Фаррух Жабборов. Туя думига илинган мактаб (ҳажвия)

Танишув

Жўғрофия дафтарингизга ёзиб қўйингким, мухбиримиз Абу Колумб ибн Берунийнинг хабар беришича, Аломат қишлоғида ҳам “супермактаб” топилибди. Унинг координаталари ҳақида аниқ маълумот йўқ, лекин Тошкентдан узоқлиги аниқ. Мазкур мактабнинг физика, кимё, жўғрофия, математика…  фанлари ўқитувчиси (ўқитувчилари деб ёзмоқчи эдик, ҳаммаси битта одам экан. Балки атамалар луғатига “ўқитувчилар тўплами” деган терминни киритиш керакдир) бинонинг неча баллик ер силкинишига чидаб беришини аниқлабди. Маълум бўлишича, мактаб олдидан ўтадиган йўлни беркитиш керак экан. Худо кўрсатмасин, ўша йўлдан битта-яримта шўх болакай от чоптириб ўтса борми, мактаб қулаб… Келинг яхшиси, статистикага мурожаат қиламиз. Тадқиқот натижаларига кўра, мактаб  олдидан трамвай бир марта ўтса, бунга бинонинг чидаб бериши даргумон экан. Тўғри-да, ҳар бир иншоот маҳаллий шароитдан келиб чиқиб қурилади. У ёқларда трамвай деса, ернинг остида юрадими деб сўрашади.
Яқинда 1-синф ўқувчилари ва ўқитувчилари “РайОНО”га бош уриб боришибди. Улар мудир жанобларига алифбони баланд овозда такрорлай олмаётганлигидан нолишибди. Ҳамма товушларни шивирлаб айтганидан ким индамай ўтирганини билиб бўлмас экан-да. “РайОНО”дан бизга “Камчиликларга барҳам берилди, фақат алифбо ўқитиладиган синфларга орқасидан тирковуч тиркалди”, деган мазмунда жавоб хати келди.

Антиқа сурат

Абдукарим аканинг 4-синфда ўқийдиган ўғли антиқа сурат чизган эмиш. Ўқитувчи ҳайрон бўлиб: “Нега сен чизган туянинг думи узун?” деб сўрабди. (Чунки домла туянинг думи калта бўлишини аниқ биларкан). Синфнинг энг олди ўқувчиси антиқа расм бўйича ўзининг фаразини илгари сурибди. Унинг фикрича, расмдаги дум туяники эмас, балки туянинг ортида турган сигирники бўлиши мумкин экан. Хуллас, ким нима деса дебди. Лекин суратнинг сирини рассомнинг ўзи айтиб қўя қолибди. Бунинг тарихи узун экан.
Ҳар куни учинчи “смена”да ўқиб, хуфтон намозига азон айтилаётганда уйга қайтиш жонига теккан Беҳзод отасидан: “Янги мактаб қачон қурилади?” деб сўрабди. Абдукарим ака жавобни ўзининг ёшлиги ҳақида гапиришдан бошлабди. Чунки Янги мактаб қурилади деган миш-миш эмас, расмий ваъда ўша вақтлари айтила бошлаган экан. “Гапнинг индоллосини айтганда, янги мактаб туянинг думи ерга текканда қурилади”, деб якунлабди Абдукарим ака ўзининг узоқ ва мазмунли нутқини. Шунинг учун Беҳзод эзгулик йўлида туянинг думини чўзибди. Ҳамма юлишга ўрганган бир пайтда рассомнинг арзимаган нарса бўлса ҳам қўшиши кунимизнинг ҳақиқий янгилиги деб эътироф этилмоқда.
Фалокат
Деворларига тирковуч тиркалмаган мактабнинг ярми, яъни 5 та синф қулаб тушди. Хайриятки, қурбонлар йўқ. Чунки фалокат рўй берган вақти бу синфда ўқийдиган болалар Босим полвонникига кетган эди. Нимага дейсизми? Беҳзод яратган санъат асари эълонлар тахтасига осилиб, Абдукарим аканинг фалсафаси билан тушунтирилгач, ҳамма бундан ғоят таъсирланиб кетишди. Шундан бери ҳар куни 3-4 та синф Босим полвон туясининг думига тикилиб ўтирадиган бўлди.
Мактаб биносининг қулаб қолиши туман тарих музейи мудирини чуқур қайғуга солди. У киши 18-супермактаб биносини очиқ музейга айлантирмоқчи бўлган экан. Чет эллик меҳмонлар келса (келмаслик эҳтимоли кучлироқ), собиқ Иттифоқ даврида фарзандларимиз мана шундай харобаларда ўқиган деб кўрсатиш учун керак-да!
18-супермактабда ҳамма ўқитувчилар юқори малакали бўлганлиги учун туянинг думига қоровуллик қилиш билан чекланиб қолмаяптилар. Яқинда ўқитувчилар хонасидан “Эврика!” деган бақириқ эшитилди. Бу зоология ўқитувчисининг ҳайқириғи эди. Домла анчадан буён кўргазмали қурол тополмай юрган экан. Мана тайёр туя. Мабодо яқин орада туянинг думи ерга тегмаса, бутун мактаб туяшунос бўлиб кетса ажаб эмас. (Лекин шу ёшидан ўқувчилар бировларнинг насибасини туя қилишни ўрганмаса бўлди). Бир гуруҳ шоввозлар “Дум ўстириш тажрибалари” борасида изланиш олиб боришмоқда. Кексаларнинг айтишича, яқин қишлоқлар ичида “дум” ўстириш борасида Ўсаровнинг тажрибаси катта эмиш. “У Маданият вазирлигида ишлай бошлагандан бери, – деб эслайди қариялар, – Пастқишлоқнинг кўп одамлари маданиятли бўлиб мансаб пиллапояларидан юқорилай бошлади”.
Кексаларнинг бу ишга аралашуви ўқувчиларни чалғитиб юборди. Ахир, уларни одамнинг “дум”и эмас, туянинг думи қизиқтиради. Лаборатория портлаб кетиб мактабга зарар қилмаслиги учун тажрибалар очиқ майдонда ўтказилди. Талофатлар битта чинор, 4 та терак. Ёниб кетган бўлса керак деб ўйларсиз. Тўғри, ёниб кетди, лекин чинор ва терак эмас, директорнинг ошхонаси ёниб кетди. (Келининг ёғ доғлашни билмаса қийин экан-да!) Мактаб ҳовлиси шип-шийдам бўлгач, ўқувчилар мусиқа дарсида “Офтоб чиқди оламга, югуриб бордим холамга. “Хола, хола, кулча бер!” Холам деди: “Тошингни тер!” қўшиғини куйлашмоқда.

Ечим топилди!

Илм йўли туянинг думини ерга теккиза олмагач, ҳаёт тажрибаларига мурожаат қилинди. Биринчи фикр туман газетаси муҳаррирининг ўғлидан чиқди:
– Ёзиш керак!
– Нима деб?
– Туянинг думи ерга тегди деб. Ҳамма ишонади.
– Бее, қаерга ёзасан? – гапга аралашди адабиёт ўқитувчиси. – Туман газетасини ходимларидан бошқа ҳеч ким ўқимайди. Марказий газеталарга ёзсанг ҳам, барибир бизга етиб келмайди. “Оммабоп-ҳаммабоп” газеталарга чиқарсанг, ҳамма ўқийди – лекин ҳеч ким ишонмайди.
– Ёзиш керак! – деди раиснинг ўғли.
–  Қаерга ёзиш керак?
–  Қўшиб ёзиш керак!
– Бўлмайди. Катталар келиб думнинг қолган қисмини топ деса, нима қиламан, – деб ўшқирди директор.
Энг жўяли гап қассобнинг ўғлидан чиқди. У туяни ётқизишни таклиф қилди. Кутилган натижа юз берди: туянинг думи ерга тегди! Лекин қачонгача ерга тегиб тураркин, худо билади. Туясини мажбурлаб ётқизгани учун Босим полвоннинг жаҳли чиқиб кетди, ўқувчи ва ўқитувчиларни ўз оғилидан бадарға қилди. Ҳозирда ўқувчиларнинг муқим манзили йўқ. Лекин кўнгил кўчаларига хафагарчилик яқин йўлай олмаяпти… Яқинда янги мактаб қурилиб қолар. Туянинг думи ерга тегди-ку!
…Воқеалар ривожи ҳақида газетимизнинг кейинги сонларида хабар беришни ваъда қилиб

Жиззакий