Луис де Гонгора (1561-1627)

Луис де Гонгора (Luis de Góngora y Argote; 11.06.1561, Кордова — 23.05. 1627, Кордова) – мумтоз испан шеърияти тарихида чуқур из қолдирган истеъдодли вакилларидан. У зодагон оилада туғилиб, асосан, фан ва дин аҳли даврасию салтанат доирасида ҳаёт кечирганига қарамай, доим оддий одамлар орасида бўлгани, камтар, хокисор яшагани илмий адабиётларда таъкидланади. Гонгора шеърияти унинг ҳаётлик давридаёқ катта шуҳрат қозонган. Унга бағишлаб китоблар ёзилган, рассомлар унинг тасвирини ўз асарларида муҳрлаб қолдирганлар. Сўнгги асрларга келиб шоир ижодида янги бир қизиқиш тўлқини кўтарилгани диққатга сазовор. Гонгора Ғарбга ҳам, Шарққа ҳам бирдек чексиз ҳурмат билан қарайди. Бир пайт испанлар исломни қабул қилгани ва буюк Амир Темурнинг улар билан муносабати унинг ёзмаларига маълум даражада таъсир кўрсатган, дейиш мумкин. Гонгора шеърларидаги тафаккур кенглиги ва манзаралар тиниқлигини Гарсиа Лорка ҳам таъкидалаган.
Ҳикояларга ўхшаш бу асарларни шоир романтик руҳда, испан халқ қўшиқларига суяниб ёзгани учун романслар деб атайди. Улардан айримлари журналхонлар эътиборига ҳавола этилмоқда.

СЕВГИ — ЕРУ КЎКДА БЎЛГАН МУНОЖОТ

Ўтиб-ўтмай шўх-шодон
Тўй-томоша, онажон,
Шуми дунёда шева? –
Қолдим ёшгина бева.
Қандай қилмайин, ахир,
Кўзёшимни шашқатор? –
Ичган май бўлиб тахир,
Аскарликка кетса ёр.
Қўйинг, борай қирғоққа,
Дардларимни ювмоққа!

Нега кўндим мен шўрлик,
Керакмиди шу никоҳ? –
Бир дам бахтдан масрурлик,
Сўнг йўлда қазилган чоҳ.
Қайсидир олис ерда
Сенга келса ўлим гар –
Билгин, мени ҳам бирга
Кўмган каби бўлурлар.
Қўйинг, борай қирғоққа,
Дардларимни ювмоққа!

Сени этмоқни ҳалок,
Аниқ, истайди ғаним.
Кўксим қанча қилмай чоқ,
Музга айланган таним.
Гарчи ёруғдир олам,
Дилда сўнди бутун нур.
Бу не ҳасрат? Не алам? –
Кўзларимни куйдирур.
Қўйинг, борай қирғоққа,
Дардларимни ювмоққа!

Қўйинг! Дарё бўйида
Таралсин ўтли оҳим.
Ёнганим ишқ кўйида –
Шудир фақат гуноҳим.
Оқизмай қанча кўзёш,
Узилдим қора кундан.
Кўксимда оғир бир тош,
Қутулмоқ мушкул ундан.
Қўйинг, борай қирғоққа,
Дардларимни ювмоққа!

Менинг ўрнимда ким у
Чекмасди мендек нола?
Юрибман баъзан жим-у,
Дардим кўкка ҳавола.
Қалби бўлган ҳар бир жон
Сезса, титрар зоримдан.
Айрилдим-ку, онажон,
Мен ўз навбаҳоримдан.
Қўйинг, борай қирғоққа,
Дардларимни ювмоққа!

Биз ухламай гоҳи тун,
Исиниб қалб қўрида –
Эслайман – кўздан учқун
Сочардик ой нурида.
Шу бахт косаси синди,
Энди ой зор, мен ҳам зор.
Кўрпа-тўшагим энди
Ерда ётган қалин қор.
Қўйинг, борай қирғоққа,
Дардларимни ювмоққа!

* * *

Ўз қавмининг пешвоси ҳабаш,
У – жангларда билмай хавотир
Қилич сермаб елган баҳодир,
Керак пайтда мулойим, дилкаш.
Ҳар қадамда қулми, хўжами –
Унга шундан берар эътибор.
Тўлдиради одам кўчани,

У ўтганда кўчадан кибор.
Билгани ор, шараф ва амир,
Ҳарбда келган нақдинадан бот
Масжидларни тиклаган бу зот,
Барча ишда излайди замир.
Унинг баъзан иродасидан
Гарчи ёвлар қучганлар зиндон –
Биров чиқиб эл орасидан
Пичоқ қайраб юрмаган пинҳон.

У испанлар тортганда қўшин,
Қайтарган ҳам қонли босқиндан…
Фақат билмас амир хоҳишин,
Амир қандай хаёлга минган.
Ўйламас у, қилмас тасаввур
Тайёрланган не жазо унга.
Юрт эгаси дарғазаб бир қур –
Ҳукм қилар уни сургунга.
Не гуноҳи хизматда юрган

Мард-валломат Абусалимнинг?
Севмоқликни у раво кўрган
Амирга ҳам ёққан санамни.
Мавританлик ўша, юзи ол –
Гул отади гоҳ шом, гоҳ саҳар.
Йигит учун кулгулари бол,
Амир учун гўёки заҳар.
Аламзада ҳукмдор учун
Қилган каби йигит хиёнат.
Абусалим бўлсин деб дилхун,
Асли рашкдан бутун қиёмат.
Мана, йигит ноилож, қара,
Энди ғурбат йўлида борар.
Келиб тўхтаб, Гвадалквивара
Суви билан отин суғорар.
Ёлларида қўнғироқчалар,
Мана, тақиб гўё зар қанот –
Алланечук бетоқатланар
Ва депсинар соҳилдаги от.

Худди рақсга тушар жонивор,
Бир сўз билан талпинган йўлга.
Чавандоз ҳам тўкканча виқор,
Энди олар тизгинни қўлга.
Елкадаги ёпқичи ҳарир,
Нақшларида арабий ёзув:
“Биз кирган йўл бир умр ҳарбдир,
Кўзёшларин оқизмаймиз дув!”
Эгнидаги ёпқич ва чакмон
Ҳилпирайди елларда ҳур-ҳур.
Гарчи руҳи шикаста, бежон,
Кўзларида ўлмаган ғурур.

У ҳис этар, келмас қуролдан,
Шижоатдан ғалаба… Тақдир –
Камарига аммо тақилган
Толедода ясалган шамшир.
Оқ пар унинг дубулғасида,
Бошин дадил кўтарган жўмард –
Қалби қолиб ўз ўлкасида,
Туйса ҳамки баёнсиз бир дард.
Ўз юртига бир кун, эҳтимол,
Қайтиб келар умид отида.
Ёри билан гарчи йўқ висол,
Шу ўй турар унинг ёдида.

Мармолехо, Архондан ўтар,
Теграсида тоғлар ва қирлар.
Уни қатор шаҳарлар кутар,
Унинг қавми бўлган фақирлар.
Кўришиб бир, хайрлашарлар
Зодагонлар, беклар ҳам саф-саф.
Дарчалардан гўзал аёллар
Кўз ташлашиб қўяр у тараф.
Улар олар кўзларига ёш,
Йигит учун чекиб надомат –
Етармикан йигитда бардош,
Ғарибликда чўкмасми қомат?

Қайлиғи-чи, Абулсалимнинг
Куйдиргандан айрилиқ доғи –
Ерга уриб тарс-тарс қўлини,
Қонар унинг ҳар бир бармоғи.
Эшитилса кўчадан бир сас,
Чопар дарча олдига дарҳол.
Афсус, унинг кутгани эмас,
Мадад берар биргина хаёл:
“Баҳодирим! Тилиб кўксимни,
Гарчи томар кўздан ёш йирик –
Унутмайман, билгинки, сени,
То дунёда эканман тирик!”

“Муҳаббатим! Қолмагин толиб, –
Дер хаёлан унга йигит ҳам. –
Ҳеч пайт келмас юракдан ғолиб
На бу ҳижрон, на зулму ситам!” –
Ўз-ўзича шивирлаб шундай,
Қалбида бир дунё ғалаён –
Унинг руҳи ёришиб кундай,
Мана, борар Андухар томон.

* * *

Умидим сўнганида, кўриниб тиниқ осмон –
Зил қопқа очилганча, мен тирилдим ногаҳон.

Арзир кўк гумбазига чизсам энди нақшу зар –
Тутқун эдим, узилди устимдаги кишанлар.

Агар қуёш нуридан бошдан тегса бир парча –
Қопқага тикилмасдан, ўзим очардим дарча.

Топиб мўъжаз бир қайиқ, келтирганча қирғоққа –
Бандиликдан қутулиб, қочар эдим йироққа.

Лекин мен минган қайиқ синган эди бошданоқ –
Кун кўрмаслик насибам, бўлгандан қуруқ таёқ.

Мен барибир, ҳаётни севгандан тушмадим паст,
Бир кун илоҳа Амур қилганда ҳам менга қасд.

Ўша болакай узди кўксимга камондан ўқ –
Бахтим аравасида борар эдим, дардим йўқ.

Юракда пуч орзулар, умиддан терс бир ҳолат:
Дўзах аро роҳату жаннат аро малолат.

Қанча талпинса арзир чиндан ҳам, сенга, осмон,
Ерда сенинг нурингдан баҳра топар ҳар бир жон.

Сенда ёнган буюк шам айтар тангрига сано –
Олам тўла мушк-анбар, гарчи қисматдир фано.

Биласизми, менга ким дарсин берди ўйлашнинг? –
Дея, ҳозир даврими бор рост гапни сўйлашнинг.

Бу – сен эдинг, сеньора, менга шафқатсиз санам –
Лекин менинг руҳим – у, менинг яйраган танам.

Бир дам бериб эътибор, тинглагин, нозик малак,
Топган телба феълимдан менинг ўзим ҳам ҳалак.

Гоҳида ҳатто итинг мени бир тўнками, деб –
Усти-бошимни бутун ғажиб ташлар, бериб “зеб”.

Ҳар гал айланиб чиқиб теграмда хотинталоқ –
Кейин, ишин биткариб, отиб қолар шаталоқ.

Неча бора оқшомлар ҳасратдан тугаб бардош –
Шудгор қилиб кўчангни, териб чиқдим майда тош –

Кутиб боқишинг бир қур дарчангга тошлар отиб –
Умиддан саҳаргача қолдим кўчада қотиб.

Неча кунлар дардингда яшадим ютганча қон –
Бундоқ ўз хизматимга ўзим ҳам қолиб ҳайрон.

Овора-сарсонлигим баъзан тегди жонимга,
Озиб, ёпишиб кетди этим устихонимга.

Неча муддат шу тахлит мен юрдим ғариб ва хор –
Ўз-ўзига бепарво, ўз-ўзига ғамгусор.

Қўлим чарчаб-толгунча, қоралаб сонсиз бетлар –
Кейин тўқиб ташладим сен ҳақингда сонетлар.

Телба алжирашлардан бари эди иборат –
Сени кулдирди, холос, мен қурган бу иморат.

Не ёзсам, рост деб билдим, сен-чи, хушрўй, хушқомат, –
Барисини атадинг бировларга хушомад.

Кеч тун чалиб гитара, мен ҳайқирдим неча бор:
– Қултум сув бер, сеньора, юрак куймоқда, нигор.

Лекин боқмай ҳолимга, менга қилмадинг шафқат, –
Устимга бир челак сув сепди қўшнилар фақат…

Хайр энди, барибир меҳрибонсан сен, дилдор, –
Ёзда қуёшнинг тафти, қишда илинганинг қор.

Барибир, раҳмат, менга сен ўргатдинг кўп бора:
Ҳар бир телба ўзига ўзи излашни чора.

* * *

Барбарлардан* жангда тортиб олинган,
Кенг бир ўтлоқзорга ҳайдаб солинган,

Қон юққан, топталиб қолган ўтлардан
Ҳурксиниб чекинган Учқур отлардан –

Оранлик бирини шошмасдан танлар.
Испан саркардаси сумбатни англар, –

Билар от баҳосин гижинглашидан,
Қулоғини динг этиб сўз тинглашидан.

Ниҳоят, минар у шу учқур отга,
Кейин, қарагандек ўлжа жонзотга –

Ғаним саркардасин олар ортмоқлаб,
Йўлга тушиб кетар отига боғлаб.

Энди йўлда борар чиқариб қанот –
Сокин далаларни қўмсаб қолган от.

Гоҳ-гоҳ ерга қўниб сапчиган учун
Отнинг туёғидан сачрайди учқун.

Қора танли асир хўрсинар ҳар дам,
Қунишиб олган у, унинг боши ҳам.

Бир маҳал ўзининг ҳолидан огоҳ
Бўлгандек ахийри, йиғлар баногоҳ.

Сал паришон боқар асирга испан
Бир оз ноқулайлик туйгандек ҳисдан.

Наҳот, жангда шердек ташланган ҳабаш
Турар ожизликка қўрқув аралаш?

Истаб кўтармоқни бу ҳолдан парда,
Мағлуб саркардадан ғолиб саркарда –

Сўради: сабаб не бундай бебардош,
Ғўр бола сингари тўкмоққа кўзёш?

Шунда, берилмасдан жаҳл-зардага,
Бағрикенг сўз қотган бир саркардага –

Иккинчи саркарда иқрорга борди,
Қалбида беркинган дардини ёрди:

– Сен бўлмай фақатки қудратли ҳарбий,
Кўксингда бор экан юракнинг зарби.

Мени икки қатла айладинг асир,
Жангда – бир, одамлик жабҳасида – бир.

Менинг дардларимни билмоқ истайсан,
Балки қистамайсан, балки қистайсан.

Шу он дунё кўзга бўлса ҳамки тор,
Мен бутун ҳолатни қиламан изҳор.

Туғилдим Гельнахда, бамисоли сел
Босқинга ўшанда учраганди эл.

Онам олиб кетди Тременон томон.
Отам ўлган экан – онам гапидан –
У корсарлар аро бўлган капитан.
Мелиондан келган оила билан
Кўп пайт қўшни турдик биз тасодифан.

Улар мавританлик боёнлар қавми,
Қизи бор, эслатар худди оловни.

Ёшликдан эркимга бўлди кушанда,
У малика эди, мен ғариб банда.

У бир саҳро қизи, саҳрода илон
Заҳар тўплаб юриб, олган каби жон.

Шундай гўзал эди ва лекин у қиз,
Нурдан яралгандек покиза, нафис.

Гуллар рашк этгудек чеҳраси гулгун,
Уялиб турарди қаршисида кун.

Сочлари мавжидан дарё хижолат,
Қошу кипригида тун каби ҳолат.

Унга қарасанг, бас, қамашарди кўз,
Бир нима дейишга топилмасди сўз.

Биз ёнма-ён ўсдик ўша илк ёшдан,
Амур қалбимизга ўқ отди бошдан.

Эски достонларга ўхшаш жойи йўқ –
Бизга таъсир қилди икки хилда ўқ.

Ўқ менинг кўксимни айлади пора,
Гўё бир шоҳ эдим, бўлдим бечора.

У қиз-чи, кундан кун бедард, бепарво,
Қайрилиб қарашни кўрмади раво.

Ҳеч билиб бўлмасди кўнглида не бор,
Босган қадамимда – тиклагани дор.

Бу майли, қанчага сенда бор бардош,
Дегандек мен томон отар эди тош.

Алқисса, яқинда у юмшаб бир оз,
Сен асирим, деди қилганича ноз.

Мен бу кун енгилиб, сенгаман асир!
У менинг устимдан кулмасми, ахир?

Бутун воқеа шу, тўғриси, жаноб,
Дунёда кимса йўқ менчалик хароб.

Икки асирликнинг ўртасида фарқ
Қидириб, бўлдим мен изтиробга ғарқ…

Бу дил изҳоридан испан қолди лол,
Жисмини чулғади ширин бир хаёл –

Қанийди, шу йигит сингари содда
Ҳар ким устун кўрса ишқни дунёда.

Тортиб от жиловин, деди:– Эй ҳабаш!
Сен шу дам эслаган тенги йўқ маҳваш

Чиндан этган бўлса юрагингни ром,
Қолган даъволарнинг барчаси ҳаром.

Севги еру кўкда бўлган муножот,
Аммо ҳар ким олмас бундай мукофот.

Тангрим сенга бермиш ҳайбатингга мос
Катта бир юракда катта эҳтирос.

Тангрим сенга бермиш боз қилсам нақл,
Эҳтиросдан бўлак муносиб ақл.

Яралаган экан кўксингни Амур,
Боргин, ёр олдида асирликда тур.

Мен-чи, ёт қўшиқни қўйибман куйлаб,
Бировнинг асирин меники ўйлаб.

Қўлимдан келгани – сенга эрк сийлов,
Сен учун талаб ҳам қилмайман тўлов.

Менга керак эмас бирон сийму зар,
Етар бўлмаганим менинг ишқбузар!

Бундан сўнг тутганда ишқни муқаддас,
Ҳар қачон мени ҳам эслайсан, шу бас! –

Шундай деб сакради саркарда отдан,
Асирин туширди “учқур қанот”дан.

Тирик сўз, бор ҳолат этганча таъсир,
Унинг оёғига йиқилди асир.

Деди:– Ҳаётда кам сендек валломат,
Сенга йўлиққаним мен учун омад.

Қалбим ва ҳурматим бўлсин сенга бож,
Ҳеч пайт менга ўхшаб қолма ноилож.

Доим сенга бўлсин ҳаётда паноҳ –
Менинг сиғинганим Ягона Оллоҳ.

Ёмғир ёғганда ҳам, ёғганда ҳам қор –
Эзгу амалларинг бўлсин давомдор!

* Б а р б а р – варвар, ёввойи.

Омон Мухтор таржималари