Бугун итингни отди, балки эртага сени ҳам отар, бунақа юмшоқкўнгил бўлиш ярамайди. Уни талтайтирма, унинг қилган иши сенинг мулкингга нисбатан очиқ-ойдин қуролли тажовуздир. Тонг саҳарда бориб керакли жойга шикоят қил. Ўшанда кўрасан, сенга қанақа ёлворишини” — деган эди оқсоқол. Яна оқсоқолнинг айтишича, бировнинг мулкига тажовуз қилишнинг жазоси ўта оғир эмиш. Бунинг устига қуролли бўлса, янаям оғирмиш. Тўппончасини олиб қўйишар, итнинг пулини тўлатишар, камида уч йилга қамоққа тиқиб қўйишлариям мумкинмиш…
Аслида оқсоқол яқинда бўладиган сайловларни ўйлаётган эди. Энг кучли рақиби Фазли эди. Фазлининг судга берилиши, қамоққа тушиши унинг фойдасига бўларди. Умуман олганда, у ҳам ҳақ эди. “Муштлаш”, дегани йўқ, “сен ҳам бориб унинг итини от”, дегани йўқ, “уйини ёқ деяётгани йўқ”, давлатга бориб шикоят қил деяпти. Аслида энг тўғри йўл шу эди. Фазлидан камида 20-30 ёш катта эди. Уришни хоҳласада, ура олмас эди. “Итга ит” деб ҳайвонни отиб ташласа, ҳайвонга жабр бўлар эди. Виждонини бир чеккага суриб қўйиб уни уйини ёқвораман деса, уйлар девордан-деворга туташиб кетганлиги учун ўзининг уйи ҳам ёниб кетиши мумкин. Энг яхшиси суд…
Қанча хоҳласанг, шунча бало қидириб топади сени… Мен шу ёшимда судларнинг эшигида кутиб ўтирадиган одамманми? Итимни нега отасан? Кўз қорачиғимдек асраб юришимни билмайсанми? Ҳеч кимга омонат сифатида қолдира олмайдиган уйимни ҳар куни тунда итимга омонат этиб қолдиришимни билмайсанми? Ит бўлгандан кейин болангни кўриб ҳурган бўлиши мумкин, нимага отасан? Келиб-келиб ҳовлимнинг ўртасида отасанми…
Автомобил йўллари қошидаги меҳрибонлик уйининг тунги қоровули — Шокир печканинг ёнида тонггача ўйланиб чиқди. Қаттиқ аччиқланганидан на чой дамлади, на туриб айланди, на ётиб ухлади. Сигаретининг бирини отиб, иккинчисини тутатди. Тонггача ўйланиб чиқди, сигарет чекди, қовоғини солди…
Кечаси билан қор ёғганлиги учун йўллар ёпилган, тонгда келиши керак бўлган ишчилар ҳали етиб келишмаган эди. “Ҳар ҳолда ўз калитлари бор, кўчада қолишмайди” — деб ичида ўйлади ва эшикларни қулфлаб қишлоққа қайтди. Одатда кеч қолишганида доим шундай қилар эди.
Ҳовлисининг эшигидан кирганида юраги зирқираб кетди. Чунки “Олабош” дастлаб қалин овози билан ёлғондан ҳурмаган, сўнгра югуриб бориб минг бир нўноқлик билан эгасини кутиб олмаган эди. Олди оёқларини кўтариб устига ташланмаган эди. Бошини, бўйнини силатмаган эди. Ҳаттоки ит бўлса ҳам ўрганиб қолган жонзотини йўқотиш оғир эди. Бунинг устига бу жонивор иккита бўйи етган қиз яшайдиган уйда кечаси қоровуллик қиладиган бўлса…
Асабий қадамлар билан уйидан чиқди.
— Нарсаларимни тайёрланглар туманга бориб келаман! — деди дағал овозда.
Қизлари, хотини унчалик рози бўлмадилар. Тонггача қор ёққан, бир тарафдан эса шамол эсар эди. 64 ёшли, ревматизми бор одам туман марказига қандай қилиб етиб боради, етиб борса қандай қилиб қайтиб келади?…
— Бугун бормасангиз бўлар эди ота, — деди қизларидан бири.
— Нега экан? Қилган иши унга фойда бўлсин шундайми? — деди Шокир.
Ҳамма жим бўлди. Тезда тайёргарликлар бошлаб юборилди. Қизларидан бири онасининг қулфи бузилган сандиғидан кийимларини, иккинчиси эса палтосини, камзулини олди, нам тортган пайпоқларини ечди, илиқ сувда таҳорат олдирди, жойнАмозни ёзиб берди. Хотини дастурхон тузади.
Шокирнинг бомдод номозини ўқиб бўлиб дастурхонга ўтириши, кўчага киядиган кийимларини алмаштириб қўлида таёқ билан йўлга тушишига ярим соат ҳам кетмади.
Қишлоқдан узоқлашган сари шамол пасаяр, қор ёғиши секинлашар эди. Оёқлари нам бўлган бўлсада ҳали совқотмаган эди. Тиззаларида оғриқ ҳам йўқ эди. “Ҳаммаси яхши”, деди ичида. Тўхтади. Таёғини қорга санчиб, иккала қўли билан сигарет қидира бошлади. Камзулининг ички чўнтагидан топган ярим қути сигаретидан биттасини олиб, лабига қистириб чўнтагидан чақмоғини қидирди, лекин у йўқ. Кийимини алмаштираётганида эсидан чиқиб қолган эди. Юраги сиқилди. Сигаретини ғижимлаб отди. Юзини, оғзини, қулоқларини беркитди, таёғини олиб юришда давом этди. Шу пайт анча пасайиб қолган бўроннинг заиф шитирлаши ичидан отнинг кишнаган овози қулоққа чалинди. Орқасига қайрилиб қаради. Нотўғри эшитмаган эди. Орқасидан бир отлиқ келар эди. Кўзлари кулди. “Албатта олови бордир” — деб ўйлаб янги сигарет чиқарди. Йўл четига чиқиб отлиқни кута бошлади.
Отлиқ етарлича яқинлашгач, Шокирнинг кўзларидан қувонч йўқолди. Нигоҳлари тундлашди. Қошлари чимирилди. Бутунлай қовоғини солиб олди. Келиб-келиб кечаси Олабошни отган одамдан олов сўрамармиди энди. Сигаретни ерга улоқтирди. Ўтиб кетаркан бошини бошқа томонга бурди.
— Ассалому алайкум, Шокир амаки…
Фазли рўпарасига келганда салом берган эди. Бошини буриб алик олмади. Аммо ичида алик олган эди. Салом Аллоҳники. Тўхтаб гаплашмаслиги, жавоб бермаслигини аниқ билганида эди, очиқчасига алик олган бўларди.
Озгина узоқлашгунча кутди. Сўнгра қайта йўлга тушди.
— Тавба… Бу одам қаерга кетяпти? Мени авраб орқамга қайтариш учун келдими? Ёки унинг устидан шикоят қилиш учун кетаётганимдан хабари йўқми?.. От дегани аслида мана шундай бўлиши керак… Тизза бўйи қорни назарга илмай кетаяпти. Уни-буни қўй, бу одам қаерга кетяпти? Ёки у ҳам менинг устимдан шикоят қилмоқчими?..
Хаёллари ўзига сафсатадек туюлди. “Қаерга борса борсин менга нима? Мендан нима деб шикоят ҳам қиларди? Унинг эмас менинг ҳовлимдаги ит отилган”.
Анчагина узоқлашган бўлишига қарамасдан димоғига ҳалигача сигарет ҳиди келар эди. “Қандай чиройли тутаяпти”, — деб ўйлади ичида. Яқин бўлганида қишлоққа қайтиб чақмоғини олиб келар эди. Шунча йўлни босиб ўтгандан кейин энди қандай қайтсин? Сабр қилишдан бошқа чора йўқ эди. Эҳ кўр бўлмай кет… Шошиб қилинган иш-да, бир бурчакларда ётгандир. Шундай узоқ йўлни сигаретсиз босиб ўтиб бўлармиди? Начора, юрасан…
Отнинг изларини босиб-босиб юрар экан, бу сафар Фазлининг у томонга келаётганини кўрди. У ортига қайтар эди. Қўрқди. “Бу нима? У томонга от солдириб келар эди. Ёмон нияти борми? Ёки урмоқчими? Мажбурлаб орқага қайтармоқчими? Қандай ниятда эканлиги аниқ эмас, тайёр туриш керак…”
Таёғини маҳкам ушлаб йўлнинг ўртасига тураверди. Озгина ёмон нияти борлигини сезиши билан бошига туширишни хаёлидан ўтказди. Уришганда “биринчи зарба бериш” кераклигини билар эди. Қари бўлса ҳам, бу мавзуларда озгина тажрибаси бор эди. Қўрқуви жасоратга айланди.
Фазли анча яқинлашганда тизгинини тортиб отини тўхтатди. Лаблари орасида яна сигарет бор эди. Унинг ҳиди яна димоғини қитиқлади.
Фазли отдан тушди. Тизгинни қўлига олиб икки қадам яқинлашди. Яна бир қадам яқинлашса, бошига таёқ ер эди. Яқинлашмади. Оғзидаги сигарет қолдиғини қорга ташлади. Сигарет қолдиғи жиз этиб ўчар экан, Шокирнинг юраги ҳам жиз этди. Бу сигарет қолдиғи билан сигаретини ёқиб олиши мумкин эди. Аммо энди у ўчиб бўлди.
— Шокир амаки, — деди, — мени нотўғри тушунма, сенга битта таклифим бор.
Шокир таёғининг учини ерга туширди. “Даъвойингдан воз кеч, итингни тўлайман” — дейишини кутди. Ва тезда “йўқ” дейишга шайланди. Қорда шунча қийналиб бекорга йўл юргани йўқ. Энди уни ҳеч ким ўз фикридан воз кечтира олмайди. Ўйлаган ишини қилиши аниқ эди. Шундай бўлса ҳам сўради:
— Нима таклифинг бор?
— Отга сен мин…
Тўғриси ҳайрон қолди. Бундай таклиф олишини кутмаган эди. Унинг устидан кулмаётганлигини билиш учун Фазлининг юзига эътибор бериб қаради. Йўқ, юзида унақа нарса кўрмади. У Шокирнинг қаерга кетаётганидан хабари йўқ бўлиши мумкин эди.
— Мен сени устингдан шикоят қилиш учун кетяпман, — деди.
— Биламан, — деди Фазли.
Энди ҳайрати янада ошди. Буни билиб туриб нега бунақа таклиф айтяпти? Бошқа бирорта фикри ёки ҳисоби бормикин? Ёки қишлоқ раиси Мухторнинг гаплари секин аста тўғри чиқяптими? “Отга сен мин” — дейишдан мақсади унга ёлвориш эмасми?..
— Устидан шикоят қилмоқчи бўлганим одамнинг отига минмайман, оёғим бор, сен йўлингдан қолма, — деди бироз асабийлашиб.
Фазли кулимсиради:
— Мен бошидан айтдим, агар нотўғри тушунадиган бўлсанг мен йўқман. Отимга миниб йўлимда давом этаман. Шикоят қилиш ёки қилмаслик масаласи эмас бу. Бир девор қўшнимизсиз, ёшингиз улуғ. Тузингизни тотганман. Шарифа холам болаликда кўп яхшиликлар қилди. Онам бирор жойга борадиган бўлсалар, мени доим Шарифа холага ташлаб кетар эдилар. Қўшнининг қўшнида ҳаққи бўлмайдими, менда кўп ҳақларингиз бор. Виждонсизлик қилиб ўтиб кета олмайман. Келинг, шу отга мининг ва ишингиз битириб бўлиб қайтиб берасиз.
Шокирнинг юрагида Фазлига нисбатан ғалати туйғулар пайдо бўла бошлади. Ростдан ҳам шу эшитганлари Фазлининг ичидан чиқяптими? Дунё шунчалик ўзгаряптики, тўғрироғи чирияптики, инсон ҳар доим ҳиссиётли онларда ҳам кўнгли билан эмас, ақли билан ҳаракат қилишга мажбур бўлиб қоляпти. Мантиқий фикр деб аталадиган инсон онгига сингган шубҳа, кўпинча инсон билан яхшиликлар орасида бир пардадан, бир девордан бошқа нарса эмас эди. Тунги навбатчи Шокирнинг кўнгли Фазлининг энг чиройли туйғулар билан ёрдам бермоқчи эканлигига юз фоиз ишончи комил эди. Ақли “ажабо” деяётган эди. “Бирор ёмон нияти, нозик ҳисоб-китоби бўлмайдими?”
— Мақсадинг мени орқага қайтаришми? — деб сўради.
Фазлининг юзи бирданига ўзгарди.
— Йўўқ. унақа ниятим умуман йўқ. Суд залидан қўрқадиганлардан эмасман. Унинг устига қўрқадиган нарсам ҳам йўқ. Тўппончамнинг рухсатномаси бор, ололмайдилар. Сўнгра, итингиз болани қандай қувлаганини ҳамма кўрди. Қилган ишим ўзини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Балки тўлатишса керак, бунга тайёрман. Шарифа холамга: “Хоҳласаларинг пулини берай, хоҳласаларинг меникидан биттасини олинглар” — дедим кеча оқшомда. Меҳрибонлик уйига кетган бўлсангиз фурсат топиб айта олмаган бўлса керак ҳарҳолда… Майли… Модомики ният қилиб йўлга чиқдингиз, нима ҳам дея оламан? “Сен ҳам уни устидан шикоят қилмасанг айбдор бўлиб қоласан”, — дейишди. Мен ҳам шикоят қилгани кетяпман. Албатта ҳар ким ҳаққини талаб қилади. Буларнинг бари бошқа, менинг таклифим бошқа..
— Ол, шу отга мин. Сен қорда юрадиган бўлсанг мен отда кета олмайман. Ол!…
Чин юракдан, дўстона гапирар эдики, таъсирланмаслик мумкин эмас эди. Кечқурун қоровулликда турадиган Шокир: “Шу бола шу кунгача менга ёмонлик қилдими?” — деб ўйлади. Топа олмади. Аллоҳдан қўрқар эди, қилди дея олмас эди. Ҳамда олтита қиз катта қилди, тўрттасини турмушга узатди, бирортасига ёмон кўз билан қараганини билмас эди. На Фазлидан, на Аллоҳ раҳмат қилгур отасидан бирорта ёмонлик кўрмаган эди. Ёмонлик уёқда турсин, отасидан жуда кўп яхшилик кўрган эди. Ҳурматга сазовор одам эди. ҳеч кимга эҳтиёжи йўқ эди, сўзлари эътиборга олинар эди. Бошига иш тушиб қолса эшигини тақиллатиб бормасмиди?…
Хаёллари чувалашиб кетди. Фақат Фазлини отида бориб шикоят қилишини тасаввур қила олмади. Одамларга нима дейди? Шунақаси ҳам бўладими? Аммо илтимос қилар эди. Минсамикин?…
Хаёлига сигарет келди. Битта чекиб олса, балки янаям яхши ўйлай олар эди. Қандай ёмон шу тирякилик…
Сигаретини олди.
— Бошимни айлантириб юбординг сен бола, шу чақмоғингни узатчи.
Фазли чақмоғини берди.
Шокир сигаретини ёқиб, бир икки чуқур нафас олганидан сўнгра чақмоғини қайтариб берди. Бошини кўтармасдан сигаретни чекиб тугатди. Орқасидан яна битта чекди. Секин-аста бошини кўтарди.
— Биласан, мен йигитлигимда ит боқмас эдим Фазли. Давлатим йўқ, молим йўқ, менга ит боқиш нимага керак? Битта кичкина ит етар эди, ортиқча нарса керак эмас эди. Аммо шу ёшда кечки қоровулликка ишга кирдим. Кеч тушгач, хотиним, қизларимни ташлаб чиқиб кетаман. Уйим эркаксиз қолар эди. Ҳар оқшом уйимни аввало Аллоҳга, сўнгра сен отган итга омонат қолдирардим. Кечки пайт ечворар, эрталаб келиб боғлаб қўяр эдим. Чириб кетганмиди, билмайман кеча занжири узилиб кетибди. Айтиб беришди Саби қизингни яхшигина қўрқитибди, кийимларини озгина йиртибди ҳам… Бола доғини, бола севгисини нима эканлигини яхши биламан. Шундай бўлса ҳам отмаслигинг керак эди. Мени отсанг ҳам итни отмаслигинг керак эди.
— Болани унақа аҳволда кўриб чидаб тура олмадим. Аслини олганда ўзим ҳам пушаймонман, — деди Фазли.
Шокир учинчи сигаретни ёқди. Фазлининг юзига яхшилаб қаради.
— Нима қиламиз? Бўлар иш бўлди. Кўриб турибман, яхшиликда отангдан қолишмайсан. Сени устингдан шикоят қилишга кетаётганимни билган ҳолингда, ёшимни ҳурмат қилиб отингни бердинг. Юрагимни энг нозик жойидан ушладинг. Қиламан деган ишимдан биринчи марта воз кечяпман. Қани, қишлоққа қайтайлик, — деди.
Фазли энди нима қилишини билмай қолди, на севинишини, на хафа бўлишини билмас эди. Отни етаклаб Шокир амакининг орқасидан қишлоққа қараб юрди.
Йўлда ҳаммасини янаям тўлиқроқ гаплашиб олдилар. Қишлоққа кирганларида ит мавзуси ёпилган, бошқа мавзуга ўтган эдилар. Шокир билан Фазлининг ёнма-ён, кулиб қайтаётганини кўрган воқеадан хабари бор қаҳвахонадаги қизиқувчилар деразани очиб, эшикдан ташқарига югурдилар. Улардан бири сўради:
— Оғалар, суд иши нима бўлди?
Фазли ҳеч нарса демади. Ёнида катта одам бўлганда гапириш унинг учун одобсизлик саналарди.
Шокир амаки бўйнини букди. Тушунарсиз кулимсиради.
— Нима бўларди. Оқландик, — деди.
Турк тилидан Муҳаммадамин Тўхлиев таржимаси