Ўзбекистон халқ шоири Миртемир (1910.30.5 – 1978. 25.1) таржимасида олмон, рус, озарбойжон, грузин, хитой, ҳинд шоирлари ижодидан намуналарни яна бир марта ўқиб, уқиш мароқли машғулот, албатта. Биламизки, Миртемир лирик, лиро-эпик, эпик асарларни бирдек маҳорат билан ўзбек тилига таржима қилиб, таржимон сифатида ҳам ниҳоятда кенг кўламли адабий мерос қолдирган. У А.С. Пушкин лирикасининг салмоқли қисмини, шеърий эртакларини, шунингдек, “Отишма”, “Ойимқиз-қишлоқи қиз” каби насрий асарларини, М.Ю. Лермонтовнинг бир қанча шеърларини, “Шоҳ Иван Васильевич, навқирон ясовул ва азамат савдогар Калашников ҳақида қисса” поэмасини, Н.А. Некрасовнинг “Русияда ким яхши яшайди?” поэмасини ўзбек китобхонларига армуғон этди. Бундан ташқари, Миртемирнинг таржимонлик маҳорати Бердақ шеърияти (Бердақ. Танланган асарлар. 1951; 1956), “Қирққиз” қорақалпоқ халқ достони (Уйғун билан ҳамкорликда, 1956), “Манас” қирғиз халқ эпоси биринчи бўлим биринчи китоби (1964), Ершов “Букри тойчоқ” поэмаси (1964), Ш. Руставели “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достони (М.Шайхзода билан ҳамкорликда, 1966) таржималарида ҳам ёрқин намоён бўлди. У. Насимий, Маҳтумқули, Г. Гейне, Э. Потье, Абай, Я. Купала, Т.Г. Шевченко, Н. Бараташвили, Ли Бо, Чон Чхоль, М. Горький, Р. Тагор, А. Твардовский, А. Сурков, В. Соснора, П. Неруда, С. Вурғун ва бошқалар ижодидан намуналарни ҳам меҳр-муҳаббат билан ўгирди. “Кармен”, “Улуғбек” опералари, “Наталка-полтавка”, “Баядера”, “Кето ва Кота” мусиқали драмалари унинг таржимасида ўзбек саҳнасида жаранглади.
Элга эл қўшилса, давлат. Маълум адабиётга бошқа халқ бадиий хазинасидаги асар таржима бўлиб қўшилар экан, ҳар икки адабиёт ҳам, ҳар икки халқ ҳам баравар даражада бойийди. Чунки кўнгил кўнгилдан сув ичади, икки ўртада мулоқот кучаяди, муносабатлар мустаҳкамланади, бир-бирларини тўғри ва теран англайдиган бўладилар.
Зеро, ҳар бир йирик ижодкорнинг ҳар бир асари таржимаси моҳиятан ўзига хос эстетик, фалсафий, аксар вақт муҳим ижтимоий масалаларга ҳам боғланадики, уларни тўғри англамасдан ва ҳаққоний қабул қилмасдан туриб, асл нусхага мувофиқ таржимани яратиб бўлмайди.
“Денгизга” шеъри (1824) Пушкин ижодидаги муҳим асарлардан бири:
Прошай, свободная стихия!
В последний раз передо мной
Ты катишь волны голубые
И блешешь гордою красой.
Миртемир таржимаси:
Алвидо, зўр қудрат – асов ғалаён!
Яшил тўлқинларинг сўнг дафъа суриб –
Кўзларим олдида қайнайсан чунон,
Мағрур гўзаллигинг билан барқ уриб.
Таржимон рус шоири ўз мисраларига жо этган руҳий шиддатни, шеър динамикасини яққол ифодалай билган.
Асл нусхада:
Мир опустел… Теперь куда же
Меня б ты вынес, океан?
Судьба земли повсюду та же:
Где капля блага, там на страже
Уж просвешенье иль тиран.
Миртемир таржимаси:
Дунё бўшаб қолди… энди сен мени
Қаён олиб чиқар эдинг, океан?
Инсонлар тақдири ҳар ерда бирдир,
Қайда фароғат бор бўлса, посбон –
Маърифат ё золим у ерда, аён…
Лирик қаҳрамон кўнглидаги коллизия таржимада ҳам табиий зуҳурини топган.
Миртемир Пушкиннинг бутун ижодини, ҳаёт йўлини, дунёқарашининг шаклланиш ва ривожланиш тамойилларини чуқур билмаганида эди, бу даҳо лирик асарларини бундай маҳорат билан таржима қила олмас эди.
Барҳаёт шоиримизнинг ўз ижодига ва таржималарига замондошлари нигоҳи билан қараганимизда, Миртемир феноменини тобора теранроқ англаётганимизни сезамиз.
Шоир ва адиб Мирмуҳсин эсдаликларида қуйидаги фикрлар бор: “Устоз Миртемир мутлақо ўхшаши йўқ шоир эди… Ўзбек адабий тили жарангу жилвасини тараннум этди. Шу беқиёс ва тарихан ниҳоятда бой тилга Пушкин шеъриятини энг аъло таржима қилган шоир ҳам у эди. У столга ўтириб таржима қилмас, балки у Пушкин ёнида туриб, у билан баробар куйларди, десам, хато бўлмас”. Шевченко, Некрасов, Гомер, “Манас”… Унинг қалби Сирдарё атрофидаги кўк ва олтин ёйиқлардек кенг, қарчиғайлар учиб ҳудудига ета олмас”.
Ҳақиқатан, Миртемир шеърияти ва таржималари – яхлит, ягона бадиий ҳодиса. Шу тарзда ўрганганимизда, унинг ижоди замиридаги эстетик-фалсафий қарашларини уқиш ўнғайлашади.
Мирмуҳсин ишора қилганидек, Миртемир лирикани ҳам, эпосни ҳам чинакамига теран англагани ва қадрлагани учун, лириканию эпосни бирдек кучли салоҳият билан таржима қилди.
Албатта, “ой туғса ҳам шунга туғсин, кун туғса ҳам шунга туғсин” қабилида иш тутиб бўлмайди. Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донги чиқмас. Миртемирнинг шоирлик фаолиятини ҳам, таржимон-шоирлик фаолиятини ҳам ХХ аср ўзбек адабиёти умумий жараёнидан ажратиб олиб ўрганиш асло мумкин эмас. Дейлик, унинг Пушкин, Лермонтов, Некрасовдан таржималарини Чўлпон, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Уйғун, Усмон Носир, Зулфия ва улардан кейинги авлод вакиллари таржималари кесимида ўрганиш – бу, ягона адабий муҳитга мансуб шоирларнинг умумий ва ўзига хос хусусиятларини белгилашга ёрдам беради. Ўзбек таржимашунослик фани айни йўналишда ҳам маълум изланишлар олиб бормоқда. Бошқа йирик шоир-таржимонларимиз қаторида, Миртемир ҳам ўзига хос таржима мактаби яратгани аллақачон эътироф этилган.
Н.А.Некрасовнинг “Русияда ким яхши яшайди?” поэмаси наинки Миртемир, балки бутун миллий таржимачилигимиз эришган юксак чўққилардан биридир.У худди ўзбек тилида ёзилгандек туюлади – шеър шундай равон, табиий қуюлиб келади. Бу поэма таржимасига бағишланган алоҳида тадқиқотлар яратилиши айни муддаодир.
Ўзбек тилида “Манас” қирғиз халқ эпоси (биринчи бўлим, 1-китоб) нашр этилиши таржимачилигимиз эришган катта ютуқлардан бири бўлди. Миллий фольклоримизни, қардош халқлар, умуман, жаҳон халқлари фольклорини севган, уларни доимий равишда ўрганиб борган шоир Миртемир “Манас”ни таржима қилиш учун одати бўйича, астойдил, ҳар тарафлама тайёргарлик кўрди, “Манас” ва бу туркумга кирувчи бошқа достонларни синчиклаб ўқиб чиқди, манасшуносларнинг тадқиқотлари билан танишди, Манас номи билан боғлиқ жойларни зиёрат қилди. “Манас” ритмини ўзбек тилида табиий равишда янгратиш йўлида изланди. Ўзбек халқ шоирлари айтган достонларни ҳам хаёлидан бир-бир ўтказди. Охир-оқибат муродига етди. Адабий жамоатчилик ҳам, кенг ўқувчилар оммаси ҳам “Манас”ни ўз достонидек қабул қилди, ётсираб турмади.
“Манас” қўшиқлари, қаранг, қандай равон, синини бузмай, эркин, жарангдор янграйди… Мана бу парчада Хоникей Манас ва ҳамроҳларини олисдан кўрганида кўнглидан неларни кечиргани тараннум этилган:
“Ой тагида дарёнинг,
Тўлқинидан битгандай.
Ҳаводаги булутнинг,
Салқинидан битгандай.
Осмондаги офтобнинг,
Ёруғидан битгандай.
От бостирган ерларни,
Остин-устин титгандай…
Хоникей сулув тўлғаниб,
Тўхтаб қолди ўйланиб:
“ … Оққула миниб қаққайган,
Буғдой юзлик келади.
Тумандан йўл топгувчи
Олов кўзлик келади.
Оғасининг кетидан
Йўлга чиққан экан-да.
Мен шўрликнинг дардимда
Чўлга чиққан экан-да.
Куёвим бўлса кошкийди,
Кўнглимга хос шер экан.
Узилганин уласам,
Сочилганин тўпласам,
Чарпишганни қўймовчи
Чамаси етар эр экан!
Манаснинг Манас эканин
Илгаридан билардим.
Манаслиги чин бўлса,
Атай излаб келар деб,
Мени кўзлаб келар деб,
Яратганнинг ўзидан
Мен қурғур тилаб юрардим”.
“Манас”да наинки қудратли алпларнинг, донишманд чолларнинг, балки гўзал ва оқила хотин-қизларнинг баркамол образлари ҳам эсдан чиқмайдиган қилиб гавдалантирилган.
Юксак маҳорат билан таржима қилинган асар муайян маънода янги асар бўлади. Уни она тилида – асл нусхасида ўқиб уққан кишилар бу асарни бошқа тилда мутолаа этиб, мағзини чаққанларида, илгари ўзларига маълум бўлмаган кўп хосиятлардан хабар топиб, ҳайратга тушадилар. Бир тил иқлимидан иккинчи тил иқлимига ўтган асар, шубҳасиз, янгиланади, яшаради, бугуннинг кишилари эстетик идрок этиши учун ўнғайроқ шаклга келади. Бу эса бадиий асар яшаб қолишининг зарурий шартидир. Архаикадан халос бўлиб, жонли адабий тил сайқалига эришиб, қайтадан меҳр-муҳаббат, ардоқ топган бадиий асар марвариддек ярқирайди, оҳанрабодай ўзига тортади. “Манас” ана шундай таржимадир.
Шоирлик одоби шундайки, у руҳини ҳеч қачон қуёш поясидан қуйига индирмас. У на шеърида, на суҳбатида тортган азобларини “достон” қилган. Ҳа, Миртемир ижод машаққатлари билан биргаликда ҳаёт синовларини, ноҳақликларни мардона енгиб ўтган букилмас ирода эгаси эди. У 1932 йил 8 августда “Қизил қалам” адабий ташкилотининг аъзоси сифатида Боту, Олтой сингари “миллатчилар” билан алоқада бўлганлиги учун ГПУ томонидан ҳибсга олинган. 1935 йил 1 январь куни озод этилган. Лекин шоир тақдирига тушган синоқли кунлар асоратидан осонликча халос бўлиб кета олмаган. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да ёзилганидек, “2-жаҳон урушидан кейинги йиллардаги адабий сиёсат натижасида Миртемирга ижод этиш ва ёзган асарларини эълон қилиш имкони берилмаган. Натижада у таржима ва таҳрир ишлари билан шуғулланишга мажбур бўлган. Қорақалпоқ шеъриятидан қилган таржималари ва “Қорақалпоқ дафтари” (1959) шеърий туркумининг катта муваффақият қозониши Миртемирнинг “эркин” ижодкорлар сафига қайтиши ва ижодий яшаришига сабабчи бўлди”.
У ҳаёт синовларини илҳом ва ижодий меҳнат билан енгди. Кўнгил эркинлигини ҳар қачон барқарор сақлай олди.
Ғафур Ғуломнинг ўртоқлик ҳазилида Миртемирнинг баркамол, бетакрор инсоний қиёфаси худди график расмдагидек, лекин аниқ ифодаланган:
Пинагини бузмай, ларзакор ва жарангдор полапон қушдай оҳиста,
Ясси бўйлаб чўнг алп сингари зайтунзор аро девкор ва ёвқур
Шеър ёбонларида ёвшан чечакларин терган ёзуқли қайсар,
Сулув шеъриятнинг туғин кўтариб
Жиндай ғазалхон, танти шоир Миртемир келаётир!..
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 6-сон