Оно Комати (825-900)

Оно-но Комати (小野 小町, тахминан 825-900) — япон шоираси, Хэйан даврининг машҳур ижодкорларидан бири. 36 ўлмас шоирлардан бири.

* * *

Тушларимда
Ҳар кун кўраман.
Аммо ҳали бирон марта
Учратмадим
Уни ўнгимда…

* * *

Сўлди чечакларнинг
Алвон ранглари…
Умрим ҳам шундайин қисқа бўлажак!
Кўзим юммай боқаман узоқ,
Нигоҳим ҳам ёмғирдай узун.

* * *

Барига айбдор дилим,
Менга қолса сузармидим
Бу алмисоқ қайиқда.
Ҳар куни совуқ мавжлар
Қайиғимни тўлдирар.

* * *

Ўзгартирар рангин бирпасда,
Ўзгартирар кутилмаганда,
Бу шундайин бефармо чечак,
Бу шундай ўзгарувчан
Кўксимдаги гул – юрак.

* * *

Муҳаббатим, хаёлларим ҳад нима билмас, –
Ҳатто тунлари сен томон бораман:
Ахир тушларимни бировлар кўрмас,
Ҳеч ким менга “Уятсиз” деб
Ола қарамас!

Хуршид Даврон таржималари

* * *

Нигоҳлардан яширин, четда
сўлимоқда қоронғуликда
чўкаётиб ғамгин дунёга
бир лаҳзалик севги гуллари
беқарор қалбингда…

Ой чиқмаган кечалар
сени кутдим беҳуда,
кўзларимни юммадим –
кўксимда орзулар гулхани
гуриллайди, ёнар юрагим…

Ойгул Суюндиқова таржимаси

* * *

Бу дунёнинг шодликлари
Ва ғам-андухлари ифода этилган,
Ўша сўзлар
Ҳаётга қўл силтаган мендек ғариб кимсани ҳам
Бу оламга боғлаб қўйди-ку…

Рус тилидан Минҳожиддин Мирзо таржимаси

* * *

Нигоҳлардан панада
Сарғайиб, сўлар тайин ­
Муҳаббатинг ҳаввойи
Гули сенинг бетайин,
Беқарор юрагингда.

* * *

Ой чиқмаган ўша тун
Беҳуда кутдим сени
Кипригимни қоқмай жим.
Кўксимда истак ёнди ­
Оловланди юрагим…

Рус тилидан Файзи Шоҳисмоил таржимаси.