Аброр Мухтор Алий 1976 йили Наманган вилояти Чуст тумани Каркидон қишлоғида туғилган. 1992 йил ўрта мактабни битириб, Андижонда “Абдуссалом Махдум” мадрасасида тайёрлов курсида ўқиган. 1996 йилда Андижондаги “Саййид Муҳйиддин Маҳдум” мадрасасида тайёрлов курсида таҳсил олган. 1998‑2000 йилларда Намангандаги “Мулла Қирғиз” мадрасида ўқиган. 2000-2008 йилларда Имом Бухорий номидаги Ислом институтида таҳсил олган.
2008 йили Республика қорилар мусобақасида иштирок этиб, «мужаввид қорилар» йўналиши бўйича 3-ўринни олган. 2008 йил Ғазалкент шаҳрининг жомеъ-масжидида имом хатиблик қилган. 2008-2009 йилда Урганч шаҳридаги «Фахриддин ар-Розий» мадрасасида мударрислик қилган. 2009-2011 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Олий журналистика курсларида таҳсил олиб, магистрлик даражасини олган.
Изуддин Байянунийнинг «Таҳорат ва намоз ҳукмлари» номли китобини ўзбек тилига таржима қилган. “Олтин силсила” ҳадислар тўплами таржимонларидан бири.
— Инсоннинг энг беғубор, шу билан биргаликда масъулиятли даврларидан бири ҳам – ёшликдир. Зеро, айнан шу даврдаги ҳаракатлар инсоннинг келажагига ишора қилади. Ёшлик даврларингиз, ўша пайтдаги интилишларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Алҳамдулиллаҳ, ассолату вассаламу ала росулиллаҳ ва баъд. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳу таъала ва барокатуҳ.
Ёшлик йилларим даҳрий тузумнинг энг қайнаган даврига тўғри келган. 6 ёшимдан мактабга борганман. Адабиёт, маданият ва сиёсатга қизиқадиган оилада катта бўлганим учун болаликдан китобга меҳр қўйдим. Уйимизда кўпинча маърифий ва бадиий асарлар ўқиларди, тонггача китобхонлик, адабий баҳслар бўларди. Бизнинг тилимиз шеърият билан чиққан. Гарчи маъноларига яхши тушунмаган бўлсам-да 7 ёшимда ўша пайтда жуда машҳур бўлган Абдулла Ориповнинг “Йиллар армони” китобидаги 60-70 фоиз шеърларни ёд олгандим. Дадам зеҳнни ўстириш учун кўп шеър ёдлатардилар, жаҳон адабиётидан Эрнест Хемингуэй, Проспер Мериме, Габриэль Гарсиа Маркес каби машҳур ижодкорларнинг асарларини ўқиб берардилар. Мактабда ҳам аъло баҳоларга ўқидим.
Бувим қишлоқнинг отин ойиси эдилар. Дастлабки диний таълимни бувимдан олганман. “Қоидаи Бағдодий”дан саводимни чиқарганлар, Сўфи Оллоёр раҳимаҳуллоҳнинг “Саботул Ожизин” асарини, Аҳмад Яссавий раҳимаҳуллоҳнинг “Ҳикматлар”ини ёдлашимда туртки бўлганлар.
— Албатта фарзанднинг ҳам маънан, ҳам жисмонан етук етук инсон бўлиб вояга етишида оиланинг, ота-онанинг ўрни беқиёс. Оилангиз ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз. Шу ўринда оилада фарзанд тарбияси ҳақида қандай тавсиялар бера оласиз?
— Дадам деҳқончилик билан шуғулланган бўлсалар-да, адабиёт, журналистикага жуда қизиқардилар, шу соҳада таълим олишни орзу қилардилар. У кишининг орзулари менда ушалди, шекилли, журналистика соҳасида ўқидим, адабиётни ҳам ўргандим. Онам ҳам доим ҳалолдан касб қилиш ҳақида таълим берардилар. Сўфи Оллоёрдан байтларни шарҳлаб, ёдлатардилар.
Аллоҳга шукр, 7 фарзандимиз бор, 2 қиз, 5 ўғил. Ўғилларимизнинг барчаси исми Муҳаммад билан бошланади: Муҳаммад Амин, Муҳаммад Содиқ, Муҳаммад Нур, Муҳаммад Тоҳа, Муҳаммад Закий. Аллоҳ уларнинг умрларини зиёда қилиб, илмга хизмат қиладиганлардан қилсин. Уларни ҳам ота-онамиз бизни тарбиялаганлари каби китобга муҳаббатли қилиб вояга етказишга ҳаракат қиляпмиз.
Фарзанд тарбияси борасида китобларда ёзилишича, уларга энг аввало ҳалол луқма егизиш керак. Фарзандингиз кимга ўхшашишини хоҳласангиз, ўша кишиларни ҳурмат қилишингиз керак. Ўғлингиз аҳли илм бўлишини истайсизми — олимларни ҳурмат қилинг, хизматини қилинг, дуосини олинг. Шундагина сизнинг фарзандингиз ҳам олим бўлади. Тарих китобларида ёзилишича, олимларни сўккан, ҳурмат қилмаган инсонларнинг зурриёдидан золимлар, ақли калталар чиққан. Аллоҳ асрасин.
— Сизни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг шогирди сифатида яхши биламиз. Марҳум ҳазратнинг устоз ва мураббий сифатида фазилатлари қандай эди? Ҳар хил ҳолат бўлади. Баъзан дарсни ўзлаштиролмай қолган пайтларингиз бўлади. Шу ҳолатда Шайх қандай йўл тутардилар. Умуман устоз-шогирдлик жараёнида қандай қизиқ воқеалар бўлган?
— Аллоҳ таоло устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳни раҳматига олган бўлсин. Мен Андижон, Наманган ва Тошкентда ҳам кўп устозлардан таълим олдим. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин. Улар орасида Шайх ҳазратларининг менга таъсирлари жуда катта бўлган. У киши таълим жараёнида ҳеч қачон дакки бермасдилар. Хато қилсак ҳам кечирардилар. Иш бор жойда албатта хато ҳам бўлади, дердилар. То хатомизни англаб етгунча сабр қилардилар. Шундан сўнггина муқобилини кўрсатардилар.
Кўпинча менинг аҳли бидъатларга қарши фаолиятимни танқид қилишади. Лекин Шайх ҳазратлари кимдир уларга асосли жавоб бериши шартлигини таъкидлардилар. Ҳар бир давлатнинг мудофаа вазирлиги бўлгани каби жамиятни мана шундай ғояларга қарши мудофаа этиб турилмаса, уларнинг таъсир доираси ошиб, ҳали диний эътиқоди, ақидаси шаклланмаган ёшлар уларнинг таъсирига берилиб қолиши ҳақиқат. Бошқа юртларда ҳам бунинг оқибатини кўрдик. Мана шундай ботил ақидалар таъсирига тушиб қолган ёшлар бутун бир мамлакатларнинг бошига бало бўлдилар.
Шайх ҳазратлари бизни ҳеч қачон бўш қолдирмасдилар. Сал ишимиз камайса шахсий электрон қутимизга таржима учун мақолалар, китоблар ташлардилар, маълум масаланинг жавобини топинглар деб топшириқ берардилар, баъзи ҳадисларнинг аслини топишни, ўрганишни таъкидлардилар.
Ҳазрат жуда ҳам закий, юксак фаросатли инсон эдилар. Воқеликни жуда яхши англардилар. 2001 йили илк хатмга ўтганимда орқамдан бир киши нотўғри луқма бериб, мени адаштирмоқчи бўлаверди. Унинг мақсади мени хатмга ўтказмаслик эканини англадим. Вазиятни Ҳазратга тушунтирдим. Шайх индамадилар. Бир тўй мажлисида Шайх ҳазратлари ажойиб усул қўлладилар. Одатда мажлисларда ҳамма Ҳазратнинг оғизларига қараб турар, мени гапирармикинлар деб кутар эди. Чунки Шайхнинг бир нигоҳлари, мақтовлари ҳам обрў бўлиб, номи айтилган киши ҳам ҳурматга сазовор бўларди. Мен тўйда чой ташиб юрардим. Мажлисда мени адаштирмоқчи бўлган одам ҳам бор эди. Шунда ҳазрат менга қараб: “Аброр домла, фалончини фалон жойда кўрдингизми? Ўша одам ҳақида нима дейсиз?” дедилар. Ҳайрон қолдим. Ҳазрат айтган одамни ҳам танимайман. У жойда бўлганимни ҳам эслолмайман. Лекин Ҳазрат номимни айтиб, мендан фикр сўрагани учун ҳамма менга ҳавас билан қаради. Бунинг ҳикматини кейин билдим. Шом намозига турдик. Ҳазрат менга азон айтишни буюрдилар. Намоздан кейин адаштирган ҳалиги одам келиб, мени қаттиқ бағрига босди. Билишимча, ҳалиги одамга Ҳазрат мени яқин олишларини шу услубда билдириб қўйдилар. Бу ҳодисанинг асл маъносини Ҳазрат, мен ва ўша мени хатмда адаштирмоқчи бўлган кишигина биларди холос. Шайх шу дақиқ усул билан бизни яраштирган, ҳалиги кишининг қалбида ҳам менга нисбатан илиқликни уйғотиб қўйган эдилар.
— Мана, Аллоҳга ҳамдларки, Рамазон ойини ҳам бошлаб олдик. Ғанимат кунларни кўнгилдагидек ўтказиш учун қандай маслаҳатлар бера оласиз?
— Рамазон ойи барчаларимизга муборак бўлсин! Аллоҳ таоло бу ойни баракотли, файзли, футуҳли қилсин!
Рамазон ойида Ислом тарихида энг катта футуҳотларга эришилган. Бу ойда Қуръони карим нозил бўлган, Бадрда ғалаба қозонилган, Макка фатҳ этилган, Салоҳиддин Айюбий Қуддусни фатҳ этган.
Табароний ривоят қилган ҳасан-саҳиҳ ҳадисда шундай дейилади:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарила туриб: “Омин! Омин! Омин!” дедилар.
“Эй Аллоҳнинг Росули! Минбарга кўтарила туриб: “Омин! Омин! Омин!” дедингиза?” дейилди. Шунда у зот: “Олдимга Жибрил келиб: “Ким Рамазон ойини топсаю ва мағфират қилинмасдан жаҳаннамга кирса Аллоҳ уни хор қилсин! Сиз: “Омин!” денг!” деди. Мен: “Омин!” дедим.
“Ким ота онасини (кексалик чоғида) топса ва уларга яхшилик қилмай ўлсаю, жаҳаннамга кирса Аллоҳ уни хор қилсин! Сиз: “Омин!” денг!” деди. Мен: “Омин!” дедим.
“Кимнинг олдида сиз зикр қилинсангиз, сизга салавот айтмаса, кейин ўлиб жаҳаннамга кирса Аллоҳ уни хор қилсин! Сиз: “Омин!” денг!” деди. Мен: “Омин!” дедим”, дедилар”.
Рамазон ойида мағфиратга эришиш ҳудди ота-онага яхшилик қилиш билан жаннатга киришга тенглаштирилмоқда. Рамазон шундай ойки, ундан мағфират қилинмай чиқиб кетиш бадбахтликдир.
Бу ойни ҳар бир киши китобхонлик ойига айлантириши керак: Қуръон ўқиш керак, ҳадисларни ўрганиш керак, икки дунёмизга фойдали китобларни мутолаа қилиш керак. Китобларимизда бу ойнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, кундузлари соим, кечалари қоим бўлиб, таровеҳ, таҳажжуд ибодатларини адо этиш, илмий суҳбатларда иштирок этиш билан ўтказиш тавсия этилади.
— Рамазон – эҳсон ва садақотлар ойи. Лекин ҳамма ҳам ушбу молиявий ибодатни кимга қилишни билмайди. Бугунги кун воқеликларидан келиб чиқиб, хайр ва эҳсонларни кимга берган маъқул?
— Шариатда садақа, хайр ва эҳсоннинг ўз истилоҳлари бор. Рамазон ойида қилинган ишларнинг савоби 10 баравардан 700 бараваргача ва ундан ортиқ бўлиши эътиборидан бу ойда хайр-садақа ва закотни бериш фазилатлидир. Лекин баъзи уламолар закотни фақатгина Рамазонга боғлаб қўйишни маъқул кўрмайдилар. Чунки Рамазондан бошқа ойларда ҳам фақирлар закотга муҳтож бўлади.
Хайр‑эҳсонга энг ҳақдор тоифа кишининг ўз яқинларидир. Закотни оила ва ота-онага берилмайди. Лекин опа-сингил, ака-ука, амма-хола, тоға-амакилар, қўшниларга бериш афзал.
Эҳсон маъносида Пайғамбар алайҳиссалом: “Кишининг инфоқ қилишга энг ҳақлиси ўзига қилганидир” деб марҳамат қилганлар. “Ўзи” деганда ўзи, хотини, бола-чақалари ҳам тушунилади. Ҳар бир инсон ўзини ўзи тўйдириб, муҳтожликдан олиб чиқса, жамиятда камбағал қолмайди.
Шунингдек, ушбу ойда камбағалларга ифторлик, сахарлик қилиб бериш, бева-бечора, кексалар ҳолидан хабар олиш фазилатли амаллардан.
— Анъанавий саволимиз — китобхонлик ҳақида. Ўзингиз ёқтирган ва бошқаларга ҳам албатта ўқишни тавсия этадиган 3 та китобни айтсангиз.
— 3 та китоб билан кифояланиш жуда қийин. Ўзбек китобхони Навоийдан албатта ўқиши керак. Ҳеч бўлмаса “Муножот”ни, “Қирқ ҳадис”ни ўқиш керак. “Хамса”ни ўқиб, маъносини уқилса, нур устига нур.
Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлари”ни албатта ўқиш керак. Мен бу асарни ўқишдан чўчиб тураман. Чунки агар 1-2 саҳифа ўқисам, тугатмагунча кўнглим жойига тушмайди. 15 марта ўқиб чиққанман. Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”и ҳам бадиий савияси юксак асарлардан. Фитратнинг шеърият ҳақидаги “Вазн” китоби ҳам менга катта таъсир қилган.
Ўзим Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов шеърларини маза қилиб ўқийман.
Пушкиннинг “Капитан қизи” асарини тавсия қиламан. Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” эпопеясини, Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” романини, Хемингуэйнинг “Чол ва денгиз” қиссасини, Маркеснинг “Ёлғизликнинг юз йили” романини ўқиш керак.
Машҳур турк адиби Нажиб Фозилни тавсия қиламан. Нажиб Фозил туркий миллатлар фикрий дунёсини оширишга катта ҳисса қўшган.
Фикрий иммунитет бўлмай туриб, фалсафани ўқишда эҳтиёт бўлиш керак. Фалсафа борасида аввало “Иҳёу улумид-дин” муаллифи Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Таҳафутул фаласифа” (“Фалсафанинг аҳмоқликлари”) асарини ўқишни тавсия қиламан. Афсус ҳали ўзбек тилига таржима қилинмаган. Бунда муаллиф фалсафани 8 турга ажратиб, унинг ҳақиқий таърифини берган. Бу асарни ўқиган киши Фрейд, Кант, Нитше фалсафаларини таҳлил қила олади.
— Ўзингиз шахсий кутубхона юритасизми?
— Китобга муҳаббат ёшликдан бўлгани учун албатта шахсий кутубхонамни бойитиб борганман. Мусофирчилик кўч-кўчларида ҳамма нарсам қолса ҳам китобларимни кўтариб юрганман.
Шахсий кутубхонамда Шайх ҳазратларининг китоблари, “Олтин силсила” ҳадис тўпламлари, аҳли сунна вал жамоа ақидаси ва фиқҳга оид китоблар, Навоий асарлари, бир қанча бадиий ва илмий китоблар жамланган.
Ота-оналар фарзандларига ҳар хил нарсалардан кўра, китоб совға қилишлари, ҳар бири учун алоҳида китоб жавони ташкил этиб, “Бу сенинг кутубхонанг, буни мана бу китоб билан бойит, мана бунисини албатта ўқиб чиқ. Ўқиганингни бир томонда, ҳали ўқимаганларингни бошқа томонда тахлагин” деб маслаҳат беришлари керак.
Шахсий кутубхона инсон маънавий камолотининг энг катта манбаларидан биридир.
Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди