Полиция зобити Хантон кир ювиш корхонасига етиб келганида «тез ёрдам» машинаси дарвоза олдидан огоҳлантирувчи товушсиз, милтилловчи чироғини ёқмаган ҳолда оҳистагина қўзғалаётган эди. Бу ёмон аломат, албатта. Ичкарида ҳамма идорага тўпланган, кўпчилик йиғлаб ўтирарди. Кир ювиш залининг ўзида эса ҳеч ким кўринмас, фақат зал охирида ўзиювар баҳайбат машиналар ҳануз ишлаб турарди.
Бу манзара Хантонга умуман ёқмади. Одатда, оломон идорада эмас, балки бахт¬сиз ҳодиса юз берган жойда тўпланиши керак. «Инсон» деб аталувчи мавжудотнинг табиати азалдан шундай: қурбоннинг қолдиқларини томоша қилишдек туғма эҳтиёжга эга. Демакки, бу ўринда аҳвол анча чатоқ. Хантоннинг кўнгли озиб, қайт қилгиси келди: жиддий, ўта жиддий ҳодисаларга дуч келганида ҳамиша шундай бўлади. Падарқусур шу хизматига мана ўн тўрт йил бўлибдики, кўприклару кўчалар, ниҳоятда юксак бинолар пойидаги йўлкалардан бус-бутун ёки бурда-бурда жасадларни йиғиштириб юришга ўрганиб қолганига қарамай, Хантон бу расво одатини ҳануз тарк этолмайди. Гўё ошқозонида миттигина бир иблис ўтирибди-ю, ўлимга рўпара келганида вужудининг авра-астарини ағдариб ташлайди.
Оқ кўйлакли эркак Хантонга кўзи тушгач, хиёл тараддуд билан унга пешвоз чиқди. Бўйни борлиги заррача сезилмайдиган буқанинг ўзгинаси, бурни ва юзларидаги майда қон томирлари ёрилиб ётгани эса унинг қон босими юқорилиги ёки ичкиликка муккасидан кетганини кўрсатарди. У оғиз жуфтлаб нимадир дейишга қайта-қайта чоғланиб кўрди ва, ниҳоят, Хантоннинг ўзи савол бериб, уни бу мушкулотдан халос қилди.
— Корхона соҳиби сизми? Янглишмасам, мистер Гартли бўлсангиз керак?
— Йўқ… Мен… саркор Стэннерман… Э Худо, қанчалик даҳшат-а бу?..
Хантон қўйин дафтарчасини олди.
— Марҳамат қилиб, бу бахтсиз ҳодиса қаерда юз берганини кўрсатсангиз. Ва қай тариқа содир бўлганини сўзлаб берсангиз.
Стэннернинг ранги янада оқариб кетди, ҳар қалай, бурни ва юзларидаги қизил доғлар тағин ҳам аниқроқ кўриниб, баайни норга ўхшаб қолди.
— Э… ҳалиги… шартмикан-а шу-а?..
Хантон бир қошини чимирди.
— Начора. Менга телефон қилишганда бу ниҳоятда жиддий ҳодиса деб тайин-лашганди.
— Жиддий ҳам гапми… — Стэннер қайт қилиб юбормаслик учун ўзини аранг тутиб турарди. — Миссис Фраули ҳалок бўлди! О, қандай даҳшат-а!.. Аксига олиб, шу тобда Билл Гартли йўқлигини айтмайсизми…
— Қани, гапиринг-чи, аслида нима бўлди ўзи?
— Юринг… Яхшиси, кўрсата қолай, — деди Стэннер.
Кейин Хантонни қўлда ишлатиладиган пресслар, кўйлак тахловчи қурилмалар ёнидан олиб ўтиб, охири кирювгич машина олдида тўхтади. Титраётган қўли билан пешонасидаги терни сидириб ташлади.
— У ёғига энди… ўзингиз борсангиз. Ўша нарсага… қайтиб қарай олмайман, тушунинг, ахир. Кўрсам, кўнглим… Иложим йўқ, хуллас. Маъзур тутасиз энди.
Бу одамдан сал жирканган кўйи Хантон у ёғига ўзи йўл олди. Қанақа одам булар ўзи? Шалоғи чиқиб кетган асбоб-ускуналар билан ишлашади, солиқларга чап беришга уринишади, мана шу қувурларнинг бари бўйича қайноқ буғ юборишади, зарурий ҳимоя воситалари бўлмаган ҳолда зарарли кимёвий моддаларни қўллашади ва охир-оқибатда, қарабсизки, эртами-кечми, албатта бирон кор-ҳол рўй беради. Кимдир жароҳатланади ёки ўлади. Улар эса, кўрингки, бу нарсага қарай олмас эмишлар. Кўнгиллари нозикмиш… Э ўргулдим ўша кўнгилларингдан!..
Хантон таққа тўхтаб қолди.
Одамхўр машина ҳануз ишлаб турарди. Уни ўчириб қўйишни ҳеч ким хаёлига келтирмабди. Хантон яқинроқ бориб қараганди, унга таниш кўринди: «Хадли-Уотсон» фирмасининг ички кийим, чойшаб, ёстиқ жилди каби енгил буюмларни ювиб, қуритиб, дазмолловчи, 6-рақамли андозадаги яримавтомат қурилма. Номининг узундан-узоқлиги ҳам майли-я, беўхшов, бесўнақайлигини қаранг-а!.. Қайноқ буғ ва намлик ичида ишловчи одамлар эса унга муносиброқ ном топишибди: «Гўштқиймалагич»…
Хантон бу манзарага худди сеҳрлангандек бир муддат карахтланиб қараб қўйди. Кейин эса полицияда бенуқсон хизмат қилган ўн тўрт йиллик даври мобайнида рўй бермаган ҳодиса содир бўлди — у оғзини ёпиш учун қўлини олиб борди-ю, улгуролмади — қайт қилиб юборди.
* * *
— Нега ҳеч нима емадинг? — деб сўради Жексон.
Уйга кириб кетишган аёлларнинг идиш-товоқларни шарақлатишлари, болаларни тергаб туришлари эшитиларди. Жон Хантон билан Марк Жексон боғда, курсиларда ором олиб ўтиришар, ўртадаги барбюкедан эса хушбўй ҳид таралар эди. Хантон лаб учида кулиб қўйган бўлди: у чиндан ҳам туз тотмаганди.
— Бугун жуда эзилиб кетдим, — дея жавоб қилди кейин. — Бунақаси ҳеч бўлмаган.
— Йўл ҳалокати рўй бердими?
— Йўқ, бир корхонада бахтсиз ҳодиса.
— Кўп қон тўкилдими?
Хантон дарҳол жавоб бермади. Юзи изтиробдан буришиб кетди. Ёнидаги кўчма музлатгичдан пиво олиб, шиша қопқоғини очди-ю, нақ ярмигача нафас олмай симирди.
— Сизларнинг коллежингизда кир ювиш корхоналари иши ўқитилмаса керак, ҳойнаҳой.
Жексон лабини қимтиди:
— Нега энди, мен ўзим яхши танишман бу соҳа билан. Талабалик пайтим бир йили ёзда кир ювиш корхонасида ишлаганман.
— У ҳолда ич кийим, чойшаб, ёстиқ жилди ва дастурхон сингари енгил буюмларни ювиш, қуритиш ҳамда дазмоллаш учун мўлжалланган тезкор, ярим¬автомат деб номланувчи машинани билсанг керак.
Жексон бош ирғади:
— Билганда қандоқ. Асосан чойшаб ва дастурхонни ювиб, қуритиб, дазмоллаб беради. Узун ҳамда катта машина.
— Тўппа-тўғри, — деди Хантон. — «Блю риббон»1 корхонасида мана шу машина Адел Фраули деган аёлни ичига тортиб кетди.
Жексоннинг ранги оқарди.
— Йўғ-е, бундай бўлиши мумкин эмас, Хантон! Техник жиҳатдан мумкин эмас, ахир! Чунки унда сақлагич қурилма, хавфсизлик мосламаси бор. Ювилган кирни қуритиш учун машинага солаётган аёл бехосдан қўлини тиқса, мослама шу заҳотиёқ ишга тушиб, машинани ўчириб қўяди. Ҳар қалай, буни яхши эслайман.
— У ёғини сўрасанг, шунга доир қонун ҳам бор, — дея бош ирғади Хантон. — Аммо, шунга қарамай, бахтсизлик рўй берди.
У кўзларини ҳорғингина юмди, фикрий нигоҳи рўпарасида эса яна олтинчи рақамли андозадаги «Хадли-Уотсон» тезкор қуритгичи намоён бўлди. Узунлиги ўттиз, баландлиги олти фут келадиган, тўғри бурчакли маҳобатли машина. Қуритиладиган кир узлуксиз узатилиб турувчи томонида, тепада сақлагич мосламаси бор. Конвейернинг ҳўл ва ғижим чойшаблар қўйиладиган тасмасини машинанинг асосий қисми бўлган ўн олтита баҳайбат цилиндр айланиб ҳаракатга келтиради. Айтайлик, чойшаб аввалига юқоридаги саккиз цилиндр устидан, кейин эса пастдаги саккиз цилиндр остидан ўтади, гўёки қовурилган икки бўлак нон ўртасига қўйилган дудланган чўчқа гўштининг бир парраги деяверинг. Цилиндрлардаги буғ ҳарорати эса Фаренгейт бўйича нақ 300 даражага етиши мумкин. Конвейер тасмасига ёйилган матонинг ҳар бир квадрат фут сатҳига 200 фунтга яқин босим тушади, яъни чойшаб-пойшаб демагани қуриши у ёқда турсин, энг майда ғижимигача ёзилиб кетади.
Бироқ миссис Фраулини қурилма қандайдир тарзда ана шу ерга тортиб кетган. Пўлат қисмлар, шунингдек, тошпахта қопламали цилиндрлар янги бўялган омбордек қип-қизил, машинадан ўрлаётган буғ эса кўнгилни оздирар даражада қон ҳидини анқитарди. Машина миссис Фраулининг оқ блузкаси, жинси шими, ҳатто сийнабанди ва бошқа хил ич кийимларининг майда парчаларини анча нарига, ўттиз футлар масофага итқитиб ташлаган, аммо қонга бўялган йирикроқ лахтакларни саранжом-саришталик билан дазмоллаб, тахлаб қўйганди. Лекин энг даҳшатлиси бу ҳам эмас ҳали…
— Биласанми, машина ҳамма нарсани текислашга, дазмоллашга уриниб кўрган, — Хантоннинг кўнгли беҳузур бўлиб, овози бўғиқ чиқди. — Бироқ инсон… чойшаб эмас-ку, ахир, Марк. Хуллас, миссис Фраули қолдиқларини… — Фавқулодда фожиадан довдираб қолган саркор Стэннер сингари унинг ҳам тили айланмасди. — Қисқаси, уни ишхонасидан саватга солиб олиб чиқиб кетишди… — дея оҳиста сўзини якунлади у.
Жексон ҳуштак чалиб юборди:
— Хўш, энди кимнинг пўстагини қоқишади? Кирхона эгасини айблашадими ё давлат назорат хизматиними?
— Ҳозирча бундан бехабарман, — деди Хантон. Мудҳиш манзара эса ҳануз кўз олдидан кетмасди. Машина — «гўштқиймалагич» тарақлаб, вишиллаб, ҳуштак чалиб, конвейер тасмасини бетиним айлантирар, яшил рангга бўялган ёнларидан қип-қизил қон оқиб турар, инсоннинг куйган эти юракларни орзиқтириб юборувчи хунук ҳид таратарди… — Ҳамма гап хавфсизлик мосламаси деб аталган падарлаънат қурилма учун жавобгар одамга, қолаверса, рўй берган фожианинг аниқ тафсилотларига боғлиқ бу ёғи.
— Хўш, энди, мабодо бошқарувчи айбдор бўлган тақдирда ҳам бу ғалвадан силлиққина қутулиб чиқиб кетса нима бўлади, деб ўйлайсан?
Хантон аччиқ кулимсиради:
— Бир аёл ҳалок бўлди, Марк. Башарти Гартли билан Стэннер хафвсизлик қоидалари, шу йиртқич дазмолни жорий таъмирлаш ва рисоладаги ҳолатда сақлаб туриш чоралари юзасидан маблағ чегириб қолишга уринишган бўлишса, турмага тиқилишлари турган гап. Шаҳар маъмуриятида бирон таниш-билишлари бор-йўқлигидан қатъи назар, уларга ҳеч ким ёрдам қилолмайди.
— Хавфсизлик ҳисоботидан тежаб-тергашган деб ўйлаяпсанми?
Хантон «Блю риббон» биносини кўз олдига келтирди — нимқоронғи йўлаклару хоналар, доимо ҳўл ва сирпанчиқ пол, тўкилиб тушай деб турган асбоб-ускуналар…
— Шунақага ўхшайди, — деди у оҳистагина.
Улар ўринларидан туриб, уйга йўл олишди.
— Бу ишдан мени хабардор қилиб тур, Жонни, — деди Жексон. — Воқеаларнинг кейинги ривожи жуда қизиқтиради, албатта.
* * *
Бироқ Хантон «гўштқиймалагич» машина тўғрисида янглишган эди. Сув билан кир ювувчи бу мослама том маънода сувдан қуруқ чиқа олди.
Яримавтомат-дазмоллагич қурилмани бир-биридан мустақил равишда олти нафар давлат нозири ипидан-игнасигача синчиклаб текшириб чиқди. Ва бари механизм мутлақо тўғри ишлаяпти, деган фикрни айтди. Дастлабки тергов эса ўлим бахтсиз ҳодиса сифатида юз берган, деган хулосага келди.
Бу гапларни эшитиб ларзага тушган Хантон охири нозирлардан бири Рожер Мартинни астойдил қийин-қистовга олди. Аммо Мартини тушмагур ҳам унча-бунча қармоққа илинадиган анойи балиқлардан эмас экан. Уни тилидан тутишга уриниш ҳеч бир наф бермади. Хантон савол устига савол ёғдирар, у эса шарикли ручкасини ўйнаганича, пинагини бузмай ўтирарди.
— Ҳеч гап йўқ денг? Демак, машина мутлақо тўппа-тўғри ишлаяпти?
— Айни ҳақиқат, — дея жавоб қилди Мартин. — Бу фожиада ҳамма гап хавфсизлик мосламасига бориб тақалади. Уни ниҳоятда синчиклаб текшириб чиқишди ва жуда яхши ишчи ҳолатда эканлигини аниқлашди. Тирғаладиган ҳеч нимаси йўқ унинг. Миссис Жиллианнинг гувоҳлик кўрсатмасини ўзингиз эшитдингиз-ку, ахир! Миссис Фраули қўлини машина ичига керагидан ортиқ чуқурроқ тиқиб юборган кўринади, бўлак ҳеч бир изоҳ йўқ. Тўғри, буни ҳеч ким кўрмаган, чунки ҳамма ўз иши билан овора эди. Аёл қичқириб юборган. Машина кафтни ямлаб ташлагач, кейинги лаҳзадаёқ бутун қўлни то елкагача тортиб кетган. Фраули машинани шунчаки ўчириб қўйиш ўрнига қўлини суғуриб олишга зўр бериб уринаверган. Ваҳимадан ўзини йўқотиб қўйгани тушунарли. Тўғри, бошқа бир аёл, миссис Кин машинани ўчиришга уринганини айтди, бироқ, чамаси, ҳаяжонда тугмачаларни адаштириб юборган ёки кечиккан…
— У ҳолда ҳамма бало ўша лаънати хавфсизлик мосламасида экан-да! Демак, тўғри ишлаётган бўлиши мутлақо мумкин эмас, — деди Хантон қатъийлик билан. — Мабодо аёл қўлини унинг тагига эмас, балки устига қўйган демасак…
— Бундай бўлиши умуман мумкин эмас. Чунки мослама устида зангламайдиган пўлатдан ишланган қопқоқ бор. Мосламанинг ўзи ҳам бузилмаган ва моторга уланган. Пастга тушган заҳотиёқ моторни ўчирган бўларди.
— У ҳолда фожиага нима сабабчи деб ўйлайсиз?
— Ўйлаб ўйимга етолмаяпман. Ҳамкасбларим билан фикрлашиб кўриб, миссис Фраули фақат бир ҳолда — конвейер устига йиқилиб тушган тақдирдагина ҳалок бўлиши мумкин эди, деган хулосага келдик. Ҳолбуки, фожиа бошланганида аёл полда турган ва бунга атрофдаги ҳамкасбларининг бари гувоҳ.
— Бундан чиқди, амалда рўй бериши ҳеч қанақасига мумкин бўлмаган, ақлга сиғмайдиган бир тасодиф бу… — деди Хантон.
— Энди, жуда ҳам унчалик эмас-ов… Шунчаки, аслида нима бўлганини тушуниб ета олмаяпмиз, холос… — Мартин бир муддат жим қолиб, яна давом этди: — Биласизми, Хантон, модомики, бу ҳодисани ўзингизга шунчалик яқин олаётган экансиз, келинг, бир гап айтай. Фақат бировга чурқ этиб оғиз очмайсиз. Барибир, инкор қиламан ҳаммасини… Очиғи, бу машина менга ёқмади. У… худди, устимиздан кулаётгандай туюлаяпти. Кейинги беш йил мобайнида бу хил қурилмалардан анча-бунчасини кўришимга тўғри келган. Айримлари шу қадар хароб аҳволдаки, ҳатто тизгинсиз итни ҳам ёнига йўлатмаган бўлардим. Аммо начора, штат қонунлари бундай нарсаларга панжа орасидан қарайди… Қолаверса, бу дазмоллар бор-йўғи машина, холос… Бироқ буниси… қандайдир арвоҳнинг ўзгинаси. Нима учунлигини билмайман-у, унинг ёнида шундай бир ҳиссиёт уйғонди менда. Башарти нимагадир тирғалиш мумкин бўлганда ёхуд ақалли майда бир носозликни топа олганимда ҳам машинани ўша заҳотиёқ тўхтатишни буюрардим. Аллақандай васвасанинг ўзи-я, тўғримасми?
— Биласизми, мен ҳам айнан шу ҳолатдаман, — дея иқрор бўлди Хантон.
— Милтонда рўй берган бир воқеани айтиб берай, — деди нозир Мартин. Кейин кўзойнагини олиб, нимчасининг этаги билан арта бошлади. — Бунга икки йиллар бўлди. Қандайдир йигитлар эски музлатгични орқа ҳовлига олиб чиқиб ташлашган экан. Кейин бир аёл телефон қилиб, ити йўқолиб қолганини айтди. Музлатгич эшиги ўз-ўзидан ёпилиб, жонивор бўғилиб ўлган. Биз бу ҳодиса тўғрисида полицияга хабар бердик, улар текшириш учун ўз одамини юборишди. У йигит ҳам юмшоқкўнгил бўлган чоғи, ит бояқишга жуда ачинган кўринади. Унинг жасадини музлатгич билан бирга ўз «пикап»ига ортиб, эртасига эрталаб шаҳар ахлатхонасига элтиб ташлаган. Ўша куннинг ўзидаёқ ахлатхона яқинида яшайдиган бир аёл сим қоқиб, ўғли йўқолиб қолганини хабар қилди…
— О Худо!.. — деб юборди Хантон.
— Хуллас, ахлатхонада ётган музлатгич ичидан боланинг мурдасини топишди. Ўзиям ширингина экан, онасининг айтишича, мулойим табиатли, итоаткор бўлган. Аммо нимагадир ахлатхонада ётган музлатгичнинг ичига кирган… Биз бу ҳодисани бахтсиз тасодифга йўйиб қўя қолдик… Аммо воқеа шу билан тугаган, деб ўйлаяпсизми?
— Йўғ-е… Наҳотки?
— У ёғига нималар бўлганини эшитинг. Фожианинг эртаси куни ахлатхона ишчиси мудҳиш музлатгичнинг эшигини олиб ташлашга уриниб кўрган. Шаҳар маъмуриятининг ахлатхонадаги нарсаларни сақлаш тартибига оид 58-рақамли фармойишида шундай кўрсатма бор. — Мартин суҳбатдошига маъноли қараб қўйди. — Хуллас десангиз, ишчи музлатгич эшигини очганида ичида олтита қуш ўлиб ётганини кўрган. Яна айтишича, уларнинг ўлигини олиб ташлаётганида эшик ўз-ўзидан ёпилиб, қўлини қисиб қолган. Бечора оғриқдан дод деб юборибди. Назаримда, «Блю риббон»даги «гўштқиймалагич» машина ҳам шу хил одамхўр қурилмага ўхшаб кетаяпти. Ва бу воқеа менга мутлақо ёқмаяпти, Хантон.
Улар шаҳар суди биносининг кимсасиз вестибюлида бир-бирларига қараганча индамай туришарди. Бу ердан олти ҳудуд нарида эса «Хадли-Уотсон» фирмасининг 6-рақамли андозадаги яримавтомат машинаси буғ пуркаб, шақир-шуқур қилганча, ювилган кирларни дазмоллаш билан овора эди.
* * *
Орадан бир ҳафта ўтди ва кирхонадаги бахтсиз воқеа аста-секин унутила бошлади, Хантон ҳам полициянинг бир хилидаги зерикарли ишларига кўмилиб кетганди. Фақат, бир қўл қарта ўйнаб, пиво ичиш учун хотини билан бирга Марк Жексоннинг уйига киргандагина бу воқеа яна ёдига тушди.
Жексон саломлашар-саломлашмас сўз бошлади:
— Биласанми, Жонни, нима гап? Кирхонадаги ўша машинага ёвуз руҳлар жойлашиб олган бўлиши мумкин, деб ҳеч хаёлингга келтирмаганмисан?
— Нима-нима? — Хантон кўзларини пирпиратди.
— «Блю риббон»даги тезкор дазмоллагич бор-у, ўшани айтаяпман. Бу ўринда аллақандай алоқа мавжудлиги яққол сезилиб турибди.
— Қанақа яна алоқа? — Хантон сергак тортди.
Жексон унга кечки рўзномани узатиб, иккинчи саҳифада босилган бир хабарни нуқиб кўрсатди. Унда ёзилишича, «Блю риббон» кирхонасида бахтсиз ҳодиса юз берган. Яримавтомат дазмоллагич машина ювилган кирларни узатиб турган олти нафар аёлни буғда куйдириб юборибди. Соат 15-у 45 дақиқада содир бўлган бу фожиага қозонхонада буғ босими кескин ошиб кетгани сабаб қилиб кўрсатилган эди. Аёллардан бири, миссис Аннет Жиллиан иккинчи даражали куйиш билан шаҳар касалхонасига жўнатилган.
— Ғалати тасодиф… — деди Хантон ўйланиб туриб ва шу лаҳзада нозир Мартиннинг кимсасиз суд биносида мудҳиш оҳангда янграган «Машина эмас, нақ арвоҳнинг ўзгинаси!» деган гапи ярқ этиб хаёлида жонланиб кетди. Ва кетма-кет эски музлатгич ичида ҳалок бўлган ит, болакай ва қушлар ҳақидаги ҳикояни эслади.
Шу оқшом у қартани ҳам хаёли паришон ҳолда ўйнади.
* * *
Палатага Хантон кириб келганида миссис Жиллиан ёстиқларга суянганича, «Экран сирлари»ни ўқиб ётарди. Унинг бир қўли батамом чирмаб ташланган, бўйнининг бир қисми ҳам ўралган эди. Хонада тўртта чорпоя бўлиб, аёлнинг ягона қўшниси — чеҳраси оқарган ёшгина бир жувон қаттиқ ухлаб ётарди.
Мовий коржома-хизмат кийимидаги кишини кўрган миссис Жиллиан хиёл тараддудланиб, кейин журъатсизгина жилмайди:
— Мабодо миссис Черникованинг олдига келган бўлсангиз, ҳозир суҳбатлаша олмайсиз. Яқинда дори беришувди, ухлаб ётибди…
— Йўқ. Мен сизни кўргани келдим, миссис Жиллиан. — Аёл чеҳрасидаги табассум шу заҳоти сўнди. — Норасмий ташриф деганларидек. Шунчаки, кирхонада нима бўлганига қизиқиб қолдим. — У қўлини чўзди: — Жон Хантон.
Самимийлик, очиқкўнгиллик ўз натижасини берди. Миссис Жиллианнинг юзи табассумдан ёришиб кетди ва у куймаган қўлини чўзганича, журъатсизгина сўрашди.
— Миршабга ёрдам беришга ҳамиша тайёрман, мистер Хантон. Сўрайверинг… Эй Худо! Ўғлим мактабда яна бир балони бошладими деган хавотирда қўрқиб кетдим, очиғи.
— Нима воқеа юз берганини батафсил сўзлаб берсангиз.
— Биз чойшабларни дазмол қилаётгандик, машина бирданига буғ пуркаб юборса бўладими! Менга ҳар қалай шундай туюлди. Ҳозир уйга қайтаман, итларни сайр қилдираман деган хаёл билан турсам, ногаҳонда худди бомба портлагандек гумбурлаб кетди. Ҳаммаёқ қайноқ буғ, яна илондек вишиллашини айтмайсизми… даҳшат! — Жилмайишга уринган лаблар беихтиёр аянчли титраб кетди. — Дазмол… худди аждарҳодек пишқирарди. Шунда Албертамиз — анув, Алберта Кинни айтаяпман — туйқусдан «Портлаш! Портлаш!» деб қичқириб юборди-ю, ҳамма югургилаб, бақир-чақир бошланиб кетди. Женни Жейсон мен куйдим деб дод сола бошлади. Мен ҳам беихтиёр ўша томонга югурдим-у, кейин йиқилиб тушдим. Ўзим ҳам қаттиқ куйиб қолганимни ўшанда сезмаган эканман. Худога шукрки, жонимиз омон қолди, чунки бундан баттари бўлиши ҳам мумкин эди-да. Қайноқ буғ бўлса, ҳарорати нақ уч юз даражага боради…
— Рўзномада буғ узатиш қувури шикастланган деб ёзишибди. Бу нима дегани?
— Биласизми, бошимиз тепасидан ўтган қувурлардан буғ қайишқоқ резинаичакка ва ундан машинага узатилади. Жо, яъни мистер Стэннер қозондан қўшимча буғ отилган, деб тахмин қилди. Оқибатда эса босим кўтарилиб кетиб, қувурлар дош беролмаган.
Хантон у ёғига нимани сўрашни билолмади. Хайрлашишга чоғланиб турувди ҳамки, аёл хушламайгина қўшимча қилиб қолди:
— Авваллари машинада бунақа воқеа ҳеч қачон рўй бермаганди. Фақат кейин¬ги пайтларда шунақа бўлаяпти. Гоҳ қайноқ буғ отилади, гоҳ анави даҳшат — миссис Фраулининг мудҳиш ўлими, руҳини Худо ёрлақаган бўлсин. Хуллас, майда-чуйда ҳар хил тасодифлар бир-бирига уланиб кетаяпти. Бир гал Эссининг этагини занжир ўраб кетди. Бу ҳам фожиага олиб бориши мумкин эди, аммо қиз чаққонлик қилиб, кўйлагини ечиб ташлашга улгурди. Гоҳ қандайдир болт бўшаб кетадими-ей, гоҳ яна алламбалолар юз берадими-ей. Таъмирчи устамиз Херб Дайментнинг ҳам она сути оғзига келди! Ишонасизми, баъзан чойшаб теп-текис ёйилгани ҳолда… цилиндрлар орасига тиқилиб қолади. Жорж¬нинг айтишича, буларнинг барига кир ювиш машиналарига оқартирувчи кукун ҳаддан зиёд кўп солинаётгани сабаб эмиш, бироқ авваллари бу хил балойи ногаҳонийлар мутлақо юз бермасди-ку! Ҳозир эса қизларимиз бу машинада ишлашдан юрак олдириб қўйишган. Эссининг айтишича, дазмол ичига Адел Фраули танасининг парчалари тиқилиб қолган ва шу боис ҳам бу машинада ишлаш фалокатга олиб келади… Гўё унга қарғиш теккандек. Э, нимасини суриштирасиз, бу бехосият машина атрофидаги балою кулфатларнинг бари Шерри қўлини кесиб олган кундан бошланган аслида.
— Қанақа Шерри? — сўради Хантон.
— Шерри Квелетт-да! Ширингина қиз, мактабдан тўғри бизга ишга келувди. Ўзи жуда тиришқоқ, аммо сал уқув етишмайди. Ҳозирги думбул қизларни биласиз-ку, энди…
— Хўш, у бармоғини қандай қилиб кесиб олди? Нима бўлганди ўзи?
— Айтарли ҳеч нима. Биласизми, кирювгичда конвейер тасмасини ушлаб турувчи махсус тутқичлар бор. Машинага қалин ва оғир матони солмоқчи бўлганимиз учун ҳам Шерри ана шуларни жиндак бўшаштириш билан овора эди. Қиз бояқиш, хаёли бирон йигитга кетиб қолдими, бармоғини кесиб олди. Жуда чуқур кесилганди ўзиям, ҳаммаёққа қон сачраб кетган. — Миссис Жиллианнинг чеҳрасида туйқусдан саросима пайдо бўлди. — Кейин эса… айнан шу воқеадан сўнг… болтлар ўз-ўзидан чиқиб кета бошлади. Яна бир ҳафтача ўтиб… Адел бечора… Гўё машина қон таъмини кўриб, ёқтириб қолди-ю, одам ямлашга ўтиб олгандай… Э, нималар деяпман ўзи… Биз аёлларнинг миямизда доим бемаъни фикрлар ғужғон ўйнаб юради-да, а, зобит Хинтон?
— Хантон, — дея беихтиёр тўғрилади Жон ва бир нуқтага тикилганича қолди.
* * *
Тақдир ўйинини қарангки, у ўша куннинг ўзидаёқ Марк Жексон билан икковларининг уйидан унга узоқ бўлмаган мўъжазгина кирхона-автоматда учрашиб қолди ва айнан шу ерда полициячи ҳамда инглиз адабиёти профессори ўртасида ўта антиқа бир суҳбат бўлиб ўтди.
Улар пластик оромкурсиларда ёнма-ён ўтиришар, келтирган кийимлари эса ойнатўсиқ ортида, тирқишига ташланган танга туфайли ҳаракатга келувчи кир ¬ювиш машиналарининг барабанларида айланарди. Жексоннинг тиззаларида Милтоннинг сайланма асарларидан иборат китобча ётар, аммо у буюк шоирни ҳам унутган кўйи Хантоннинг миссис Жиллиан ҳақидаги ҳикоясини диққат билан эшитарди.
Ниҳоят, у жим қолганида Жексон сўз бошлади:
— Ёдингда бўлса, бу одамхўр машинага ёвуз руҳ жойлашиб олмаганмикан, деб айтгандим сенга. Ярми ҳазил эди ўша гапимнинг… аммо фақат ярми. Ҳозир, шу тобда яна шу ҳақда ўйлаяпман.
— Э, қўйсанг-чи, — деди Хантон ишонқирамай. — Ғирт бемаънилик-ку бу, ахир…
Жексон ойнаванд дарча ортида кийимлар қандай айланишини кузатарди.
— Жоду қилинган дегани — ёмон сўз. Қолаверса, унчалик аниқ ҳам эмас. Аниқроғи, машинага ёвуз руҳлар жойлашиб олган кўринади. Дунёда иблисларни истаган ерга жойлаштириш усуллари талайгина. Уларни ўша ердан ҳайдаб чиқариш усуллари ҳам айнан шунча. Ақалли Фрезернинг «Олтин шох» асарини олиб кўрайлик, унда шу хил кўплаб мисоллар келтирилган. Друидлар тўғрисидаги эртакларда ҳам, ацтеклар1 фольклорида ҳам айнан шу манзарани кўрамиз. Бу хил воқеа-ҳодисалар жуда кўҳна замонлардан, Қадимги Миср давридан бошлаб эслаб ўтилади. Ва амалда уларнинг барини жуда бўлмаганда битта умумий ва мажбурий шарт бирлаштириб туради. Иблисни жонсиз буюмга жойлаштириш учун қиз боланинг қони керак. — Жексон Хантонга қараб қўйди. — Миссис Жиллианнинг айтишига кўра, жамики фалокатлар ўша Шерри Квелетт қўлини кесиб олганидан кейин бошланибди, тўғрими шу гап?
— Етар энди, ҳазил ҳам эви билан-да, — деди Хантон.
— Аммо бир ўйлаб кўргин: бу қиз бошланғич шартга жудаям мос келаяпти, — жилмайди Жексон.
— Ҳозироқ ҳамма ишимни йиғиштираман-у, тўғри уйига бориб, ўзидан сўрай қоламан, — Хантон ҳам зўраки илжайди. — Ҳалитданоқ ғалати манзарани кўз олдимга келтираяпман… «Ассалому алайкум, миссис Квелетт, полиция зобити Жон Хантон бўламан. Шу десангиз, кичик бир тадқиқот ўтказиб, дазмоллагич машинага иблислар жойлашиб олмадимикан, деган муаммони ҳал этаяпман. Яна шуни ҳам билмоқчи эдимки, сиз қиз боламисиз ё…» Хўш, бу ёғига нима деб ўйлайсан: мени жиннихонага тиқиб қўйишларидан аввал Сандра ҳамда болаларим билан хайрлашиб қолишга улгурармиканман-а?
— Бемалол гаров ўйнашим мумкинки, ҳозирги аҳволда ҳам тўғри ўша ёққа қараб кетаяпсан, — деди Жексон тамомила жиддийлик билан. — Гапларим ҳазил эмас мутлақо, Жонни. Ўша лаънати машинани ҳали бир марта ҳам кўрмаганман, аммо шунга қарамай, у юрагимга қўрқув солаяпти.
— Дарвоқе, — деб қолди Хантон, — модомики гап очилган экан, бошқа мажбурий шартлар ҳақида ҳам сўзлаб бера қолмайсанми?
Жексон елкасини қисди.
— Энди, ҳаммасини дабдурустдан эслай олиш осонмас. Бунинг учун китоб кўриш керак. Масалан, жодугарларнинг илми амалини кўриб чиқайлик. Англо-саксларда уни қабр тупроғи ёки бақа кўзини аралаштириб тайёрлашган. Европадаги илми амал воситаларида «шуҳрат қўли» ёхуд, оддийроқ айтганда, мурданинг қўли кўп тилга олинади. Жинлар базмида ичиладиган, рўё кўрсатувчи галлюциноген моддалардан бири унинг ўрнига ўтиши мумкин ҳозирги пайтда. Бу одатда белладонна ёки псилоцибин ҳосиласи, аммо бошқа модда бўлиши ҳам мумкин.
— Нима бало, Марк, эсингни еб қўйдингми? Мана шу нарсаларнинг бари «Блю риббон» дазмол-автоматига тушиб қолган бўлиши мумкин, деб жиддий ўйлаяпсанми ўзи? Бошимни гаровга қўйиб айта оламанки, беш юз мил теварак-атрофда биронта туп белладонна йўқ! Қолаверса, кимдир аллақайси Фредди амакининг қўлини узиб олиб, ўша лаънати дазмолга тиқмагандир-ку, ахир?
— «Мабодо етти юзта маймун ёзув машинасида етти юз йил ёзишга мажбур қилинса…»
— Биламан, биламан. «Улардан бири, албатта, Шекспир асарларининг тўпламини ёза олади», — дея тўнғиллади Хантон. — Жин урсин сени, Марк! Тур энди ўрнингдан, кўчанинг нариги томонидаги дорихонага ўтиб, пулни кир ювиш машинаси учун майдалаб, йигирма центлик қилиб кел.
* * *
Жорж Стэннер «гўштқиймалагич»да, ақл бовар қилмайдиган ўта ғалати шароитда бир қўлидан жудо бўлди.
Душанба куни эрталаб соат еттида кирхонада Стэннер ҳамда асбоб-ускуналарни таъмирловчи уста Херб Дайментдан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Улар йилига икки марта профилактика ишларини ўтказишар — фабрика-кирхонани одатдаги вақтда, соат 7.30 да очишдан аввал «гўштқиймалагич» подшипникларини мойлаб чиқишарди. Даймент машинанинг нариги чеккасида туриб, тўртта ёрдамчи подшипникни мойлар экан, кейинги вақтларда бу механизмга хизмат кўрсатиш унга қанчалик ёқмай қолгани тўғрисида ўйлаб турганида қурилма… тўсатдан ишлаб кетди.
У моторни ўчириш учун уни тўсиб турган матотасмаларни энди кўтараман девди ҳамки, тасмалар… ногаҳонда бир титраб, жонланиб кетди-ю, қўлларида ўз-ўзидан ўрмалаб, кафтлари терисини сидирганича, машина ичига торта бошлади.
Бироқ, одамхўр қурилма қўлларини ямлаб юборишидан бир лаҳза аввал Даймент бир силтаниб, бу тузоқдан чиқиб кета олди.
— Жин урсин, бу нимаси? — дея бақириб юборди у. — Ўчирсангиз-чи, ахир бу лаънати машинани!
Ана шу сонияда Жорж Стэннер қичқириб юборди.
Бу — юракларни музлатиб юборувчи мудҳиш чинқириқ, бир зумда бутун бинони тўлдирган, кир ювиш автоматларининг металл башараларидан, буғда ишловчи прессларнинг юҳодек очилган жағларидан, баҳайбат қуритгичларнинг бўм-бўш кўзларидан акс-садо бўлиб қайтаётган даҳшатли фарёд эди. Стэннер оғзини катта очиб нафас олгач, яна бор овозда бақирди:
— Ё Худо! Мени тортиб кетаяпти! Тортиб…
Шу пайт барабанлар остидан буғ отилди. Ғилдиракчалар шақир-шуқур қилиб айланар, гўё биною қурилмалар тўсатдан жонланиб кетгандек, шу пайтгача уларда яшириниб келган махфий ҳаёт энди ўзини баралла ошкор этиб, таш¬қарига отилиб чиққандек эди.
Даймент жонҳолатда ҳозиргина Стэннер турган жойга отилди.
Биринчи барабан мудҳиш тусда қонга бўялиб бўлган эди. Даймент ожизликдан инграб юборди, томоғи бўғилиб, нафаси етмай қолди. «Гўштқиймалагич» эса ҳануз тўхтовсиз чинқирар, шарақлар, вишиллар эди.
Ташқаридан қараган одамга Стэннер шунчаки машина устига энгашиб тургандек кўринарди, тўғри, сал ғалатироқ букилгандек туюлиши мумкин. Бироқ унинг бўрдек оқарган чеҳраси, косасидан чиқиб кетаёзган кўзлари, узлуксиз даҳшатли чинқириқдан қийшайиб кетган оғзини ҳеч нимадан бехабар одам ҳам кўрмай қололмасди. Стэннернинг қўли хавфсизлик мосламаси билан биринчи барабан остида ғойиб бўлган, енги нақ елкасигача узилиб тушган, қўлнинг юқори қисми ғайритабиий равишда қийшайиб, қон тизиллаб отиларди.
— Ўчир… тезроқ! — дея хириллади у. Шу лаҳзадаёқ елка суяги қирс этиб синди.
Даймент тугмачани бор кучи билан урди.
«Гўштқиймалагич» эса ҳеч нима бўлмагандай, тақирлаш, ўкириш, айланишда давом этарди.
Даймент ўз кўзларига ишонолмай, тугмачани устма-уст ура бошлади. Ҳеч қандай фойдаси бўлмади… Стэннернинг қўл териси чўзилиб, ғалати тарзда ярақлай бошлади. Мана ҳозир у бардош беролмай узилади — барабанлар ҳануз айланиб ётибди-да. Лекин шуниси ажабланарлики, Стэннер ҳушини йўқотмади ва ҳамон қичқирмоқда. Шу ўринда Даймент нима учундир мултфильмдан бир лавҳани — асфальт қиладиган машина бир одамни янчиб, юпқа япроққа айлантириб кетганини эслади.
— Сақлагичларга… югур!.. — дея чинқирди Стэннер. Унинг боши энгашиб борар, машина одамни ўз қаърига тортиб, ямлаб ташлашдан бир зум ҳам тўхтамасди.
Даймент ўгирилиб, бойлерхонага отилди. Стэннернинг қичқириқлари уни гўё ёвуз руҳлардек таъқиб этарди. Ҳавони қон ва буғнинг аралашган ҳиди тутиб кетган.
Чап томондаги деворда учта баҳайбат, кулранг жавон турар, кирхонадаги жамики электр тизимларининг сақлагич воситалари шу ерда жамланган эди. Даймент эшикларнинг барини бирин-кетин очиб, узун-узун сопол цилиндрларнинг ҳаммасини олдинма-кейин суғуриб олиб, елкаси оша итқита бошлади. Дастлаб юқориги ёруғлик, сўнгра ҳаво ҳайдовчи компрессор ўчди. Охирида худди ўлаётиб уф тортгандек бойлернинг ўзи ҳам тўхтади.
«Гўштқиймалагич» эса ҳануз айланиб ётарди. Стэннернинг қичқириқлари энди пасайган, узуқ-юлуқ инграши эшитилади, холос.
Шу пайт Дайментнинг кўзи деворда, ойнаванд жавон ичида осиб қўйилган ўт ўчириш болтасига тушиб қолди. У оҳиста сўкинганча, болтани шарт ол¬ди-ю, бойлерхонадан отилиб чиқди. Машина Стэннернинг қўлини нақ елкасига қадар ямлаб бўлганди. Яна бир лаҳзадан кейин боши билан беўхшов бурилган бўйнини ҳам ютиб юбориши шубҳасиз.
— Тўхтатишнинг иложи йўқ сира! — деди Даймент ҳам хириллаб ва болтани баланд кўтарди. — Э Худо! Бу нимаси ўзи, Жорж! Йўқ, мен бундай қилолмайман, қўлим бормайди!
Машина шаштини жиндак камайтирди. Тасма енг ва эт парчаларини, Стэннернинг бармоғини туфлаб ташлади… Саркор яна бақириб юборди — юракларни орзиқтирувчи мудҳиш овозда чинқирди. Ва Даймент қарамай туриб, болтани бор кучи билан туширди. Кейин яна. Ва яна.
Стэннер бир томонга қулаб тушди. У ҳушидан кетган эди. Юзлари кўкарган, елка остидан чопилган қўлидан қон шариллаб отилади… Машина яна бир бор шарақлаб, қурбонидан қолган ҳамма нарсани очкўзлик билан ютди ва… шу заҳотиёқ ўчди қолди.
Ҳўнграб йиғлаётган Даймент эса камарини ечиб, қонни тўхтатишга уннай бошлади.
* * *
Хантон телефон орқали нозир Рожер Мартин билан гаплашарди. Жексон эса уч ёшли Пэттининг кўнгли учун копток ўйнар экан, уни кўз қири билан кузатиб турарди.
— Нима-нима, у сақлагич воситаларнинг барини олиб ташлаганми? — дея қайта сўради Хантон. — Ахир бу ҳолда электр қуввати батамом узилиши керак-ку, ахир, тўғримасми?.. Дазмолни ҳам ўчирганми?.. Ў, шундайми ҳали, қизиқ, жуда қизиқ… Нима? Йўқ, шунчаки, норасмий тарзда. — Хантон хўмра¬йиб, Жексонга қараб қўйди. — Ўша музлатгични ҳеч унута олмаяпман-да, Рожер… Ҳа, ҳа, мен ҳам шу фикрдаман. Бўпти, ҳозир-а? — У гўшакни қўйиб, Жексонга ўгирилди: — Ва ниҳоят, қизимиз билан танишиш пайти ҳам келди, Марк.
* * *
Шеррининг ўз уйи бор экан. Хантон полиция нишонини кўрсатган заҳотиёқ икковларини дарҳол ичкарига таклиф этганига ҳамда ўзини тутишдаги журъатсизлигига қараганда қиз бу шинамгина ошёнга яқиндагина эга бўлган кўринади. Кейин у чиройли суратни эслатувчи, дид билан безатилган меҳмонхонада, уларнинг рўпарасидаги оромкурсининг бир чеккасига омонатгина ўтириб, бутун вужуди қулоққа айланди.
— Мен полиция зобити Хантон бўламан, бу киши ёрдамчим, мистер Жексон. Кирхонада рўй берган воқеага қизиқиб келувдик. — Қоп-қора сочли, истараси иссиқ ва тортинчоқ бу қизнинг олдида у сал ўнғайсизланарди.
— Даҳшат, умуман даҳшат… — дея сўз бошлади Шерри Квелетт. — Аслида-ку, бу мен ишлаган биринчи жой. Мистер Гартли амаким бўладилар. Ишим ўзимга ёқарди, чунки шу туфайли алоҳида уй олиш, меҳмон кутиш имконига эгаман… Бироқ эндиликда… назаримда, бу ер, «Блю риббон»… яхши жой эмас.
— Хавфсизлик техникаси бўйича тафтиш гуруҳи дазмолхонани вақтинча, текширув ишлари тугагунига қадар ёпиб қўйди, — деди Хантон. — Бундан хабардормисиз?
— Ҳа, — қиз ўтирган ерида безовта бўлди. — Энди бу ёғига нима қилиш кераклигини ўйлаб ўйимга етолмаяпман…
— Миссис Квелетт, — дея унинг сўзини бўлди Жексон. — Агар янглишмасам, сизнинг бошингиздан ҳам шу дазмол-машинага боғлиқ бир воқеа бўлиб ўтган. Эшитишимча, ўшанда тутқичлар қўлингизни жароҳатлаган экан, тўғрими?
— Ҳа, бармоғимни кесиб олгандим. — Ногоҳ қизнинг чеҳраси тундлашди. — Аммо бу фақат бошланиши экан, холос… — Унинг Жексонга тикилган нигоҳи маъюс эди. — Ўшандан буён, баъзан шундай туюладики, бошқа қизларнинг ҳаммаси мени… тўсатдан ёмон кўриб қолишгандек… гўё нимададир айбдорман-у…
— Миссис Квелетт, — оҳиста сўз бошлади Жексон, — мен ҳозир сизга ниҳоятда оғир бир савол беришга мажбурман. У сизга ёқмаслиги турган гап. У бошдан-оёқ сизнинг шахсий ҳаётингизга дахлдор ва фақат дастлабки қарашдагина мавзуимизга ҳеч бир алоқаси йўқдек туюлади, аммо сизни ишонтириб айтаманки, аслида бундай эмас мутлақо. Суҳбатимизни ёзиб олаётганимиз йўқ, шу боис ҳам қўрқмасдан, дадил жавоб бераверинг.
Энди қизнинг чеҳрасидаги маъюслик қўрқув билан алмашинди:
— Мен… бирон гуноҳ… қилиб қўйдимми?!
Жексон жилмайиб, бош чайқади ва Шерри шу лаҳзадаёқ яна бўшашди. Бу ерга Марк билан келганим қанчалик яхши бўлди-я, деб ўйларди Хантон.
— Яна бир нарсани қўшимча қилишим керак, — деди Жексон. — Бу саволга жавобингиз мана шу кўркамгина уйни сақлаб қолишингизга, ишга қайтишингизга ва, умуман, фабрика-кирхонадаги аҳвол яна аввалгидек яхшиланиб кетишига ёрдам бериши мумкин.
— Ундай бўлса, ҳар қандай саволингизга жавоб беришга тайёрман, — деди у.
— Шерри, сиз… ҳали қиз боламисиз?
Бояқиш бу гапдан довдираб, ўзини мутлоқ йўқотиб қўйди. Гўё тавба-тазарру қилиш учун руҳоний ҳузурига келди-ю, руҳоний унинг юзига тарсаки тортиб юборгандек. Кейин бошини кўтариб, хонани бу тўғрида бошқача ўйлаш ҳам мумкинлигига сира-сира ишонгиси келмаган бир қиёфада кўздан кечириб чиқди.
Сўнгра оддийгина қилиб, қисқа жавоб берди:
— Мен ўзимни бўлажак эрим учун асраяпман.
Хантон билан Жексон индамайгина бир-бирларига қараб қўйишди. Ана шу ўринда, аллақайси бир лаҳзада Хантон бу гапларнинг бари ҳақиқат эканини, иблис чиндан ҳам жонсиз темирга, «гўштқиймалагич»нинг жамики қисмлари — барабанларию тасмаларига, винтларию тутқичларига жойлашиб олиб, уни ўзининг алоҳида ҳаёти билан яшовчи бир нимага айлантириб қўйганини яққол ҳис этиб, юраги орқасига тортиб кетди.
— Раҳмат, — деди Жексон оҳиста.
* * *
— Хўш, энди нима қиламиз? — деб сўради Хантон машинага чиқишганида саросимали бир қиёфада. — Иблисларни ҳайдаб чиқариш учун руҳонийни излаймизми?
Жексон истеҳзоли илжайиб қўйди:
— Шу хил руҳонийни топа олган тақдирингда ҳам фойдаси бўлмайди: у сенга бир даста турли китобчаларни бериб, ўқиб чиқишни тавсия этади-ю, ўзи фурсатни ғанимат билиб, жиннихонага телефон қила бошлайди. Биз ўзимиз бажаришимиз керак бу ишни, Жонни.
— Уддалай олармиканмиз?
— Шояд. Биласанми, асосий гап нимада? Биз машинага нимадир жойлашиб олганини биламиз, холос. Аммо у айнан нималиги номаълум… – Шу ўринда Хантоннинг нима учундир аъзои бадани музлаб кетди, гўё ўлимнинг номоддий, аммо совуқ қўли танасига теккандек эди. — Зотан, иблислар ниҳоятда кўп. Биз ҳозир Бубастисга дуч келиб турибмизми ё Пангами? Балки Баалгадир? Ёхуд насронийлик динидаги дўзахий кучлар маъбуди бўлган Шайтоннинг ўзи бизга қарши турибдими?.. Биз бундан бехабармиз. Бу иблисни машинага ким ва қандай мақсадда яқин йўлатганини билолганимизда-ку, иш анча осон кўчарди-я. Аммо у тасодифан тушиб қолгани аниқроқ кўринади.
Жексон кафти билан сочларини сийпаб қўйди.
— Қиз боланинг қони, бу-ку, тушунарли энди… Аммо шу далилнинг ўзи ҳали ҳеч нимадан дарак бермайди. Биз кимга дуч келганимизни аниқ билишимиз керак.
— Хўш, нима учун? — деб сўради Хантон соддалик билан. — Нега энди хилма-хил воситаларни тўплаб, иблисларни ҳайдаб чиқаришга уриниб кўрмаслик керак экан?
Жексоннинг чеҳрасини кўланка қоплади.
— Бу талончилару полициячилар ўйини эмас, ахир, Жонни! Худо ҳақи, шундай йўл тутишни ҳатто хаёлингга ҳам келтира кўрма, асло-асло! Иблисни ҳайдаб чиқариш маросими — ниҳоятда хатарли нарса. Сенга тушунарлироқ бўлиши учун ядро реакциясини назорат этаяпман, деб тасаввур қилавер. Биз янглишувимиз мумкин. У ҳолда ҳалок бўламиз. Ҳозирча Иблис шу машина ичида ўтирибди. Худо кўрсатмасин-у, мабодо имконият туғилиб, у…
— Ташқарига чиқиб кетиши мумкинми?
— У эртаю кеч шуни орзу қилиб ётибди-да, ахир… — Жексоннинг овозида қўрқув бор эди. — Чунки одам ўлдиришни жуда-жуда яхши кўради.
* * *
Эртаси куни оқшом пайти Жексон уйига кириб келганида Хантон хотинини болаларни олиб, кинога боришга кўндирди. Икковлари ёлғиз қолганларининг ўзиёқ бир қадар хотиржам қиларди. Бундай ғалати воқеага аралашиб қолганига Хантон ҳануз қийинчилик билан ишонарди.
— Мен машғулотларни қолдириб, кун бўйи хилма-хил мудҳиш китобларни кўриб чиқдим. Уларда қандай қўрқинчли нарсалар тасвирланганини эса сен ҳатто тасаввур ҳам қилолмайсан. Иблисларни қандай чақиришни тушунтириб берувчи ўттизта усулни ёзиб олиб, компьютерга киритдим. У эса натижа чиқариб, қандай умумий мажбурий унсурлар кераклигини кўрсатиб берди. Улар ҳайратомуз даражада кам экан.
У Хантонга узатган рўйхатда қуйидагилар белгиланган эди: қиз бола қони, қабр тупроғи, «шуҳрат қўли», кўршапалак қони, тунда тўпланган йўсин, от туёғи ва бақанинг кўзи. Шунингдек, бошқа унсурлар ҳам бор, аммо улар асосий ҳисобланмас экан.
— От туёғи… — дея ўйланиб қолди Хантон. — Ғалати-я…
— Жуда кўп учрайди. Умуман олганда-ку…
Хантон унинг сўзини бўлди:
— Шу кўрсатмаларда келтирилган айрим унсурларни уларга яқинроқ бўлган ва топилиши осонроқлари билан алмаштириш мумкинмикан-а?
— Айтайлик, тунда йиғилган лишайник йўсин ўрнига ўтмасмикан, демоқчисан-да, тўғрими?
— Топдинг.
— Менимча, уларни бемалол алмаштириш мумкин, — деди Жексон. — Мағия4вий кўрсатмалар кўпинча икки хил маънода келади, яъни шу хил алмаштиришларга бажонидил рухсат беради. Умуман, қора мағия — жодугарлик ижодий тафаккур парвози учун ҳамиша кенг имкониятлар яратиб келган.
— Хўш, энди от туёғини «Жел-О» русумли елим билан алмаштириб кўрсак-чи, — дея тахминини ўртага ташлади Хантон. — Ишлаб чиқаришда у жуда кенг тарқалган. Миссис Фраули бояқиш ҳалок бўлган ўша машъум кунда шу хил елим идишини ўзим кўрганман. Дазмол-машина ўрнатилган саҳн остида турган эди. Бундай дейишимга сабаб — желатин от туёғидан олинади-ку, ахир!
Жексон бош ирғади:
— Хўш, яна нима?
— Кўршапалак қони… Корхона биноси жуда кенг. Қоронғи бурчаклару қўшимча хоналар анчагина. Гарчи маъмурият ўла қолганда тан олмаса ҳам, «Блю риббон»да кўршапалаклар яшаши эҳтимоли ниҳоятда юқори. Бинобарин, улардан биронтаси «гўштқиймалагич» ичига учиб кириб қолган бўлиши ҳеч гап эмас.
Жексон ўзини оромкурси суянчиғига ташлаб, толиқишдан қизариб кетган кўзларини ишқалади.
— Ҳа, ҳаммаси ўзаро мос келаяпти… ҳаммаси.
— Чинданми?
— Чиндан. «Шуҳрат қўли»ни эса, назаримда, рўйхатдан бемалол ўчириб ташласак ҳам бўлади. Миссис Фраули ҳалок бўлгунига қадар дазмол-машинага мурданинг қўлини ҳеч ким атайлаб тиқиб қўймаган. Энди белладоннага келсак, ўлкамизда бундай ўсимлик умуман учрамаслиги ҳаммага аён ҳақиқат.
— Хўш, қабр тупроғи-чи?
— Ўзинг нима ўйлайсан?
— Умуман, бу ўринда қандайдир алоқа мавжуд, — деди Хантон ўйланиб. — Энг яқин қабристон «Плезант хилл». «Блю риббон»дан беш мил масофа нарида жойлашган.
— О’кей, маъқул, — Жексон бош ирғади. — Мен компьютерда ишловчи қиздан рўйхатда кўрсатилган унсурларнинг барини бирламчи ва иккиламчи гуруҳга ажратиб чиқишини сўрадим — Хеллоуин байрамига тайёргарлик кўраётганимга бечоранинг ишончи комил эди. Хуллас, унсурларни мумкин бўлган барча хил тартибда ажратиб чиқдик. Кейин, умуман ақл бовар қилмас даражадаги ўндан зиёдроқ унсурларни чиқариб ташладим. Қолганларининг бари аниқ тартиб бўйича тақсимланади. Биз ҳозиргина тилга олиб ўтган унсурлар эса ана шу гуруҳлардан бирига киради. Мен бу ўринда ёвуз руҳларни ҳайдаш усулларидан бирини кўзда тутаяпман, албатта.
— Хўш, қанақа экан у?
— О, ниҳоятда осон. Жанубий Америкада хилма-хил мистик эътиқод марказлари мавжуд. Кариб денгизи оролларида бўлинмалари ҳам бор. Аммо маросимлари ўзаро ўхшаб кетади. Мен кўриб чиққан китобларда шу эътиқодлар бўйича сиғиниладиган маъбудлар ўрмонда яшовчи қандайдир ёвуз руҳлар деб билинади, африкаликлар Саддат ёки Оти йўқ деб атайдиган руҳ бор-ку, шу сирадан-да. Кўрасан ҳали, ўша руҳ кўз очиб юмгунингча машинамиздан ўқдек отилиб чиқиб кетади.
— Маъқул, бироқ бунинг учун нима қилиш керак?
— Бор-йўғи жиндек табаррук сув билан чўқинтириш пайтида ишлатиладиган ширин кулчадан бир парча. У ёғига «Левит»дан дуо ўқиймиз. Қарабсанки, насронийча сеҳргарликнинг ўзгинаси бўлади қолади.
— Ишқилиб, баттар бўлмаса гўргайди.
— Нега энди? Аҳвол ҳозиргидан ёмонлашувига бирон сабаб кўрмаяпман, — деди Жексон ўйланиб. — Тўғри, бир нарсани тан олишим керак: рўйхатимизда «шуҳрат қўли» йўқлиги кўнглимни ғаш қилиб турибди. Зотан, у жодугарликнинг энг қувватли унсури ҳисобланади.
— Табаррук сув ҳам таъсир кўрсатолмайдими унга?
— Йўқ, «шуҳрат қўли» чақирувчи иблис Библияни нонушта ўрнига паққос тушириши мумкин! Ҳа, ундан қўрққулик, бошимизга қандай хатар соларкин ҳали. Аслида-ку, жин теккан бу машинани қисмларга ажратиб ташлаган мақбул эди-я!
— Нима, жинни ҳайдаб чиқара олишга ишончинг комил эмасми?
— Унчаликмас. Ҳар қалай, минг эҳтимолнинг бири. Қолаверса, барча қоидаларини адо этаяпмиз.
— Қачон бошлаймиз бўлмаса?
— Қанча тез бўлса, шунча яхши, — деди Жексон. — Фақат, ичкарига қандай кирамиз? Деразани синдирамизми?
Хантон илжайиб, киссасига қўл солди ва калитни олиб, Жексоннинг бурни тагида ўйнатди.
— Қаердан топа қолдинг? Гартли бердими?
— Йўқ, – Хантон бош чайқади. — Техник назорат хизматининг нозири Мартиндан олдим.
— Нима иш қилмоқчи эканимиздан хабардорми у?
— Пайқаётган кўринади. Ярим ойча аввал менга қизиқарли бир воқеани айтиб берувди.
— «Гўштқиймалагич» ҳақидами?
— Йўқ, — деди Хантон. — Музлатгич ҳақида. Қани, кетдик бўлмаса.
* * *
Адел Фраули ўлган, қабристоннинг сабр-тоқатли ва тиришқоқ хизматчилари бурдалардан тиклаган танаси тобутда ётибди. Бироқ руҳининг бир қисми машинада қолгани эҳтимол, башарти чиндан шундай бўлса, у дод-фарёд кўтариши керак. Гап нимадалигини билиши, уларни огоҳлантириб қўйиши лозим. Миссис Фраулининг ошқозони овқатни яхши ҳазм қилмас ва шу оддий дарддан қутулиш учун у энг оддий дори ичарди. «Гель Е-Z» деб аталувчи бу хабдорининг бир қутичаси исталган дорихонада етмиш тўққиз центга берилади. Тўғри, қутичанинг биқинига глаукома хасталиги бор кишилар «Гель Е-Z»ни қабул қилмаслиги керак, чунки унинг таркибидаги фаол қўшимчалар кўз қувватини пасайтиради, деб ёзиб қўйилган. Бироқ, бахтга қарши, Адел Фраули бу огоҳлантиришга эътибор қилмади. У яна бир нарсани унутиб қўйди: Шерри Квелетт бармоғини кесиб олишидан сал аввалроқ Адел шу дори тўла қутичани машина ичига тушириб юборганди. Эндиликда эса у қабрда ётибди ва ошқозонидаги оғриқни йўқотган фаол қўшимча Европанинг кўплаб мамлакатларида «шуҳрат қўли» деган номда машҳур бўлган ўсимлик — белладоннанинг кимёвий ҳосиласи эканидан бутунлай бехабар.
Ногаҳонда «Блю риббон» фабрика-кирхонасидаги чуқур сукунат ичра қулқиллаган мудҳиш товуш эшитилди. Кўршапалак гўё ақлдан озгандек ўзини ишонган бошпанасига урди — қуритгич устидан ўтган симлар орасидаги тирқи¬шга биқиниб, жажжи башарасини кенг қанотлари билан ёпиб олди.
Бу товуш калтагина кулишга ўхшарди.
Ана шу лаҳзада «гўштқиймалагич» шақир-шуқур қилиб ишлаб кетди — конвейер тасмаси ҳаракатга келди, бўртмалару тишчалар ўзаро тишлашди, форсункаларидан буғ пуфловчи залворли цилиндрлар салмоқ билан айлана бошлади.
Машина уларни кутарди.
* * *
Хантон автомобиллар тўхташ жойига келганида тун ярмидан оққан, Ой осмонда оҳиста сузиб юрган қора булутлар ортига яширинган эди. У машина чироқларини ўчириш баробарида тормозни шу қадар кескин босдики, Жексон олд ойнага урилишига бир баҳя қолди.
Хантон моторни ҳам ўчирди ва шунда икковлари бир маромдаги тарақлаш товушини эшитишди.
— «Гўштқиймалагич», — деди Хантон оҳиста. — Ярим тунда ўз-ўзидан ишлаб ётибди.
Улар бир муддат жим ўтиришди, қўрқувнинг темир тирноқлари юракларини беаёв чангаллай бошлаганди.
— Қани, кетдик, — деди Хантон. — Бўладиган ишнинг бўлгани маъқул.
Улар машинадан чиқиб, бинога яқинлашишди — «гўштқиймалагич» товуши қаттиқроқ эшитила бошлади. Хантон қулфни очаркан, беихтиёр машина жонли мавжудотдек товуш чиқараётганини ўйлади. Гўё у қизиб ётган ташна бўғзига ютоқиб ҳаво ютар, ҳуштак чалгандай, истеҳзоли бир пичирлаш орқали ўзи билан гаплашаётгандек эди.
— Биласанми, нима? — деб қолди Жексон. — Ёнимда полициячи борлиги нима учундир катта далда бераяпти. — У жигарранг сумкасини бир елкасидан бошқасига олди. Сумкада жемдан бўшаган ва табаррук сувга тўлдирилган мўъжаз идиш ҳамда Гидеон Библияси бор эди.
Улар ичкари киришди ва Хантон эшик ёнидаги тугмачани босиб, чироқни ёқди. Шифтда флуоресцент лампа бир-икки пирпираб олгач, совуқ зангори ёғду тарата бошлади. Шу лаҳзадаёқ «гўштқиймалагич»нинг товуши ўчди.
Цилиндрлар узра буғ пардаси кўринади. Машина мудҳиш сукунат ичига яширинганча, уларни кутиб турарди.
— Ё тавба, намунча турқи совуқ бўлмаса-я, — дея шивирлади Жексон.
— Бўлақол, — деди Хантон. — Унинг телбалиги тутмасидан иш бошлай қолайлик.
Улар «гўштқиймалагич» ёнига яқин келишди. Хавфсизлик дастаси тушириб қўйилганди.
Хантон қўлини чўзди:
— Сал нарироқ тур, Марк. Идишни менга бергин-да, нима қилиш кераклигини айт.
— Аммо…
— Кел, қўй, баҳслашма!
Жексон сумкани узатди. Хантон уни машина олдидаги чойшаб столига қўйди ва кейин Жексонга Библияни берди.
— Мен дуо ўқийман, — деб тушунтира бошлади Жексон. — Сен эса ишора қилганимда машинага табаррук сув пуркайсан. Сўнгра «Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номидан буюраман: бу ердан чиқ, ёвуз руҳ!» дейсан. Тушунарлими?
— А-ҳа.
— Кейин, иккинчи марта ишора қилганимда, ширин кулчани ушатиб, дуони такрорлайсан.
— Дуоларимиз таъсир кўрсатган-кўрсатмаганини қаердан биламиз?
— Қўявер у ёғини. Бу ерда биқиниб ётган махлуқ ташқарига чиқаётганида ҳамма нарсани вайрон қилиб ташлайди. Мабодо биринчи мартада уддалай билмасак, маросимни қайтараверамиз.
— Биласанми, юрагим орқага тортиб кетаяпти, — деди Хантон.
— Очиғи, менинг ҳам тиззаларим қалтираб турибди.
— Башарти анави «шуҳрат қўли»да янглишган бўлсак борми…
— Янглишмадик, — деди Жексон. — Бу ёғига энди ўзинг мадад бер, Парвардигорим!
У дуо ўқишга тутинди. Овози бўм-бўш бинони тўлдириб, деворлардан бўғиқ акс-садо бўлиб қайтарди.
— Ўзингиз ясаган санамларга ва суратларга сиғинманглар, ўз ерингизда ўзингиз ўрнатган тош ҳайкалларга сажда қилманглар, фақат менга, Тангрингизга, Парвардигорингизга сажда қилинг…
Сукунат ичра сўзлар залворли жаранглар, Хантоннинг эса аъзои бадани музлаб кетаётгандай эди. Флуоресцент лампанинг ёрқин, аммо ўлик ёғдуси остида «гўштқиймалагич» миқ этмай, қилт этмай турар, бироқ унинг назарида заҳархандалик билан тиржаярди.
— …ўз ерингиздан душманларингизни ҳам ҳайдаб чиқарасиз, чиқмаганлари қиличингиз зарбидан ҳалок бўлғусидир.
Шу пайт Жексон оппоқ чеҳрасини Библиядан кўтариб, бош ирғади.
Хантон конвейернинг узатувчи механизмига табаррук сув пуркади.
Шу аснодаёқ машинадан азобга тўла қичқириқ янгради. Сув томчилари теккан жойларда буғ вишиллади ва ҳавога кўтарилиб, ингичка қизил ипларга айланди. «Гўштқиймалагич» бир титради-ю, ўз-ўзидан ишлаб кетди.
— Таъсир қилди! — Жексон кучайиб бораётган шовқин-суронни босиб кетишга уринарди. — Таъсир қилмай ҳам кўрсин-чи!
У яна дуо ўқишга киришди, тарақ-туруқ кучайгани сайин овозини баландлатарди. Кейин Хантонга қараб яна бош ирғади ва у сув пуркади. Ана шу лаҳзада Жексон ваҳима бутун борлиғини қамраб олганини туйқусдан сезиб қолди, даҳшатли хатога йўл қўйилгани, машина уларнинг чақириғини қабул қилганини ва у… кучлироқ эканини яққол ҳис этди.
У тобора баланд овозда ўқир, росманасига қичқира бошлаганди.
Ногоҳ мотордан учқун сачрай бошлади; хона ҳавосини озон ҳиди тутиб кетди, унга қоннинг мисники сингари таъми ҳам қўшилганди. Энди бош мотордан тутун чиқа бошлади. «Гўштқиймалагич» телбавор тезликда айланар — марказий тасмага бармоқ учи теккизилса борми, бутун тана қутурган конвейерга лаҳзанинг қандайдир улуши ичидаёқ тортилиб кетар, кейинги беш сонияда эса қонга ботган бир парча латтага айланарди. Оёқ остидаги бетон пол титрашга тушди.
Сўнг тўсатдан бош подшипникдан қирмизи ёғду отилди, муздек ҳавода момақалдироқ ҳиди анқиб кетди. Бироқ «гўштқиймалагич» ҳануз ишлаб турар, тасма ҳаракати тобора тезлашар, винтчалару тишчалар шу қадар шиддат билан айланардики, ҳаракатини кўз илғамасди. Ва ниҳоят, ҳамма нарса кулранг тусдаги яхлит бир нимага айланди, тумандек эриб, шаклини ўзгартира бошлади.
Гўё гипноз ҳолатида турган Хантон сесканиб, ортига тисарилди.
— Кетдик, қочамиз! — деб қичқирди у қулоқларни кар қилувчи даҳшатли шовқинни босишга уриниб.
— Озгина қолди-ку, ахир! — дея Жексон ҳам бақирди. — Нега энди…
Шу лаҳза тасвирлаб бўлмас даражада мудҳиш овозда бетон пол тарсиллаб ёрилди. Ёриқ уларнинг оёқлари остига югураркан, таҳдид ила кенгайиб борарди. Чор атрофда эски цемент парча-парча бўлиб, тепага отиларди.
Жексон «гўштқиймалагич»га қараб қичқириб юборди.
Машина полдан қўзғалишга уринар, шу туришда қатрон кўлмакка ёпишиб қолган оёғини кўчириб олишга ҳаракат қилаётган динозаврни эслатарди. Энди уни умуман машина ёки дазмол деб атаб бўлмасди. У шаклини ўзгартирар, ўткир бурчаклари йўқолиб, эриб борарди. Мана, қаердандир 550 вольт кучланишдаги кабел узилиб, шиддат билан айланаётган валлар устига тушди, шу заҳотиёқ зангори учқунлар чақнаб, валлар уни ғажиб ташлади. Улкан кўзлар янглиғ иккита оловли шар уларга бир лаҳза тикилиб қолди, бу кўзларда очлик, юҳолик акс этарди.
Яна бир трос тарсиллаб узилди. Ва барча тушов-бандларидан озод бўлган «гўштқиймалагич» бир тебраниб олди-да, йиртқичларча пишқирган ҳолда тўғри уларга қараб интилди. Хавфсизлик дастаси отилиб чиқиб, ҳавода муаллақ қолди ва Хантон рўпарасида баҳайбат, катта очилган ва буғ пуркаётган ебтўймас жағни кўрди.
Улар ўгирилиб, қоча бошлашди, аммо шу заҳотиёқ оёқлари остида яна бир ёриқ пайдо бўлди. Орқадан эса озодликка чиққан ёввойи ҳайвоннинг ўкириши ва тапиллаши эшитиларди, холос. Хантон ёриқдан сакраб ўтди, бироқ Жексон қоқилиб кетиб, юзтубан тушди.
Хантон тўхтаб, шеригига ёрдам бериш учун ўгирилди, аммо унга тепадан маҳобатли ва бешакл бир шарпанинг сояси тушди, шу аснода чироқлар ўчди.
Чалқанча ётган Жексон устида тоғдай бўлиб турган шарпага тикилар ва чеҳрасида беқиёс даҳшат акс этарди. Ўлимга маҳкум қурбоннинг ваҳимали нигоҳи эди бу. Хантон эса бўйи шифтга тегадиган баҳайбат қора шарпани илғашга улгурди, холос. Ҳар бири футбол тўпидек келадиган электр кўзлар унга қадалган, кенг очилган жағда эса кулранг брезент тил айланади.
Хантон бор кучи билан югурди. Ортида эса Жексоннинг жон аччиғида чинқиргани эшитилди-ю, шу заҳоти овози ўчди.
* * *
Эшик қўнғироғи устма-уст жиринглашидан уйғониб кетган Рожер Мартин уйқусираганча ўрнидан турди. Бироқ ташқаридан даҳлизга отилиб кирган Хантонни кўрди-ю, бошидан бир челак совуқ сув қуйилгандек, кўзлари мошдай очилиб кетди.
Хантоннинг қиёфаси даҳшатли эди — кўзлари косасидан чиқиб кетгудай, тили айланмас, қўллари Мартиннинг халатини жонҳолатда чангаллаган. Кесилган ёноғидан қон оқади, бутун юзини қандайдир кулранг чанг қоплаган.
Сочлари эса… оппоқ оқариб кетганди.
– Ёрдам беринг… Худо ҳақи, ёрдам беринг! — Машаққат билан бўлса ҳам у ниҳоят тилга кирди. — Марк ўлди… Жексон ҳалок бўлди…
— Ўзингизни тутинг, — деди Мартин. — Ўтиринг, ёки, яхшиси, меҳмонхонага кира қолайлик.
Хантон гандираклаган кўйи, яраланган итдай инграб, унга эргашди. Мартин унга «Жим Бим» дан икки энлик қуйиб берди, аммо Хантон ичиши учун қадаҳни икки қўллаб тутишига тўғри келди. Кейин қадаҳ гиламга тушди, Хантоннинг титраб-қақшаган қўллари эса яна Мартиннинг ёқасига ёпишди.
— «Гўштқиймалагич»… Марк Жексонни ўлдирди! Эй Худо… у… у ташқарига чиқиб кетиши мумкин! Биз бунга йўл қўймаслигимиз керак! Асло, асло… мутлақо!.. О-о-о!.. — У яраланган ҳайвондек чўзиқ инграб юборди.
Мартин унга яна қуйиб бермоқчи бўлди, бироқ Хантон унинг қадаҳ тутган қўлини силтаб ташлади.
— Биз бу махлуқни ёқиб ташлашимиз керак! — деб қичқирарди у. — Таш¬қарига чиқиб кетишга улгурмасидан туриб йўқ қилишимиз шарт! Агарда у озодликка чиқиб кетса борми, о, унда нималар бўлади?! Эй Худо, агар аллақачон чиқиб кетмаган бўлса!.. — Шу пайт Хантоннинг кўзлари ғалати бўлиб кенгайди, қорачиқлари тепага қараб кетди ва у ҳушини йўқотиб, гилам устига худди ўликдек гурсиллаб тушди.
Миссис Мартин ётоқхона эшигида халатининг ёқасини тутганча турарди.
— Бу ким бўлди ўзи, Рож? Ақлидан озмаганми ишқилиб? Менинг назаримда… — У титраб кетди.
— У-ку ақлидан озмаган, — деди Мартин. Қўрқув, даҳшатдан эрининг юзи қийшайиб кетганини аёл энди пайқаб етди. — Эй Худо, бу ёғига ёрдам ўз пайтида етиб келса бўлгани эди…
Мартин телефонга отилди. Бироқ гўшакни тутган кўйи қотиб қолди.
Хантон қочиб келган томондан аллақандай ғалати шовқин эшитилиб, уйга яқинлашиб келарди. У тобора кучаяр, баландроқ товушда ва аниқроқ эшитилар, тарақ-туруқ ичида темирнинг бир-бирига урилиб қарсиллашини яққол фарқлаш мумкин эди. Меҳмонхонанинг ярим очиқ деразасидан тунги шамол эпкини бостириб кирди. Мартин озон ҳидини сезгандай бўлди… ё қон ҳидимикан?
У энди бефойда телефонга қўлини қўйганча қотиб турар, шовқин-сурон эса тобора яқинлашиб келарди. Вишиллаган, пишқирган товушлар яққол эшитилар, гўё шаҳар кўчалари бўйлаб буғ пурковчи баҳайбат дазмол бостириб келарди. Хонани қон иси тутиб кетди.
Гўшак мажолсиз қўлдан сирпаниб тушди. Телефон барибир ишламасди.
Русчадан Рустам Обид таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 1-сон