Чуковский Корней Иванович (тахаллуси; асл исм-шарифи Корнейчуков Николай Васильевич) [1882.19(31).3, Петербург — 1969.28.10, Кунцево, Москва вилояти] — рус ёзувчиси, болалар шоири, таржимон ва адабиётшунос.
Ижодининг асосий қисмини болаларга бағишланган асарлар ташкил этади. Чуковскийнинг «Ваня ва Тимсоҳ», «Тозалабюв» («Мойдодир»), «Суваракбой» (1923), «Пашша – серхархаша» (1924), «Бармалей» (1925), «Войжонимнинг саргузаштлари» (1929) ва бошқа шеърий эртаклари машҳур. Мазкур асарлар асосида кўплаб эртакспектакллар, мультфильмлар яратилган.
Чуковский узоқ йиллар давомида ёқимтой болалар тилини кузатиб, «Иккидан бешгача» китобини ёзди (1928—70). У таржимашунослик, адабиётшунослик соҳасидаги асарлари билан ҳам танилган.
2-жаҳон уруши йилларида Тошкентда яшаган. Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.
Болаларга бағишлаб ёзилган «Ваня ва тимсоҳ», «Тозалаб юв», «Суваракбой», «Пашша – серхархаша», «Бармалей», «Доктор Айболит» каби асарлари бутун дунёга машҳур. Унинг Н.А.Некрасов, А.П.Чехов, В.Короленко, Л.Андреев, В.Брюсов, А.Блок, А.Куприн, И.Репин ва бошқа улуғ ижодкорлар ҳақида яратган адабий очерклари, бадиалари жуда кўп тилларга таржима қилинган.
ДЎХТИР ВОЙЖОНИМ!
1
Войжоним дўхтир ана!
Соядан топган пана.
Шошилинглар у томон
Даволанишга шу он.
Сигирой ва бўрихон,
Қўнғизча-ю чувалчанг
Ва айиқой жигарранг.
Ҳаммага топар даво
Дўхтир Войжоним бобо.
2
Тулкича келди дўхтир томон:
“Ари мени чақди жуда ёмон”.
Олапар келди дея: “Вой-вой,
Бурнимни чўқиди товуқвой”.
Қуёнхон қилади кўп фарёд:
“Ёрдам бер, Войжоним,
Вой-вой-дод!
Боламни босибди трамвай,
Оҳ, болам, энди мен на қилай?
Қуёнчамни босибди-я, трамвай
Войжоним, ёрдам бер ўтинай.
У йўлдан югуриб ўтганда,
Тўсатдан трамвай келганда
Оёғини босибди шу чоғ.
Болам энди бемор ва оқсоқ.
Қуёнчам, оҳ, чидайман қандоқ?”
Войжоним дер: “Бу кулфат эмас,
Қуёнчани менга берсанг бас.
Тикаман унга янги оёқ.
Чопқиллаб кетади у шу чоғ.
Бемор келтирилади шу он
У касал, у оқсоқ, ногирон”.
Оёқни тикдию шифокор,
Сакраб кетди шу заҳот бемор.
Болажони билан ёнма-ён
Рақсга тушиб кетди Қуёнхон.
Қуёнхон кулади кўп хурсанд:
“Войжоним, сизга катта раҳмат”.
3
Чиябўри шу пайт қайдан-да
Бирдан келиб қолди байталда
Дер: “Гиппопатамдан бор
Сизга телеграмма тезкор.
“Дўхтиржон, Африкага
Тезроқ келинг.
Болаларимизга зудлик билан
Ёрдам беринг”.
Нима бўлди, бу не ҳол?
Наҳот болалар бемор?
Ҳа, ҳа, уларда ангина,
Қизилча, ичкетарина,
Бўғма ва аппендицит,
Безгак ҳамда бронхит.
Касалликлар ғиж-ғиж муаммо,
Келинг, Войжоним бобо!”
– Майли, майли, югурай,
Ва ёрдамга улгурай.
Сиз яшайсиз қаёқда?
Тоғдами ё ботқоқда?
– Биз яшаймиз Занзибарда,
Калахарида ва Сахарада.
Тоғимиз номи Фернандо По,
У ерда юради Гиппо-по
Сайр кўчаси Лимпопо.
4
Войжоним ўрнидан қўзғалар,
Югуриб, югуриб у борар.
Яйловдан юради, ўрмондан,
Боради у дала томондан.
Бир сўзни таъкидлар Войжоним бобо:
“Лимпопо, Лимпопо, Лимпопо”.
Юзига урилар дўл, шамол ва қор
Войжоним ортингга қайта қол.
Войжоним, йиқилди, тура олмади,
– Юришга асло ҳолим қолмади.
Арчанинг тагидан бир зумда
Пахмоқ бўрилар чиқар шунда.
– Устимизга чиқинг, дўхтиржон,
Манзилга элтамиз шу замон.
Бўрига чиқдию Войжоним бобо
Битта сўз тилидан тушмади асло:
“Лимпопо, Лимпопо, Лимпопо”.
5
Қаршисидан чиқди бир уммон,
Шиддат-ла қилмоқда тўполон.
Тўлқинлар булутга етгудай,
Войжонимни ютиб кетгудай.
– Чўкиб кетаман мен наҳот,
Денгиз туби тортса-чи бедод.
Не қилади беморларим,
Ўрмондаги жонворларим?
Шу пайт кит чиқиб келди,
“Устимга ўтир, Войжоним, – деди –
Гўё кемадайин каттакон
Сени манзилга элтаман, ишон”.
Китга миниб олар Войжоним бобо
Тилидан битта сўз тушмайди асло:
“Лимпопо, Лимпопо, Лимпопо”.
6
Бирдан қаршисидан чиқар тоғлар – баҳайбат,
Войжоним эмаклар, қилар ҳаракат.
Тоғлар баланд бўлар, янада тикка,
Гўёки тегмоқда булутга.
“Етиб боролмасам энди нетаман,
Наҳотки, йўлда қолиб кетаман?
Не қилади беморларим,
Ўрмондаги жонворларим?”
Энг баланд қоядан шу он
Бургутлар келдилар ногаҳон.
“Устимизга мининг, Дўхтиржон
Манзилга элтамиз безиён”.
Бургутга минди Войжоним бобо,
Тилидан битта сўз тушмайди асло:
“Лимпопо, Лимпопо, Лимпопо”.
7
Ажойиб Африкада,
Ғаройиб Африкада
Бордир қора Лимпопо,
Йиғлаяпти Африкада,
Кўз ёш тўкар Африкада
Ғамгин Гиппопо.
У пальманинг остида
Африкада ўтирар.
У денгизга Африкадан
Кўз узмасдан мўлтирар.
Қачон энди кемасида
Дўхтир Войжоним келар?
Филлар ва каркидонлар
Чопади ҳар томонлар
Ва дарғазаб дейди:
– Қачон келар энди
Дўхтир Войжоним?!
Ёнида эса бегемотлар
Қорнин ушлаб додлар.
Бегемотчаларнинг ахир
Қоринчалари оғрир.
Туяқуш болалари
Чийиллар чўчқа сингари.
Раҳмимиз келар нолаларига
Бечора туяқуш болаларига.
Уларда бўғма, қизамиқ,
Чечагу, бронхитдан оғриқ.
Қизарган томоқлари,
Оғрир бош-оёқлари.
Алаҳлар, алаҳлар улар
Вой, шифокор қачон келар?
Нега шу пайтгача йўқдир
Войжоним дўхтир?
Ўткир тиш акула
Ётар ёнбошлаб
Қуёшда ётар,
Кўзларин ёшлаб.
Унинг миттивойларининг,
Акулача-ширинтойларининг
Ўн икки кундан буён
Тишлари оғрир чунон.
Чигирткавой бечора
Елкаси чиққан начора.
Сакрамас-у, югурмас,
Кўз ёши қуриб улгурмас
Ва докторни чақиради
Қайда экан у, оббо,
Меҳрибон дўхтир бобо?
8
Қаранг, бир қуш самодан
Учиб келар ҳавода.
Устида Войжоним бор,
Қўлин силкиб дер такрор,
– Яшасин ёқимли Африка!
Болалар қувончини кўр:
“Келибди!”, “Қойил!”, “Зўр!”
Қуш тепада айланар
Ва қўнишга шайланар.
Бегемотчалар томон
Югуради дўхтиржон.
Текшириб тинглаб турар,
Қорнига уриб кўрар.
Сўнгра навбатма-навбат
Бериб чиқар шоколад.
Ва ҳароратни ўлчар.
Йўл-йўл йўлбарсчалар
Томон югурар
Бечора ўркачли
Бемор бўталоқларни кўрар.
Ва ҳар бирини гоголь,
Ҳар бирини моголь,
Гоголь-моголь,
Гоголь-моголь,
Гоголь-моголь билан сийлар.
Ўн кеча-ю кундуз
Войжоним тотмади туз.
Сув ичмас ўн кундан буён,
Даволар бечора жонворларни
Ва ҳароратин ўлчар ҳамон.
9
Мана даволади у
Лимпопо,
Беморлар тузалди-ку
Лимпопо,
Улар роса қувнашди
Лимпопо,
Бир-бирини қувлашди
Лимпопо.
Ва Акула Каракула
Ўнг кўзин қисиб бир йўла
Қаҳ-қаҳ отиб кула бошлар,
Гўё уни қитиқлашар.
Миттигина бегемотлар
Қоринларин ушлаб кулар.
Роса кулар, маза қилар
Ҳатто эман титраб кетар.
Мана Гиппо, мана Попо
Гиппо-попо, Гиппо-попо!
Келмоқда
Гиппопотам
У келар Занзибардан
У келар Калиманжародан.
У қичқирар қайта-қайта,
Яна қувнаб қўшиқ айтар:
“Войжонимга шараф-шон!
Дўхтирлар бўлсин омон!”
ПАШША-ОЙПАШША
Пашша-пашша ойпашша,
Зар кийими – томоша.
Пашша далага борди,
Тангани топиб олди.
Кетди, қайда деб бозор,
Сотиб олди самовар.
“Сувараклар, марҳабо,
Мана чой ва мураббо”.
Сувараклар тўпланди,
Чойлар бир-бир ҳўпланди.
Ҳашоротлар уяла,
Ҳар бири уч пиёла
Ширчой ичиб қайтишди,
Ойпашшага тасанно
Ва табриклар айтишди.
Ахир Пашшаой бугун,
Нишонлар туғилган кун.
Бургалар қилмай ғавғо,
Этик қилишди совға.
Этик оддиймас, қаранг,
Илгаклари тилларанг.
Болари момо: “Бўлма” деб касал
Келтирди пашшага кўпгина асал.
Капалакжон, марҳабо,
Тотиб кўргин мураббо.
Тўғрисин айтинг бизга,
Емак ёқдими сизга?
Заҳари томиб чак-чак,
Пайдо бўлди ўргимчак
Вой, қаранг ўргимчакка,
Пашшаойни бурчакка
Судраб кетяпти якка.
Уни қилмоқчи гумдон,
Пашшаой қолмас омон.
Пашша зорланар: “Вой дод!
Меҳмонлар! Сиздан нажот
Золимдан халос
Қилинг, илтимос.
Сизни едирдим,
Сизни ичирдим.
Ташламанг ғамда,
Энг сўнгги дамда”.
Чувалчангу қўнғизлар,
Чўчиб қолишди.
Тирқишу тешиклардан
Қочиб қолишди.
Диванлар остин
Суварак босди.
Ўриндиқларга эса
Тўлди қурту қумурсқа.
Ҳашаротлар қилмай жанг,
Тўшакни босди, қаранг.
Ҳеч қайсиси ўрнидан жилмас, вой,
Нобуд бўлсанг бўлавер, Пашшаой.
Чигирткажон, чигиртга,
Ўхшар митти йигитка.
Шиори чир-чир
Бутага кир,
Оғзингни сувга тўлдир,
Жим ўтир.
Золим раҳми келмайди,
Пашшаойни чирмайди.
Оёқ-қўлин боғлайди,
Юрагини доғлайди,
Яна қонин тўкади,
Пашша азоб чекади,
Ойпашшахон зорланиб эзилади,
Золим эса жилмайиб сузилади.
Шу маҳал митти чивин
Пайдо бўлибди,
Қўлида кичик фонус
Ёниб турибди.
Дер: “Қани золим, қотил?,
Жазолай уни одил!”
У қонхўр томон борар,
Қилични қўлга олар,
Золимни қилар яксон,
Ойпашша қолди омон.
Уни қўлидан тутиб
Дераза томон ўтиб,
Дер: “Азизим, сен озод,
Энди эса умрбод
Севикли ёрим бўлгин,
Мен билан турмуш қургин”.
Ўтирғичдан шу заҳот,
Чиқа бошлар ҳашарот.
Дейишар унга қараб:
“Мард чивинга шон-шараф!”
Гўё митти фонуслар –
Келди нурли қўнғизлар.
Атроф қувончга тўлди
Ҳамма яйради, кулди.
Қирқоёқлар, чопинглар.
Мусиқачи топинглар!
Маза қилиб ўйнаймиз,
Ўйнаб сира тўймаймиз.
Мусиқачилар чалар,
Дўмбиралар авж олар:
Бака-бум бака-бум-банг!
Пашша, чивинга қаранг!
Рақс тушар улар ана,
Даврада энди кана!
Ўйинига йўқдир гап,
Этиклар қилар тап-тап,
Ҳашароту қумурсқа
Бўлиб узуну қисқа
Ўйнашар гўё малак.
Ниначию капалак,
Шохдор қўнғизлар кулар,
Қалпоғин силкир улар
Бир-бирига парвона:
На-на-на-на-на-на.
Қойил, қойил, бунча зўр,
Чивинлар рақсини кўр,
Ҳамма ўйнаб куляпти,
Пашша тўйи бўляпти.
Куёв ёш, уддабурон
Мард ва жасур чивинжон.
Аямай чипта ковуш,
Чумоливой, рақсга туш.
Ёнда жуфти ҳалоли
Ўйнаяпти чумоли,
Сакраб-сакраб тўймайди
Кўз қисишни қўймайди.
Қумурсқалар, ҳой-ҳой-ҳой,
Ёқимтойсиз, ёқимтой!
Этиклар ғирчиллар хўп,
Пошналар қилар тап-туп.
Тонггача ўтар базм,
Бизда шунақа расм.
Ойпашша ахир бугун
Нишонлар туғилган кун.
АРАЛАШ
Мушукларнинг дили ғаш:
Жонга тегди миёвлаш.
Бизда битта орзу бор –
Чўчқа мисол хур-хурлаш.
Улардан сўнг ўрдаклар,
Дерлар: “Бизнинг истаклар” –
Бамисоли қурбақа –
Десак эди “вақ-вақа”.
Миёвлайди чўчқалар,
Товуқлар дер:
– Қағ-қағ-қағ.
Шу пайт чумчуқ келди-ку
Сўнгра сигир каби у
Мўлади: “Мў-мў-мў”.
Айиқ келди югуриб,
Шундай деди бўкириб:
– Қо-қо-қо-қо.
Шохга қўнади какку:
– Демайман энди ку-ку.
Қани, кучукдек дарров
Вовулласайдим: “вов-вов”.
Фақатгина қуёнча
Мулойим экан анча,
Миёвламас,
Хур-хурламас,
Карам тагида ётар,
Қуёндайин сўз қотар.
Ва ақлсиз ҳайвонларга
Ўргатар:
– Чирқиллашга яралганлар,
Миёвланглар!
Миёвлашга яралганлар,
Чирқилланглар!
Қарға бўлолмас сигир,
Бақа учолмас, ахир.
Аммо ҳайвонлар шодон,
Чўчқаю айиқполвон,
Шўхликлари ҳеч қолмас,
Қуёнга қулоқ солмас.
Балиқлар дала кечар,
Бақалар кўкда учар.
Сўнгра қопқонга боплаб,
Жойлаб қўйдилар улар.
Тўполончи тулкилар
Гугуртни қўлга олиб
Денгиз томонга бориб,
Унга қўйдилар олов,
Ва денгиз ёнди лов-лов.
Кит денгиздан чиқади,
Тинмай фарёд чекади:
“Ўт ўчирувчилар, ҳов,
Ёрдамга келинг дарров!”
Жуда-жуда ҳам узоқ
Ўтни ўчирди тимсоҳ.
Бу ишга бўлди керак
Қўзиқориндан туршак.
Зарур бўлди яна, воҳ,
Шириндан-ширин қуймоқ,
Икки товуқ қу-қулар,
Бочкадан сепиб сувлар.
Икки қилтомоқ балиқ,
Сув сепди чўмич олиб.
Қурбақалар овора,
Сувлари бир тоғора.
Ўчиришар – ўчмайди,
Сув сепишар – тўлмайди.
Капалак бунга боқди,
Қанотларини қоқди,
Ўча бошлади денгиз,
Ва учиб қолди виз-виз.
Қувонар барча ҳайвон,
Қўшиқ айтишар шодон,
Қулоқлари шақиллар,
Оёқлари тақиллар.
Дарров овозин созлар,
Ғоздек ға-ғалар ғозлар:
– Ға-ға-ға.
Мушуклар-чи, миёвлар:
– Миёв-миёв!
Қушлар чирқиллай бошлар:
– Чирқ-чирқ!
Ўрдаклар ғақиллар,
Ғақ-ғақ.
Чўчқалар хуриллар,
Хур-хур.
Мурочкани аллалай,
Ухлаб қолгин, айланай.
Аллаё, алла,
Аллаё, алла.
Кавсар Турдиева таржимаси
ҲАММОМ ВА ПАШША
Пашшавой парвоз қилди.
Ҳаммомга учиб келди.
Суварак ўтин ёрди,
Ҳаммомга олиб борди.
Ари лунги келтирди,
Пашша ҳаммомга кирди.
Буғга тоблаб ўзини,
Чайқади юз-кўзини.
Ювинди, бош-қўл чайди,
Бирдан оёғи тойди.
Сирпанганча сурилиб,
Кетди қаттиқ урилиб.
Қовурға чиқди зарбдан,
Елкаси оғрир дарддан.
– Ҳой Чумоли, чоп ахир,
Дарҳол дўхтирни чақир!
Дўхтир Чигиртка шошиб,
Келди тезда том ошиб.
Сув томизди оғзига,
Пашша келди ўзига.
Қанотлари ғириллаб,
Учиб кетди пириллаб!
Рус тилидан Нуруллоҳ Остон таржимаси