Анави – тош. Мен ҳам тошман. Худди тўхтаб қолган айрилиғимиз онлари каби орамизга чанг ва тупроқ тўлган.
Осуда шаҳар туни. Эртага қуёш чиқади ва симёғочда ёлғиз нур таратиб турган чироқ ўчади. Пешинда эса, қуёш аёвсиз ернинг бор сувини ичади. Ер қурийди, ёрилади.
Кейин ёмғир ёғади, бизни ювинтиради, лойни юмшатади ва бизда тош қотган умид уйғонади: балки биз бир-биримизга тегиб кетармиз…
Бироқ шамол булутни ҳайдаб юборади, яна қуёш ерга тикилади. Кўчада яна чанг кўтарилади ва орамиздаги ҳаракатсиз онлар яна тўлади.
Биз учун ҳаммаси ўзгармас. Биз учун ҳамма нарса тошдан: бизнинг хурсандчилигимиз ва айрилиғимиз, бизнинг яқинлигимиз ҳам тошдан; фикрларимиз тошдан, орзуларимиз, кўзларимиз ҳам; осмонимиз ва юлдузларимиз ҳам тош қотган; азобимиз ҳам тошдан, тош бизнинг худомиз…
Осуда шаҳар туни. Ҳалиги тош ухлаяпти, шекилли… Балки тош эмас, мен ухлаётгандирман? Тошнинг уйқуси нима бўларди? Бедорлиги-чи?
Бизнинг уйқумиз ҳам, бедорлигимиз ҳам тош.
Мен ухламаяпман. Мен шунчаки ўтмишни эслаб, келажак ҳақида орзу қиляпман. Балки, ҳозирим йўқ бўлгани учун шундайдир. Тош учун ҳозир йўқ. Тошда фақат аввал бўлганлар ва энди бўладиганлар бор. Агар ўзимнинг ҳозиримни топмоқчи бўлсам ҳам, мен уни ўтмиш ва келажак орасида кўра олмайман – тошнинг ҳозири ўтмишдан аввал ва келажакдан сўнг келади.
Мен шунчаки хотирлаяпман. Менинг ўтмишим менинг аждодимдек. Хотираларим шунчалик кўпки, жон деб уларни ҳеч бўлмаганда жажжи балиқнинг бугунги кунига алмашардим… Энди мен сабр билан келажагимнинг ниҳоясини кутяпман, чунки ундан кейин ҳаётим бошланиши керак.
Аввалига менинг ўтмишим совуқ ва мустаҳкам қоя эди. Мен шу қоянинг бир бўлаги эдим. Бошим қаердан бошланиб, охирим қаердалигини билмасдим. Узоқ вақт шундай эди. Кейин ёмғирлар ёғиб, қояни ювди. Қуёш чиқарди, ой хира тортарди, совуқ бўлди, жазирама, яна ёмғир ёғди, тонг отди, сониялар, дақиқалар, йиллар, асрлар осмонга қайтарди…
Қоя дарз кетди. Ёриқлар пайдо бўлди ва улар катталашиб борди, қорайди, чанг ва тупроққа тўлди. Тупроқда дарахт илдиз отди… Бизда илдиз отмади, бизда ҳаёт туғилмади.
Кейин бизни ювиб яна ёмғир ёғди, қуёш келди, ой кетди, қор ёғди, совуқ бўлди, жазирама…
Қоя қулади.
Техурининг туби, мен тушиб қолган жой, менинг энг бахтли ўтмишим. Шунда мен балиқдек ҳўл эдим. Тепамда, сув осмонида ажойиб балиқлар сузиб юрарди. Қуёш чиқарди, мен унинг ягоналигини унутдим, у сув тубига минглаб акси билан етиб келарди.
Техури мени кўп сийпалади. Вақтлар ўтиб ўткир қирраларим кетиб, балиқдек силлиқ бўлиб қолдим.
Яна қаердадир – ёнгинамда ҳаёт бор эди, мен эса ҳамон тош эдим.
Қандай вақтлар эди!
Тепамда – сув осмонида кўп балиқлар сузарди.
Аммо уларнинг бари икки балиқдек менинг хотирамда қолди. Улардан бири кичикроқ ва чаққон, иккинчиси эса ундан сал йирикроқ. Улар доим бирга эдилар. Баъзан балиқчалар кўм-кўк сувнинг яшил сояларига беркинишарди. Кейин яна пайдо бўлишарди. Аммо энди уларнинг ҳаракатлари сал бошқачароқ, менга нотаниш бўлган қандайдир сирга эга эди. Айнан шунда, мен ўзимда қандайдир ёлғизликни ҳис қилдим: улар… балиқлар жонли эди, мен эса йўқ. Балиқлар тепамда сузиб юрарди, фақат мен кимнингдир ушалмас ва унутилган истагидек дарё тубида ётардим.
Айнан ўша ерда, Техурида менинг жонли бўлиш орзуйим пайдо бўлди. Аммо мен унда ҳаёт менга нима учун кераклигини билмасдим. Энди биламан…
Балиқлар ҳикояси ачинарли якун топди. Йирикроғи қармоққа илиниб қолди ва уни юқорига тортиб кетишди.
Бечора…
Аммо балиқ бўлиб қармоқда типирчилай олмайдиган – янада бахтсизроқдир.
Чорасиз қолган кичкина балиқча дўсти атрофида парвона бўлар, қутқариб қолишга ҳаракат қиларди, ёрдам бера олмади. Ёлғиз қолиб, дўстининг қайтиб келишини кутиб сузиб юрди. Аммо биламан: ҳар ким бир кун келиб сув ости дунёмизни тарк этади ва бошқа қайтиб келмайди.
Ғамга ботган балиқча менинг бағримда узоқ ётди. Кейин сузиб кетди ва бизнинг томонларни тарк этди.
Шундай қилиб бу ҳикоя тугади. Шундан буён уларнинг ўйинлари ва эркалашлари кўз ўнгимдан кетмайди. Ўшанда менинг тош юрагимда орзу пайдо бўлди.
Менинг ўтмишимда яна бир кун келди.
Дарё тубида жим ётардим, бирдан устимда қандайдир сояни пайқадим. Соя аста-секин яқинлашиб, одам танасига айланди. Жудаям яқинда одам қўлини кўрдим… У дарё тубини пайпасларди ва мен унга илиндим.
Тинчингни бузишса, бирам ёқимсизки.
Дарё бўйида яланғоч болалар туришарди…
– Олиб чиқди, ютди! – бақиришарди улар.
Болакай мени Техури тубидан олиб чиқиб ғолиб бўлди. Қандайдир дақиқалар ичида мен қуридим, чунки тепамда қуёш турарди. Сониялар ичида ўтмишим мени тарк этди.
Ёмғир ёғди, мени ювди, қуёш чиқди, жазирама бўлди ва мен ўз соямга беркиндим. Ой хиралашди, бағримда кунлар бир-бирини қувлаб ўтарди, кун тунга алмашди, юлдузлар порлади, қор ёғди, барглар дарахтларни тарк этди. Йил ортидан йил ўтди, бир аср мени бошқасига узатарди.
Атрофда ҳамаси аниқ эди. Қуёш яна ягона. Осмон қуруқ ва баландда қушлар учиб юрарди. Яқинроқда жилға шилдирарди. Дехқонлар тахта кўприкдан Техурини томоша қилишни яхши кўришарди.
Баъзан Техури тошиб, мени сийпалар ва ўзининг илиқ меҳрини эслатарди.
Бу ўтмишимда ҳар оқшом келиб, Техури бўйида ўтирадиган бир болани эслайман. У сокин қўшиқ куйлар ва тошларни Техурига қайтарарди. Фақат тасодиф туфайли мен у ерга қайтмадим.
Ёмғир ёғарди, мени юварди, қуёш чиқарди, ой хира тортиб, юлдузлар милтилларди, қор ёғди, барглар дарахтни тарк этди, осмон асрлар билан тўлиб борарди…
Оқшомлари Техури бўйига қизча келарди. Дарё бўйида ўтириб, у ҳам қачондир йигитча айтган қўшиқни куйларди. Қизча куйлар ва Техурига тошларни улоқтирарди. Қўлларининг илиқ тафти менга ҳам насиб этди, аммо мени кўтаришга кучи етмади ва мен ўз сувимга қайта олмадим.
Ниҳоят, менинг сўнгги ўтмишим етиб келди. Кимдир кимнингдир йўл халтасидан егулигини ўғирлаб қўйди ва ўрнига мени солиб қўйди.
Шаҳаргача қоронғуликда ётдим. Сўнг дераза очилиб, мени ташқарига улоқтиришди. Бу ерда чуқурча бор эди…
Осмон мендан яна ҳам узоқлашди. Чуқурчанинг икки четида уйлар бор эди. Тун яқинлашиб келарди, кўча чироқлари ёнди. Деразаларда ёруғлик кўринди. Очиқ деразалардан мусиқа таралди.
Ёмғир ёғарди, мени юварди, атроф лой, мен эса унга ботиб борардим. Баъзан оғир машина ғилдираклари устимдан юриб ўтарди. Барглар дарахтни тарк этди, қуёш чиқди ва бизнинг кўчага ҳам қараб қўйди, ой хира тортди, кўчани чироқлар ёритиб турарди.
Бу нарса худди шу чуқурчада содир бўлди. Шу ерда мен ўз орзуимнинг ширин таъмини тотдим. Нима учун ўз орзуим ушалишини қаттиқ исташимни англаб етдим.
Шу ерда мен ўша тош билан учрашдим.
Бу шундай содир бўлганди.
Бу ер унча чуқур эмасди. Тош ортилган оғир машина келди. Мен шу ерда эдим. У тош ҳам шу ерда бўлган экан, фақат биз лой ичида бир-биримизни кўрмабмиз. Ишчилар келиб, биз билан чуқурни тўлдириб йўлни таъмирлашмоқчи бўлишди. У тош жуда кичик эди ва бир ишчи уни улоқтириб юбормоқчи бўлди, аммо эринди. Биз ёнма-ён жойлашиб қолдик. Мен ва ўша тош, бироқ чанг ва тупроқ худди айрилиқнинг аёвсиз сониялари каби орамизга суқилди.
Шундан буён биз шу аҳволда ётибмиз. Ўшандан буён бир-биримизга яқинлашишни истаймиз. Бир-биримизга тегсак, ғаройиб нарса содир бўладигандек гўё. Балки, ўшанда бизнинг тош эмаслигимиз аён бўлиб, биз ҳам титраб кетармиз, худди балиқлар каби!
Аммо йўқ…
Биз тошлармиз. Бизнинг ичимиз ҳам тошдан. Бизнинг хурсандчилигимиз ва айрилиғимиз, бизнинг яқинлигимиз ҳам тошдан. Тош – бизнинг кўзимиз, бизнинг орзуимиз; осмонимиз ва севгимиз тош қотган, биз ўзимиз ҳам тошмиз.
Тош бизнинг худомиз.
Бу суҳбатимиз ҳам тошдан:
– Мен тошман.
– Мен ҳам тошман.
– Чанг ва тупроқ худди айрилиқнинг аёвсиз сониялари каби орамизга суқилди.
– Ёмғир ёғаяпти, бизни юваяпти, лойдан бўлган айрилиғимизни юмшатаяпти.
– Қуёш чиқади.
– Ой ботади…
– Сониялар дақиқага айланади.
– Дақиқалар кунга.
– Кунлар йилни тўлдиради.
– Асрлар абадиятни.
– Шунда биз йўқ бўлиб кетамиз.
– Кейин яна қайтамиз.
– Ўшанда биз балиқ бўламиз.
– Балиқ бўлганимизда…
– Сен она бўласан, мен – ота.
– Сен ота бўласан, мен – она.
– Қайтамиз-да…
– Балиқ бўлганимизда…
Ёмғир ёғаяпти, бизни юваяпти, қуёш чиқади, ой хиралашиб, юлдузлар милтиллайди.
Рус тилидан Гулчеҳра Ботирбекова таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 4-сон