1
“Амальгама!..”
Хаёллар оламининг узоқ гўшасида қолиб кетган, мазмуни ҳам, моҳияти ҳам нотаниш бу сўз кўксимга афсонавий эликсирдай қуйилиб, вужудимни ҳиссиётларга тўлдириб, ёқимли аллалаб турган илоҳий неъмат.
Амальгама деганим ана шу.
Фақат шунинг ўзигина эмас. Қишлоқнинг ой бус-бутун ёритган сокин ва соҳир кечалари ва кўчалари, йўл бўйида қалашиб ётган туятошлар, харобгина қишлоқ кутубхонаси ва тупроқ томли бир уй… ҳаммаси ана шу биргина сўзда мужассам. Мен узоқ йиллар амальгаманинг сеҳрига лол бўлиб яшадим. Унга бутун вужудим билан интилдим ва ундан қочдим. Ҳар иккала ҳолатнинг ҳам сабаби бор.
2
Ўн уч ёшда эдим ўшанда.
Қишки таътилдан кейин ўн беш кун мактабга бормадим. Январь совуқ келди. Қор, қиров, томлар бўғотида шўша. Дераза шишаларида пальмаларнинг ғаройиб сурати. Сувнинг, шамолнинг, ҳавонинг ва инсон хаёлларининг изи. Эрталабки қуёш деразага чизилган суратларни илиқ нурлари билан юва бошлаганда кутубхонага йўл олдим. Иссиққина хонада Назира опа нималарнидир ёзиб ўтирарди. Бурчакда ўзича гувранаётган ва ўз юмушини бажараётган тунука печдан олов ҳарорати билан бирга енгилгина керосин ҳиди таралади. Жавондаги китобларга кўз югуртирарканман, кутубхона эшиги очилганини ва кимдир кириб келганини пайқадим. Бу Розия эди! Ортимга ўгирилиб қарамасдан ва ҳали қизгина кутубхоначи опа балан саломлашишга улгурмасдан буни пайқаган эдим. Шу лаҳзада Назира опа қизни сўроққа тутди:
– Ўқидингми?
– Ҳимм, – жавоб қилди қизалоқ.
– Тушундингми?
– Битта сўзни тушунмадим.
– Қандай сўз экан?
– Амаль…
Мен ўгирилиб қараб Розиянинг алвондек қизариб кетганини ва ҳадеб бошидаги мунчоқли дўпписини тўғрилаб кийишга уринаётганини кўрдим. Қиз бироз сукут қилди ва ниҳоят сўзнинг давомини топди:
– Амальгама…
Розия бу сўзни жуда чиройли қилиб, “л” ҳарфини айтаётганда тилини “тўшаб”, яъни тилини пастки тишларига босиб талаффуз қилди. Мен ҳам ичимда қайта-қайта айтиб кўрдим. “Амальгама, амальгама…”
– Бу бир қизнинг номи.
Кутубхоначи опа айтган бу гапнинг ёлғонлигини мен узоқ йиллар билмадим. Ўша куни Розия топширган китобни мен ёздириб олдим. Агар янглишмасам, бу Лев Кассиль деган ёзувчининг “Менинг азиз ўғлонларим” деган китоби эди. Кутубхонадан чиқиб йўлга қарадим. Розия кўринмади. Уйга келиб китобни варақлашга тушдим. Мен китоб варақларидан уни, Розиянинг ўзини излардим.
3
Йиллар ўтиб, ёшимизга ёш қўшилган сайин журъатим камайиб борарди. Кейинчалик ҳаётимни таҳлил этиб кўриб, бахтсизлигимга ана шу журъатсизлигим, журъатсизлигимга эса, ҳалиги дардим сабаб бўлганлигини англадим. Ҳаётдаги асосий эрмагим – ўтин ёриш. Бу ҳам Розияга бориб боғланарди. Баҳайбат тўнкалар – девлар. Улар Розияни ўғирлаб кетишган. Мен эса девларни енгиб, уни қутқазиш мақсадида эртадан кечгача болта урардим. Натижада тўққизинчи синфларга бориб пайлари бақувватгина йигитчага айландим. Лекин журъатсизлигим заррача камаймади. Ҳар йил ёз ойлари буғдой ўримига чиқардик. Ўша пайтларда хўжаликнинг асосий ишчи кучи ўсмирлар эди.
Бир куни даладан Розия билан бирга қайтдик. Аёллар анча олислаб кетишган. Ҳадемай улар қир ортига ўтиб кўздан пана бўлишди. Розия билан иккаламиз ёлғиз. Нима учундир у шошилмаяпти. Қуёш ҳали ботмаган. Буғдой ғарамлари устига бостириб келаётган тепаликлар сояси ўркач-ўркач туяларга ўхшайди. Гўё ҳамма нарса йириклашиб бораётгандай. Пастликда камбаргина сайҳонлик бор. Ногоҳ Розия йўлни шу томонга бурди. Юрагим така-пука бўлиб ортидан юрдим. Қизгина сув ювган ғалдир бўйига ўтирди-да, лозимининг жиякларига ёпишган сертикан риндак ва чакамуғ уруғларини авайлаб битта-битта тера бошлади. Мен орқароқда ўтирар, унинг отнинг ёлидек қалин, қаттиқ ва қоп-қора сочидан кўзимни узмасдим. Кейин у оёғини мен томон узатди ва “анавини ол” деди юзидаги ранж ифодаси билан пойчасига ишора қилиб. Измагининг попугига ёпишган риндак уруғларини ажратиб олиш осон кечмади. Розия афтидан менга осон бўлсин деб лозимини бироз юқорироқ кўтарди. Унинг тўпиғидан юқориси оппоқ эди… майин ва сийрак қора туклар билан қопланган эди… Мен бу “манзара”га қарамасликка интилиб риндак ва чакамуғлар билан узоқ олишдим. Бармоқларим шилиниб, қонаб кетди. Риндакнинг пўлат симдек қаттиқ, қавссимон уруғлари ёпишган жойидан ажралишни сира истамасди. Лаънатилар измак попугига ўраниб, шу қадар маҳкам ёпишиб ётардики, уларни қўл билан ажратиб олишнинг сира имкони йўқ эди. Шунда мен тишларимни ишга солдим. Энгашиб мустаҳкам тугунга айланган ипак попукни бор кучим билан тишлаб торта бошладим. Лабларим оёқларининг тукларига тегиб қитиғини келтирардими ёки бошқа бир сабабданми, Розия қиқирлаб куларди. Ниҳоят, мен риндак устидан ғалаба қилдим, лабларимнинг қонига бўялган попукни кафтимга қўйиб эгасига узатарканман, бошимни кўтариб мағрур бир қиёфада унга қарадим. Аслида буни ғурур деб ҳам бўлмасди. Кейинроқ қонли тугунчани тишлаб турган ўша ҳолатимни қайта-қайта кўз ўнгимдан ўтказарканман, қонли лабларим, зўриқишдан қизариб кетган кўзларим ва юзимдаги важоҳатли ифода билан қизнинг кўзига қандайдир даррандага ўхшаб кўринган бўлсам керак деган хулосага келдим.
…Розиянинг кулгиси тинди. Унинг кўзларидаги ифодани ўша лаҳзада тушунишга ожиз эдим. Бир нафас менга жимгина тикилиб турди-да, сира кутилмаганда “сен шоир бўласан” деди ва гўё менинг борлигимни ҳам унутгандай индамай йўлга тушди. Биз олдинма-кейин жимгина юриб қишлоққа қайтдик.
4
Орадан бир йил ўтди. Куз. Дов-дарахтлар заъфарон рангда. Бу фасл менга касалманд қиз қиёфасида намоён бўлиб, юрагимда мунгли ҳиссиётлар уйғотади. Розияни қўмсаб хазонрез боғларда кезардим. Қизиқ ҳолат: мен қизнинг ўзидан кўра у ҳақда хаёл суришни кўпроқ севардим. Бундай паллада кўпинча ёмғир ёғишини орзу қилардим. Ҳинд киноларидагидай ёмғирлар остида юрсак, “боғуми баҳоруми…” деб биргаликда қўшиқ айтсак, шалаббо бўлиб ивисак, том бўғоти остида бир-биримизга қапишиб турсак…
Шу йил ичида Розиянинг бўйи чўзилди. Ранги тиниқ тортиб, йигитлар ундан кўз узолмайдиган бўлиб қолишганди. Ана шундайларнинг бири, назаримда энг хавфлиси – Рўзимат. Кенг елкали, бўйдор, безори бола. Розиянинг узоқроқ қариндоши. Тез орада қизни унга унаштиришди.
Бир куни туятошлар олдида уларнинг гаплашиб турганини кўриб қолдим. Йигит қизни кинога таклиф қиларди. Уларнинг ёнидан қадамимни тезлатиб ўтдим. Қарамадим, шундай бўлса ҳам Розиянинг учрашувдан норози эканлигини тушундим… Қиз кетишга чоғланар, аммо Рўзимат унинг йўлини тўсиб, кеткизгани қўймасди.
Уйга келиб мадад беришларини истагандек жавондаги китобларга термилиб ўтирдим. Ногоҳ “Мартин Иден”га кўзим тушди. Китобни олиб рўпарамга қўйдим-да, иягимни кафтларим орасига олиб мушоҳада юрита бошладим. Шунча кучи ва енгилмас иродаси билан Мартин ҳам севган қизини бошқа бировга бериб қўйган эди. Мен Рўзиматни енга оламанми? Розия уни севиб улгурдимикин? Бугун улар кинога боришармикин?..
Ана шундай хаёллар билан қандай қилиб кўчага чиқиб кетганимни пайқамай ҳам қолибман. Узоқдан ўша қадрдон ва сирдош туятошлар кўрингандагина Розиянинг уйига яқинлашиб қолганимни англадим. Ёмғир томчилаб турарди. Тупроқ ҳиди, оғир булутлар карвони, йўл ҳали қуруқ, аммо йўл бўйидаги тошлар чанги ювилган…
Ҳамишаги жойимга келиб, бўйимдан баланд харсанглар орасидан унинг дарвозасига қарадим. Хаёл олиб қочди. Яна ўша ҳинд киноларидаги манзаралар: Рўзимат-Жага, қўлида пичоқ, мен енгил яраландим, Розия келиб бошимни бағрига босди ва бўзлаб қўшиқ айта бошлади. Унинг кўзларидан оқаётган томчилар юзларимга томяпти…
Ўзимга келганимда ёмғир шаррос қуяр, бўтана сув йўлнинг нишаб томонига қараб жилға бўлиб оқарди. Бу манзарадан кўз узиб яна дарвозага қараганимда дарвоза занжири тебраниб турарди. Демак, кимдир дарвозани очган, кўчага қараган ва яна ёпиб уйига кириб кетган. Бу, албатта, Розия!
Дилимни афсус ўртади. Қош қорайди. Энди уни кутишдан фойда йўқ. Кеч тушганда қизлар ҳовлига ҳам оналари ҳамроҳлигида чиқадилар. Сўнгги бор дарвозага қарадим. Энди занжир кўринмасди. Ёмғир кучайган, дарвоза ёндори, девор бурчаклари, том бўғотлари сурмаранг олиб, бир-бирига қўшилиб борарди. Уйга томон юрдим. Кутубхона биноси ёнидан ўтарканман, қўлида китоб ушлаганча кутубхоначининг саволларига жавоб бераётган Розиянинг ҳолати кўз ўнгимга келди, товуши қулоғимга эшитилди: “Амальгама…”
Такрорлаб кўрдим: “Амальгама… Амальгама…”
Ортимга қарадим. Бу ердан унинг уйи кўринмасди. Қишлоқ кўчалари кимсасиз. Рўзиматнинг ҳолига ич-ичимдан кулдим. Унга йўл бўлсин шундай ёмғирли тунда кўчага чиқиш! Томларнинг қорайган кўланкасига қарадим. Рўзиматдан устунлигимни ҳис қилдим ва ортимга қайтдим. Туятошлар олдидан ўтдим, мана унинг дарвозаси! Юрагим гурс-гурс урарди. Дарвозанинг қалпоқчали темир михлари ва ёғочнинг бўялмаган ғадир-будир сиртини силадим. Сўнгра занжирни, Розиянинг бармоқлари теккан занжирни қўлимга олдим-у, унинг ҳиссиз ва совуқ сиртига лабларимни босдим.
5
Орадан ўн йил ўтиб биз яна учрашдик. Университетни битириб келиб, анчагача иш танлаб юрдим. Ниҳоят, номи ёқимсизроқ бўлган бир корхонага ишга жойлашиш ниятида раҳбар билан учрашиш учун ювиниб, дурустроқ кийиниб пештоқига “ХКМК” деган ёрлиқ осилган идорага кириб бордим. Қабулхонада қорачадан келган бир аёл нималарнидир ёзиб ўтирарди. Бошлиқни суриштирдим. Аёл жилмайганча, бир сўз демай, менга қараб тураверди. Унинг бундай қилиғидан бироз ранжиб яна аввалги гапимни такрорладим:
– Менга бошлиқ керак.
– Бошлиқ менман.
Унинг табассум ёйилиб турган юзидан кўз узиб эшикдаги лавҳага қарадим: “Рўзимат Салимович Ниҳонов”. Бирдан кўз ўнгимда Розиянинг билагидан ушлаб, уни қийнаб турган безори гавдаланди. Наҳот бу аёл ўша…
– Қандай иш билан келгандингиз? – сўради аёл энди расмий оҳангда.
– Муҳаббат изҳор этиш учун.
Бунчалик сурбетлик қила олишимни ўзим ҳам кутмагандим. Гапни юмшатмоқ ниятида дарҳол сўрадим:
– Сиз Розиямисиз?
– Ҳа, мен сизни таниб турибман. Китобларингизни ҳам ўқиганман. Айтганим тўғри чиққанидан хурсандман. Сиз шоир бўласиз дердим.
– “Сен” дердингиз.
– Ҳа, у пайтлар ёш бола эдингиз, ўзгариб кетибсиз.
Биз бир-биримиз билан юзма-юз ва жуда яқин турардик. Яна бир шаккоклик қилгим келиб қолди. Унинг билагидан шартта ушладим. Худди бундан ўн йил аввал дарвоза занжирини ушлагандай. Ва овозимни пасайтириб шивирладим: “Мен сизни севардим, Амальгама!”
Розия бўшашган бармоқларим орасидан қўлини тортиб олди. Шошқин бир тарзда мендан узоқлашди. Эшик очилди. Розиянинг остона ҳатлаб даҳлизга чиқаётганини кўрдим. “Алвидо, биринчи муҳаббатим!” – дедим кўзларимни чирт юмиб. Кутилмаганда лабларимда илиқ бир ҳарорат туйдим. Розия! Хаёлимда у лабларини бўсага тутди-ю, шошқин узиб олди…
Юрагимда ҳиссиётлар қайта жонланди. Аммо бу ҳиссиёт улкан алангадан сўнг кул остида қолган ва тобора сўниб бораётган чўққа ўхшарди. Ва у аввалги ранглари билан кўзни қамаштирмас, ловулламас, олов каби куйдирмасди.
– Алвидо, Амальгама!
Уйга қайтиб, қўлимга Фасмернинг луғатини олдим. Шунча йиллар давомида мени мафтун этган, қалбимни соҳир туйғуларга тўлдирган бу сўзнинг мазмуни ҳафсаламни пир қилди. Нега шу пайтгача бу сўзнинг мазмунига қизиқмаганим, бу нарса мутлақо хаёлимга келмаганидан таажжубдаман.
“Амальгама” симобда эриган маъданнинг совуқ қотишмаси экан…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 5-сон