Кенжа ўғил омадсизроқ чиқди. Беш йил Тошкентда юриб, диплом ололмай қайтди. Уйдагилар қанча суриштирмасин, сабабини айтмади, ўзи Тошкентга бошқа бормади. Акаларининг ҳаммаси алоҳида уй-жой қилиб, чиқиб кетишган эди. Гулнор кампир чоли билан борини бозор қилиб, кенжасини уйлантириб қўйди. Беш ўғилни уйли-жойли қилган чолу кампир назарида бу тўй энг охирги ташвишлари эди. Ҳаётларининг қолган қисми роҳат-фароғат ва тоат-ибодат билан ўтишини умид қилган эдилар, аммо…
Дипломсиз ўғил дурустроқ иш топиб, рўзғор харажатларини ўз зиммасига олгунича икки фарзандли бўлди. Бу орада чол ўтиб кетди. Гулнор кампир келин олдида қўли қисқа ўғлининг тили ҳам қисиқ бўлмаслиги учун ташвиш чекар эди: нафақасини рўзғорга сарфлар, ҳали у, ҳали бу тикиб сотар, хуллас, тиниб-тинчимас эди.
Ўғил ишга жойлашгандан кейин ҳам бирлари икки бўлмади. Келин “Дадаси ун тугади”, “Дадаси, ёғ тугади” деганда, Гулнор кампирнинг юраги зирқираб кетарди: “Қўлида дипломи бўлганда шунча қийналмасди болам”.
Кейинги пайтларда кенжа бир оз тажангроқ бўлиб қолди. Беш бола, она, хотин… Гўшт-ёғ нари турсин, нон етказиш ҳам кундан кунга қийинлашиб боряпти. Қоплаб келтирса ҳам болалари пиллақуртдай бирпасда еб битиришади. Акалари ота уйига келиб, онаси билан уч-тўрт оғиз гурунг қилиб кетиши ғашини келтирадиган бўлиб қолди.
– Бойвачча ўғилларингиз онасини кўргани икки қўлини бурнига тиқиб келади. Укам жўжабирдай жон, болаларидан орттириб онамга нимаям олиб беради деб, бир килогина олма кўтариб келиша олмайди.
Гулнор кампир кўпинча индамайди. Бир ҳисобда кичик келин ҳақ эди. Баъзан тўнғич ўғли “Бозордан қайтаётган эдим” деб киради-ю, “Она, кўнглингиз кетганда ерсиз”, деб қўлига бирон нарса тутқазмайди.
Тунов куни кампир Олимжоннинг уйига борган эди. Келини ҳовлидаги супада бир тоғора товуқ гўштини тозалаб ўтирган экан. Паррандачилик фермаси директори жўнатган шекилли.
– Шунча бераркансан, сўймай бер. Хоҳлаган пайтимиз иккита-иккитадан сўйиб-сўйиб ейвурардик. Энди бунча нарсани нима қиламан? – жавранди келин.
Қозонда ёғ қизиётганди, келин ошнинг зирвагини қовуриб келди. Товуқ гўшти роса ширин экан, чайнаган сайин мазаси чиқаверади. Мазаси чиққани сайин Гулнор кампир кўз олдига неваралари келаверади.
Дастурхон йиғиштирилгач, кампир “уйга кетаман, ўғлинг олиб бориб қўйсин” деб туриб олди. Ўзича келин бирорта товуқ ўраб берар деб умид қилдими? Машинага ўтираётганда ўнг томондаги чала битган ошхонанинг очиқ эшигидан уюлиб ётган қовун-тарвузлар, қат-қат тахланиб турган ёғоч қутилардаги узумларга кўзи тушди. Негадир алами келди. Бир замонлар кичкинаси бир нарса еб, каттаси ютиниб турганини кўрса, егуликни дарҳол бўлиштириб берар эди. Энди эса… бир нарса деса, “Ишласин, она, ишлаган тишлайди. Мен унинг бола-чақасини боқаман деб, елиб-югуриб юрганим йўқ”, деб оғзига уради. Кампир, “Шу камхарж ҳолига бола-чақасига қўшиб, мениям боқиб ўтирибди” деса, “Боқмасин. Бизникида яшанг, ўзим боқаман”, деб бидирлайди.
Эҳтимол, тўнғичлари боқса-боқишар, ҳаммасининг топгани ўзига етиб-ортади. Аммо одамзод бир умр бир жойда яшаб, шу ерда ўрганиб қолган бўлса, иккинчи бир жойга, ҳатто у боласи уйи бўлса ҳам, ўрганиши жуда қийин. Бундан ташқари кампир шу камхарж ўғил ва унинг болаларига бошқача меҳр қўйган…
Келин: “Ўғлингиз келса, мени уришади. Бир кеча ётиб борардингиз-да!” – деб жавраб қолди.
– Онасини кўргиси келса, излаб борсин, – тўнғиллади кампир.
Олимжон ростдан ҳам сўроқлаб келди.
– Она, мени кутмай кетиб қолибсиз?
– Мени нима қиласан, ош-ноннинг офати бўлсам. Товуқларни маза қилиб едиларингми?
Олимжон хо-холаб кулиб юборди.
– Товуқларни Олапардан сўрайсиз. Келинингиз ит боғлоғлиқ деганми, товуқларни супада очиқ қолдириб, сизни кузатгани чиққан. Кўчадан қўшни янги олган мебелимни кўринг деб, уйига етаклаб кетган. Элакка чиққан хотиннинг эллик оғиз гапи борлигини яхши биласиз. Бу ёқда болалар телевизорга ёпишиб ётган, ҳамманинг қорни тўқ, ит очдан ўлсинми, бир амаллаб бўшалибди-да, еганини еб емаганини тупроқ билан битта қилибди…
Кампир қовоғи уюлиб ўйлади: “Қизғонганинг қизил итга ем бўлсин!”
– Агар шу товуқларни меҳнат қилиб топганда эди, шундай очиқ-сочиқ қолдирмас-ди, – деди кейин, қаҳрини охиригача ютиб юбора олмай.
Кампир ўзи рўзғорга қўшимча бўлсин деб, бир умр элнинг хизматини қилди: кигиз босди, гилам тўқиди, кийим тикди.
Башанг кийиниб, катта пул сарфлаб, арзимас юмушларни кимларгадир қилдирадиган кишиларга қараб, “Насиб этса, мен ҳам болаларимни ўқитаман”, деб ният қиларди.
Тўғри, чол-кампир баъзилар каби болалари ортидан чопишмади. Улар мактабда яхши ўқишарди. Сўнг бирин-кетин ўз билимлари билан институтга жойлашиб олишди. Айрим тенгқурларига ўхшаб ижара уйларида яшашгани йўқ, ётоқхонада кун кечириб, стипендияга қаноат қилишди.
Шундай деган билан эру хотин уларни бутунлай тақдир ҳукмига ташлаб қўйишмади. Икки-уч жойда ишлаб, ойлаб ёвғон ичган вақтлари кўп бўлди. Ҳар неки етолмаган орзу-ниятларини болаларининг дипломли ва ишли бўладиган кунларига асраб қўйишарди.
Айниқса, ёз ойлари қийин ўтарди. Бир ҳовлидан уч қолип қазишарди-да, лой тепиб, тандир қилиб сотишарди.
Бир ўғли иқлими совуқ юртларда ўқиди. Ҳар доим центябрда пулнинг ўрнига олма-анор олиб кетарди. Айтишича, у ёққа боргач, бу нарсаларни беш бараварига пулларди. Бир сафар боғ қоровули бўлиб ишлайдиган қўшнилари: “Икки қоп олма бўлса, ўзим бериб юбораман. Катталар қурултойга кетишган”, деб қолди.
Гулнор кампир унда ёш ва чайир эди. Кенжасини етаклаб боққа борди: “Бир қопни сен велосипедингга ортасан, биттасини мен орқалайман”. Баланд-баланд дарахтларга чиқиб олма териш осон бўлмади. Иккинчи қоп тўлай деб қолганда агроном келиб қолди ва ўғлининг ёқасидан тутиб бақира кетди:
– Ҳой, муттаҳам! Нима қиляпсан?! Ҳозир милиса чақириб, қамоққа тиқтириб юбораман, – тепада қалтираб ўтирган Гулнорга кўзи тушиб, баттар бақирди. – Пастга туш, худбин! Одамлар боласини тўғри бўл деса, сен биргаликда ўғирлик қиляпсан.
Гулнор қалтираб-қалтираб дарахтдан тушар чоғида шохча лозимини илиб йиртиб юборди.
– Опа, пулини тўлаймиз. Ўғлим Россияда ўқийди, шунга бериб юбораман дегандим.
– Пулинг бошингдан қолсин, ифлос! Сендақалар дастидан хўжалик абгор!..
Гулнор ҳар қанча ялинса ҳам агроном аёл ховрини босмади. Бақирганча оғир қопларни югурдагига кўтартириб жўнади. Гулнор эса бўм-бўш қўл, кўзлари тўла ёш ва ранги қумдек оқариб кетган ўғли билан қолди. Сал ўтмай қўшни келиб узр сўради:
– Хафа бўлманг, ҳамсоя, ўзи сал…
Гулнор ҳеч нарса демади.
– Сизлар бораверинглар. Кечга яқин ўзим пича элтиб бераман.
– Йўқ!..
Ҳақиқатдан ҳозир Гулнор учун ҳеч нима керак эмасди. Тезроқ ёлғиз қолиш ва ўкириб-ўкириб йиғлаб олишни истар эди.
Улар қоронғи тушгунча боғда қолиб кетишди. Гулнор почаси йиртиқ ҳолда қишлоқ оралаб юришдан уялди.
Албатта, бу кунларни кенжасидан бошқа ҳеч ким эсламайди.
Тўнғичлар осмондан ўзлари шундай топарман-тутарман бўлиб тушгандай юришади. Келинлар эса уларни молу дунёси билан яратиб қўйгандек муомала қилишади. Айниқса, бош келин гапларига чидаб бўлмайди: “Тушимда денг, тандир-тандир нон пишираётган эмишман. Дарров садақа чиқардим. Уч кундан сўнг бошқармага кўтарилиб кетди. Ўғлингиз ҳам доим “сен биласан, онаси” деб миннатдор бўлади”. “Сендан эмас, аллоҳдан миннатдор бўлсин” деб, юз йиртадиган одам керак. Гулнор кампир эса индамайди. Дилхиралик нимага керак?
Гулнор кампир охири аҳд қилди: “Ўрганган бовурим” деб шу камбағал ўғлимга жабр қилиб ётмай, навбат билан бошқа ўғилларникида ҳам турайин. Уларни ҳам оқ сут бериб боққанман, ўқитганман, уйлантирганман!..
Эрталаб тўнғич ўғлига қўнғироқ қилди:
– Болам, менга машина юбор. Зерикдим.
– Ест, онажон!
Келин қайнона ортидан кирган латта тугунни кўриб ҳайрон бўлди. Тили учгинасида қирғоққа чиқиб қолган балиқдай питирлаб турган саволни бижилдоқ кичик қизи бериб қўя қолди:
– Момо, бу нима? Бизникига кўчиб келдингизми?
– Ҳа, болам.
– Ур-р-эй! Энди бизникида яшайсизми?
– Ҳа, шундай.
Қайнонасини кўриб: “Энди бутун куним қош-қовоққа қараш билан ўтаркан-да”, деб энсаси қотиб ўтирган келиннинг бу гапдан сўнг тамом мазаси қочди.
– Бор, бир рўмол олиб кел, бошим еб бораяпти, – дарҳол рўмолни пешонасига танғиб олди. – Вой, бошим!
Онаси буйруғи билан болалар дастурхон тузашди.
Ўғил эса кўрпачада ёнбошлаб, қўйнига кирган қизчасини эркалади. Буни кўриб, хотини қаҳрланди:
– Ҳей, менга қаранг, иш кийим билан чўзилиб олманг, туринг, ишингизга боринг.
Ўғил хотинига ҳеч нарса демай, қизини эркалай-эркалай қўзғалди.
Кампир ҳайфи келиб ўй сурди: “Ай-й, одамзод-а! Бунча тор бўлмасанг. Шу кампир туғилиб ўстирган ўғилнинг соясида бойбичча бўлиб юрибсан. Неча йилда онаси тугун кўтариб келса, бирдан иситмалаб қоласан”.
Келин бош оғриғи бир ҳафта тинмади. Мақтанишдан жағи тинмасди, камгап бўлиб қолди ва ниҳоят ёрилди:
– Уйда бирон гап бўлдими?
– Йўқ! Уларнинг қўли юпқароқ, боши кўп, бу ўғилларда ҳам ҳақим бор, бир кенжаникига ёпишиб ётавермай девдим-да.
– Кенжада бир сиз эмас, ҳаммамизнинг ҳақимиз бор. У яшаётган уйга биз ҳам шерикмиз, – неча кундан бери ичида буруқсаб ётган ўт ниҳоят оғзидан чиқиб кетди.
Кампир надомат билан бош чайқади:
– У уйга бировинг бир ғишт қўйганинг йўқ. У уйни чолим билан мен қурганман. Уйимни кимга беришни ўзим ҳал қиламан.
Шу билан қайнона-келин ўртасида бўлиб турган узуқ-юлуқ сўзлашувлар бутунлай барҳам топди.
Эртаси куни кечқурун ўғлига деди:
– Мени укангникига олиб бориб қўй!
– Содиқникигами?
Кампир аччиғи келиб ғудранди:
– Олимникига.
Ўғил ҳам, келин ҳам жилла қурса кўнгил учун “Нега? Бизникида тураверсангиз бўлади-ку” демади, деёлмади.
Кампир Олимжон уйида бир ой яшади. Эру хотин кун бўйи ишда, кампир эса невараларини қўриди. Аввалига эру хотин роса хурсанд бўлди: “Энди боғча ҳам, эшик-дарвозага қулф ҳам керак эмас”. Аммо кейин-кейин ўғли баъзан жеркиб ташлайдиган одат чиқарди. Охири кампир кўнглидагини айтиб солди:
– Ҳа, ўғилбой, тўшагим сасидими дейман? Овозинг баланд-баланд чиқяпти. Агар шундай бўлса, айт, кетаверай!..
Олимжон кўнглидаги аён бўлиб қолгандай хижолат тортиб кулди:
– Сизга биров кетинг деяптими? Онам деб баъзан-баъзан эркалик қилсак айбми?
Бир ой деганда учинчи ўғил келиб, олиб кетди. Кампир ўзича “Ўғлим мени соғинибди-да” деб ўйлади. Олимжон қўнғироқ қилиб “Момойни олиб кет, бизникида зерикиб қолди” деганини, Одил “Хўп ака, бизникида ҳам уч-тўрт кун турсин” деса, “Сеникида ҳам бир ой туради, мана мен бир ой қараб бердим”, деганини кейинроқ келинидан эшитди.
– Бўлмаса, мен борай. Ўғлим уч-тўрт кун турсин деган бўлса, келганимга ҳафтадан ошиб кетди, – деди кампир астойдил тараддудланиб.
– Қўйинг-э, – деди келин ёлғондакам хижолат тортиб. – Сиз келиб уйимиз тўлиб қолди. Қайноғаларим ҳам ҳеч келишмас эди, сизнинг баҳонангизда…
Аммо кунлар ўтган сайин кампир сабабли қора берадиган меҳмонларга зўр-базўр дастурхон ёзилиб, тил учи мулозамат кўрсатиладиган бўлиб қолди.
Бир кун кампирни кўргани кенжаси қадам ранжида қилди. Ишдан ҳориб қайтаётир шекилли, ранги ўчиб, лаблари қотиброқ турарди. Келин ичкарида дам олаётганини билса ҳам чақиртирди. Келин юзини ҳам ювмай минг малол билан туриб келиб, қайниси билан шунчаки сўрашди-да, кампирга хўмрайиб қаради.
– Ҳа, нима дейсиз?
– Чой-пой қил.
Келин индамай хонадан чиқиб кетди. Анчадан кейин дастурхон ёзилди, арзон-гаров қанд-қурслар қўйилди. Икки пиёла билан бир чойнак чой пайдо бўлди.
– Овқат йўқми? – сўради кампир оғриниб.
– Қолмаган, – келиннинг қоши чимирилди.
– Овқат нима керак, – деди Содиқ хижолат тортиб.
Ёлғон гапни меҳмон ҳам сезган эди. Боя кампир ошхонага кириб, очиқ қолган қозон оғзини ёпмоқчи бўлганда тагида овқат борлигини ўз кўзи билан кўрган эди. “Ҳали катта ўғли мактабдан қайтгани йўқ. Овқатни шунга олиб қўйган. Бергиси келмаса, музлаткич тўла тухум, қовуриб қўйса, дунёси тугаб қолмайди-ку”.
Кампир оғир хўрсинди.
– Онажон, уйга юринг, – деди Содиқ жавдираб. – Болалар жуда соғинишган.
– Хўп, болам, – кампир кўзларини юмган кўйи бош ирғади.
– Тараддудингизни кўринг, ҳозир олиб кетай!
– Сен боравер, болам, аканг келсин, машинаси билан элтиб қўяди.
Кечқурун Одилбек олдида она ўзини тутиб тура олмади:
– Ўғлим, бу ерда ҳам иззатимиз битди шекилли.
– Тинчликми?
– Бугун уканг келган эди, хотининг иккита тухумга арзитмади!..
– Сиз айтдингизу қовуриб бермадими?
– Э-э! Айтишим шартми? Кўриб турибди-ку, ишдан очқаб келаяпти.
Одилбек жаҳли чиқиб сайради:
– Э-э, она, шунингизни тўқ куни борми? Сизнинг кўнглингизни деб ҳамиша қарашиб келаман. Лекин тўймайди, доим оч. Бир умр шуни ғамини едингиз, нафақангизни шунга берасиз, уйида яшаб, чўрилигини қиласиз. Энди, ҳеч бўлмаса меникида яшаётганда шуни ўйламанг. Лапашанглиги учун биз айбдорми? Ҳадеб хафа бўласиз? Яна нима қилай? Уйимнинг тўридан жой бериб қўйибман, еб-ичиб ўтирибсиз.
– Уйингнинг тўри ўзингга насиб қилсин, болам, – кампирнинг ранги оқариб кетди. – Майли, ҳозир ишдан чарчаб қайтгансан чоғи, лекин эртага эрталаб ола кетасан.
– Э-э, она!..
Кампир шу оқшом тугувли турган тугунини қайта тугди. Самандарникига боришни истамади. Бир ота-она ўн ўғилни боқади, ўн ўғил бир ота-онани боқолмайди деганлари шумикин? Эсиз, беш ўғил туққан, беш ўғилни ўқитган бойбичча-я, “Кўнглингизда нима гап бор?” деган меҳрга йўғрилган саволни эшитмаганига неча-неча йиллар бўлиб кетди-я. Эсиз, аллоҳ ундан бир қиз фарзандни аяган экан-а. Ўғиллар ҳам ўз кунига ўлмасин, қиз ич куйлак бўларди-да. Ай, дунё-я!..
Кенжа ўғил уйда экан. Одилбек машинаси дарвозага рўпара бўлиши билан югуриб пешвоз чиқди. Ўзича хижолат чекиб, бир қўли билан онасининг тирсагидан олди, бири билан тугунини кўтарди. Қадрдон, саришта хонага киргач, кечадан буён кампирнинг юрагини сиқимлаб турган нарса ғойиб бўлди ва юмшоқ каравот сари юрди.
– Кечирасан болам, бир оз чўзилай.
– Майли, бемалол.
– Ай, болам-а! – Кампир кўзларини юмиб олди, шу ётишида ўйлаяптими, ухлаяптими англаш қийин эди. Анчадан сўнг ҳорғин пичирлади. – Майли, шунисигаям шукур.
Кампир бошқа гапирмади. Кечки овқатга ҳам турмади.
Содиқ акаларига бир-бир қўнғироқ қилди.
– Онамизнинг тоби йўқ, ҳеч нарса емаяптилар!
– Кеча Одилникида соппа-соғ ўтирган эди-ку.
– Одилнинг хотини бир нарса дегандир-да.
Ҳар қайсиси ҳар нарсани рўкач қилди. Бири ишдан чарчаб келган, бирининг меҳмони бор, яна бири чойхонага чиқиши керак экан… Ҳаммаси эртага эрталаб ишга кетишда бир йўла хабарлашиб ўтишини айтди.
Тонгга яқин кампир узилди. Дунё бирдан ҳувуллаб қолгандай бўлди.
Аввал оқшом бир оғиз гап билан етиб келган ёлғиз сингил фарёди оламни тутди.
– Беш ўғилли бойбиччам,
Суюнганим опам-ов,
Тополмайин бир дардкаш,
Куюнганим опам-ов.
Шундай кунда юрагим
Тилинди-ку, опам-ов,
Бир қизингни йўқлиги,
Билинди-ку, опам-ов…
Салдан кейин бойбичча ётган хонада беш ўғил баравар “Онам-эй!..” – дея ув торта бошлади…