Саттор юз-қўлини ювиб, молларига қарагани оғилхонага кирди-ю, серрайганча туриб қолди. Бўрдоқига боқилаётган новвосларининг энг бўласи йўқ. Юраги ҳаприқиб, узоқдан онасига қараб бақирди:
– Қора но-в-в-ос, – бўғилганидан нафаси оғзига тиқилди. – Қора новвос йўқ!
Онаси ўғлининг важоҳатини кўриб, идишдаги қайноқ сувни чойнакка эмас, қўлига қуйиб юборди:
– Воҳ, қуриб кетсин, қўлим куйди.
Кейин ҳалиям кўзларининг пахтасини чиқариб турган ўғлига қараб тутилиқди:
– А-ка-нг, аканг бозорга олиб кетувди…
– Нима-а-а? – Саттор осмонга ирғиди. – Нега, нима ҳақи бор, боқаётган новвосимни бозорга олиб чиқиб сотишга?!
– Биласан-ку, болам, – онаси ёзғирди. – Аканг ёлғизқўл, бунинг устига қўли юпқа, ёғин-сочингача томини ёпиб олмаса, урган девори бир уюм тупроққа айланади.
– Менга нима, – у алам билан бақирди. – Бир йилдан бери тупроқ ялаб, шу молларга ўт ташияпман, бирор марта ёрдам бердими? Акам бўлса ўзига. Қани, сотиб бир тийинини ишлатиб кўрсин-чи?
– Жон-жигаринг-ку, бир-бирларингда қолиб кетмас, ўша уйни битириб олай деб хотини боёқиш билан далага капа тикиб ётибди.
Саттор апил-тапил кийинаркан, айюҳаннос солди:
– Агар сотиб юборган бўлса, бир мирисини ҳам бермайман, чўнтагини кесиб оламан, керак бўлса, пичоқлашаман.
– Вой шўрим, ўзингни бос, жон болам, отангнинг руҳини чирқиратма, гўрида тикка туради-я!
– Ҳеч қачон, отам мени яхши кўрарди, сиз мени ёмон кўрасиз, ўша арзандангизни ёқлаганингиз ёқлаган!
У онасининг зорланишларига қулоқ ҳам қоқмай ҳовлидан ўқдек отилиб чиқиб кетди.
Катта кўчага чиқиб “Дамас”га ўтирди. Агар олдида одамлар бўлмаса аламидан ҳўнграб йиғлаб юборишга ҳам тайёр эди.
Одамларнинг акалари эркалатиб олиб юришади, ўқитишади, уйлашади. Унинг акаси бўлса машина оламан деб боқаётган туёқларига кўз олайтирса, яна бир оғиз сўраб ўтирмаса…
У машина ойнасидан чарақлаб турган осмон бирпасда қорайиб, чанглашиб бораётганига қараб таъби тирриқ бўлди, кайфияти баттар тундлашди, костюмининг чўнтагига қўл солиб қўлига илинган дудама пичоқни муштлари билан маҳкам сиқди.
* * *
Миркомил молбозордан чиқиб, қўлидаги бир халта пулга ҳасратли боқди. Чакки қилди-да шу укасининг новвосини сотиб… Эшитган бўлса, осмонга чиқиб, ерга ирғиётгандир. Бир томони, онаси қўймади, бир томони, бошқа иложи ҳам йўқ. Ҳали уйининг пахсаси тўлиқ қуриб улгургани йўқ. Агар қаттиқроқ ёмғир ёғиб берса борми, ҳоли Худога қолади. Бунинг устига бу етишмовчиликлардан хотинининг чакаги ёпилмай қолди, жаврагани жавраган. Унга ҳам қийин, хотин боши билан буйраги хасталигига қарамай, у билан тенг олишиб, усталарга лой ташийди. Ахир укаси-ку, бугун бўлмаса эртага дастига Оллоҳ берар, Худо хоҳласа, кейинги йил деҳқончилигидан кирадиган даромадини укасига беради, уйнинг томини ёпиб олса бўлди, кейинига Худо пошшо. Укаси орзулари ушалиб бир машина минсин!
У шу ўйлар билан ўзини овутган бўлди, қорайиб бораётган осмонга хавотирлик билан боқиб, юраги увушганча ёғоч бозорига шошилди.
* * *
– Ака, Янгиқишлоққа ташлаб ўтсангиз, узоқ эмас, бир чақиримлик йўл.
– Ука, хафа бўлмайсиз, шошиб турибман, бунинг устига бензиним ёқилғи шахобчасигача зўрға етади, – таксичи йигит муюлишда машинани тўхтатди.
Саттор чорраҳадан қишлоқ йўлига бурилиб улгурмай ёмғир томчилай бошлади. Кучли момақалдироқ гумбурлаб, чақмоқ осмонни кесиб ўтди. Бир зумда томчилаётган ёмғир шиддатли жалага айланди, пақирлаб қуя бошлади, бир қадам нарини кўриб бўлмай қолди. У костюмини пана қилиб йўл четидаги катта садақайрағоч томон чопди. Бирпасда усти боши шаллабо бўлди, туфлисининг ичи қум аралаш сувга тўлди. Оёқлари увушиб, бадани жунжикди. Табиат қутуриб жазавага тушганга ўхшарди.
У бирдан рўпарадаги сўқмоқ йўлдан сигир етаклаб келаётган чолга кўзи тушди. Озғингина, суяклари туртиб чиққан бу мўйсафид шамол аралаш қарсиллатиб ураётган ёмғирни писанд қилмагандай арқонни ўз ҳолига қўйиб, бошини қуйи эгганча шошилмай келарди.
Тавба… йигит ўзининг қунишиб, дилдираб турган аҳволидан хижолат тортди. Худди чарақлаган ўтлоқда пода боқиб юргандай-а? Чолнинг оҳори тушиб унниқиб кетган дўпписи, юзларидан оқиб тушаётган ёмғирдан оғирлашган тўни, лойга ботган этиги залворидан оёқлари чалишиб-чалишиб кетарди. Йигит чолга қараб шу тобда ўзини унутди, совқотгани, усти бошининг шалабболиги ҳам ёдидан чиқди.
Чол йигит билан рўбарў келганда ер остидан унга илкис қаради-ю, чоғроққина дарвозадан кўримсизгина чорбоққа индамай кириб кетди.
Йигитга ёлғиз ўзи бепаноҳ, кимсасиз, бутун бир олам билан қолгандай бўлди. Тобора кучайиб бораётган жалада акасининг пахса деворлари ёмғирга қўшилиб оқаётгани кўз олдидан ўтди. Алам ўтиданми, бунга ачинмаётганини ҳис этди. Шу ерда жунжикиб, қалтираб турганига акасининг ўзи айбдор эмасми? Шу пайт хаёлини чолнинг ҳазин овози бузди:
– Қани меҳмон, ичкарига.
У чол ортидан индамай эргашди. Унинг бундан бошқа иложи ҳам йўқ эди. Ёмғир аямай саваларди.
Орқама-кейин дарвозанинг қўлтиғидаги ғарибгина уйчага киришди. Лойсувоқли уй, ягона хонанинг (агар шундай деб аташ мумкин бўлса) ярми ердан бир метр кўтарилиб, пол қилинган. Қолган ярмига уриниб кетган шолча тўшалган.
Йигит хонани кўздан кечириб чол бешикдўз уста чоғи, деган тўхтамга келди. Чунки хонада янгигина гул солинган, чала битирилган бешиклар, ҳунармандчилик асбоб-ускуналари батартиб териб қўйилганди. Чол йигитга оддийгина ёғоч курси қўйиб берди. Гугурт чақилиши билан ўчоқдаги қуруқ ўтин гуриллаб ёниб, аламазонга айланди. Мўйсафид оловга яна шох-шабба ташлади.
– Бемалол уст-бошингизни қуритиб олсангиз бўлади, – деди-ю, ўзига бу гап тааллуқли эмасдай, тўнидан оқаётган сувга парво ҳам қилмай оқсоқланганча ташқарига чиқиб кетди.
Йигит “раҳмат” дейишга ҳам улгурмай қолди. Бирпасда кўйлаклари қуриб, танига иссиқлик югурди, жони ором топди. Кўнглига шу ғарибгина кулба энг бехавотир, роҳатбахш жой бўлиб туюлди. Ҳаял ўтмай хонага чол, орқасидан қотмадан келган, етмишлардан ошган, лекин тетиккина кампир кирди. Йигит билан бош ирғаб саломлашиб, дастурхон ёзди.
– Бу ерликка ўхшамайсиз, йўл бўлсин, йигит? – сўради мўйсафид ўчоқдаги ўтни жўнаштираркан.
Дабдурустдан берилган саволдан йигит довдиради.
– А-а-кам-никига келаётувдим, акамникига. Акам Янгиқишлоқдан чек олиб, иморат қуряпти. – Ака деган сўзни ич-ичидан меҳри товланиб айтганига ўзи ҳам ҳайрон қолди. – Ҳали устини ёпмаганди. Шунга… пахсалари…
Ий-е, нега ёлғон тўқияпти, ўзини фариштадай пок кўрсатмоқчими бу чолга? Ҳе, аблаҳ, ҳозиргина аканг билан қирпичоқ бўлишга тайёр эдинг-ку! Қўйнидаги пичоқ шундоқ юрагига ботгандек бўлди. Агар чол унинг юзига синчиклаб қараганда албатта, ёлғон тўқиётганини сезарди. Лекин чол ўз ўйлари билан андармон эди.
– Акамникига денг, – чол бошини ердан кўтариб шивирлаб гапирди. – Оға-ининг бўлгани Худонинг марҳамати. Ёлғизлик ёмон… Мана, менинг ҳеч кимим йўқ, қабримга бир кафт тупроқ ташлайдиган ҳам.
– Фарзандларингиз йўқми? – у чолнинг аҳволига астойдил ачинди.
– Тангрим бир қиз, бир ўғил ато этган. Қизимни чиқарганман, ўзи билан ўзи овора бўлиб кетган, балки шуниси ҳам дурустдир. Ўғлим олисга ишлагани кетган, беш йилдан ошди чамаси-ёв…
Чол кўзини юмиб узоқ сукутга кетди, гўё ўзи билан ўзи олишаётгандай эди. Қумғондаги сув биқирлаб, чўққа тушиб чисирлади. Чол узоқ ухлаб уйқудан уйғонгандай сесканди, кейин паришонхотирлик билан чой дамлай бошлади.
– Ҳў-ў, нодон бола-я, менга бир дунё пул билан икки энликкина хат юборибди. “Ота, ҳашаматли уй қурдиринг, қишлоқда ҳамманикидан баланд бўлсин”, дебди, – чол кулди. – Бир оёғим ерда, бир оёғим гўрда бўлса… Одамлар ўнлаб хонали кошоналар солишади, қани, бир хонадан иккинчи хонасига оёғини узатиб ётолса эди. Туғилганимизда бир газ бўзга эга бўламиз, шунча югуриб-елиб, дунёни бир-биримиздан қизғаниб, олиб кетаримиз уч газ сурп, ҳе-е!
У дастурхондаги нондан синдирди. Дўлтали, сутли ноннинг ҳиди иштаҳасини қитиқлади. Кампир қаймоқ шўрва олиб кирди.
– Жуда қўли ширин-да, кампиримнинг, қани олинг, – дея манзират қилди.
– Гулни ҳам яхши чизарканлар, – йигит бурчакдаги бешикка ишора қилди.
Кампирнинг бешикка солган нақшлари худди қадимий ёзувларга ўхшаб кетарди.
– Лекин Худонинг мўмин қули, умрида қўлига пул ушламаган, пул санашни билмайди. Агар у дунёда ҳам аҳвол шу бўлса, пул санашни ўрганиб олмасанг, нотавонлигингча қолиб кетасан, дейман, – чол яна кулди.
Шу билан шўрва ичиб бўлингунча бир оғиз ҳам гапирмади.
Йигит жала тинганини кўриб кетмоққа изн сўраш учун бир қўзғалиб қўйди. Чол эса кўзларини юмганча йигитгами, ўзигами ҳасрат қила бошлади:
– Бу дунёда аканг бўлгани қандай яхши, сени йўқлайдиганлар бўлиши қандай яхши… Кампиримга бир кун бўлса ҳам сендан олдин кетай дейман, хўрлик кўрмасдан.
Ўтнинг алангасида мўйсафиднинг нигоҳлари донишмандларникидай ўйчан қиёфага кирди. Чўғни титкилаб эски қўшиқми, байтни хиргойи қила бошлади:
Нилуфар барги узра шабнамча йўғми ҳимматинг.
Шу охирги мисра йигитнинг қулоғига аниқ-тиниқ кирди. Беихтиёр ичида такрорлади:
Нилуфар барги узра шабнамча йўғми ҳимматинг…
– Ҳазрат Навоий хўб айтган-да, – чол унинг борлигини ҳам унутгандай оловга сўзсиз тикилганча туриб қолди.
“Шу қишлоқи, қари чол Навоийдан байт айтяпти, сен бирорта шеър биласанми ўзи?”
Йигит ўзига-ўзи савол бераркан, алифбодан ёдлаб олган шеърларидан бошқа бирор сатр ёдига тушмади. У шу топда чол уни синов қиладигандай уятли бир ҳолга тушди, шошиб ўрнидан турди. Чол бошини кўтариб йигитга бошдан-оёқ назар ташлади:
– Майли, акангизнинг олдига тезроқ боринг, ишқилиб пахсалари жалада ивимаган бўлсин.
Саттор жиноят устида қўлга тушгандек қизариб кетди. Чол билан тузукроқ хайрлашишга ҳам ботинмай ташқарига чиқаркан, енгил нафас олди.
Осмон ёришиб кетган эди. Йигит жаладан сўнг ўзини тиклай бошлаган майса-гиёҳларни босишга журъат этолмай, йўл бошида бир зум тўхтаб қолди.
Қаёққа боради? Кўз олдидан акасининг офтобда куйиб кетган ҳорғин юзи, ҳасратли чеҳраси ўтди.
Ҳозир нима қиляптийкан бечора? Амал-тақал қилиб тиклаган деворлари жалада лойга айлангани аниқ, яна ортиқча сарф-харажат, меҳнат… Томини ёпгани битта новвоснинг пули етармикин? Яна битта новвосини бозорга олиб чиқиб сотиб беради-да. Ўртоқларига шу кузда машина оламан деб мақтаниб қўйган бўлса нима қипти? Бу йил бўлмаса янаги йилга олар. Осмон узилиб ерга тушармиди? Ахир улар жон-жигарлар-ку, бир-бирларини суяшлари керак.
Саттор қўйнидаги пичоқни олиб бир четга улоқтириб юборди-да, хавотирда ўтирган онаизорининг кўнглини тинчлантириш учун катта йўлга чиқиб машина кута бошлади.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 5-сон