Улуғ инглиз драматурги Вильям Шекспир 1564 йил 23 апрелда Англиянинг Стратфорд шаҳрида дунёга келди. Буни қарангки, Шекспир туғилишидан икки ой муқаддам Римда итальян Уйғониш даврининг буюк мусаввири, Сикстин капелласидаги ғаройиб суратларнинг муаллифи, ўз даврининг даҳо ижодкорларидан бири Микеланжело вафот этган эди. Бу икки сана ўртасидаги илоҳий бир риштани ҳайрат ила кузатиш мумкин: италиялик фожеавий ижодкор ўзининг ижодий тамойилларини англиялик ижодкорга – Отелло”, “Қирол Лир” каби фожеалар муаллифига узатгандай эди гўё.
Орадан 52 йил ўтиб, Шекспир 1616 йил 23 апрель куни (ўзининг туғилган кунида!) дунё билан видолашди. Ундан бир кун олдин Мадридда улуғ адиб Сервантес жон таслим қилган эди. Дон Кихот ва Ҳамлет, Санчо Панса ва Макбет сингари ўлмас образларни ярата олган икки сиймо шундай қилиб ёруғ дунёни деярли бир вақтда тарк этдилар.
Шекспирнинг вафотидан бир неча йиллар ўтгач, 1623 йилда унинг актёр дўстлари Шекспир асарларининг бир қанчасини тўплаб, китоб шаклида нашр қилдирадилар. Шекспир пьесаларининг ушбу илк тўплами адабиёт тарихига “The First Folio” (“Биринчи Фолио”) номи билан киради.
Орадан тўрт юз йилга яқин вақт ўтди. Шекспирнинг номи инсоният тарихидаги энг машҳур номлардан бирига айланди. ( “Шекспир” сўзи инглизчада – “найза ўйнатаётган”, “найза ўйнатувчи” деган маъноларни англатади). Унинг асарлари жаҳондаги барча тилларга ўгирилган бўлиб, деярли барча тараққий топган мамлакатларнинг театр саҳналарида ўйналмоқда. Ўтган йиллар ичида турли мамлакатларда нашр қилинган бир неча минглаб мақолалар, китоблар, тадқиқотлар ҳам Шекспир ижоди инсониятнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий ҳаётини қанчалик чуқур ва кенг қамраб олганлигига ёрқин мисол бўла олади. Унинг ижоди шу қадар кенг кўламлики, сўнгги йилларда ҳатто “Шекспир ва тарих”, “Шекспир ва юриспруденция”, “Шекспир ва гуллар”, “Шекспир ва кўнчилик” (яъни, тери ишлаб чиқариш саноати) деган мавзуларда тадқиқотлар амалга оширилди. Унинг асарларидаги образлар сони икки мингдан зиёдроқни ташкил этади.
Бугина эмас, Шекспир ижоди инглиз тили лексиконидаги жуда фаол ишлатиладиган 20-25 мингдан зиёд сўзни қамраб олади. Бу ижод қандай муҳташам салоҳиятга эга бўлган ақлу тафаккур ила яратилганини қуйидаги биргина таққосданоқ билиб олса бўлади – олимларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, унга замондош бўлган улуғ файласуф Фрэнсис Бэкон асарларида ишлатилган сўзлар 9-10 мингта бирликни ташкил этар экан. Ваҳоланки, ҳозирги кунда энг саводли инглиз кишисининг ҳам кундалик турмушда ишлатадиган сўз бойликлари (лексикони) – тўрт мингта сўздан нарига ўтмайди. Дунёнинг энг муҳташам лисоний лойиҳаларидан бири – “Оксфорд луғати” ходимлари Шекспирнинг инглиз тили лексиконига уч минг икки юзта янги сўз қўшганлигини ибрат қилиб кўрсатадилар. Бу эса драматургга замондош бўлган барча адибларни бирга қўшиб ҳисоблаганда ҳам Шескпир ижодичалик бой ва ранг-баранг эмаслигидан дарак беради. Хуллас, Шекспир исмли даҳо ижод қилиб ўтмаганида эди, инглиз тили дунё тиллари орасида бугунгидек илғор мавқега эриша олармиди-йўқми, деган хаёлларга ҳам боради, киши.
Шекспир пьесалари, сонетлари унинг адабиёт соҳасидаги юксак салоҳиятини кўрсатибгина қолмай, балки тарих, жўғрофия, бошқа турли фанлар, чет тиллар бўйича ҳам билимлари беқиёс бўлганлигини, қомусий илмга эга эканлигини ҳам кўрсатади. Унинг шахсий ҳаёти қандай кечганлиги борасида шекспиршунослар излаб топган маълумотлар унчалик кўп эмас. Отаси Жон Шекспир қўлқопчи уста бўлганлиги, 1568 йили ўзлари яшаб турган шаҳарчага ҳоким (мэр) этиб сайланганлиги маълум. Шекспир Стратфорддаги мактабда олти йил ўқийди. 18 ёшида у Энн Хэтуэйга уйланиб, бу никоҳдан Сюзанна исмли қиз, Ҳамнет ва Жудит исмли эгизак фарзандлари дунёга келади. 1579 – 1588 йиллар оралиғини шекспиршунослар “йўқотилган йиллар” деб аташади, негаки, айнан мана шу йиллар оралиғида бўлажак драматургнинг нима ишлар билан шуғуллангани маълум эмас. Тахминан 1587 йил Шекспир ўз уйини тарк этиб, Лондонга кўчиб келади ва театр соҳасидаги фаолиятини бошлайди. 1594 йил у Ричард Бербеж раҳбар бўлган “Лорд-камергер ходимлари” труппасида ҳиссадор бўлиб фаолият юритади. 1599 йилдан бошлаб эса ўзининг янги “Глобус” театрини ташкил этади. 1612 йил Лондондан яна Стратфорд шаҳарчасига кўчиб келади ва шу ерда вафот этади. Шекспирдан ўз қўли билан ёзилган на бирор хат, на бир қўлёзма, на бир қатор ёзув қолган. Фақат беш ўринда битилган имзоларигина бизгача етиб келган, холос, бу имзолар ҳам Шекспирники бўлгани билан, улар беш хил кўринишга эга, лекин ҳаммаси ҳам майда ҳарфларда битилганлиги эътиборни тортади. Ҳаёти борасидаги шу каби чалкашликлар, маълумотларнинг кам сақланиб қолганлиги, фактларнинг мужмаллиги ёки ноаниқлиги Шекспир исмли шахс қандай умр кечиргани, унинг асарларининг ҳақиқий муаллифи кимлиги ҳақидаги кўпдан-кўп тахминларни келтириб чиқарди, ҳатто турли миш-мишларнинг урчиб кетишига сабаб бўлди. Бу хил ноаниқликлар, мужмаллик ва чалкашликлар айниқса, ХIХ асрда авж ола бошлади. Зигмунд Фрейд, Чарльз Диккенс, Генри Жеймс, Ральф Эмерсон, Марк Твен, Уолт Уитмен сингари машҳур адиб, мутафаккир, зиёли инсонлар бу масалага иккиланиб, шубҳа билдира бошлагач, бу муаммо “оловига ёғ қуйилди”. “Қандай қилиб олти синфлик маълумотга эга бўлган, билими саёз қишлоқлик бир йигитча шундай юксак даражадаги асарларни ярата олади?” деган маънодаги шубҳа-гумонли мақолалар, эътирозли фикрлар кўпайди. Шекспирнинг ижоди атиги 30 та пьеса (булар тарихий хроникалар, комедиялар ва трагедиялардан иборат) ҳамда юксак шеърият намуналари бўлган 154 та сонетни ташкил этсаю, Британия маданий тарихидаги энг қомусий даҳо ҳисобланмиш инсоннинг шундай асарлар ярата олишига шубҳа билан қарашса?! Хуллас, бундай тушунчадаги кишиларнинг шубҳа-гумони болалагандан болалайверди, шубҳа-гумонлар бир мамлакат сарҳадларидан ошиб бошқа қитъаларга ҳам ёйилди. Уларнинг фикрича, нима эмиш – Уильям Шекспир мероси ажойиб устомонлик ила уюштирилган мистификация эмиш! “Уильям Шекспир” деганлари тўқима ном эмишу, бошқа бир одам ёки бир неча кишилардан иборат гуруҳ мана шу тахаллус остида ижод қилган эмиш! Ҳаттоки Уильям Шекспир деган одамнинг ўзи ҳам бундан хабардор бўлган эмишу, унинг номидан бошқа бировлар асарлар яратишига сира қаршилик қилмаган эмиш… Шу тариқа инглиз адабиётида “аксилстратфорд” ҳаракат ташкил топа бошлади ( бу – Стратфордга, яъни Шекспир туғилган шаҳарга қарши дегани). Йиллар ўтиши билан эса Шекспир асарларига даъвогарлик эҳтимоли бўлган муаллифлар номининг доираси кенгая бошлади. Ўтган икки аср мобайнида Шекспир ёзган пьесаларнинг эҳтимолий муаллифи қилиб кўрсатилган қалам соҳиблари орасида кимлар йўқ дейсиз, мана “даъвогарлар”нинг номлари: Фрэнсис Бэкон, Кристофер Марло, денгиз қароқчиси бўлган Френсис Дрейк… Ҳатто қиролича Елизавета ҳам “Шекспир номидан асар ёзган муаллиф шу эмасмикан?” деган гумон остига олинди. Бутун бир муаллифлар жамоасини “Шекспир номидан иш кўрганлар” деган ғалати версиялар пайдо бўлди. Бу кунга келиб Шекспирга “асар ёзиб берган бўлиши мумкин” деб гумон қилинаётганлар сони 30 нафардан ошиб кетди. Бу борада эса ҳали-ҳануз бир қарорга келинганича йўқ. Яқин орада ҳам бу ҳақда ягона, ҳал қилувчи фикрга келиш қийин кўринади, тўғрироғи, ягона бир фикрга келинмаса ҳам керак. Аммо жаҳон бўйлаб Ренессанс (Уйғониш) даврида яшаган даҳо драматургнинг ижодига қизиқиш ила қараб, “фалон асарини саҳнага қўйсам”, “фалон ролини ўйнасам” деган режиссёру актёрлар эндиликда кўпайгандан кўпайиб бормоқда.
Шекспирнинг жуда кўплаб асарлари ўзбек тилига ўгирилган. Бу таржималар Чўлпон, Мақсуд Шайхзода, Ғафур Ғулом, Уйғун, Мирзакалон Исмоилий, Асқад Мухтор, Қодир Мармуҳамедов, Юсуф Шомансур, каби таниқли ижодкорлар қаламига тегишли. Ўтган асрнинг 70-йилларида ўзбек тилида Шекспир асарларининг 5 жилдлик тўплами нашр қилинган эди. Яқинда Шекспир асарларининг 3 жилдлик тўплами таржимон Жамол Камол томонидан нашр эттирилди. Мазкур таржимон меҳнатини алоҳида қайд этишимизнинг сабаби шуки, таниқли шоиримиз ушбу таржималарни бевосита инглиз тилидан амалга оширган.
Ўзбек театри тарихида ҳам Шекспир пьесалари олтин саҳифаларни ташкил этади. Турли йилларда ўзбек театрлари саҳналарида Шекспирнинг “Ҳамлет”, “Отелло”, “Ромео ва Жульетта”, “Юлий Цезарь”, “Қирол Лир”, “Ричард III”, “Кориолан”, “Вероналик икки йигит” каби асарлари томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди. Ўзбек саҳнасининг юлдузлари Аброр Ҳидоятов, Сора Эшонтўраева, Олим Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов ва бошқа санъаткорларнинг ижодий фаолиятларида бу асарлар маҳорат мактаби, пиллапоя вазифасини ўтади. Қатор актёрлар нафақат бош рол ижрочиси сифатида, балки иккинчи даражали ролларни талқин қилибоқ томошабинлар тилига тушганлигини айтиб ўтиш жоиз.
Атоқли инглиз режиссёри Питер Брук таъбирига кўра, Шекспирнинг “Ҳамлет” фожеасини ҳар ўн йилда янгидан саҳналаштириб турган маъқул. Унинг фикрича, ҳар ўн йилда жамият ўзгариб туради. Бу ўринда режиссёр театр санъатининг ифода воситалари ҳам ҳар ўн йилда ўзгариб-янгиланиб туришини назарда тутади. Бинобарин, инсонлар жамиятининг янги авлоди ҳар гал Шекспир асарларини уқиб англаб олиш учун ўзида эҳтиёж сезади. Шекспир уларнинг ушбу умидларини оқлайди ҳам. Жаҳон театрларида Шекспир асарларининг қўйилиш тарихи – унинг асарларини ҳар гал янгидан талқин қилиниши, янгидан англаниши демакдир. Йигирманчи асрга келиб фақат театр саҳнасида эмас, балки кинематография соҳасида ҳам Шекспир асарларига мурожаат қилиш майли авж олди, унинг асарларини фрейдизм, ориентализм, абсурд ва шафқатсизлик театри нуқтаи назаридан, психологик драма нуқтаи назаридан талқин қилишга эътибор кучайди. Натижада эса саҳнага олиб чиқилган асар аслиятдан таниб бўлмас даражада ўзгариб кетган ҳолатлар ҳам юз бера бошлади. Шекспир трагедиялари мотивлари асосида янги пьеса ва фожеалар ёзиш урф бўла бошлади (масалан, Т.Стоппард қаламига мансуб пьеса асосида суратга олинган “Розенкранц ва Гильденстернлар ўлганда” номли кинофильмни эсланг).
Хуллас, улуғ Гётенинг “Шекспирнинг ниҳояси йўқ!” деб қилган хитоби бугунги кунда ҳам долзарблигича қолаётир. Даҳо драматург асарларидан янги ва янги маъно-мазмун илиб олишда вақтнинг ўзи кишилик жамиятига пешкаш турибди.
1964 йили Шекспир таваллудининг 400 йиллиги нишонлаб ўтилган эди. Ўшанда муборак таваллуд кунини нишонлаш мақсадида жаҳонининг қарийб 150 мамлакатидан келган вакиллар Лондон шаҳридан Стратфорд манзилига сафар уюштиради. Элчилар Шекспир қабрига гулдаста қўйиш учун неча саотлаб навбат кутишларига тўғри келган. Бунинг бари улуғ инглиз драматургига билдирилаётган иззат-ҳурматнинг инъикоси эди.
Келаси 2014 йилда бу зот таваллудига 450 йил тўлади. Жаҳон маданияти тарихидаги ушбу унутилмас санани ўзбекистонлик театр шинавандалари ҳам муносиб нишонлашларига шубҳа йўқ.
Элдор Мухторов, санъатшунослик фанлари, доктори
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 4-сон