От — инсоннинг йўлдоши.
(Халқ мақоли).
Ўшанда ёзнинг ўрталари эди. Чорпоя йўқлиги учун бўлса керак, уйимиз олдида гувала ғиштдан ўртаси тупроққа тўлдирилган, атрофи лойсувоқ қилиниб, ўттиз-ўттиз беш сантиметрлар баландликдаги қўлбола супа кўтариб қўйилганди. Ёз оқшомларида оиламиз билан ўша ерда ётардик. Тартиб ҳеч ўзгармасди: аввал отам, кейин ўртада бешик, сўнг энам, акам ва мен.
Кеча сокин. Қибладан эсаётган майин шабада юзга ёқимли урилиб, танага ажиб бир ҳузур бахш этади. Акам иккаламиз кўкка боқиб, юлдузларни кузатиб ётибмиз. Отам билан энам рўзғорнинг кам-кўстидан гаплашаяпти. Эртанги ишлардан. Гоҳида оғил томонда боғлиқ турган Сиртлон юлқиниб ҳуради-да, кичкинамиз уйғониб кетиб, чинқириб йиғлаб юборади. Шунда уларнинг суҳбати узилиб, энам бешик тебратади. Майин-майин алла айтади… Берили-иб, меҳр билан… Кичкинтой ухлаб қолгач, яна, то биз – икки зумраша (энам бизни шундай дейди) ухлаб қолгунимизча, уларнинг сокин кечадаги соҳир суҳбатлари давом этади… Негадир алламаҳалгача уйқулари келмайди, акам билан мен эса кундузги иш ва ўйинлардан жуда чарчасак керак, сомон йўлига тикили-иб ётиб, ухлаб қоламиз.
Ўша куни негадир уйқумиз келмади. Бешикдаги синглимиздан бошқа ҳамма уйғоқ эди.
– Кампир, – деди отам (негадир ҳали ёш бўлишларига қарамай доим энамни «кампир» деб чақирарди), – буванинг аҳволи чатоқ… Кетиб қолмаса деб қўрқаман.
– Нафасингизни ел учирсин-э…
Билдим: ўзимнинг бувам отдай, улар ҳамсоямиз, уйи шундоққина кўриниб турган Бойқувват бува ҳақида гаплашаяпти. Жондай ҳамсоя бўлганимиз билан уйларимиз ораси эллик-олтмиш метр келади. Қишлоқчилик-да, ҳар ким ўзига ёққан жойдан иморат кўтараверади. Буванинг уйи ҳам бизники каби қир этагида. Бир томонимиз кенг адирлар, бийдай дашт, бир томонимиз томорқалар, кейин пахтазор. Ёнимиз баланд-паст бўлиб жойлашган ҳамсоялар. Томорқа бошидан ариқ ўтган. Ундан берида чангкўча. Отамнинг ҳар баҳорда шаҳардан келувчи чиройли кийинган курсдош дўстлари тили билан айтганда, биз шу «ариқнинг лойқа сувида чўмилиб, кўча тупроғида «загар» олиб, катта бўлган»миз.
Бойқувват бува анчадан бери оғир. Сим каравотидан турмай ётибди. Каравоти дераза ёнида. Отамнинг айтишича, бува охирги пайтда алланималар деб алжираб қолганмиш, аммо ҳар куни эрталаб ва кечқурун деразадан қараб, «Жийрон, Жийроним…» дея уйдан сал нарироқда боғлиқ турган отини чақирармиш. От деразада эгасининг юзини кўргач пишқирар, сувлиқ чайнаб, ёлларини силкитганча қозиқ айланиб чопармиш. Сўнг деразага қараб олд оёқларини кўтариб-кўтариб кишнармиш. Шунда бува деразада, ликопчада турган парвардадан тўрт-бештасини олиб, неварасига ташқаридан келишини айтаркан ва қўл силкиб, Жийронга имларкан. «Ма, Жийрон! Бу сенга! Ҳа, ойналай…» деб неварасини от томонга юбораркан. Невараси отдан қўрқади. Парвардани от олдига отиб юбораркан-у, қочаркан. Жийрон парвардани тупроқ орасидан папалаб ер, сўнг миннатдорчилик билдиргандек дераза томонга қараб бир кишнаб қўяр, яна қозиқ айланиб, лўкиллаб чопаркан.
Бойқувват бува полвон! Кўпкари чопади. Бувам айтиб берган: ҳозир чўкиб қолгани билан ёшлигида елкалари кенг, қўллари узун, кафтлари баркашдай, савлатдор, қиррабурун, ўктам бир йигит бўлган экан. Айниқса, кўпкарида ундан ўтари бўлмаскан. У кишининг иккала қулоғида, чап юзида чандиғи бор. Барини кўпкаридан топган. Қўлларини-ку, айтмаса ҳам бўлади. Бойқувват бувани ёши катталар «Бойқувват шамол» дейишади. Бу – лақаб. У Жийронни миниб кўпкарига кирса, албатта улоқ олган, айниқса, «Қора» қўйилганда («Қора» – кўпкарининг бош соврини. Унда улоқни даврадан олиб, адирнинг у томонида қизил белбоғ кўтариб турган баковулгача олиб бориш керак), Бойқувват шамол улоқ кўтариб, «Ҳаа-аа!» дея Жийронига қамчи босса, ҳеч қайси от етолмас экан. Жийрон даврани ёриб, ўқдек отилиб чиқар ва узун ёлларини силкиб, шамолдек еларкан. Одамлар кўпкарида отларнинг Жийронга етолмай, шамолида қолиб кетаверишидан бувага «Бойқувват шамол» деб от қўйишган ва шу ном билан атаб кетишган экан.
Кўпкарида улоқ айирса, «Бойқувват шамолники ҳалол!» деб чақирар экан. Бу ном полвон бувага ёқар, отаси қўйган исмга Жийрон кучи қўшилганидан, бу ном ўзимизнинг Айритом, бутун туман-у, Қашқадарёга ёйилганидан завқ туяр, тағин индамай, камтарлик қилиб:
– Ҳа энди, буям бир қизиқишда… – деб кулиб қўяркан.
Бойқувват буванинг Жийронини ўз жонидай авайлашидан ташқари ҳамма биладиган бир одати бор: у киши қаерга бормасин, қайси тўйдан чиқмасин, доим тугунчага ўраб, хуржунида бир ҳовуч парварда ёки конфет олиб юради. Кўпкаридан чиққанда ё бирор жойдан уйга қайтганда, албатта, Жийронга бир сиқим ширинлик ҳадя қилади. От парвардани егач, бўйнини чўзганича ёлларини силкир, ҳузур қилганини билдириш учун буванинг кифтига пешанасини қўйиб, бошини қимирлатади. Бойқувват шамол бундай пайтларда отининг устига катта чиргини ташлаб қўйиб, бўйнига ёпишиб турган ёлларини, кенг кўкраги ва ингичка қоринларини силайди. Ҳатто эркалаб, яхши боқувдан ариқча ҳосил қилган кенг сағрисига шапатилаб уриб-уриб қўяди. От бундан ҳузурланар, думини силкир, баъзида полвон бува от сағрисига чайир қўллари билан қаттиқроқ уриб юборади шекилли, от ҳам думи билан буванинг елкасига урарди. Бува «Э, ҳа Жийрон? Нимага буйтасан? Ҳа, уккағарди оти!..» дея уни яна эркалар, «Ҳа, ҳа!» дея қамчи билан
ўзининг маҳсиси қўнжига уриб, отни қозиқда айлантириб чоптирарди. Бу ҳолга кўпинча биз ҳам гувоҳ бўлардик.
Полвон буванинг от совутишини томоша қилишни ёқтирардим.
-Ҳа, Бозорвой, отга миндирайми? – дерди бува.
– Майли… – дердим ийманиб.
– Ке.
– Йўғ-э, – бундай баланд отга минишдан қўрқиб, баъзида ортга тисланардим.
– Ке, қўрқма. Уккағарди ули, қўрқсанг полвон бўлолмайсан! – дея Полвон бува бир қўли билан даст кўтариб, қозиқда турган отга миндириб қўярди.
Айниқса, Жийронни қирқ кунлик боқувдан чиққанда минишни жудаям ёқтирардим. Чунки бу пайтда от кўзимга гўёки достонлардаги Алпомишнинг Бойчибори-ю, Гўрўғлининг ўироти бўлиб туюларди. Боқувдан чиққан отни совутиш эмаклаган болани «той-той» қилиб оёқда юришга ўргатишдай гап. Бунга йигирма-ўттиз кун вақт кетади. Бостирмада юлдуз кўрсатмай боқилган от қирқ биринчи кун кечки салқинда ташқаридаги отқозиққа ярим соатгина боғлаб қўйилади, холос. Иккинчи куни якка қозиқда бироз айлантирилади. Учинчи кун ҳам. Кейинги икки-уч кун ҳовли атрофида устига ҳеч кимни миндирмасдан… Шундай пайтда Бойқувват бува невараларини отга миндиради. Бизни ҳам. Бу тоза ҳузури жон. Мазза қиласан. Тасаввуримизда қишлоғимизга кунжара сотиб келадиган «КамАЗ»нинг томида ўтиргандек бўлардик. Эгар устида ҳаяжонданми, қўрқувданми юрагимиз така-пука бўларди. Юганни маҳкам ушлаб, бир отга, бир Бойқувват бувага қараб-қараб қўярдик. Бува отни жиловидан тутиб, яёв етаклар, биз эса эртакдаги шаҳз
одалардек эгарда ястаниб ўтирардик, гоҳ бунга талашиб ҳам қолардик. Шунда Полвон бува «Ҳе, капанг куйгурлар, нимага талашасан?» деб, ҳеч қайсимизни миндирмай, салт етаклаб юрарди. Кейинги кунларда шом тушиши билан ўзи эгарга ўтириб, Жийронни сой охири – подагузаргача, кейин узоқроқ, кейин ундан ҳам олисроққа миниб келарди.
От совутишнинг қоидаси шундай!
– Байловдан чиққан от терламаслиги керак, терласа хом бўп қолади. Кейин кўпкарида чополмайди, – дерди Бойқувват бува. – От ҳам одамдай. Сен ҳам терлаб ишлаб, кейин яхдай сув ичсанг, баданинг қотиб қолади-ку, шундай. Булар ҳам ҳозир терласа, чарвиси тўнглаб қолади…
Бойқувват буванинг гапи рост: ҳамма полвон отини шундай боқади, шундай совутади. Бунинг исботини кўпкариларда кўп кўрганмиз. Шунинг учун буванинг оти шамолдай елади-да!
Аммо охирги йилларда бува кўпкари чопгани йўқ. Қарилик, аммо баковуллик қилади. Жийронни эса ўзимизнинг қишлоқлик буванинг ҳам шогирди, ҳам қамчидош укаси Панжи полвон чопади. Панжи зўр, чапдаст полвон. Ўзининг Қорабайириям бор. Байир ҳам учқур, улоқчи от. Панжи полвон икки отни алмашлаб минади, лекин бир ёмон одати бор. Биз ҳам бир неча кўпкариларда бобойлар билан тележкада ўтириб кўрганмиз: у отнинг чатига уришни яхши кўради. Шундан кейин улоқдан ҳуркадиган отлар ҳам ўзини ўртага уради. От эгалари бундай қилиқдан ўзларининг кетига қамчи урилгандай безиллашса-да, полвонлар билганидан қолишмайди. Уларга гап уқтириш бефойда…
Бойқувват бува шу йил баҳорги тўйларга ҳам боролмади. Жийронни ҳам кўпкарига чиқармади. Ётиб қолди. Кейинги ойларда, ҳатто ташқарига ҳам чиқолгани йўқ. Қанча дийдаси қаттиқ бўлмасин, дард Полвон бувани енгди. Мунғайиб қолди. Дардни тан олгиси келмай, ўзини тетик, иштиёқманд тутар, аммо кундан кунга сўлиб борарди. Ҳол сўраб келгувчи қамчидошларига яхши эканлигини, насиб бўлса, кузги тўйларга чиқишини айтиб, каравотида бир пасгина қаддини тутиб ўтирар, аммо яна ҳолсизланиб ётиб қоларди.
– Полвон бува, дўхтир-пўхтирга кўринсангиз бўлмайдими? – дерди уни сўраб келувчилар.
– Ай-й… – ноумиддек қўл силкирди бува. -Кўриндим, фойдаси йўқ.
– А… Э, нима бўлсаям дадил бўлинг-э, сизга бундай ётиш ярашмайди, – дерди келганлар охири нима дейишларини билмай.
– Тетикман… Худога шукр, тетикман, – қуруқшаб қолган лабларини яларди. – Қарилик-да… Ўзимам тоза ичикиб ётибман. Мана, бу йил кўпкариларга ҳам чиқолмадим.
Полвон бува гап кўпкари ҳақида кетса, бир енгил тортгандек бўлади.
– Ай, оғайинлар, кўпкариларда нима гап? Улоқдан гапиринглар-э, улоқдан…
– Сизнинг ўрнингиз билиняпти-да… – сўз ўйинидек мулозамат қилади қамчидошлари.
– Ҳай, Худоим таоло соғлигимни қайтариб, шу тўшакдан туриб кетсам, кўпкарига чиқаман, насиб бўлса! Лекин бу қизи талоқ ҳам ҳеч қўйиб юборадиганга ўхшамайди…
Уч-тўрт кун олдин ўзимнинг бувам билан борганимизда ҳам шундай деди:
– Э, Хидирбой, тетикман, аммо-лекин бедаво дардга йўлиқдимми дейман-да, ошна. Биласиз, дўхтирда шунча ётдим. Ҳар хил дорилар ичирди, укол қилди, ўзгариш бўлмагандан кейин уйга жавоб бериб юборишди.
– Насиб бўлса яхши бўлиб кетасиз, – кўнглини кўтарай дедими, ишонч билан гапирди бувам.
У киши Полвон бувадан бир-икки ёш кичик, аммо икковлари ошна.
– Хидирбой, ёшам саксондан ошди, – хириллаб гапирди Полвон бува.
– Ундай деманг, ёшга нима бўпти? Бултурлариям ёстиқ тирсакламай ўтирардингиз. Сиз билан гурунглашган одам ҳурматингизни қиламан деб, беланги бўп қоларди.
– Қўйсангиз-чи, Хидир, – негадир шифтга қараб оғир хўрсинди Полвон бува. – Сиз менинг кўнглимни кўтарай дейсиз. Менинг Жийронга кўкайим куяди. Бир пиёла совуқ чой беринг. Лабим қуриб кетаяпти…
Бойқувват бува совуқ чойни майда-майда ҳўплаб ичгач, бироз гаплашиб ўтирди. Кейин ётиб олди, биз уйга қайтдик. Шундан кейин бувам ҳар куни ошнасиникига қатнайдиган бўлди. Бугун ҳам шомда шу ёққа кетганди. Уйимиз олдидан ўта туриб, «Полвон омонат…» деганди отамга.
…Бир пайт, энди-энди юлдузлар уча бошлаганда, Бойқувват буванинг уйи томондан бувамнинг хавотирли овози келди:
– Назар, ҳов, Назар!
– Ҳа, – деди уйғоқ ётган отам сапчиб туриб.
– Бу ёққа ке.
Отам кийимларини ҳам ечмай ётган экан-да, супадан сакраб тушиб, орқаси кесиб ташланган резина калишни оёғига илди-ю, югуриб кетди. Бувам билан учрашгач, уй олдига қўйилган лампочка ёруғида кўриб турибмиз, бошини бир-икки қимирлатди-да, изига қайтди. Тўғри келиб, уй олдида, деворга суяб қўйилган мотоциклини минди. Энам «Ҳа, тинчликми?» деганди, эшитмади ҳам, ариқ ёқасидаги йўлга тушиб кетди. Қараб турдик: нариги қишлоққа йўл олди. Сўнг ярим соатларда қайтиб, тўғри Полвон буваникига ўтиб кетди. Мотоциклдан салла ўраган одам тушди.
– Мулла келди-ёв, – деди энам ґзича іудраниб. – Ёсин ўқитармикан.
– Нима дейсиз?
– Ҳеч нарса… – энамнинг гапиргиси келмади.
Отам ҳадеганда келавермади, ухлаб қолибман. Тонг саҳар Жийроннинг юлқиниб, тепсиниб кишнашидан уйғониб кетдим. Қарасам, отам ҳам, энам ҳам йўқ, аммо Бойқувват буванинг уйининг олди одамга тўла. Чопон кийиб, бел боғлаган қалпоқли кишилар уй олдига тўпланишганича овоз бериб-овоз бериб, ҳўнг-ҳўнг йиғлашяпти:
– Бувам-ай, бувам-ай…
– Отам-ай, отам-ай…
Акамни уйғотай десам, аллақачон туриб, қўйларни даштга ҳайдаб кетибди. Туриб, энди юз-қўлимни ювгандим, энам ҳаллослаб югуриб келди.
– Бозоржон, ташқарида турма. Ичкарига кир. Полвон буванг кетиб қопти. Отанг шу ёқда. Мен ҳозир яна кетаман, сен синглингга қарайсан, – деди-да, бешикни икки гумбазидан кўтариб, ичкарига опкирди. – Уйғонса тебратасан.
– Майли, – дедим, аммо энам кетиши билан эшик олдига чиқиб олдим ва заранг ерга ўтириб, буванинг уйи томонга қарадим: ҳалиям одамлар из-из йиғлашар, бир пас жим туришиб, яна шундай қилишарди…
– Полвон бува ўлиб қопти-да… – беихтиёр кўзларимга ёш келди. Мўлтирадим. Енгим билан қароғларимни артиб, яна ўша томонга қарадим. Бечора Жийрон. От эгасининг ўлганини билгандек ҳеч жойида турмас, арқонни узгудек силтаниб, уй томонга сапчир, олд оёқларини кўтариб кишнар, тинмай қозиқ айланганича пишқириб чопгани чопган эди. Одамлар йиғидан тўхтаса-да, отнинг пишқириғи тўхтамас, Полвон буванинг деразасига қараб кишнагани кишнаган эди. Бир пайт буванинг катта ўғли отни минмоқчи бўлдими ё бирор кўздан пана жойга олмоқчи эдими, ошхона ёнида ердан қазилаётган ўчоқ бошидан от ёнига келди. Жийрон унга тутқич бермади, қозиқ айланиб чопди. Вали ака арқонни ушлаб, аста-аста отга яқинлашганди, Жийрон олд оёқлари билан ер тепди. Тишламоқчи бўлгандек қулоқларини диккайтирди. Вали ака яқинлашаверганди, тепмоқчи бўлдими, орқа ўгирди. Кейин чопиб кетди. Вали аканинг арқонга ўралиб йиқилишига оз қолди. Яна яқинлашганди, Жийрон уни тишламоқчи бўлиб қувиб кетд
и. Шунда уй олдида овоз бериб йиғлаётганлар орасидан Панжи полвон чиқиб, от ёнига келди.
– Вали, – деди у киши отга бир қараб қўйиб, – бор, буванинг чопонини опке.
Вали ака чорси белбоғини тўғрилай-тўғрилай югуриб ичкарига кирди-да, зум ўтмай анчадан бери кийилмай, буванинг каравотига ташлаб қўйилган эски қора тўнни олиб чиқди. Борганда кўрардим, тўн буванинг бош томонида турарди. Уни нима қиларкин, дея ҳайрон тургандим, Панжи полвон тўнни кўтариб, Жийрон томон юрди. От полвонни кўриб, баттар пишқирди, қозиқда айланиб чопди. Қизиққанимдан бґлса керак бешикни ҳам ташлаб, уларнинг олдига чопиб бордим. Борсам, уй олдидан яхши кўринмаётган экан, Жийрон қоп-қора терга ботган, айланавериб ҳолдан тойган экан. Йиғлагандек кўз ости қаншари билан жиққа ҳўл эди.
Панжи полвон қозиқ айланиб чопаётган отнинг арқонидан ушлаб, анча яқинлашди. Жийрон худди Вали акага чарслик қилгандек тепсинди, аммо Панжи полвон ўнг қўлини кўтариб, отни тинчлантирди.
– Дррр!!! Ҳаҳ! Дррр…
Жийрон полвондан қўрқдими, бир-икки тепсинди-да, жимиди. Панжи полвон аввал унинг бўйнини силади, кейин пешанасини.
– Бечора, йиғлабди… – деди у эзилиб. Сўнг от айилини бўшатиб, Вали акага эгарни олиб келишни буюрди. Бувамданми, Полвон буваданми, «Эгарланган от ғурурли бўлади!» деган гапни эшитгандим. Жийрон энди нима қиларкин, дегандек Панжи полвоннинг ҳаракатларини жимгина кузатиб турдим. У отни эгарлади ва чирги ёпгандек қора тўнни эгар устидан ташлаб қўйди. Кейин яна от ёлини силади, «Бардам бўл!» дегандек тўн ёпилган сағрисига уриб-уриб қўйди. Жийрон бўйнини ўгириб полвонга бир қаради-да, аъзойи баданини силкиб, керишди. Пишқирди. Бу ҳолдан ҳеч қандай маъно уқмаган бўлсам-да, кузатишда давом этдим. От миннатдорчилик билдиргандек думини силкиди ва икки марта қозиқ айланиб чопди-ю, уй олдидан келаётган уввос ҳайқириққа қулоқ тутиб, яна очиқ дераза томонга тикилиб қолди. Кўзларини юмганди, ҳайратдан лол қолдим, ёноқларидан ёмғир томчисидай-томчисидай ёш қаншарига думалади.
– Бечора… – деди ҳалиям уни кузатиб турган Панжи полвон. Кейин бориб, ўз жигарбандининг кўз ёшларини артиб қўйгандек чопони этагини қайтариб, ғамзада отнинг пешанасини артди. Сўнг бўйнидан қучди. Жийрон Полвоннинг биқинига бошини тиради. Чамамда улар шундай бир-бирларига ҳамдардлик билдиришди. Худди ака-укадек, жон-жигардек…
Шундан кейин Жийрон негадир эрталабгидек пишқирмади, қозиқ айланиб чопмади, бўйнини чўзиб, эгар устидан қорнигача осилиб, икки енги пастга шалвираб турган чопонни ҳидлаб-ҳидлаб қўйди. Гўёки соҳибининг бўйини соғингандек, шижоатини қўмсагандек… Аммо тушки пайт, одамлар замбилга ўхшаш тахталик бир нарсани буванинг эшиги олдига чиқаришганда Жийрон туйқус ўзгарди. Қозиқ айланиб чопавериб, атрофни чангитиб юборди. Кишнайвериб қулоқларни қоматга келтирди. Юлқиниб ҳураётган итнинг оёқ тагини тирнаб ташлашидек ҳар сафар уй томонга қараганда олд оёқлари билан ер тирнаб, атрофига тупроқ сочди. Турган ерини ковлаб ташлади. Бир зум бўлсин тинчимади. Шунда Панжи полвон Вали акани топиб, нимадир деди. Вали ака отаси ётган уйдан эски, кир-чир, чанг билан намдан аллақачон ранги ва оҳори йўқолиб кетган пахталикни олиб чиқди. Бу – Полвон буванинг кўпкарига киядиган жандаси эди. Панжи полвон жандани кўтариб, от олдига борди ва олдинги сафаргидек «Дррр, дррр» дея Жийронни тин
члантирди. Сўнг яна ёлларини силади. Унга далда берди Тасалли берди. «Жийрон, оғир бўл…» дегандек яна бўйнига уриб-уриб қўйди. Кейин жандани отнинг бошига ўради ва енгини ияги тагидан танғиб боғлади. От бирпас жим турди, аммо уни алдашаётганини, кўзларини шамғалат қилиб, соҳибини кўрсатмасликка уринишаётганликларини сезгандек яна пишқириб, тепсина кетди. Энди қозиқ айланиб чопмади, аммо бошини гоҳ у, гоҳ бу томонга силкиди, пишқираб кишнади. Олд оёқлари билан бошига ўраб ташланган жандани тортқилади. Юлқилади.
Мен бу пайтда уй олдида, сингилчам эса ҳамон бешикда эди…
Одамлар бир қатор, қиблага қараб, тик туришибди. Олдинда кеча тунда келган саллалик чол қўлларини баланд кўтариб, нималарнидир ўқияпти. Аллоҳу акбар, Аллоҳу Акбар дейишяпти, аммо Полвон буванинг уйи олди сув сепгандек жим-жит. Фақат Жийроннинг пишқириши ва жандани тортқилаб тепсиниши эшитилади. Кейин орқада тизилишиб ўтирганлар негадир «Йўқ, йўқ…» деб чувиллашди. «Яхши одамиди…» дея ғудранишди. Яна бироз вақт ўтиб, юзларига фотиҳа тортишдилар-да, саллалик чол олдида турган, алвон рангли мато ёпилган, «замбил»га ёпишдилар ва елкама-элка қилиб, ариқ ёқасидаги йўлда турган юк машинасига қараб олиб кетишди. Улар кетишаётганда ичкарида ўтирган аёллар ташқарига отилиб чиқди ва уввос солиб йиғлаб юборишди. Бойқувват буванинг хотини Заргул момо кўк кийимига ўранганича эшикдан отилиб чиқиши билан дод солиб пастга, машина томонга чопди. Изидан қизлари, келинлари. Вали ака уларни тўхтатиб қололмади. Заргул момо одамлар орасини ёриб ўтди ва нарвонга ёпишди.
Чирқираб йиғлади. Кўкимтир азалик рўмоли бошидан сирғалиб, ерга тушди. Вали ака ердан рўмолни олди-ю, энасини қучоқлаб, тўхтатиб қолди. Момо қўлларини силкилаб, юк машинаси томонга узатиб-узатиб йиғлар, елкасидан босгудек бўлиб турган ўғлининг энсасига муштлаб-муштлаб урарди. Вали ака энасини қўйиб юбормас, елкасидан қучганча бўйнига юзини босиб, ув-ув йиғларди.
– Отам-ай, отам-ай… – дерди.
Шу пайт қозиқда юлқиниб ётган Жийрон бошидан жандани чиқариб ташлади ва бир сакрашда арқонини узиб юборди. Кишнай-кишнай буванинг деразаси ёнига борди ва ичкарига мўралади. Бўш турган каравотни кўрдими, йўқми, худди инсон каби ортига қайтди ва одамлар тўпланиб турган машина томонга чопди. Отнинг бу аҳволини кўриб йиғилганлар ёқа ушлашди. «Тавба, тавба, от ҳам инсонга шунчалик меҳр қўяркан-да…» дейишди. Жийроннинг бўшалиб кетганини кўрган Вали ака ҳам, Панжи полвон ҳам ичидан зил кетди. Панжи полвон машинадан тушиб, отни ушламоқчи бўлди, аммо Жийрон тутқич бермади. Олдидан келганни тишлагудек, ортидан келганни тепгудек ўйноқлади. Думини хода қилди, машина айланиб чопди, машинага қараб кишнади, ёл силкиди.
– Кенглар, ўраб ушлаймиз! – қичқирди Панжи полвон.
Шунда бувам машина бортидан пастга қаддини эгиб, Полвонни қайирди.
– Панжи! Қўй, барибир ушлатмайди, – деди. – Бугун унга тегманглар!
Машина юрди. Жийрон эса уйга қараб чопди ва боягидек деразадан ичкарига қаради. Бўш каравотга кўзи тушди, шекилли, яна изига қайтди ва чанг кўтариб жўнаган машина кетидан чопди…
Отамнинг айтишича, ґшанда Жийрон то қишлоқ қабристонгача машина изидан чопиб борибди. Кишнаб, зўр бериб чопа-чопа қора терга ботиб кетибди. Одамлар унинг куюнишидан, жигарбандидан айрилган она ноласидек машина изидан пишқириб чопишидан кўзларига ёш олибди. Майитни қўяётганларида ҳам от бир зумга тинмабди. Уларнинг атрофини айланиб, пишқириб юрибди. Бир неча бор яқин келиб, майитни ҳидлабди. Ер тепиб қайта-қайта кишнабди. Одамлар ортга қайтганда ҳам қабр атрофини айланиб чопибди. Қулоқларини зинкайтириб, чим босилган қабрни ҳидлабди, зиёратчидек атрофни икки-уч айланибди… Шунда:
– Нима қиламиз, Жийрон қолаверадими? – сўрабди Панжи полвон.
– Тегинма, ўзи уйга боради, – дебди бувам.
Бувам айтгандек, Жийрон кечқурун ўзи уйга қайтиб келди. Вали акага ҳам, Панжи полвонга ҳам тутқич бермай уй айланиб юрди. Дераза томонга қараб кишнаб, Бойқувват буванинг яқинлари юрак-бағрини эзиб юборди. Улар Жийронга қараб ҳам худди бувани кўргандек юм-юм йиғлашди.
Жийрон қоронғи тушганда ҳам тинмади. Уй айланиб юрди. Тутмоқчи бўлганларига ён бермади…
– Индаманглар, бўш юрсин,- деди бувам.
Ўша оқшом Жийрон алламаҳалгача уй атрофида дупур-дупур қилиб юрибди. Узиб-узиб нолали-нолали кишнабди. Ҳасратланиб, жудоликдан куйиб ётган Заргул момо ҳам, Вали ака ҳам отнинг овозини эшитиб, баттар куйибдилар, баттар эзилибдилар… Эрталаб туришса, от бува ётган хонанинг очиқ деразаси тагида ётганмиш. Вали ака югуриб келиб, отни туртиб-туртиб кўрибди, Жийрон қимирламабди…
Жийрон туни билан уйни айланиб юриб-юриб, тонг саҳар Бойқувват буванинг деразаси тагида жон берган экан. Биз ҳам бориб кўрдик. Жийроннинг кўзлари очиқ эди…
Бу воқеаларга анча йил бўлди. Ҳозир Бойқувват шамолнинг уйи чўкиб, кўримсиз бўлиб қолган, Вали ака ҳар йили уйни лойсувоқ қилади, аммо асло бузиб, ўрнига янги иморат солмайди. Бундай қилолмайди ҳам…