқ чақир!
Бола кўзларини чақчайтирди, ҳайратдан оғзи очилиб қолди, сўнг ўзига келди-да, тапир-тупир қилганича кўчага отилди.
Рус тилидан Файзи Шоҳисмоил таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 8-сон