Унинг мактабидан кайфияти кўтарилиб келди. Димоғи чоғ. Ким қанча оналарнинг орасида қизининг номини тутиб мақташларидан ҳузур қилиб ўтирди.
“Дилрабо яхши қиз. Ҳамма дарслардан ўзлаштириши тузук.Талантини янада ривожлантириш керак. Шеър ёзади. Бундай истеъдодларни асраб-авайлаш зарур.”
Синф раҳбарининг бу гаплари қулоғидан кетмасди.Санам қизидан фахрланди. Лекин қизига бу ҳақда ҳеч нарса демади. Демаса-да, Дилрабонинг ҳамма гапдан хабари бор эди. У ҳам сир бой бермасдан индамай юраверарди. Онаси унга далда берди:
-Балли қизим,кўп яша. Отанг бечоранинг ҳам руҳлари шод бўлади. Ҳали катта бўлсанг, бу кунларни кўрмагандек бўлиб кетамиз. Мана амакиларинг, тоғаларинг бор, ёрдам беришади. Фақатгина сен ўқигин, одамни шарманда қилмагин…
Дилрабо онасининг гапларидан таъсирланди. Айтганидек ўқиди. Жўшиб шеърлар ёзди. Ёзган шеърларини мактабнинг катта-кичик анжуманларида ўқиб берарди. Қўшиқ айтарди. Рақсга тушарди. Хуллас, бу қиз оғизга тушди.
Кимдир ҳавас қилса, яна кимдир унга ҳасад билан қарар эди. Мактабни ҳам битирди.
Амакиси уни азим шаҳарга опкелди. Келишидан мақсад шуки, Дилрабо ўқишга кириши керак. Улар баҳайбат бинолар орасида жойлашган бир даргоҳга келиб, тегишли ҳужжатларни топширишди. Бўлажак имтиҳонга тайёргарлик кўриляпти. Туну кун ўқиш билан машғул бўлди.
Бор-йўғи учта фандан имтиҳон бўлди. Қиз бир амаллаб ўтди. Айниқса, сўнгги имтиҳонда жамалак тақилган сочларини силкиллатиб айтган шеърига домла маҳлиё бўлди.
Ҳамма жавобни эшитадиган куни келиб, баҳайбат бинолар орасидаги даргоҳ фойесига илинган имтиҳон натижаларини кўришди. Биров хурсанд эдики, севинчи ичига сиғмасди. Яна бирови эса хафа, дунё кўзига қоронғу, ғамгин.
Ҳар икки тоифа ҳам ўзини қўярга жой топа олмасди.
Дилрабо ҳам талабалар сафида экан. Амакиси билан у хурсанд бўлиб, деканатга келишди. Сўнг у ердан умумётоқхонага қараб йўл олди.
У ерда ўрта яшар бир аёл билан учрашди. Амакиси Дилрабонинг ёлғиз қиз эканлигини, отаси оламдан ўтганлиги-ю, қишлоқда онаси билан укаси борлигини айтди.
-Яхшироқ қизлар билан ҳамхона бўлса, опа, – деди амакиси. – Кейин ўзингиз ҳам кўз-қулоқ бўлиб турсангиз. Ҳали онаси ҳам келади. Танишиб оласизлар. Қариндошдай бўлиб кетамиз.
-Хавотир олманг, ука, – деди ётоқхона мудири. – Бу ерда ёмон одамлар йўқ. Ҳаммаси яхши.
Бинога кириб-чиқиш қатъий назорат қилинади. Бегоналар қўйилмайди. Айниқса, мана бундай қоракўз қизлар ҳақида янаям қайғурамиз. Ҳарҳолда, мусофир юрт. Бирон кори-ҳол рўй бермасин деймиз. Ҳозир бу қизимизни ҳам жойлаштирамиз.
-Ҳа, опа, сизга раҳмат. Кўпнинг ғамини еркансиз. Тушунадиган инсон экансиз. Ҳали биз томонларга ҳам борасиз. Меҳмон қиламиз. Яхшилигингизни унутмаймиз, – деди амакиси.
-Эй, ука бу яхшилик эмас, менинг вазифам шу. Бурчим бу, укажон, – деди мудира.
-Мана Нафиса, Шоира деган бухоролик қизларнинг олдида жой бор экан. Ана шу ерда тура қолсин. Яхши, сариштагина, одобли қизлар.
-Майли, сиз нима десангиз шу, – деди амакиси. – Иккинчи қаватда туришади. Мана бир калит. Ҳозир мен бориб жойлаштириб келай. Кейин сиз ҳам бир танишиб кетасиз. Ҳозир шу ерда ўтира туринг. Қани, туринг қизим. Кетдик, сизга хонангизни кўрсатиб келай-чи.
Улар бирин-кетин бўлиб тепага чиқиб кетишди. Мудира қўлидаги юкларни чеккага қўйди-да, қўлидаги калит билан хонани очди.
-Қани, марҳамат, киринг қизим, – деди у. – Мана шу хона сизники бўлди. Ҳали ўқиш бошланишидан олдинроқ опаларингиз ҳам келишади. Ортиқча нарсаларингизни шу ерга қўйиб кетинг. Сиз шу ўтиринг. Энди мен бу ерга амакингизни ҳам жўнатаман. Бир кўрсинлар-чи?
Шундай деди-ю, мудира хонадан чиқиб кетди. Бироздан сўнг амакиси келди. Хонанинг у ёқ-бу ёғига қараган бўлди. Маъқул топди. Бироз ўтириб иккаласи ҳам пастга тушди. Мудиранинг олдида одам гавжум эди. Бир амаллаб хайрлашди.
Дилрабо бегона шаҳарда, бегона одамларнинг даврасида қолди. Унга ҳамма нарсалар ғалати ва ажабтовур туюларди. Одамлар ҳам худди шундай – ғаройиб бўлиб туюлар эди. Гўёки вақт ҳам тез ўтаётгандек эди.
Насиҳатларга амал қилиб ўқиди. Тинмай китоб ёдлади. Назарияларни ва бошқа турли хил далилу саналарни, воқеа, жойларни ёд олди. Аълочи эди.
Ўз ишида ҳам, жамоат ишларида ҳам шахсий намуна кўрсатиб юрарди. Унга турли хил мақтовлар айтилди. Совғалар бериларди.
Катта-кичик анжуманларда унга сўз бериладиган бўлди. У ҳам минбардан туриб давранинг мавқеига қараб сўзларди. Ҳамда сўнги сўз ўрнида бир шеър айтардики, мажлис аҳли ўрнидан туриб қарсак чаларди. Уни олқишларди. Дилрабо давраларнинг ҳадиси ола бошлаётганди.
У илм даргоҳида сўнги курсларда ўқиб юрган кезлари эди. Бир куни факультет ёшкамолларининг раҳбари уни ҳузурига чорлади.
-Дилрабо синглим, – дея гап бошлади ёшкамол раҳбар. – Мана бу кишининг исми – Тошқин Ташакур бўлади. “Ёш камол “ газетасидан -сураткаш. Раҳбарият топшириғига биноан сиз ҳақингизда материал қилиши керак экан. Шеърларингиз билан расмингиз берсангиз.
-Йўқ, расм шарт эмас, – деди Тошқин Ташаккур. – Ўзим гаплашиб, сўнг мавзуга мос қилиб расмга оламиз.
-Балки шарт эмасдир. Мендан бошқалар ҳам бор-ку! – дейди Дилрабо.
-Асло, мумкин эмас, – деди Тошқин Ташаккур ҳаяжонланиб. – Сиздай талантли, юксак дидли, оташқалб, ўтнафас қаҳрамонларни элу юртга танитиш биздек заҳматкашларнинг зиммасида эканлигини унутманг, синглим.
-Ҳа, тўғри айтасиз, ака, – дея жўр бўлади ёшкамол раҳбар. – Сизнинг қилаётган ишингизни кўпчилик сезмайди.
Дилрабонинг шеърларидан беш-олтитаси саралаб олинди. Сўнг ўзини ҳам қўлида атиргул ушлаган алфозда, мажнунтол тагида ўйчан ҳолда турли хил кўринишларда суратга олишди. Тез орада “Ёш камол” газетасида “Кўнглим ардоғи” деган туркум шеърлари ва расми ёнида эса қисқагина таржимаи ҳоли босилиб чиқди. Унинг иззати ортди. Дилрабо одамгарчилик юзасидан Тошқин Ташаккурга раҳмат айтди.
Тошқин Ташаккур Дилрабонинг шеърлари ва расмини бошқа газета-ю журналларда ҳам нашр эттирди. Ораларида дўстлик ришталари пайдо бўлди. Бири ака, бири сингил бўлди. Нима бўлганда ҳам Дилрабо сураткашдан мамнун эди. У омадидан сархуш эди.
Амакиси ва онасига ҳам Тошқин Ташаккурни таништирди. Иккаласи ҳам сураткаш ижодкорнинг дуои жонини қилиб мақташди.
Энди у ёш шоира сифатида Тошқин Ташаккур билан боғча, мактаб ва бундайроқ билим юртларида шеърхонлик кечалари ўтказиб юрарди. Кеча иштирокчиларига Дилрабор шеърларидан ўқиб берар, саволларига жавоб айтарди. Охирида бир гуруҳ бўлиб, ўртада Дилрабо эсдалик учун суратга ҳам тушишарди. Кейин ҳаммаси бир олам таассурот билан уй-уйларига кетишарди. Кунлар шу зайлда ўтаётган эди.
Онаси совчиларга розилик берди. Ҳарна, кўз ўнгида катта бўлди. Бунинг устига бегона ҳам эмас. Опасининг ўғли. Ўқиган. Архитектор. Нон ушатиб, белгили қилиб кетишди. Бўлажак келин ҳам, куёв ҳам бир-бирини яхши танийди. Ёшлигидан бирга катта бўлишган.
Хабарни эшитган Дилрабо ўзини қўярга жой топа олмай қолди. Куёв ўзини, ижодини, санъатини, шеъриятини тушунмайди, дея куйинди. Онасидан хафа бўлди. Ўзи кўзлаган манзилган анови куёв билан боришни истамаётганди. Таътил беришди. Ёзги таътил. Худди мана шу дамда катта тўйлари бўлди. Дилрабонинг дийдиёларига қулоқ ҳам солишмади. Ота-боболаримиздан қолган удум шу. Қиз бола палаҳмон тоши. Тушган жойида қимир этмасдан тек туриш керак. Ҳеч қачон она ҳам боласига ёмонликни раво кўрадими?
Мана шундай таҳдиду тасалли билан уни овутишди. Асқар ҳам қора қозонини алоҳида қилиб олди. Эрталаб ишга боради, кечга уйга келади. Дилрабо уни кузатиб қўяди, кутиб олади. Овқатини пишириб, устини ювади. Дурустгина янги оила қурилди.
Дилрабо ўқишга жўнади. Дугоналарини тўйга айтолмаганидан узр сўради. Одатдагидек, ўқишга қатнаб, шеър ёзиб юрган кунларининг бирида сураткаш мухбир Тошқин Ташаккурга дуч келди.
-Сизга иш топдим, синглим, – деди у шошиб. – Ярим ставка. Ярим кун ўқиб, ундан кейин ишлайсиз. Ҳарна, уйдагиларга ёрдам, кейин ижод аҳлининг суҳбатидан баҳраманд бўласиз. Кўнглингиздагидек иш. Директори билан шахсан гаплашганман. Бу ёғини сўрасангиз у киши ҳам сизни биларкан. Анчадан бери кутиб ўтирибди.
-Мен-ку майли дейман, лекин уйдагилар нима деркин, – дея тусмоллади Дилрабо. – Улар рози бўлармикан?
-Э, шуни ҳам ўйлаб ўтирасизми. Кўп одам у ерга ишга кирсам қанийди, деб орзу қилади. Сиз ноз қиляпсиз. Амакингиз билан онангизга ўзим тушунтириб қўяман, – деди ёлғондакам дўқ қилиб Тошқин Ташаккур. – Улар ҳар куни овозингизни эшитиб ўтиради, синглим. Карнай сизнинг шеърларингиз билан ширин бўлади. Қолганига биз қарздормиз.
-Тошқин ака, мен шу ёзда турмушга чиқдим. Эрим қишлоқда қурувчи бўлиб ишлайди. Бир оғиз ундан рухсат сўрашим зарур, – деди қиз ийманиб.
-Бундан ҳам хавотир олманг. Қурувчи куёв болани ҳам шу ердан бирор иш топиб жойлаштирамиз. Оғайниларимиз бор, Худога шукр.
Эртасига улар директорнинг қабулига келишди. Тумонот одам, ҳамма директорни табриклашга ошиққан. Тошқин Ташаккур сўраб билсаки, директор ишхонаси ҳисобидан ҳаж сафарига бориб келибди. Одамлар ариб, қабулхона ҳоли бўлгач, Тошқин Ташаккур секингина эшикни очиб:
-Мумкинми, тақсир, – деди.
-Келинг ука, келинг, – деди ичкаридан овоз эшитилди. – Сўраб ўтирасизми?
Иккаласи хонанининг ўртасида қучоқлашишди. Дилрабо ҳам хонага кирди. Меҳмон – ҳожи – директор жанобларининг ўзи тўрдаги курсига ястаниб ётди-да, уларга жой кўрсатди.
-Зиёратлар қабул бўлсин, Анор ака, – деди Тошқин Ташаккур. – Анча очилибсиз.
-Раҳмат ука, – деди директор. – Ҳавоси иссиқ экан. Анча азоб едим.
-Анор ака, бир гурунгда ёш, истеъдодли, ерга урса осмонга осмонга сапчийдиган ёш кадрлар керак деб эдингиз, – деди Тошқин Ташаккур. – Шунга мувофиқ мана Дилрабо Содиқ деган шоира синглимизни…
-Ҳа, тушундим, – деди – ҳожи – директор. – Эсимда, қизимизни яхши биламан, матбуотда шеърларини ўқиганман. Бўпти, аризасини ёзсин, ишга оламиз.
Расмий жараёнлар ҳаммаси тугади. Кечки нонуштани Тошқин Ташаккур уюштирди. Дастурхон атрофида Анор билан Дилрабо нималарнидир гаплашиб ўтирган чоғи Тошқин уларни суратга олиб қўйди. Бу тарих учун, ҳали сиздек буюклар бизга кўп керак бўлади, деди у. Ҳожи – директор бир-икки қадаҳ ичганидан сўнг янги ходимасига насиҳат қила бошлади:
-Мана мен бу даргоҳда қирқ йилдан ортиқ ишладим. То директор бўлгунимча кўп жойларни кўрдим. Жанрларни пухта ўрганиш керак. Интизом биринчи навбатда бўлиши керак. Сўнг атрофдаги ҳамкасбларга хушмуомила бўлиш, иш қуролларини тоза ва доимо ишга шай аҳволда тутиш зарур…
Аёл – оламнинг гултожи. Ҳаммамиз уни асрашимиз керак. Кимки заифаларни ҳурмат қилмас экан, унинг бу ҳаётда яшашга ҳаққи йўқ. Бизга устозларимиз шуни ўргатишган.
Сиз эса синглим, ижодни гуллатаверинг. Умидимиз сиздек ёш талантлардан. Ҳали сиз эришадиган муваффақият ва ютуқлар ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмаган. Сиздек ёш истеъдодлар билан бирга ишлаётганимдан, ҳамнафас эканлигимдан ўзимни бахтиёр сезаман.
Раҳмат, сизга ўртоқ Тошқин Ташаккур. Сиз мени яна бир олижаноб ва дилбар инсон билан таништирдингиз. Бизлар энди бир умрлик дўстмиз…
Ҳожи – директор даврада яйраб ўтирди. У Тошқин билан яна анчагина шишаларни бўшатишди. Орада Дилрабо шеърларини айтиб турди.
Улар алламаҳалгача ўтиришди. Дилрабонинг қистови билан директор ва сураткаш мухбир бир амаллаб ўрнидан туришди. Директорнинг машинасида биринчи бўлиб Дилрабони умумётоқхонага кузатишди. Сўнг сураткашни, кейин эса директорни уйига элтди.
Эртаси куннинг ўзидаёқ радиостанциядан Дилрабо шеърларини ўқиб чиқди. Ҳамма уни қутлади. Ҳаттоки, директор уни ёнига чорлаб мақтади. Ва айтдики, қизим энди турли хил мавзуларда шеър ёзинг. Айниқса, танқидни кучайтиринг. Бу нарса ҳозирги кунда бизга жудаям зарур.
Директор бир куни ҳаммани йиғиб танқид қилди:
-Ҳамма ишламай қўйган. Ким нима қилганини дарров унут бўлади. Бўлим мудирлари ходимларининг нима иш билан шуғулланаётганини билмайди. Эфирга ҳар нарса бериляпти. Мужрим Обид билан Хўжа Аҳрор Валининг ғазаллари берилади. Лекин Пўлат Мўминнинг ғазали берилмайди. Негаки, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик. Ўлжас Сулаймон билан Йўлдош Сулаймоннинг достонлари ҳар доим кетади. Бироқ фондимизда сақланаётган Навоий, Бобур, Огаҳийнинг достонлари берилмайди.
Қанчалаб ижодкорларнинг ўлик ёки тирик эканлигини ҳеч ким билмайди. Кўзларингни очинглар. Мана яқинда Мухтор деган мухбиримиз бир хўжаликда уч юзта техник борлигини ёзибди. Шарбат дейди, тезакдан бўлган шарбат қанақа бўларди. Одамнинг иштаҳаси бўғилади. Ишимизни қайтадан кўриб чиқишимиз керак…
Дилрабо шу тахлит бу даргоҳда тўрт йил ишлади. Эрини ҳам қишлоқдан опкелди. Тошқин Ташаккур директор – Анорга айтиб, уни қурувчилик бригадасига прораб қилиб ишга жойлаштирди.
Анор ёш ижодкорларга ғамхўрлик қилиб, Дилрабога шаҳар четидаги ҳовлисини берди. Анор ёш шоиранинг оилавий шароитини ўйлаб, мансабларини ҳам секин-секин кўтарди. Қаватига олди. Шоира ҳам унга суянди. Орада самимий дўстлик пайдо бўлди. Ундан сўнг узунқулоқ гаплар ҳам юзага келиб, куёв бола – Асқар шоира хотинини икки қизи билан ташлаб кетди. Кейинроқ эса Анорни ҳам хотини уйдан қувиб юборди. Радиостанцияда катта тўполон бўлди. Анорни хотини ер билан битта қилиб сўкди:
-Ўлинг, одам бўлмасдан. Қизингиз тенгилар билан ҳам донлашасизми? Садқаи ҳожи деган ном кетинг-э. Ўша сатанг шеърчи, манжалақини топсам бутини йиртиб ташлайман. Яна унга бошпана берганингизга ўлайми? Ҳозир уни ўша жойдан ҳам чиқариб юбораман. Менинг, акаларимнинг, отамнинг хизматлари ҳали сизни кўр қилади. Бу кунингиздан ўлганингиз яхши эди.
Анорнинг хотини дийдиё қилди. Ишхонани бошига кўтарди. Ҳамма томошабин бўлиб турди. Тошқин Ташаккур Дилрабони унинг кўзидан яширди. Ҳатто, Анорнинг ҳовлисидан ҳам нарсаларини олиб, яқин ўртоғининг далаҳовлисига элтди.
Анор кўчада қолди. Аввалги давра, маишат ортда қолди. Кўчада ўтаётганида танишлар ҳам юзини терс буриб кетади. Дилрабо ҳам Анор ҳам ўша даргоҳдан кетишди. Анор нафақага чиқди. Унга алам қиларди. Биров қаёққа боряпсан, нима қиляпсан ҳам деб сўрамади. Қирқ йилдан зиёд шу ерда ишлаганини ҳеч ким эсламади. Болалари ҳам эътибор бермади. Онаси-ку умуман кўришни истамасди.
Шунча йиққан обрў-эътибор қаёқда қолди?
Ҳожилик мартабаси-чи?
Эришган муваффақиятларичи?
Яшаб ўтилган умр-чи?
Ҳамма қилган тоат – ибодатлари бир пул бўлди. Ёш ижодкорларга ғамхўрлик қилиш унга арзонга тушмади. Ўйлай-ўйлай кундан кунга қорайиб бораверди. Охири йиқилди. Беморхонага элтишди. Юрак хуружи. Тана дам олиш керак, дейишди. Организм ниҳоятда чарчаган экан.
Яна палатасига Тошқин Ташаккур кириб келди. Яхши-яхши гаплардан айтиб Анорнинг кўнглини кўтарди:
– Ҳақиқат барибир қарор топади. Ғаламислар ҳали жазосини олиб, қонга беланади.
Анорнинг хотин ва болалари уни кўргали ҳам келишмади. Одам юборса ҳам барибир фойдаси бўлмади.
Анорга шифохонадан жавоб беришди. Борадиган жойи номаълум. Секингина “Ёш камол” газетасига келиб, пастдан Тошқин Ташаккурни чорлади. Иккаласи оддий ошхонада ўтириб, тамадди қилишди. Анор йиғлади. Дардини айтди. Сураткаш мухбир бирданига чорасини топди. Ишхонаси билан хайрлашди-да, Анорни машинасига ўтиргизиб, йўлга тушди.
Йўл-йўлакай об-ҳаво, нарху наводан гаплашиб кетишди. Машина каттакон дарвоза олдида тўхтади. Ичкаридан Дилрабо чиқди. Уйга таклиф қилди. Дастурхон ёзилди. Овқат ейилиб, чой ичилди. Хуллас, бир талай гап-сўз, тахмину тусмоллардан сўнг Анор шу ерда қолди…
Дилрабо шеърларини ёзиб, яқин мактабда дарс берарди.
Анор эса ҳовлидаги молу қўйларга, томорқага қараб юрарди…