Алмаий XIX аср ўзбек адабиётининг Тошкентда етишган таниқли вакилларидан, шоир, олим ва таржимондир. Эл орасида «Қори Фазлуллоҳ» номи билан машҳур бўлган.
У 1852 йилда Тошкент шаҳрининг Қўштут маҳалласида туғилган. Отаси Миржалол бўзчилик билан шуғулланган. Ёш Фазлуллоҳ маҳалладаги эски мактабда, сўнг Ҳастимом ёнидаги «Мўйи Муборак» мадрасасида ўқийди. Амакисининг ёрдами билан Бухорога боради, мадрасалардан бирида ўқшнни давом эттиради. Араб, форс тилларини мукаммал эгаллайди, хатготлик санъатини ўрганади. Фазлуллоҳ моддий қийинчиликда яшаган. Бухородан қайтишда пули тамом бўлиб, Тошкенгга пиёда келганини нақл қиладилар.
Бухоро мадрасасини тугатиб келгач, Ҳофиз Кўйкий маҳалласидан (ҳозирги Собир Раҳимов туманида) Собира исмли қизга уйлантирадилар. Собира ўқимишли бўлган, шеър машқ қилган. Уйида мактаб очиб, қизларга дарс берган. Улар Жория, Ҳалима, Бўлатхон, Назрулло, Саъдулло деган фарзандлар кўрадилар.
Фазлуллоҳ Эски Жўвада жойлашган Шукурхон мадрасасида мударрислик қила бошлайди.
Замондошларининг хотирлашича, Фазлуллоҳ тиксўз, таптортмас, кишининг айбини юзига очиқ айтувчи киши бўлган. Шу сабабли баъзи амалдорларга ёқмаган. Жумладан, қозикалон Умарбек билан чап тушиб, мадрасадан четлаштирилган. Шундан сўнг у, асосан, хаттотлик ва таржимонлик билан рўзгор тебратган. Ўрганган илму ҳунари ёрдамида кишилар учун хусусий хатлар ёзиб бериб, китоблар кўчириб, таржималар қилиб кун кечирган.
Фазлуллоҳ хат ёзишнинг турли усулларини, жумладан, «настаълиқ» ва «хатти нохуний» (тирноқ билан ёзиш) санъатларини эгаллаган хаттот эди. Унинг шеър ва адабиётдан, араб тилининг сарфу нахви (грамматикаси)дан яхши хабардор эканлигини билар эдилар. Шу сабабли, Фазлуллоҳни Қўқоннинг машҳур эшонларидан бири ўз мадрасасига мударрисликка таклиф этади. Бироқ Фазлуллоҳ у ерда ҳам узоқ ишлай олмайди, Тошкешта қайтиб, хаттотлик ва таржимонликни давом эттиради, адабий давраларда фаол иштирок этади. Масалан, унинг Тошкентда кенг тарқалган «Бедилхонлик» йиғинларида қатнашгани маълум. Бедил чуқур маъноли шеърлари билан машҳур, усули ғоят мураккаб. Уни тушуниш, англаш катта билим ва ҳунар талаб қилган. XIX асрнинг сўнгида Тошкентда тан олинган 7 бедилхоннинг бири мана шу Қори Фазлуллоҳ эди.
Фазлуллоҳ ёшлигидан шеърга кўнгил қўйди. Ғазаллар машқ қилди. Ҳажвлар, ҳазил-мутойибалар ёзди. «Мўйи муборак» мадрасасида ўқиб юрган пайтларида ўша атрофда ўтин териб юрган бир кўкнорини шундай ҳажв қилган эди:
Бошига кичик латта чулғаб,
Ўлгунча хорзор кўкнори.
Алидин гарчи ҳеч иш келмас,
Чўп терарга ярар кўкнори.
Қўқондаги бир гуруҳ бекорчи уламолар абжад устида тортишиб, Фазлуллоҳдан сўраганларида:
«Абжад»ингни абу жадинг билмас,
«Каламан»ни биламан десанг, куламан, –
деб жавоб берган экан. Сўнгроқ у «Алмаий» (арабча «синчков, зийрак» дегани) тахаллусли шоир сифатида танилди. Араб тили грамматикасига оид «Авзонул-жумуъ» («Кўплик вазнлари») номли китоб ёзди. Машҳур ҳинд адабий ёдгорлиги «Калила ва Димна»ни ўзбек тилига таржима қилди.
Алмаий 39 ёшида вафот этди. Ҳотиф деган шоир унинг ўлимига бағишлаб марсия ёзди. Уни «Маъдани фазл» (фазилат кони, илму дониш манбаи) деб атади. 1965 йилда олим ва мураббий Субутой Долимов унинг шеърларидан айрим намуналар эълон қилди. «Калила ва Димна» таржимасидан парчани нашрга тайёрлади.
Шеърлари
Фазлуллоҳ уч тилда баравар ижод эта олган шоир эди. Замондошларининг хотирлашича, у шеърларини тўплаб, девон тузган. Бироқ бу девоннинг тақдири бугунгача номаълум.
Шоирнинг бир қатор шеърлари турли баёзлар, замондошларининг уларга боғлаган мухаммаслари орқали етиб келган. Масалан, «Ҳаёт» радифли шеъри ўз даврида катта шуҳрат қозонган. Шоир Муқимийнинг унга боғлаган мухаммаси бор. Шеърга «ҳаёт» сўзи радиф қилиб олинган. Шеър:
Эй, хаёли жоним ичра танда жон янглиғ ҳаёт,
Келки, сансиз талх бўлди жонима тотлиғ ҳаёт,—
деган байт билан бошланади. Шоир «ҳаёт»га мурожаат қилади. Унинг хаёлини тан ичидаги жон деб билади. Усиз ширин (тотлиғ) умрнинг аччиқ (талх) бўлганлигига диққатни қаратади. Ҳаётнинг азизлигини таъкидлайди. «Жон ичра жон» (мукаррар), талх-тотлиғ (тазод) орқали чиройли манзаралар яратади, таъсирчанликка эришишга ҳаракат қилади.
Муқимий Алмаийнинг ушбу шеърига мухаммас боғлар экан, шоир байтидаги ғояни шундай давом эттирган эди:
Айру сандин сувдин айрилган каби болиғ ҳаёт,
Бўлди дардидин жудолиғ чеҳраси сориғ ҳаёт.
Бўлмади ғамдин йўлингда бир нафас фориғ ҳаёт,
Эй, хаёли жоним ичра, танда жон янглиғ ҳаёт,
Келки, сенсиз, талх бўлди жонима тотлиғ ҳаёт.
Ҳаётга меҳр ғояси байтма-байт, сатрма-сатр кучайиб боради. Чунончи, иккинчи байтда, томир («раг»)ларимда оқаётган «қон» эмас, сенинг хаёлинг («фикратинг»)дир, вужудимдаги «оташ» сенинг «ишқинг»дандир, дейди шоир. Фикр кучайиб, гап умрнинг мазмунига кўчади:
Умр гар хуш ўтса, умри Нўҳ ҳам камдур вале, Кўп узундур кўз юмуб очқунча кулфатлиғ ҳаёт.
Нуҳ, ривоятга кўра 1600 йил умр кўрган пайғамбардир. Умр хуш (яхши) ўтса, мана шу узун умр ҳам камдир. Агар кулфатлик бўлсачи? Кўз юмиб очгунча фурсатлиги ҳам кўп узундир. Шоир талмеҳ (ўтмишдаги бирор воқеа ёки шахсга ишора), тазоддан унумли фойдаланмоқда.
Сўнгги байт — мақтаъда гап шоирнинг ўз тақдирига кўчади. Муаллиф дам-бадам қон юттираётган бахтдан, ўлим заҳрини ша-карга қўшиб тутаётган ҳаётдан зорланади.
Шеър катта фалсафий мазмунга эга. Ҳар бир киши тақдирида турфа хил кечадиган инсон умри ҳақидаги ўйлардир. Умрнинг нақадар мураккаб бўлмасин, азизлиги, ғаниматлиги, такрорлан-маслиги ҳақидаги ўйлардир.
Шоирнинг айрим шеърларида илоҳий ишқ мавзуси кўзга ташланади. Масалан, «Этти» радифли шеърида ишқ тақдир сифатида талқин қилинади.
Азал деҳқони қаддинг нахлини то сарбаланд этти,
Муҳаббат риштасин кўнглум қуши бўйнига банд этти, –
деган сатрлар билан бошланади шеър. Яъни, яратувчи («азал деҳқони») сенинг қаддинг ниҳоли («наҳли»)ни ўтқазган куниёқ муҳаббат ипи («риштаси»)ни кўнглум қуши бўйнига боғлаган («банд этган») эди. Бироқ у шоир вафоларига жафолар билан жавоб беради. «Хоки тани» (оёқ ости бўлган тани) устига «гарди саманд» этади (от ўйнатади), «ағёр» (рақиб)ларни «аржуманд» (азиз) этади ва ҳоказо.
Алмаийнинг шеърлари орасида ҳазил-мутойибага мойиллари ҳам учрайди. «Майлигаму?» радифли шеъри савол-жавоб – диалог асосига қурилган. Юмшоқ, ўиноқи оҳанг, майин эркаланиш шеърнинг бошидан охиригача давом этади:
Дедим: қулоғингга олтун исирға тақ, ярашур,
Деди: тешуклар оғрийди, тор, майлигаму?
Дедим: сочингға улағил кумуш попук, ярашур,
Деди: белимга тегиб оғритор, майлигаму?
Дедим: қўлингга жавоҳир узук солгил, ярашур,
Деди: қўлимда сўнгак йўқ, сиқор, майлигаму?
Дедимки, кўксунга гуҳардин айлагил маржон,
Деди: оғир, не қилурман, букор, майлигаму?
Дедим: юракдин ўлан шоҳидин кийинг кўйлак,
Деди: бу оқ баданима ботор, майлигаму?
Дедим: аёғинга кийгил қаро чармдан кафш,
Деди: қабарса нетурман, бекор, майлигаму?
Дедим: висолинга Алмаийни қил меҳмон,
Деди: ойим урушур ҳам сўкор, майлигаму?
Кўрганингиздек, ғазал давомида ёрнинг эркаланиб берган жавоблари асносида унинг мумтоз шеъриятимизда тасвир этиладиган ғоят нозик ва латиф қиёфаси намоён бўлади. Маъшуқанинг қулоқлари шу қадар нозикки, олтин сирға унинг учун қўполлик қилади. Кумуш попук белини оғритади. Унинг қўллари суяксиз, гавҳар маржонлар бўйнига оғирлик қилади. Шойи, ипак кўйлаклар оқ баданига ботади…
Алмаий кундалик турмуш ташвишлари, йил фасллари, масалан, баҳор, ёз ҳақида ҳам ҳазил шеърлар ёзган. Мана, шулардан биттаси:
Эй худо, қишни ёз қилсанг-чи,
Танчадин бениёз қилсанг-чи.
Қор ўрниға сабзалар чиқориб,
Қарға жойиға ғоз қилсанг-чи.
Ахмону дахмону ажуз ингни
Ҳаммасин бир жувоз қилсанг-чи.
Қиш умрини бир нафасга қилиб,
Ёз умрини дароз қилсанг-чи.
Ё совуқ ила қишни бир йилға
Бир-биридин ароз қилсанг-чи.
Ё бериб сабр ила таҳаммулни,
Ул айшини соз қилсанг-чи.
Ё ситамгар жафочи ёримни
Бир манга дилнавоз қилсанг-чи.
Алмаийдек қулингни, эй юзи гул,
Бир қараб, сарфароз қилсанг-чи.
Алмаийнинг бизга етиб келган шеърлари унинг поэтик истеъдоди кўп қиррали эканлигани кўрсатади. Шоир ҳаёт фалсафаси ҳақидаги шеърларини қандай маҳорат билан битса, тасаввуфий ғазалларига қанча чуқур мазмун жойласа, ҳазил-мутойибаларида ҳам шунчалик таъсирчанликка эришишга муваффақ бўлади. Араб, форс тилларини билиши сўзларнинг маъно товланишларидан самарали фойдаланиш имконини берган. Қофия ва радифлар, асосан, фикрни етказишда, шеърнинг руҳи ва йўналишини белгилашда муҳим роль ўйнайди. Шоир вазннинг имкониятларидан жуда самарали фойдаланади.
«Калила ва Димнаи туркий»
Алмаийнинг энг катта хизматларидан бири «Калила ва Димна»ни таржима қилиши бўлди. Таржима жуда катта қизиқиш билан кутиб олинди. 15 йилда «Калила ва Димнаи туркий» номи билан уч марта (1898-1901-1913) чоп этилди.
Алмаий таржимани тошкентлик мухлиси Муҳаммад Мусо Исоқози ўғлининг илтимоси билан амалга оширган. Нақл қилинишича, Муҳаммад Мусо кўпдан ушбу китобга қизиқиб юрар, Алмаийга ўқитиб, оғзаки таржима қилдириб, эшитар экан. Ниҳоят бир куни бутун китобни таржима қилиб беришини сўрабди. Алмаий рози бўлибди. Муҳаммад Мусо уни ўз меҳмонхонасига олиб келибди. Оиласини моддий жиҳатдан таъминлаб турибди. Алмаий уч йиллик ишни уч ойда тамомлаб, таржимани Муҳаммад Мусо қўлига тутқазибди. Хуллас, таржима шоир вафотидан кейин етти йил ўтгач, тошбосмага тайёрланади. Уни машҳур котиб Мирза Ҳошим Хўжандий босмага тайёрлайди.
«Калила ва Димна» бундан 1700 йиллар илгари Кашмирда яратилган. Қадим номи «Панчатантра» («Беш китоб»)дир. Буюк бобокалонимиз Абу Райҳон Беруний у ҳақида шундай ёзган эди:
«Ҳинд халқи илмнинг жуда кўп тармоқларига ва сон-саноқсиз китобларга эга. Уларнинг ҳаммасини қамраб олиш қийин. Лекин шунга қарамай, бизда «Калила ва Димна» номи билан юри-тиладиган ҳиндларнинг «Панчатантра» китобини таржима қилишни жуда хоҳлар эдим. Бу китобни ҳиндчадан форсчага, форсчадан арабчага ва ундан сўнг бошқа жуда кўп тилларга таржима қилдилар».
Дарҳақиқат, у Беруний замонасидаёқ дунёнинг кўп тилларига таржима қилинган эди.
Унинг биринчи таржимаси VI асрга тўғри келади. Эрон шоҳи Анушервони Одил (531—579) бу китобнинг таърифини эшитиб, Барзуя деган табибини юбориб, оддиради ва паҳлавий (қадимий Эрон) тилига таржима қилдиради. VIII аср бошларида Абдулла ибн ал-Муқаффаъ Барзуя нусхасидан арабчага таржима қилади. Дунёнинг бошқа тилларига қилинган таржималар учун асос бўлган нусха мана шу арабча нусхадир.
932 йилда машҳур тожик шоири Рудакий «Калила ва Димна» мавзусида достон ёзгани маълум.
«Калила ва Димна»ни 1494 йилда Ҳусайн Воиз Кошифий арабча нусхасидан форсчага таржима қилиб «Анвори Суҳайлий» номи билан амир Шайхим Суҳайлийга тортиқ этади.
«Калила ва Димна» чиғатой (ўзбек) тилига биринчи марта Муҳаммад Бакрий деган киши томонидан XVIII асрда Шарқий Туркистонда таржима қилинган. Сўнг 1718-19 йилларда Қашқарда Мулла Темур, 1837-38 йилларда Хоразмда Муҳаммадниёз деган киши таржима қилганлари маълум. Алмаийнинг таржимаси «Калила ва Димна»нинг турк (ўзбек) тилидаги илмга маълум бўлган тўртинчи таржимасидир.
Алмаий ўз таржимасини «Калила ва Димнаи туркий» деб атади. Китобнинг ўзбекча таржималари орасида энг машҳури ҳам шу бўлди. Китоб аслида 14 бобдан иборат эди. Таржималар давомида қўшилиб 19 тага етди.
Асли ёзилиш тарихи эса шундай ҳикоя қилинади:
Искандар Ҳиндистон шоҳи Форуғ (Форек)ни енгиб, ўрнига ўз кишисини қўйиб, юришларини давом эттирди. Ҳиндлар Искандар ноибига итоат этмадилар, ораларидан Добшалимни шоҳ қилиб кўтардилар. Замонлар ўтиб, Добшалим халқни унутди, кибр-ҳавога берилди. Мамлакатда зулм, адолатсизлик авж олди. Ҳинд браҳман (руҳоний)лари орасида Бедпой (Бейдабо) деган бир донишманд бор эди. У подшони тўғри йўлга солишга аҳд қилди. Бир шогирди билан бир йил давомида узлатга чекилиб бир китоб ёзди. Бу «Калила ва Димна» эди. Кўпни кўрган Бейдабо тўғри сўзнинг подшога қаттиқ тегишини билиб, барча гапларни ваҳший ҳайвонлар, дарранда ва паррандалар тилидан берди. Шунга кўра, у содда одамлар учун эрмак, онглилар учун ибрат эди.
Добшалим китобдан мамнун бўлади. Мамлакатга яна адолат қайтади. Китобнинг овозаси Анушервони Одилга етади. Барзуя ҳаким узоқ саргузаштлардан сўнг китобдан Эронга нусха кўчириб боради.
Китобдаги Барзуя ҳақидаги боб ҳам ибратлидир. У – машҳур ҳаким. Унинг фикрича, инсон касалликлари орасида энг ёмони мол-дунё тўплаш касаллигидир. Бу қутурган туядан жар устига эгилган икки шохга осилиб қутулиб қолмоқчи бўлган одамнинг ҳолини эслатади. Одам оёқ қўйган жар ёқасидаги индан тўртта илон бош чиқариб турибди. Тепада осилиб турган шохларни бир оқ, бир қора сичқон тинимсиз кемирмоқда. Жаҳаннамдай жарда эса улкан аждаҳо оғзини очиб турибди. Шохларнинг бири устида асалари уяси, асал. Одам ҳамма қўрқувни унутиб, бармоғини ари инига ботиради ва иштаҳа билан асал ейишга тушади. Тотли болдан боши айланади. Жаҳолат мастлиги билан жарга қулайди. Жар бу — дунё, оқ-қора сичқонлар кеча ва кундуздир. Улар умрни тезроқ поёнига етказиш учун узлуксиз алмашиниб турадилар. Тўрт илон қадим ҳинд фалсафаси бўйича борлиқнинг моҳиятини ташкил этган тўрт унсур (сув, олов, тупроқ, шамол)дир. Булардан биронтаси ўз мувозанатини йўқотса, инсон дарҳол маҳв бўлади. Бол – азоби кўп, фойдаси кам фоний дунёдир. Аждаҳо ҳеч ким қочиб қутула олмайдиган ўлимдир.
Калила ва Димна – асарнинг бош қаҳрамонлари, икки шағолнинг оти. Китобдаги воқеа рожа (ҳиндларнинг ҳукмдори) ва браҳман (донишманд) орасидаги суҳбат билан бошланади. Рожа браҳмандан ёлғон ва туҳмат билан дўстларнинг оралари бузилиб, душманликка айланган ҳикоялардан айтиб беришини сўрайди. Браҳман «Шер ва Ҳўкиз» ҳақидаги ҳикояни айтиб беради. Унинг қисқача мазмуни қуйидагича эди: Бир бой савдогарнинг ўғиллари бор эди. Улар катта бўлгач, бирор фойдали иш қилмай, ота мол-дунёсини совуришга тушадилар. Ота уларга мол-дунё йиғиш қанчалик қийин иш бўлса, уни фойдали, ақлли, тадбирли сарфлаш ҳам шунча қийин ва нозик иш эканлигини айтади. Ниҳоят, ота насиҳати таъсир қилиб, фарзандлар касб-ҳунар билан машғул бўлишга киришадилар. Катта ўғли савдогарлик қилиш учун узоқ мамлакатга сафарга чиқади. Унинг икки ҳўкизи бор эди. Бирининг оти Шатраба, иккинчисининг оти Бандаба эди. Йўлда ботқоқлик чиқиб, Шатраба ботиб қолади. Чиқариб оладилар. Ҳолсиз бўлгани учун қолдириб кетадилар. Ҳўкиз серсув, серўт жойга бориб яшай бошлайди, семириб кетади, ўйноқлаб маърайди. Шу атрофда бир Шер яшарди. У Ҳўкизни умрида кўрмаган, овозини эшитмаган эди. Ҳўкизнинг ҳайбатли овози Шерни саросимага солади. Аҳволини бошқаларга сездирмаслик учун овга чиқмай қўяди. Атрофидаги ҳайвонлар орасида иккита шағол бор эди. Икковлари ҳам сезгир ва маккор эдилар. Лекин Димна зийракроқ ва ёвузроқ эди. Икки шағол Шернинг аҳволини муҳокама кила бошлайдилар. Димна буни Шернинг нотаниш овоздан қўрқаётганидан эканлигини англаб етади. Уни Шер ҳузурига бошлаб келади. Шер ва Ҳўкиз дўстона яшай бошлайдилар. Улар орасидаги меҳр-муҳаббат кундан-кун ўсиб боради. Шер Ҳўкизга юксак мартабалар беради. Бу ҳол Димнанинг кўнглида ҳасад оловини ёқади. Димна улар орасига душманлик солиш режасини туза бошлайди. Ниҳоят бунга эришади. Шер Ҳўкизни ўлдиради. Димнанинг қилмишларидан хабардор Калила ҳам унинг макр турларидан даҳшатга тушган ва унинг ёвузлигига чидай олмай ўлган эди.
Шатрабани Димнанинг гапи билан ўлдириб қўйган Шер ўз ишидан пушаймон бўлади. Онасининг маслаҳати билан Димна ишини тафтиш қилдиради. Тафтиш давомида Димнанинг туҳматлари аён бўлади ва ўлимга ҳукм қилинади.
Калила ва Димна воқеаси шу билан тамом бўлади. Бироқ бу ҳикоя ичидаги турли далил ва муносабат учун келтирилган ўнлаб ҳикоячалар бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз ҳолича мустақил, тугалланган сюжетларни ташкил қилади. Рожа ва браҳман суҳбати бундан кейин яна 13 бобда давом этади. Рожа мавзу беради. Браҳман бири-биридан мароқли, бири-биридан ибратли ўнлаб ҳикоялар айтади. Булар ҳаммаси инсонга хос хислатлар – унинг камчилик ва фазилатлари ҳақида. Бирининг самаралари, иккинчисининг оқибатлари ҳақида. Ва улар, албатта, маълум бир муносабат билан келтирилади. Масалан, «Бир кишининг ёнғинда қолган илонни қутқармоқчи бўлгани ва кўп ташвишлар тортиб ундан қутулгани» ҳақидаги ҳикояни олайлик.
Рожа браҳманга икки дўст орасида пайдо бўлган душманлик ҳақидаги ҳикоядан сўнг самимий дўстлар, садоқат ва биродарлик борасида сўзлашни сўрайди. Браҳман Чинкабутар, Қарға, Сичқон, Тошбақа ва Оҳу ҳақидаги ҳикояни бошлайди. Илон ҳикояси шунинг ичида келади.
Кашмирнинг овлоқ бир жойида бир овчи дон сепиб тўр ёяр, уни бир қарға кузатар эди. Кабутарлар донга тушардилару тўрга илинардилар. Овчи бекинган жойидан чиқиб келар, кабутарларнинг ҳар бири ўз жонини қутқариш учун ҳаракат қилиб, тўрга янада маҳкамроқ ўралар эдилар. Шунда кабутарларнинг бошлиғи Чинкабутар ҳаммани осмонга баравар кўтарилишга чақиради ва шу тариқа тўр билан учиб овчидан қутуладилар. Чинкабутар дўсти Сичқонни топиб, биргаликда дўстларининг оёқларини банддан ха-лос қилдилар. (Сичқон тўр ипларини қирқади.) Бу воқеаларни кузатиб турган Қарғанинг Кабутар ва Сичқон дўстлигига ҳаваси келади. Сичқонга келиб дўст бўлишни таклиф қилади. Сичқон Қарға билан унинг орасида ҳеч қандай яқинлик йўқлигини, кимки ўз тенги билан бўлмаса, унинг бошига Какликнинг куни тушишини айтади. Қарға уни айтиб беришини сўрайди. Бир куни тоғ этагидаги сайроки Какликнинг овозини Лочин эшитиб, у билан дўстлашгиси келиб қолибди. Лочин ҳар қанча ҳаракат қилмасин, Каклик унамабди. Лочин онтлар ичибди. Охири Каклик кўнибди. Улар Лочин уясида иноқ яшай бошлабдилар. Лекин бу иноқлик узоқ чўзилмабди. Бир куни очиққан Лочин бир баҳона билан Какликни шарт иккига бўлиб еб қўйибди.
Қарға Сичқоннинг далил учун келтирган ҳикоясига қарши уни ранжитиш хаёли йўқлигини, уни еган билан қорни тўймас-лигини, хаёлида самимий дўстликдан бошқа нарса йўқлигини айтади. Сичқон яна далил келтиради. Дўстлик даъвосини қилган душманнинг сўзига ишонган одамнинг бошига илонни қутқариб балога қолган туякашнинг аҳволи тушишини айтади. Бу машҳур ҳикоя шу муносабат билан ўртага чиқади.
Унинг мазмуни қуйидагича:
Туя минган бир киши йўлда кетарди. Олдидан ўт кетган дашт чиқибди. Катта бир илон оловлар устида тўлғанарди. У қўз ёш тўкиб, туякашдан қутқаришни илтижо қилади. Туя минган кишининг раҳми келади. Тўрвасини найза учига боғлаб, илон томонга узатади. Илон тўрва ичига киради. Халоскор бир оздан сўнг тўрва оғзини очиб уни чиқариб юбормоқчи бўлади. Илон тўрвадан чиққач, халоскорини ва унинг туясини чақмасдан кетмаслигини айтади. Улар орасидаги яхшиликка яхшилик қайтмаслиги ҳақидаги баҳс анча давом этади. Илон яхшиликка ёмонлик қайта-риш одамзодлар мазҳабида борлиги ҳақида гувоҳлар топади. Та-содифан шу ердан ўтиб қолган тулки туякаш жонига ора киради. Устамонлик билан илонни тўрвага киритиб, туякаш қўлига тутқазади.
Қарға ва Сичқон можароси шу тахлит давом этади. Илон ва туякаш масали дўсту душманни фарқлаш, душманнинг макру ҳийлаларига учмаслик, зарурат туфайли берадиган онту ваъдаларига алданмаслик ҳақидадир. Ҳикоя Шарқ адабиётида кенг ишланган Тошбақа ва Чаён масалини эсга туширади.
Алмаий «Калила ва Димна»ни ўзбекчага таржима қилар экан, уни ўзбек ёзувчисининг диди ва қарашларига мослашга ҳаракат қилди. Кўпчилик тафсилотларни қисқартирди. Боблардаги сарлавҳаларни ўзгартирди. Мавзуни сарлавҳага чиқарди. Ҳикояларни шеърий парчалар билан зийнатлашга, хулоса – ҳиссаларни 2-4 мисрали ихчам байтлар билан беришга ҳаракат қилди. Ҳинд эпоси «Калила ва Димна»ни чиндан ҳам «Калила ва Димнаи туркий»га айлантирди. Халқимизни жаҳон адабиёти дурдоналари билан таништиришда, ўзбек ва ҳинд халқларини бир-бирларига яқинлаштиришда муҳим хизмат қилди.