Галатепада Ғуччи чол қутурармиш, деган гап оралаб қолди. Ҳамманинг оғзида шу: Ғуччини бесар ит қопганмиш, Ғуччи қутурармиш.
Жами улус гапирганича бор эди, негаким, Галатепа Галатепа бўлиб бирорта одам зоти қутурмаган. Қишлоқ шўросининг кекса котиби Қосимов домла байрам кунларида, колхознинг йиллик ҳисобот йиғинларида қутурган одамлар ҳақида гапиргани рост, лекин у санаган одамларнинг биттасини ҳам қутурган ит қопмаган, уларнинг кўпи босмачи, бой ва яна бир бало бўлиб ўтган ёт унсурлар, кейин, Қосимов домланинг ўзи, авомроқ кишилар чалкаш тушунмасин учун: «Мен буни рамзий маънода гапиряпман, ўртоқлар!», деб айтади.
Абдувоҳид Одам иккинчи хотини ҳам кетиб қолганида роса бир ҳафта бағрини захга бериб ётувди. Уйдан кўчага чиқмаган, емаган, ичмаган, гапирсанг гапирмаган — мисоли карахт илондай бўлиб ётган. Униям дастлаб қутурибди-да, деб ўйлашган. Яқинроқ бир қариндоши (отини айтишмайди), рости билан қутурган бўлса, кўп азоб чекиб ўтирмасин, деган чоғи бояқишнинг устида элак тутиб, бир челак сув элаган экан, лекин Абдувоҳид Одамга ҳеч кориҳол бўлмаган, қайтага, совуқ сувдан тани жунжикиб, ўрнидан сапчиб турган. Тураётган маҳали тирсаги илкисроқ тегиб кетган эканми, Абдувоҳид Одамнинг ўрнига ҳалиги жоначир қариндошининг ўзи йиқилиб тушган. Униям бетига сув сепиб ҳушига келтиришган. Кейин бир гал Сатторчанинг қутурган итининг устидан ҳам шу тахлит сув элашган. Лекин ит ўрнидан қайтиб турмаган. Сатторчанинг ўзи итим қутурган экан, устидан сув эловдик, тинчгина ётиб ўлиб қолди, деб роса икки йил гапириб юрди.
Хуллас, Галатепада қутурган одамлар ҳақида унча-мунча гап бўлгани билан, уларни ҳеч ким ўз кўзи билан кўрмаган. Қутурган итларни кўришган, қутурган хўтикларни кўришган. Манзар полвоннииг сариқ новвосчаси қутурган эди — уни кўришган. Манзар полвон новвосчани ҳалоллаб қолишга улгурди, лекин бозорга олиб чиқмади, инсоф қилди, ерга кўмиб қўя қолди. Кейин бир вақтлар Галатепада маст нортуялар ҳам бўларди. Нортуялар қутурмаган бўлсаям, қутургандан кам эмасди. Қирқ биринчи йил экан, Жонузоқ араб Галатепага кўчиб келиб, ўттизта туяси билан колхознинг пилласини Каттақўрғонга ташиган. Галатепа асли ўтроқ саройлардан эмасми, карвон қишлоқни оралаб ўтганида исми жон бор — ҳаммаси кўчага томоша қилгани чиқарди. Карвоннинг бошида бўйнига қўнғироқ таққан майдақадам бир эшак юргувчи эди, унинг ортида — бош туя, устида Жонузоқ еру кўкка ишонмайдиган чуваккина араб хотин билан, кейин яна йигирма тўққиз туя, бариси юкли, бариси зўр, ҳар ёнда уч-тўрттадан бўталоқ, п
ишқириб, атрофга оғзидан кўпиклар сочиб, оёқ остидаги заминнинг чангини нақ самога кўтариб… бу ғаройиб томоша узоқдаги Каттақўрғон тарафга йўл тортгувчи эди. Жонузоқ арабнинг ўзи, остида оқ бўз оти, ўйчан, қияга қўнган қирғийдай тик, карвон ёнида кетарди. Жонузоқнинг эшаги кўп карвончи эшак эди. Галатепадан чиққунча карвонни сал секин, маромида тортарди, кейин, қишлоқнинг сарҳадидан ўтиб, эшаккинанинг ўзи қадамини илдамроқ босарди, унинг ортидан карвон ҳам, чўлнинг ёлғизоёқ заранг йўлига маржондай тизилиб олиб, юримини тезлатарди. Кўрмаган одамнинг тушуниши қийин: бир ёқда қўнғироқлар жиринглайди, бир ёқда туяларнинг ўркачи чайқалади, бир ёқда Жонузоқнинг қорагина хотини, дунё билан иши йўқ, секин мудрайди… Э, кўп қизиқ томоша эди! Қишлоқдан чиқиб бўлгач, Жонузоқ карвондан сал орқароқда қоларди, орқада қоларди-ю, олисдаги қирларга қараб яккаю ягона ашуласини бошларди:
Эй сорбон, оҳиста рон, ки оромижонам меравад,
Он дил ки бо худ доштам, бо дилистонам меравад…
Шу қўшиғини айтганда, Жонузоқ араб кўп ғам тортгувчи эди. Тарзига қараб туриб, бечора араб, гарчи форсида қўшиқ айтсаям, ўзининг арабий саҳросини, атрофини хурмо ўраган воҳаларини коғинибди-да, деб ўйлардинг. Лекин шунча арабий маъюслиги бўлса ҳам, Жонузоқ бирорта арабча сўзни билмасди. Гапирганда ўзбекчага тожикчани аралаштириброқ гапирарди.
Галатепада у ҳақида ҳар ҳил гаплар юрарди. Бировлар уни урушдан қочиб юрибди, деб ҳам ўйлаган. Лекин Жонузоқ қўли-кўнгли очиқ, кўп яхши араб эди. Кейин ўттизта туясининг шарофатидан колхозга нафи тегарди. Шу сабаб ҳеч ким сен урушдан қочиб юрибсан-ку, деб юзига солмаган. Бошқа жойга ҳам хабар қилишмаган. Шўронинг котиби Қосимов домла, хабаркашроқ одамларга: Жонузоқнинг афт-башарасига дурустроқ қаранглар, бу бир юрган боши очиқ араб, турган-битгани мўй, шунча мўйи бор одамнинг дум-пуми бўлсаям ажабмас. Агар уни аскарликка олса, кейин бу палакат Худо уриб гирмонга асир тушса, улар мунинг думини кўрса, падарлаънати бир энлик думининг дастидан бутун бошли қизил қўшинни беобрў қилади-да, деб айтган. Қосимовга ҳамма ишонган. Ишонмаслик гуноҳ эди. Негаки, Қосимов домла кўп ростгўй, фариштали одам бўлиб, умримда бор-йўғи уч марта, ундаям уқубатли амир замонасида ёлғон гапирганман, деб нақл қилгувчи эди.
Лекин биз салгина «ўтлаб» кетдик. Мақсадимиз сари — ўша туяларнинг ўзига қайтамиз. Улар кўклам чиқиши билан ғирт маст бўлиб қоларди. Бир хиллари борки, кўчага ғов бўлиб олиб, одам ўтказмасди. Жонузоқ араб Галатепада олти йил яшаган бўлса, олти бор кўкламда Жомнинг чўлига кўчиб, ўша ёқда туяларнинг масти тарқашини кутган.
Ғуччи чолни ит қопганидан кейин галатепаликлар Барот Қийшиқнинг чойхонасига йиғилиб, алламаҳалгача Жонузоқ арабнинг туяларидан гап-гаштак қилиб ўтиришди. Раҳматли Салим чиноқни эслашди. Жонузоқнинг нортуяси чап қулоғини узиб олувди, бечора Салим шу битта қулоқсиз ўлиб кетди-я, деб эслашди. Кейин гап қутурган хўтикларга, улардан секин-секин қутурган итларга ўтди. Лекин Ғуччи чолга етмади, шарт узилиб қолди. Энди ҳамманинг ўйи Ғуччи чолда эди. Фақат бирови гапиргани ҳам журъат қилмади. Ниҳоят, мулла Суннатнинг ўғли Назар Махсум чидаб туролмади, кўнглидагини айтди: «Тамом!—деди у.— Энди Ғуччининг боласи занжир изласин!..»
Шу гапни етказишганда Ғуччи чол аввал беғаразгина кулди, кейин жиддий тортди, Назар Махсумни «яғир хўтикча», деб атади, кейин яна бир марта, бу гал сал оғриниброқ кулди.
Назар Махсумнинг башоратидан кейин одамлар Ғуччи чолнинг уйига серқатнов бўлиб қолишди. Кимса борки, келиб, ундан ҳол сўрайди. Шундан Ғуччи чол сал сергак тортди. Аввал у итнинг қопганини ўзига ўй қилиб ўтирмаган эди: энди бу бир ит, ит бўлгандан кейин итлигини қилади, ҳуради, қопади… Яраси ҳам арзимас эди, битиб кетар, деди-ю, дўхтирга ҳам бормади. Энди қараса, йўқ, ҳеч бўлмайдиган, ҳамма уни кўргали келяпти, келади-ю, бирор синоати бормикин, ростдан ҳам қутурганмикин, деб кўзларингга қараб туради. Улар гап сўрайди, сен бўлсанг, худди айбдордай, тилинг калимага келмайди, гўё сени ростдан қутурган ит қопган-у, лекин сен номардлик қилиб шунча келган мусулмонни алдаб ўтирибсан! Э, мунақада қутурган ит қопмасаям қутуриб кетасан!..
Ғуччи чол ошнаси Ибодулло Махсумга гап солди; «Сиз ёнимда ўтирсангиз, Махсум,— деди у.— Сиз бўлсангиз, келган биров менга ошириб гапиролмайди…» Ибодулла Махсумнинг томорқада оз-моз ишлари бор эди, лекин жўрасининг сазасини ўлдиролмади. Хотини билан андак ғижиллашиб олгач, Ғуччи чолнинг уйига жўнади.
Мана, тўрт кундирки, дўстининг уйида кунни кеч қилади. У келгандан кейин меҳмонлар ҳам жуда озайиб қолди. Келгани ҳам итдан эмас, бошқа чет-чақадаги нарсалардан гапиради. Бировлари мутлақо гапирмайди, тилига тушов тушиб, Ибодулла Махсумнинг ривоятларини эшитади, кейин ҳеч гап-сўзсиз, кўнгиллари қисир бўлиб қайтиб кетади.
Пайшанба куни одамларнинг қадами узилди. Кечгача беҳуда меҳмон кутдилар, кейин, шом маҳали, Ибодулло Махсум айтди: «Менинг меҳмонлигим чўзилиб кетдиёв, ака?» Ғуччи чол юрак олдириб қўйган экан, кўнмади: «Яна икки кун меҳмон бўп кетинг, Махсум», деб ялинди. Ибодулло Махсум ўйлаб қараса, ошнаси ҳақ, ҳозирча ҳол сўраб келганларнинг ҳаммаси қизиққанидаи келган, қасд қилганидан эмас. Ғуччи қутурганмиш деган миш-мишни эшитгану ичига сиғдириб ўтиролмаган. Ибодулло Махсум бу гапни ким тарқатганини билолмай гаранг эди. Узунқулоқ гап кимнингдир оғзидан чиққандирки, улуснинг орасига тушибди? Тарқатган одам бўлмаса миш-мишни Худо тарқатадими? Йўқ, у ҳали келади. Келмасдан, Ғуччи чолнинг аҳволига маза қилиб томоша қилмоқдан бошқа иложи йўқ — ичи қароларнинг таомили шу.
Ибодулло Махсум кутган одам шанба куни чошгоҳда келди. Бу замон икки ошна боғнинг тўридаги чорпояда қироат қилиб ўтирарди. Ғуччи чол келган одамни сезмади, лекин Ибодулло Махсум сергакроқ эди, дарчанинг очилганини эшитдию ўқиётган китобидан бошини кўтарди. «Келди, ака,— деб шивирлади у.— Келарини билувдим, ака». Ғуччи чол дарча тарафга қаради, қарадию Тўрабойни кўрди. «Кетманг, Махсум,— деди у ошнасига.— Бу даюс ёмон, менга зўрлик қилади…»
Дарчадан кирган одам, яъниким Тўрабой жуссаси кичик, думалоққина бир одам эди. Юзи қора, соқоли оппоқ, соқоли оқлигидан юзи баттар қора бўлиб туюлади. Мулла Дониёрнинг айтишича, бу одамнинг ичидаги қораси юзига тепган экан. Кейин у икки дунёдан ҳам умидини узган бир дўзахи экан, охирати йўқлигини ўзи ҳам биларкан, шу баробар, мушаррафи жаннат мусулмон бандаларнинг кўзларига ўзгача бир қабоҳат билан, яъниким, илон авраш қилиб тикиларкан… Қабоҳати борми, йўқми ва магар бўлса, нечоғлик ва не турфа, бунисини Худо билади, лекин Тўрабой тикилишнинг ҳадисини олган — ихлос билан тикилса, ўтирган жойингга михлаб қўйгандай бўлади. Ўзиям қарашининг зўрлигини билади, чини билан тикилсам, тошни ёраман, деб ўйлайди.
Хуллас, шанба куни чошгоҳда Тўрабой келди. Ғуччи чол билан Ибодулло Махсум унинг истиқболига чиқмади. Учови ҳам иякларини силкитиб, соқолсалом қилган бўлишди. Тўрабой хашаки олмалар остидан йўлчадан майда қадам босиб келди. Чорпоя ёнида турган офтобадан сув қуйиб, белбоғига артиндп. Пешвознинг совуқлигидан кўнгли лат еди, лекин сездирмади, қайтага ўзига ўзи сув қуя туриб жилмайган бўлди. Кейин қўл артган қийиқчасини чап елкага ташлаб, чорпояга чиқди. Ибодулло Махсум андек сурилиб, бўшатган жойда чордона қуриб, юзига фотиҳа тортди-да, биқинига болиш олди… Бир муддат жим ўтиришди. Кейин Ғуччи чол секин гап очди:
— Келинг, Тўрабой,— деди у секин.
— Келдик,— деди Тўрабой.
— Нега келдингиз?— деб сўради Ибодулло Махсум.
Бу хил навозишдан сўнг Ғуччи чол ўзининг мезбонлигини эслади. Ўнг тарафга қўзғалган бўлиб Ибодулло Махсумнинг ўнгиридан секин пастга босди. Тўрабой буни кўриб турди, лекин кўрмаганга олиш ўнғайроқ эди — кўрмаганга олди. Бир кўнгли Ибодулло Махсумга босиброқ тикилмоқчи бўлди, лекин унинг терс ўгирилиб ўтирганини кўриб, доғда қолди.
— Келдик,— деди у сал туриб.
— Ҳеч кўринмайсиз, Тўрабой?— деб сўради Ғуччи чол.— Кеча бозорда ҳам кўринмадингиз. Касал бўп қолдими, деб ўйладик.
— Мен касал бўлмайман,— деди Тўрабой.
— Соғ одамнинг ҳаммаси бозорга боради,— деди Ғуччи чол.
— Иш кўп,— Тўрабойнинг жавоби мухтасар бўлди.
— Ишлаяпман денг?..— гапга қўшилди Ибодулло Махсум.— Ҳеч бир тинмадингиз-да, Тўрабой! Мана биз, акам билан қиладиган ишимиз йўқ, ўтган-кетгандан гаплашиб ўтирибмиз.
— Ўтган-кетгандан гапирган яхши,— деди Тўрабой, кейин Ғуччи чолнинг чопон тагига яширилган қўлига тикилиброқ қаради.— Мачитдан келяпман. Мачитда бир хил гаплар бўлди.
Ибодулло Махсум Тўрабойнинг қутурган итдан гап очиши тайинлигини сезди-ю, гапни бошқа томонга бурди:
— Мачитда одамлар гаплашмайди, Тўрабой, мачитда намоз ўқишади.
— Йўлда гаплашдик,— деди Тўрабой.— Мачитда намоз ўқидик, гапни йўлда гаплашдик.
— Муниси бошқа гап, — деди Ибодулло Махсум.— Магар гаплашган бўлсангиз, ёлғиз эмас экансиз. Яна кимлар бор эди?
— Ҳаммаси бамаъни одамлар,— деди Тўрабой.
— Ким экан?— қизиқсинди Ибодулло Махсум.
— Мулла Нишон,— деди Тўрабой,— кейин Назар Махсум бор эди.
— Мулла Нишон саводсиз одам,— деди Ибодулло Махсум.— Ҳафтиякни битирмай мадрасадан қочиб келган. Назар Махсум ёлғонни кўп гапиради, мунинг устига тўнғиз гўшти еган.
— Йўғ-э, у тўнғиз гўшти емагандир, Махсум,— Ғуччи чол ошнасининг ниятини англамади чоғи, секин эътироз қилди.— Тўнғизнинг гўшти ҳаром-ку, Махсум!..
— Назар Махсум тўнғиз гўшти еган,— ўжарлик билан такрорлади Ибодулло Махсум.
Тўра Қора енгилганини пайқаб талвасага тушди.
— Мулла Дониёр бор эди, мулла Дониёр бамаъни одам-ку!—деди у фиғони чиққудай бўлиб.
— Мулла Дониёр бамаъни одам,— деди Ибодулло Махсум.— Лекин у индамай ўтирган. Мулла Дониёр аҳмоқ одамларнинг гапига қўшилмайди. Ўзингиз айтинг, у сизга гап қўшдими?
— Мен гапирганим йўқ,— деди Тўрабой.
— Балли!—деди Ибодулло Махсум.— Одамларга гап бўлса бас, йўқдан йўндиришади. Ғуччи акамни мўлтонидан адашиб қолган бир този андак тирнагандай бўлувди, шуниям гап қилишган чиқар?..
— Гап қилишди, — Тўрабойнинг тан олишидан ўзга чораси қолмаган эди.— Ҳар ким ҳар хил гапиради, Махсум. Лекин мен гап қўшмадим.
— Маъқул, бу ишингиз маъқул, Тўрабей!..— Ибодулло Махсум уни мақтаб қўйди.
Мақтов Тўрабойга кўп ёқмади. Ичида, мени гўдакка ўхшатиб лақиллатди, деган ҳаёлга борди, жаҳли қўзғади. Ибодулло Махсум унинг тек қолганини кўриб, энди хавф ўтди, дегандек, ошнасига қараб илжайди. Ғуччи чол буни рағбат тушуниб, ярадор қўлини чопон чокидан чиқарди. Тўрабой унинг салла йиртиғи билан ўралган қўлини кўрди. Кўзларида бир нима йилт этгандай бўлди-ю, тағин ўчди. Ғуччи чол ўзининг сал шошганини пайқади. Лекин энди қўлни қайтадан яшириш фойдасиз эди…
* * *
Ғуччи чол қутурмаганини кўрсатмоқ истаб, ўзича бамаъни гаплардан гапирмоқчи бўлди. Лекин бамаъни гап деганлари ҳадеганда тилига келавермади. Шунда у яраси арзимаслигини намойиш қилмоқ бўлиб, чап қўли билан кўрпачага таянди. Қўли қаттиқ оғриди. Шундай оғридики, манглайига совуқ тер чиқиб кетди. Тўрабой унинг аҳволидан огоҳ бўлиб, мамнун илжайди, сўнг, тағин жиддий тортди, киши билмас қувонч билан ҳол сўради:
— Ёмон тишладими, акам? Тишиям анча ботгандир?..
Ғуччи чол безовталанди.
— Итнинг насли ёмон кўринмовди,— деди Ғуччи чол,— айб бизнинг ўзимиздан ўтди.
— Нима бало, сиз ўзингиз тишлагин, деб айтдингизми?
— Йўқ,— деди Ғуччи чол.— Тишлагин, деб айтганим йўқ, лекин тишлади.
— Қутурган ит гапни билармиди!.. Ғуччи чол бу гапни жавобсиз қолдирди.
— Ит қутурмаган, яхши ит,— деди Ибодулло Махсум.
— Бўлмаса, нега тишлайди?—Тўрабой баралла кулиб сўради.— Мана, Ғуччи ака, қаранг, қўлингизни бойлаб олибсиз. Итнинг қопгани ростдирки, сиз қўлингизни бойлабсиз?..
— Махсумнинг салласи…— деди Ғуччи чол. Ибодулло Махсум ўнғайсизланди. Ғуччи чолдан сал норози бўлди. Унинг бошига ўраганидан бўлак, уйда яна учта салласи бор эди. Ошнасини този қопган куни бухори салласидан бир бўлак йиртиб бойлаган, лекин бухори салламдан йиртиб бойлаяпман, деб ҳеч ўйламаганди.
— Гап салладами, ака?— деди у секингина. Ғуччи чол индамади. Махсумга қараб маъюс жилмайди. Кўзлари озгина ёшлангандай бўлди. «Кўнгли бўш одамман», деб ўйлади у, лекин кўнгли бўшлигидан уялмади, қайтага ичи ёришиб кетгандай бўлди.
— Сиз кўп куюнаверманг, Тўрабой,— деди Ибодулло Махсум.— Ҳар ким ўз аравасини ўзи тортади.
— Оқ қўйниям, қорасиниям ўз оёғидан осишади,— деди Тўрабой.
— Яхши гап билан илон инидан, ёмон гап билан мусулмон динидан чиқармиш,— деди Ибодулло Махсум.
— Илонни ёмон кўраман,— деди Тўрабой.
— Мен кўрган еримда бошини тош билан уриб, янчаман,— Ибодулло Махсум сал қизишди.
— Аяманг, Махсум!.. Лекин илон деганингиз ҳам худонинг яратган махлуқи.
— Худо илондан кечган,— Ибодулло Махсум бўш келмади.— Шайтон унинг оғзидан кириб, думидан чиқиб кетган.
— Қаерда?— Тўрабой исбот талаб қилди.— Айтинг, қаерда?
— Жаннатнинг дарбозасида,— деди Ибодулло Махсум.— Илон билан товус қоровул турган жойда.
— Барибир илон худонинг махлуқи,— деди Тўрабой.
— Тўрабой, асли совуқ одамсиз-да!..— деди Ғуччи чол.— Илонни ҳимоя қилганингиз нимаси!..
Ғуччи чол асли соддароқ одам эди, умрида бирорта зарбулмасал ёзмаган, зарбулмасал қилиб гапиришларини ҳам кўп англамасди. Бу гал у ниманидир англагандай бўлди, англагандай бўлди-ку, лекин ичига сигдириб туролмади. Кўнглига келганини айтди. Айтиб бўлгач, сал ошириб юбормадиммикин, деб ўйланиб қолди. Кейин, агар сал оширган бўлсам, Тўрабойни озгина силаб-сийпашим керак, деган ниятга борди.
— Отангиз яхши одам эди, — деди у бир оз туриб.— Мен у кишини яхши биламан, бугунгидай эсимда турибди…
— Сизнинг отангиз ҳам зўр одам эди.— Тўрабой, гарчи у Ғуччи чолнинг отасини кўрмаган эрса-да, тантилик қилди.— У кишини зўр сакбоз дейишарди.
— Худо бир улоқни яратмиш, унга атаб бир туп шувоқни,— деди Ибодулло Махсум.
Ғуччи чол ошнаси ўзини улоққа менгзаганидан оғринмади, аксинча унинг гапларини маъқуллаб бош ирғади.
— Менинг бировга зиёним тегмаган,— деди у.— Уйда битта кафанлигим билан таблада битта отим бор.
— Отингиз югурикроқ, шунисидан қўрқаман,— деди Тўрабой.
— Яхши от эгасини ранжитмайди,— деди Ғуччи чол.— Менинг отим юввош, устини худди тахтиравон дейсиз!..
— Тўрабой отни билмайди,— деди Ибодулло Махсум,— сиз буёқдан буқаларни сўранг, бостирмасида учтаси бойлоғлиқ турибди.
— Бари бир, эҳтиёт бўлинг, Ғуччи ака,— деди Тўрабой.— Йиқитиб кетса чатоқ бўлади, қариганда суякнинг битиши қийин…
— Гўрга пиёда бормасман,— деди Ғуччи чол. Кейин у чорпоя устида ғоз туриб, ҳовлининг нариги буржига овоз берди. Зум ўтмай, Эргашнинг иккита қизалоғи чой келтирди. Ғуччи чол Ибодулло Махсумнинг пиёласини ўзи тараф олиб, чойнакнинг иккинчисини Тўрабойнинг олдига суриб қўйди.
— Ўзингиз бир майдалайсиз…
Тўрабой чойни қайтарди. Бир-икки хўплам ичиб, Ғуччи чолга юзланди;
— Кампирингиз кўринмайди?
— Бизнинг кампир сал пастроқ,— деди Ғуччи чол.— Бир ҳафта бурун ҳовлидан чиқиб кетган. Шу, менинг ўзимга қолса…
— Невараларимдан тағин ранжибди-да, ака?— Ибодулло Махсум сал чаққонлик қилди.
— Мен Ғуччи ака билан ғижиллашибдими, деб ўйлабман,— деди Тўрабой.
— Йўқ, неваралар билан,— деди Ғуччи чол.— Менга гап қайтариб кўрсинчи!..
Айтган ёлғонидан ўзи ҳам қизарди. Кўрпача четида ётган сочиқни олиб, бир-икки елпинган бўлди.
— Кун сал дим келди,— деди Ибодулло Махсум.
— Ҳа, Махсум, кун дим келди,— Ғуччи чол унинг гапини тасдиқлади.
— Менинг мижозим совуқроқ,— деди Тўрабой.— Мен димлигини сезмадим.
— Сиз ҳали ёшсиз, Тўрабой,— деди Ибодулло Махсум.— Сиз ҳали муни сезмайсиз.
Тўрабой пиёласини ерга қўйди-ю Ғуччи чолга тикилди. Униси иккита қарғашойи гулли пиёлани ёнма-ён тизиб, қуйгали чойнакни кўтарди, лекин шу тобда кўзлари Тўрабойнинг синчков назарига дуч келиб, безовталанди, чойнак тутган қўлига титроқ кирди. Чой чойнакнинг жўмрагидан дастурхон устига тўкилаверди.
— Ит қутурган эмасди,— деди у титраб-қақшаб.— Този эди, биз ўзимиз унга озор бердик, бойлаб олмоқчи бўлдик…
— Чойдан босиброқ ичинг, енгил тортасиз!..
— Ичаман, Тўрабой, мана, ичяпман-ку!..
Ғуччи чол сал гарангсиди. Ибодулло Махсум ўтирган жойида бир-икки ғимирлади, лекин бирон нарса демади. Тўрабой — меҳмон, унинг ўзиям меҳмон, Ғуччи чол бўлса — мезбон эди.
Ғуччи чол ошнасининг пиёласини тўлдиришни унутиб, фақат ўзига қўйди ва атай хўриллатиб ича бошлади.
— Мен чойга кўп ўрганмаганман,— деди у.— Йилқининг ортидан кўп юрганмиз, кўзани сувига ўрганиб қолганмиз.
— Йилқидан гапирманг, Ғуччи ака,— деди Тўрабой.— Битта той камомад қилгансиз.
— Йўқ,— деб эътироз билдирди Ғуччи чол.— Мен умримда камомад қилмаганман. Уюрим доим тус-тугал бўларди.
Тўрабой айтаётган бўз тойнинг тарихи узун эди. Уни Ғуччи чол Пайшанбанинг бозоридан сотиб олган. Одамлар уюридан ўмарибди-да, деб ўйламаслиги учун, бўз тойга қўшиб, яна битта қари байтални ҳам икки баробар қимматига савдо қилгану етаклаб келаверган. Сўнг бирор ойлар чамаси шу яғир байтални миниб гузар айланган, гузарда дуч келган исми мардумга: «Яхши байтал, зотли, зотли-ку, лекин ёшдан қолган, чаночқоқда қулуни таблада турибди», деб гап уқтирган. Гапига биров ишонмаган. Бўз той ўша қирчанғи байталга ўхшамасди — ҳуркак, толмабўйин бир тойчоқ эди…
— Худо бегуноҳ қулуннинг пайини қирққанга ҳеч рўшнолик бермасин!..— деди Ибодулло Махсум.
Икки ошна баравар юзларига фотиҳа тортишди. Тўрабой уларга қўшилмади, маъюсланди… Аслида унинг гуноҳи кўп эмасди. Аксига олиб, ўшанда йўнғичқа айни гулга кирган маҳали эди. Агар тойчоқ шу гулга кирган йўнғичқани пайҳон килмаганида балки пайи ҳам қирқилмаган бўларди. Бунинг устига, гулга кирган йўнғичқа пайҳон қилинган кеча сутдай ойдин эди, агар кеча сутдай ойдин бўлмаганида, балким, бўзтойни биров кўрмаган ҳам бўларди… Тўрабой кейинчалик пайи кесилган тойчоққа кўп ачинди. Лекин бўлар иш бўлганди; бўзтой йўнғичқани поймол қилганди, йўнғичқа эса, энди гулга кирган эди, бунинг устига, кеча ойдин эди, бедапоя уватида ётган чалғининг ўткир тиғи ҳам шу ойдинда ўзгача бир ялтираб кўринган эди…
— Махсумга балли,— деди Ғуччи чол.— Шу тойни одам қилди. Пайини ямагани қурби етмади, лекин…
— Қўйинг, ака, — деди Ибодулло Махсум. — Қўйинг, гапирманг…
— Гапираман, деди Ғуччи чол.— Ахир, сиз уни ақалли бир марта минмагандирсиз!..
Унинг гапида бирор хилоф жойи йўқ эди. У ўша бўз той токи от бўлиб, кейин ўз ажали билан кетганига қадар бирор марта устига эгар босмаган эди. Бўз той, кейинчалик хомсемизроқ (у чопмасликдан семириб кетганди) от, бир умрга оқсаб қолди. Ибодулло Махсум шу оқсоқ отни етаклаб юришни яхши кўрарди. Айниқса, Тўрабойнинг кўк темир дарвозаси ёнидан ўтишни яхши кўрарди. Одамлар унинг чўлоқ отга бўлган меҳрини кўп тушунмади, бировлар ҳатто ғалатига чиқарди, савдойи атади…
Ибодулло Махсум бировдан ортиқча гумон ҳам қилгани йўқ. Бор-йўғи икки марта гузардан той етаклаб ўтди, холос. Кейин… якшанба куни бўз тойни етаклаб бозордан қайтаётган Тўрабой билан ёнма-ён бирор юз қадамча юриб кўрди, унинг ранг-рўйига, оёқ олишига разм солдию ҳамма гапни пайқади. Мана, бирор ўттиз йилдирки, у билан Тўрабойнинг орасида биттагина сир ботин яшайди. Тўрабой ташвиши кўп одам,— баъзида ҳалиги сирни унутиб қўяди, қўлига эрк беради, тилига эрк беради. Лекин Ибодулло Махсум худолиғни унутмаган, инсофни билади, олижаноблик қилиб, эски, унутилиб кетай деган сирни қайтадан Тўрабойнинг эсига солади.
— Мен мудирлигимда икки тонна арпа камомад қилувдим,— Тўрабой бирдан пастға тушди.— Мунақаси бўп туради, ака…
— Билмадим,— деди Ғуччи чол.— Мен умримда камомад қилмаганман.
— Менинг айбим камомадим, сизники шу битта – той…
— Балким, менингам айбимни айтарсиз?— деб сўради Ибодулло Махсум.
Тўрабой каловланиб қолди. Унинг бахтидан бўлиб ҳовли дарвозасидан Ғуччи чолнинг ўғли Эргаш кириб келди. Чорпоядагилар билан узоқдан бош ирғаб саломлашди. Сўнг, астойдил тикилиб, Тўрабойни танидию қизиқиши ортди. Лекин у чорпояга келиб улгурмади. Очиқ қолган дарвозадан жиккакина бир ғунажин кириб, сўрамай-нетмай, ўзини кампир ўтқазган кичкина гулзорга урди. Ғунажиннинг шаҳди баланд эди — қўйиб берса, кампирнинг гулзорини шип-шийдам қиладиган. Ғуччи чол аввалига ҳай-ҳайлашга чоғланди, лекин сал туриб, фикридан қайтди. «Баттар бўлсин!—деб ўйлади.— Қариганда гул экишни унга ким қўйибди, чалпакка ўраб отсанг ит емайди-ку, яна хина билан райхон экканига ўлайми!..»
Эргаш шарт ортига қайрилиб, қўлига таёқ олди ва югуриб келишда ғунажиннинг қуймичига калтак солди. Ибодулло Махсум жониворнинг калтак еганини кўрмайин деб, кўзини чирт юмди. Ғуччи чол индамади, ичида Эргашни сўкди. «Садқаи мол кет!» Тўрабой бўлса, чорпояда чўккалаб олди-да, Эргашга пишанг бера бошлади:
— Ҳа, домулло, уринг! Падарлаънатини яхшилаб уринг!.. Уриб оёғини синдиринг, домулло! Шохига, шохига уринг! Қайтиб бировнинг томорқасига кирмайдиган бўлади… Биқинига, оч биқинига уринг! Оғримайдиган жойига уринг!.. Ўроқ-пўроқдан йўқми, домулло? Олиб, биқинига санчимайсизми, ахир?! Бўшашманг, домулло, уринг, савилни уринг!..
Эргаш Тўрабойнинг бақириғидан безор бўлдими ёки ўзининг ҳам раҳми келдими, ғунажинга қайтиб таёқ кўтармади. Бир-икки пўписаю дўқ билан ғунажинни дарвозага қаратиб ҳайдади. Ғунажин дарвозадан берироқда ўсган бир туп семиз супургини томир помири билан қўпориб, кўчага қочиб чиқди…
— Яхши ғунажин,— деди Тўрабой қайтиб ўтиргач.— Мамасолининг ғунажини. Сал овчилиги бор, биров уриб ўлдирмаса, яхши сигир бўлади.
— Қисир қолган,— деди Ибодулло Махсум.— Янаги йили яна қисир қолади. Оёқ олиши ёмон мунинг…
— Тўрабойда учта буқа бор, шунга оборса бўларкан,—деди Ғуччи чол.
— Опкелувди,— деди Тўрабой.— Лекин буқанинг ҳақини бермади.
— Сиз сигир бошига неча пулдан оласиз?— деб сўради Ибодулло Махсум.
— Уч сўмдан,— деди Тўрабой.— Буқаларнинг емишига керак.
— Буқа асраб савоб иш қиласиз,— деди Ғуччи чол.
— Ҳар кимнинг кўнгли тусагани,— деди Тўрабой.— Мана, акам, сиз от асрайсиз, мен буқа асрайман.
— Акам отни кўнгил учун асрайди,— деди Ибодулло Махсум.— Сиз буқани бўрдоқига асрайсиз. Ғуччи акам отини ўзи боқади, сиз буқаларни ҳеч боқмайсиз. Боқасиз-ку, лекин ўзларининг топган пули ҳисобига боқасиз.
— Ҳар кимнинг таъби,— деди Тўрабой.— Ғуччи акам от асрайди, мен буқа асрайман.
— Буқани миниб бўлмайди,— деди Ибодулло Махсум. У негадир шу топда Тўрабойни камситишни истаб қолганди.
Тўрабой бу гапга эътироз билдиролмади.
— Ҳиндулар хўкиз минармиш…— секин гап қўшди Ғуччи чол.
— Бари бир, ҳўкиз отдай чополмайди,— деди Ибодулло Махсум, сўнг ошнасига ранжиброқ қаради.—Шу, ака, ҳинду билан туянинг фарқи ўзи кам, қилган ишининг ҳаммаси тескари бўлади…
* * *
Ғуччи чол дарвозани бекитиб келаётган Эргашни кўриб, чорпоядан турди, кейин ота-бола узоқроққа, боғнинг тўридаги хашаки олмалар тагига ўтишди.
— Хўш, ота?..— деб сўради Эргаш.
У муаллим эди — сўроқ сўраганида чап қоши хиёлгина кўтарилиб тушарди.
Ғуччи чол индамади. Эргаш бошқа гап сўрашдан ийманди, кўзларини чанг юққан поябзалига бир муддат қадаб турди, сўнг ерда ётган эски болтани олиб, олманинг айрисига қистирди.
— Сен менга мундай гапирма,— деди Ғуччи чол.— Ҳали ёшсан. Мен гапирсам ярашади… Қачон манави олмаларни қирқиб ташлайсан?!— кутилмаганда бақирди у. Айрига қистирилган болтани олиб, дарахт танасига солди. Болта ўтмас эди, лекин Ғуччи чол андоғ урдиким, зарбнинг кучидан олманинг оқ-сарғиш танидан бир парчаси очилиб қолди. — Нима, болтаниям ўзим чархлаб берайми?
— Ўзим чархлаб оламан,—деди Эргаш.
Ота-бола озроқ тумтайиб туришди. Кейин Эргаш гап қотди:
— Менга бир гапингиз бормиди, ота?
Ғуччи чол унга ўқрайиб қаради. Ўғли ҳозир ўй ўйлашга халал берарди.
— Саломингни аямасанг бўлди, болам,— деб ачитди у.
— Меҳмонингиз бор экан…— Эргаш можаронинг бемавридлигини эслатишга уринди.
Ғуччи чолга унинг писандаси ҳеч ёқмади.
— Ҳм…— деди у.
— Чарчадим, ота,— деди Эргаш.
— Чарчабсан-да?—ўсмоқчилади Ғуччи чол.—Нима, лайлак ҳайдадингми, ўғлим?
— Кучук ахталадим!..— Эргаш ўзини тутиб туролмади, портлаб кетди.— Нима қиласиз тергаб?
— Мен сени тергадимми ҳали?..— Ғуччи чол мийиғида илжайди.
— Бўлмаса нима?— Эргашнинг чап қоши яна хиёл кўтарилди.
— Қошингни керма, — деди Ғуччи чол. — Нега қошингни керасан? Хотинга ярашади! Эркакмисан ўзи? Энанг ўғил туғдим дегандай бўлувди-ку?..
Эргаш оғринди. Бир ҳаёли шарт бурилиб кетиш ҳам бўлди, лекин чол… «Чол ҳафа бўлади,—деб ўйлади у.— Кейин икки дунёдаям қутулолмайсан…»
— Бахудо,— деди Эргаш,— Бахудо, ота сўкинманг!..
— Тожикча гапирма,— деди Ғуччи чол.— Беш йил шаҳарда ўқиб, менга топиб келган гапинг шу бўлдими?
— Ота!..— деди Эргаш.— Менинг сизга тили-жағим тегмади.
— Энангга ўхшайсан,— деди Ғуччи чол.— Уям тили-жағидан гапиради.
— Мени тинч қўйинг, ота, — ялинди Эргаш. — Мен сизга ёш бола эмасман.
— Баттарсан!..— деди Ғуччи чол.— Сен билан гаплашиб бўлмайди.
— Бўлмаса гаплашманг!
— Оқ қиламан!..— дўқ урди Ғуччи чол.
— Билганингизни қилинг!..
Ғуччи чол Эргашнинг жаҳлдан бўғриққан юзига бир муддат завқланиб тикилди. «Ўзимга ўхшайди,— деб ўйлади.— Дағалроқ бўлгани маъқул, ҳалимдай эшилиб турса, мунинг эркаклиги қоладими…»
— Менга кўп ақл ўргатма,— деди у.— Хоҳлаган пайтимда ҳовлидан қувиб соламан.
Буниси энди лалми дўқ эди, лекин Эргаш чолнинг юмшаганини тушунмади.
— Майли, майли,— деди у.— Шу ердан кетганим маъқул. Мени шарманда қилдингиз, ота!
— Ота, дема мени!..— бақирди Ғуччи чол, сўнг чорпояда ўтирган меҳмонларни ўйлаб, бирдан паст тушди. — Сен ҳали бурнингни терлатиб нон топиб берганинг йўқ… Бор, битта улоқни сўй!..— бехосдан буйруқ берди у.— Хотинингга айт, барини қозонга ташласин!..
Эргаш бу гапни ҳеч кутмаган эди — анграйиб тураверди.
— Ё мен ўзим сўяйми?—деб сўради Ғуччи чол.— Сўярдим-ку, лекин иложим йўқ, қўл ярамайди.
— Уйда гўшт бор.
— Уйдаги гўшт озлик қилади.
— Тўрабойга шунча иззатми?-— деб сўради Эргаш.
— Тўрабойга бўлмай, Махсумгами?—деди Ғуччи.— Махсум менга дўст одам, бир бурда нонимгаям қаноат қилади.
— Тузук,— деди Эргаш.
— Нимаси тузук?
— Тузук,— деди Эргаш тағин. Бояги жаҳлидан асар ҳам қолмади. Отасининг чиноқлигини ўйлаб, сал илжайди ҳам.— Лекин улоққа энам пул берган-ку, ота?
— Энангнинг маҳрини мен берганман,— деди Ғуччи чол.— Бор энди, менинг айтганимни қил!..
* * *
Бирор уч соатлардан кейин, чоллар ўтирган чорпояга бир лаган серпиёз қовурдоқ келтиришди. Таомни Ибодулло Махсум бошлади. Кейин Тўрабой билан Ғуччи чол ҳам енгларини шимариб, лаганга яқинроқ сурилдилар.
— Серпиёз бўпти.— деди Тўрабой катта бир луқмани қўлига олиб.— Мен пиёзни яхши кўраман Махсум…
— Мен пиёзни яхши кўрмайман, лекин бари бир ейман,— деди Ибодулло Махсум.
— Мен эрталаб уйда шўрва ичувдим, — деди Тўрабой.— Лекин улоқ гўшти ширин, кўнгил тортадиган бўпти. Шу бир замон бўлса-да, оёқни узатиб ётиб фақат улоқ гўшти есанг!
— Хадеб улоқ гўшти еган маза қилмайди,— деди Ғуччи чол.— Жонга тегади. Мана, мен ошниям яхши кўраман.
— Бари бир, ошнинг тагига улоқ гўштидан босасиз,— деб эътироз билдирди Тўрабой.
— Молнинг гўштиям бўлаверади,— деди Ибодулло Махсум.
— Манзар полвон гуручли таом емайди,— деди Ғуччи чол.— Еса, томоғига тиқилиб қолади. Бировлар ош еганда етимчадай қараб ўтираверади. Кейин лаган бўшагандан кейин тагида қолган ёғнинг юқи билан махсисини мойлайди.
— Бари бир мойларкан-ку,— деди Тўрабой.— Ҳар на нафи борку!.. Лекин менга қолса, доимо улоқ гўшти ердим.
— Кунора енг, Тўрабой,— Ибодулло Махсум Тўрабойнинг ўжарлигини кўп ёқтирмади.— Бўлмасам, бўкиб қоласиз. Уйингиз дўхтирдан олис. Дўхтирга опкетса, буқаларга ким қарайди?
Тўрабой қалтисроқ гапирмоқ бўлиб, қўлини дастурхондан тортди. Лекин қовурдоқни кўзи қиймади. Чимирилган ўсиқ қошлари тағин ёйилди, бир қултум яхна чойдан симириб, лаганга яқинроқ сурилди.
— Ўлдирса, улоқнинг гўшти ўлдирсин!— деди у хушҳоллик билан.
— Ора-сира бошқа таомдан ҳам енг,— деди Ибодулло Махсум.— Келинга айтинг, ялпиздан кўпроқ қўшсин. Юраккаям, миягаям фойдаси бор.
— Менинг юрагим тузук, Махсум.
— Миянгизчи? — деб сўради Ибодулло Махсум. Тўрабой бу гапни эшитмади.
— Ялпизнинг энди икки қулоқ чиқаргани дуруст,— деди у.
— Йўқ, Тўрабой,— деди Ғуччи чол.— Ялпизнинг мияга зиёни бор. Бизнинг ола мушук шу ялпиздоридан ичиб хароб бўлди.
Тўрабой қувониб кетди. Ғуччи чолни худди телбани томоша қилгандек, алоҳида бир диққат билан кўздан ўтказди.
— Ўлдирдингизми, ишқилиб?
— Жуда бераҳм одамсиз-да. Тўрабой!..— деди Ғуччи чол ранжиб.
Тўрабой гапни ўзига юқтирмади. Кулди. Кулганида устки лаби жийрилиб, сарғайган милклари кўринди.
— Кулманг, Тўрабой,— деди Ибодулло Махсум.
— Мен кулмадим, Махсум, ўлай агар, кулмадим,— Тўрабой кулганини тан олмади.— Акамнинг мушуги қизиқ экан-да ўзи!..
— Уям худонинг яратгани,— деди Ибодулло Махсум.— Бизнинг мушук ҳафтасига биттадан илон ўлдиради. Пойлаб туриб, панжаси билан битта уради -тамом, ўлади-қолади!
— Бижжики паштроқиди, Махшум,— деди Ғуччи чол ғўлдираб.— Мен шуни еббўвай, кейин…
— Енг, ака ош бўлсин! Еб бўлгандан кейин айтасиз.
Ғуччи чол оғзидаги луқмани еб бўлиб, Ибодулло Махсумга қаради:
— Еб бўлдим, Махсум.
— Энди гапиринг, ака,— рухсат берди Ибодулло Махсум.
— Бизнинг мушук пиёниста эди, Махсум,— деди Ғуччи чол.— Кампир юрагига деб ялпиздори ичади денг… Қаёқданам мушуги тушмагур шунга ўрганди. Кампир дорисини ичиб юрганида тузук эди, бечора қолган-қутган юқини ялаб кун ўтказарди. Лекин касофат қурумсоқлик қилиб дорисиниям ичмай қўйди. Кейин мушукнинг миёвлаб беҳузур бўлганини кўринг!..
— Иҳ!..— деди Ибодулло Махсум.—Мен мушукни мунчалар бўлар деб ўйламовдим!
— Бўларкан-да, Махсум,— деди Ғуччи чол.— Баҳор пайти ариқ лабига тушиб, балчиқдан энди бодраб чиққан ялпизни панжаси билан ўзига қайириб олади, кейин тепадаги икки қулоқчасини курт-курт қилиб ейди. Неча марта ариққа тушиб кетдиямки яна қайтиб боради!.. Бўлмасам мушук деганингиз сувдан қўрқади.
— Қутурган одам ҳам сувдан қўрқади,—деди Тўрабой.
Жим қолишди. Ғуччи чол ҳикоя билан овора, тузукроқ овқат ҳам еёлмади, баттар очиққанини сезди, лекин шунча гапдан кейин маош қилишни ўзига эп кўрмай, қўлини дастурхон четига артди. Ибодулло Махсум ҳам ўзини тийди.
Тўрабой лаганнинг кўп бузилмаган четини ўзига қаратиб, иштаҳа билан ея бошлади. Егандаям чапиллатиб еди. Боя гап устида кўп сезилмаган экан, ҳозир эшитиб, Ибодулло Махсумнинг ғаши келди.
— Чапиллатманг, Тўрабой!—деди у тоқати тоқ бўлиб.
Тўрабой бунисини кутмаганди — оғзидаги оғзида, бўғзидаги бўғзида қолди. Қайтариб ташлай деса — олдида дастурхон, чайнаб ютай деса, бунисиям оғир. Бечора бир муддат бақрайиб қолди. Ўзигаям кўп таъсир қилди. Ниҳоят, оғзидаги луқмани чайнамай-нетмай, бир амаллаб ютди. Устидан бир пиёла яхна чойни кўтариб, Ибодулло Махсумга санчиброқ тикилди. Лекин Ибодулло Махсум Ғуччи чолга ўхшаган бечидам эмасди, Тўрабойнинг кўзларига кулиб қаради.
— Мен сизга айтсам, Махсум— дея гап бошлади Тўрабой.
— Айтинг, Тўрабой, армонингиз қолмасин,— деди Ибодулло Махсум.
— Овқатдан кейин айтса нима бўлади, Махсум?— деб сўради Ғуччи чол. У ўзининг мезбонлигини унутолмай гаранг эди. — Хўп денг, Махсум, шуни овқатдан кейин айтсин.
— Майли, ҳозир айтаверсин.
— Мен ёшроқ бўлганимда, сизни бир урардим, Махсум,— деди Тўрабой.
— Менга Ғуччи акам ёрдам берарди,— Ибодулло Махсум гапни ҳазилга бурмоқчи бўлди.
— Тўғри,— деди Ғуччи чол.— Мени Жуман ғалча ўғиллари билан қўшилишиб урган. У пайтда Махсум Бухорода ўқиб юрарди.
— Минг ўқигани билан, бари бир муллалик қилолмади,— деди Тўрабой.
— Қилолмадим эмас, қилмадим.
— Бари бир, Махсум, мен сизни урардим…
— Менга бир қаранг, Тўрабой,— деди Ибодулло Махсум жаҳлланиб. — Авлиёга аталган улоқдай ҳолингиз бор, бир муштимдан ортмайсиз. Ёшлик пайтимда бир урсам, сизни Сигиртепанинг ортидан топиб келишарди!
— Узоқмасмикин?— деб сўради Тўрабой.— Сиз асл нокас одамсиз, Махсум. Менга ҳасад қиласиз!
— Ҳой, Тўрабой, сиз кимсизки Махсум сизга ҳасад қилса!..— деди Ғуччи чол ғазабидан бўзариб.— Сиз Махсумга кўп таъна қилманг!
— Қўйинг, ака,— деди Ибодулло Махсум.— Мунинг гапига кўп эътибор берманг, бу киши бировнинг пайини қирқиб турмаса бўлмайди.
Тўрабой бирдан пусиб қолди. Не қилса ҳам, пайи кесилган бўз той унинг заиф жойи эди. Баъзида Тўрабойнинг ўзи ҳам шунга ажабланарди: энди одам деганинг борки, дунёга келиб гуноҳдан фориғ бўлмайди. Сутдай оқ бўлишнинг ҳеч иложи йўқ. Бўлмасам, худога шукур, шу бўз тойдан бошқа айблари ҳам оз эмас. Лекин уларни ҳамма билади. Уларни деб аллақачон шарманда қилишган. Қайтага шарманда бўлганинг ҳам дуруст, шармандалик бир кун, бир ой, борингки, бир йил чўзилар, кейин бориб унут бўлиб кетади. Ибодулло Махсум шу битта бўз тойнинг гапини гап қилиб олган, истаса эслатади, истамаса — йўқ… Лекин ҳалиги ошиқча. Тилини суғуриб олган камлик қилар!.. Бир тойчоқнинг хуни ўзи қанча, кесилса, пайи кесилибди, шуни яширдинг нимаю яширмадинг нима? Ўзи-ку, шуни айтсанг, тинчишинг тайин. Махсумнинг шамаларига чидаб юргандан кўра, бир йўла шарманда бўлда, қўй!..
Тўрабой шарманда бўлишга аҳд қилди.
— Бировнинг пайини қирққан ёмонми, Махсум?— деб сўради у.
— Билмадим, қассоб бўп кўрмаганман,— деди Ибодулло Махсум. У Тўрабойнинг шум ниятини аллақачон пайқаган эди.
— Айтайлик, Ғуччи акамнинг отининг пайини қирқсам нима бўлади?—деб талмовсиради Тўрабой.
Ғуччи чол эшитган гапига ишонмай, ўрнидан сапчиб турди.
— Оғзингизга қараб гапиринг, Тўрабой!—деди у.— Мен отимни сиз билан қўшиб битта таблага боғламасман!
Тўрабой тағин амалга етмади. Доғда қолди. Ичида Ғуччи чолни сўкди: «Галварс! Билишниям истамайди!..» Кейин кўзларини Ғуччи чолнинг салла билан чирмалган ярадор қўлига тикди:
— Қўл энди кўпкарига ярамайди-ку, юрт оғаси! Ғуччи чол бесаранжом бўлди. Қўлини чопон остига яширмоқчи эди, бўлмади, ошнаси «қўявер!» дегандек ишора қилди.
— Қутурмаган бўлсаям, қопганини қаранг!— деди Тўрабой.— Бировнинг занжирдаги ити бўлсаям бир гап эди, лекин у мўлтонидан қолган экан. Мўлтони халқи аҳмоқ эмас, шайтонга дарс беради, соғ итни ҳеч маҳал ташлаб кетмайди, ўзи билан опкетади!..
Ғуччи чолнинг юрагига ваҳима тушди.
— Мен ҳеч белгисини сезмадим, Тўрабой,— деди у.
— Бирданига белги нима қилади!— Ғуччи чолнинг соддалигидан кулди.— Сал туриб белги беради-да, ахир!.. Иштаҳангиз ҳам йўқолган кўринади. Билсангиз, Ғуччи акам, қутурган итнинг устидан ғалвирда сув элашади.
— Мен сувдан қўрқмайман, Тўрабой,— деди Ғуччи чол.— Ўзингиз кўрдингиз, бемалол чой ичиб ўтирибман.
— Энди бу бир мисол-да, Ғуччи акам…— деди Тўрабой.— Агар яна бир мисол опқарасак, мана, сиз… бирор кимсага тиш солармидингиз?
— Э, мен итмидимки, бировни тишласам!— ажабланди Ғуччи чол.
— Мен сизни итга менгзамадим,—деди Тўрабой.— Энди бир мисол қилиб гапирдим. Мен бировни тўсатдан тишлаб олгингиз келмайдими, деб сўраяпман.
— Итга менгзамадим дейсиз-ку, лекин тишлагинг келмайдими, деб сўрайсиз. Энди итга менгзаганингиз шу-да, Тўрабой?
— Йўқ, бу гаплардан худо асрасин!— деди Тўрабой.—- Минбаъд мундай гапирманг!
— Бўлмаса нима?—Ғуччи чолнинг дафъатан қаҳри келди.— Мен сизга бўйинса бўлмасам, ёшим бирор ўн ёш катта бўлса, нега менга мундай ҳазил қиласиз?
— Мен сизга ҳазил қилмадим.
— Бўлмаса, чинингизми бу?- деб сўради Ғуччи чол.
Тўрабой жавоб ўрнига қиқирлаб кулди. Шу пайтгача ҳурпайиб ўтирган Ибодулло Махсум бошини кўтарди.
— Сиз акамнинг қутурмаганига ҳафасиз чоғи, Тўрабой?—деб сўради у.
— Худо урсин!— Тўрабой қўшқўллаб ёқасини ушлади.— Агар шундай ўйлаган бўлсам, тонгга етмай ўлай!..
— Сизнинг акам қутурса суюнишингиз тайин,— деди Ибодулло Махсум.— Жуман ғалча акамни ўғилларига қўшилиб урган. Сиз шу одамнинг жиянисиз. Сизнинг суюнишингиз тайин.
Тўрабой бундай кескин даъвони кутмаган экан, кўзлари пир-пир уча бошлади. Ғуччи чолга мадад сўраб тикилди.
— Жуман ғалча мени урган,— деди Ғуччи чол.
— Урса у урибди, менинг айбим нима?— деб сўради Тўрабой.
— Жуман ғалча жондай тоғангиз эди,— Ғуччи чол унга айбини эслатди.
Тўрабой кўп мулзам бўлди. Ғуччи чол ҳақ эди. Яхшими, ёмонми, Жуман ғалча унинг тоғаси.
— Алам қиляптими, Тўрабой? — суриштирди Ибодулло Махсум.
— Алам қиляпти,— дея тан олди Тўрабой.
— Алам қилган жойига туз сепинг,— деди Ибодулло Махсум.
Тўрабой аввал бўзарди, кейин қизарди, ўзини ҳар не тутгали уринди-ку, иложини топмади, хунук бир тиржайиб, бори-йўқ заҳрини тўкиб солди:
— Сизам қутурибсиз, Махсум!
Орадаги илинибгина турган ип чирс этиб узилди. Ғуччи чол Ибодулло Махсумга ялт этиб қаради. Лекин Ибодулло Махсумнинг юзи қилт этмади.
— Бир оёқнинг чигилини ёзсак, Тўрабой,— деб таклиф қилди у. — Юринг, бир оёқнинг чигилини ёзайлик.
Тўрабой уни ўзича тушунди.
— Ёшингиз бир жойга бориб қолган, Махсум,— деди у.— Сизни уриш менга уят..
— Бошқа гап бор, Тўрабой,— деди Ибодулло Махсум. Тўрабой унга ишонқирамай қаради.
— Шуни эртага гаплашсак бўлмайдими, Махсум?..
Ибодулло Махсум таҳқирли сукут билан жавоб қилди. Тўрабой ноилож чорпоядан тушди.
— Ўзингизни калишингизни кийинг,— деди Ибодулло Махсум.— Меники ҳали янги, тўйга кийиб борадиган…
Тўрабой баттар каловланди, Ибодулло Махсумнинг калишини ечиб, ўзининг увадароқ жуфтини оёқларига илди. Сўнг Ибодулло Махсумга эргашиб, боягина Ғуччи чол билан ўғли Эргаш гаплашган жойга – қари хашаки олманинг тагига борди. Тўхтадилар. Ибодулло Махсум чопонининг барларини қайириб, белбоғига қистирди, сўнг Тўрабой тарафга бир қадам босди. Тўрабой ортга тисланди.
— Ҳазиллашманг, Махсум, охири ёмон бўлади,— деди у, сўнг гапининг исботи учун икки-уч марта ер депсинди.
— Қутурган ит мениям қопган,— деди Ибодулло Махсум.— Сизам мен билан эҳтиётроқ бўп гаплашинг.
— Ҳазиллашманг, Махсум, жаҳлим чиқса, ақлим кетади,— деди Тўрабой.— Жонингизга раҳмингиз келсин, Махсум!
— Бўғзингиздан бир тишлайми, Тўрабой?— деб сўради Ибодулло Махсум, сўнг ростдан тишламоқчи бўлгандай, тишларини такиллатди.— Хўп денг, кекирдагингиздан бир тишлам узиб олай, Тўрабой?
Тўрабой чўчиди. Яна икки қадам ортга тисланди, тисланиш асносида дарвоза тарафга ўғринча қараб олди. Негадир кўнглига маъюслик чўкди. Ибодулло Махсумдан азбаройи ҳафа бўлди чоғи, икки марта чуқур хўрсинди. Кейин уни четлаб ўтиб, дарвозага йўналди. Ибодулло Махсум унинг ортидан юрди. Тўрабой илдамлади. Ибодулло Махсум ҳам қадамини тезлатди. Тўрабойнинг ўзи тўлагина, чопони танига ҳам хиёл тор эди. Тезроқ юрганидан кети чопон тагида қалпанглаб борарди. Ибодулло Махсумнинг ҳаёлига ногаҳон бир шум фикр келди, илжайди, бир-икки бор ўзининг ўнг оёғига, кейин Тўрабойнинг ортига қараб олди. Лекин ҳар қалай оёқ кўтармади — инсоф қилди. Гарчи Тўрабойнинг ортига тегмаган бўлса-да, шу ўйнинг ўзиданоқ завқланди. Хатто, шу ўй баробарида кўнглидаги озми-кўп хусуматни ҳам унутгандай бўлди. Гўёки тепки билан хусумат орасида ҳеч бир алоқа йўқдай эди… Тепгинг келди, тепмоқчи ҳам бўлдинг, лекин тепмадинг… Бари бир, деб ўйлади Ибодулло Махсум. Тепмоқчи бўлганингнинг о
ъзиям яхши. Одамнинг миясига шундай ҳаёлнинг келганига қаранг… Кекирдагингни узиб оламан дединг-ку, лекин узиб олмоқчи эмасдинг, лекин тепаман, деб айтмасанг ҳам — тепгинг келди…
Ибодулло Махсум илгари ҳеч бундай тарзда ўйламаган эди. Шу сабаб ўйнинг завқини туйиш ўзгача бўлди. Мабодо, Тўрабой ақалли бир бора ортига қайрилганда эди, балким, Ибодулло Махсумнинг қувончини кўриб, роса ажабланган бўларди. Ҳайтовур, у ортига қайрилмади. Ибодулло Махсум унинг қайрилмоғини ўйлаб, ўзини йиғишга, сал-пал қовоқ уйишга уринди. Лекин иложини топмади. Кейин у ошкора илжайди. Ибодулло Махсум дарвоза олдида тўхтади. Тўрабой эса кўчага чиққандан кейингина қадамини секинлатди. Ортига ҳадик аралаш боқди. Сўнг таъқибчисининг ичкарида қолганини кўриб, тўхтади, дадиллашди ва этагини қоқди: энди бу ерни елкамнинг чуқури кўрсин!
Ўша куни кечаси Ғуччи чол Галатепадан бош олиб кетишга аҳд қилди.
Ёзнинг дим, иссиқ тунида узоқ ўйлаб ётди. Қазогача ёру-дўстнинг олдида қолган маъқул эди, деб ўйлади. Лекин тақдир деганинг тескари келди, мундайроқ ўлим билан ўлсам бир гап, лекин қутуриб ўлиш… Ҳеч ким сени аяб ўтирмас, тинч ўлсанг — ўлганинг, бўлмаса, шартта ушлаб, дарахтнинг танасига занжирбанд қилишади, вассалом!..
Хуллас, у бош олиб кетгали аҳд қилди: уйдагиларга шаҳарга кетдим, деб айтади, кейин бир пана-пастқам жойни топиб… кутади. Ўтса, ўтиб кетгани — кунинг узоқ экан, магарким, ўтмаса… Э, шуниям ўй қилиб ўтирасанми!.. Одам деганинг бир марта дунёга келади. Бир бошда бир ўлим, бешикка теккан елка тобутга тегмай қолармиди!..
Эртаси куни тонг маҳали Ғуччи чол кунчиқарга қараб йўл тутди. Биров кўрмасин деб, сою соя жойларни танлаб юрди. Чошгоҳда тоғнинг этагига етиб борди, лекин ўрламади, кучини аяди, арчазорни оралаб ўтган текисгина сўқмоқдан кетаверди. Тоғнинг нариги белида бу сўқмоқ бирданига тик олди, Чўнқаймишга кетадиган довонга қараб бурилди. Ғуччи чол жануброққа, сарғиш ўт-ўлан қопланган чўлга томон тушиб борди. Галатепа узоқда, арчазор кумуш бўлиб ялтираган тоғ тумшуғи ортида қолиб кетди. Ғуччи чол хийла чарчади, терга ботди. Уйқусиз тун уни азоблаб қўйган экан, аъзои-бадани зирқираб оғрий бошлади. Бекорга от минмабман, деб ўйлади у, ҳеч ким гумондор бўлмасди, тоққа кетяпти, деб ўйлашарди, холос… Кимнинг менинг қутуриб ўлганим билан бир пуллик иши бор?.. Отни аядим, завол бўлмасин, дедим. Сирасини айтса, отнинг ўзи нимага кераги бор? Азроилни пиёда юриб ҳам топиб оларман!..
Бирдан у қўнғироқ товушини эшитди. Аввалига қўй-қўзини эргаштирган серка бўлса керак, деб ҳаёл қилди, лекин ҳарчанд тикилмасин, яқин-атрофда қўй зотини кўрмади. Қўнғироқ товуши ҳам гоҳ кучайиб, гоҳ сусайиб, тоғ бағридаги яйловдан эмас, буткул терс тарафда-н — рўпарадаги тошлоқ қирлар ортидан келарди. Ярим соатлар ўтгач, қаршисидаги қир ўркачида битта отлиқ пайдо бўлди, унинг ортидан учта туя бодраб чиқди. Ғуччи чол кўзларига ишонмай, бир зум тек қотиб қолди.
Кичкина карвон тобора яқинлашиб келаверди. Ниҳоят, Ғуччи чол карвонбошини таниди: бу ўша маълум ва машҳур Жонузоқ араб эди. Карвонбоши ҳам уни таниди чоғи, отининг жиловини тортди.
— Ассалому алайхум, Ғуччи ака, — деди Жонузоқ араб ҳорғин бир овозда. — Бу дунёда тирик бормисиз, ака, жонингиз тинчми?..
— Бирнав, — деди Ғуччи чол.
— Каттақўрғонга кетяпман, — деди Жонузоқ араб. — Қариб қолдим. Каттақўрғоннинг тузи тортди… Жуда қаридим, Ғуччи ака…
Ғуччи чол унинг қариганини ўзи ҳам кўриб турарди: соч-соқолидан тортиб, то гарданидан чиқиб турган мўйларигача оппоқ, юзлари чўтир, баттар қорайган…
— Кўп касал бўлдим, — деди Жонузоқ араб. — Чечакка чалиндим.
— Мен эса улоқиб келяпман, — деди Ғуччи чол.— Бесар ит қопти. Қутурган, деб айтишяпти. Този эди, менга ўрганса, мўлтонини эсдан чиқарар, девдим… Мўлтонининг ити итлик қилмас экан, Узоқбой. Биласиз, битта қўшқувур милтиғим бор, энди този асрасам, деб ўйловдим. Ўзингиз ўйланг, умрим уюр ортида ўтди, бир ёққа чиқолмадим, чиқарга. вақт бўлмади. Энди қариган чоғимда отга миниб, милтиқни олиб, кейин битта тозини ортимдан олиб, бир жойларга овга чиқаман деган ниятим бор эди. Ёшлигимдан шуни ўйлардим Узоқбой, фақат бургутим йўқ. Бир куни Чўнқаймишдан бургутнинг жўжасини сотиб олдим. Ўн сўм бердим, тумшуғи қорайса овга опчиқарман, дедим, лекин бургутнинг боласи қузғун бўп чиқди…
— Ёмон бўпти, — деди Жонузоқ араб. — Бургутнинг қузғун бўп чиққани ёмон, Ғуччи ака. Қузғун овга ярамайди.
— Биламан, — деди Ғуччи чол. — Лекин бечора қуш қузғун бўларга ҳам улгурмади. Мен Пайшанбага кетувдим, уйдагилар тузланган гўшт бериб ўлдириб қўйибди… Балким, улар қасддан қилмагандир, лекин қузғун бари бир ўлди. Бургут бўлмасаям, бечора қушга ичим ачиди. Уйдагилар менинг отимниям ёмон кўради, Узоқбой, сотгин деб айтади, бўлмасам, сени бир жар-парга ташлаб кетади, дейишади…
— Улар отни билмас экан, Ғуччи ака! — ажабланди Жонузоқ араб. — Билса, мунча ёмон ҳаёлга бормасди. Йўқ, Ғуччи ака, отни бировга сотманг!
— Кимгаям сотардим, — деди Ғуччи чол. — Жонивор ўзимга бош қўйиб қолган. Сотсам, сайислигини ким қилади? Яқинда касал бўлувди, бир пудча сабзи едирдим, қони тозаланди. Йўқ, Узоқбой, бошқа биров отни хароб қилади. Уйдагилар ҳаммаси мендан ҳафа. Бир ҳафта бўлди, кампир синглисини кўргани кетган. Озроҳ ҳафалашган эдик, шу пайтда кетгани ёмон бўлди, одамлар уни аразлаб кетди, деб ўйлаяпти. Омадим йўқ экан, Узоқбой.
— Менинг хотиним уйда ўтиради, — деди Жонузақ араб. — Аввал карвон билан юрарди, энди уям қариди… Борадиган қариндошиям йўқ, ўзимга ўхшаган етим. Сизам бирор етим қизга уйлансангиз бўларкан, Ғуччи ака.
— Менам шуни ўйловдим, — деди Ғуччи чол.— Лекин буям ёмонмас, инсофи бор. Бошқасини олсам, балким, ёмон бўлармиди, ўзингиз ўйланг, мен йилқи ортида юрсам, уйга ҳафтада бир келаманми, йўқми…
— Энди биз қариб қолдик, Ғуччи ака, – деди Жонузоқ араб. — Энди тинчроқ ўтирсак бўлармиди.
— Ҳеч иложи йўқ, Узоқбой…
— Тўғри, иложи йўқ. Сиз, Ғуччи ака, шу мўлтонидан қолган тозига тегмасангиз бўларкан.
— Този ёмон эмасди… Ўргатиб олгим келди. Махсум айтди, қўйинг, ака деди, бу бир бесар ит, тишлаб-нетиб юрмасин… Йўқ, қулақ солмадим, энди эшитсам, қутурган този экан. Мен кутиб ўтирмадим, Узоқбой.
— Кутмаганингиз яхши, — деди Жонузоқ араб. — Мана, мен шунча йил яна Каттақўрғонга борай дедим, қарасам, энди қартайиб қолибман. Бошқа ўтиролмадим… Нега пиёда кетяпсиз, Ғуччи ака? Эсимда, битта саман отингиз бўларди, зўр эди, Сигиртепанинг тагида пойга бўлса, ўзингиз биринчи бўп келардингиз. Ҳозирам ўша ерда улоқ бўладими?
— Энди кўп улоқ чопишмайди, Узоқбой,— деди Ғуччи чол ғамгин туриб. — Ўша саман отим ҳам энди йўқ, энди менинг бошқа отим бор-қизил қашқа от… Кўриб турибсиз, Узоқбой, бош олиб кетяпман. Бўлмасам, мени дарахтга боғлаб қўйишади. Ўзингиз ўйланг, Узоқбой, мен дарахтни шу ният билан ўтқазибмидим? Йўқ, мунга чидашим қийин. Мундан кўра, бирор чўли-биёбонда ўлиб кетганим маъқул…
— Сиз Қизилтошга боринг, — деб маслаҳат берди Жонузоқ араб.— Суви яхши жой. Ҳаммаёқда қизил тош, зарра қумигача қизил…
— Менга сувнинг кераги кам, — деди Ғуччи чол.
— Бари бир Қизилтошга борганингиз маъқул. Мен у ёқда доим қизил ўтов тикардим. Қизилтошнинг тошиям қизил, менинг ўтовим ҳам қизил бўларди. Бориб яна ўтов тикардим-у, лекин ёш ўтиб қолди. Улар олдидан Каттақўрғонга бориб келсам, шуям катта гап. Уйда тинч ўтиролмайман, Ғуччи ака. Ўтган куни ҳеч чидаёлмадим, уч туяни етаклаб йўлга тушдим. Индин чошгоҳда Каттақўрғонга етаман, эртароқ етишим қийин, туялар қариб қолган.
— Туяни нима қиласиз, Узоқбой?— деб сўради Ғуччи чол. — Ҳаммаси салт экан-ку?
— Э, туясиз бўларканми, Ғуччи ака!.. — ажабланди Жонузоқ араб.— Туясиз йўл йўлга ўхшармиди!.. Ахир мен… Каттақўрғонга туя тортардим-ку, эсингиздан чиқдими, Ғуччи ака?
— Каттақўрғон яхши шаҳар, — деди Ғуччи чол. — Одамлариям яхши.
— Қизилтош ҳам яхши, — деди Жонузоқ араб.— Сиз хўп денг, Ғуччи ака, Қизилтошга боринг. Сиз у тарафда неча йил йилқи боққансиз!
— Унга кўп бўлди, Узоқбой! Эҳ-ҳе, жуда кўп бўлди!..
— Ҳалиям кеч эмас. Сиз Қизилтошга боринг. Пиёда юрганга узоқ, яхшиси, менинг байталимни олинг. Хуржунниям олинг, мен туяда бир амаллаб етиб борарман.
Ғуччи чол йўқ деёлмади. Жонузоқ араб унга байталининг жиловини тутқазиб, ўзи туялардан бирига амр қилди:
— Чўк, чўк, жонивор!
Туя чўккалади. Жонузоқ араб унинг ўркачига чиқиб ўтиргач, туя ўрнидан турди. Ҳар ким ўз йўлига кета бошлади. Бирор юз қадам босиб, Жонузоқ араб Ғуччи чолни чақирди:
—Сал бўлмаса, эсимдан чиқай дебди, Ғуччи ака! Оти Санобар!
— Кимнинг оти? — тушунмай сўради Ғуччи чол.
— Байталингизнинг оти!..
Шу сўзларни айтиб, Жонузоқ араб қир ортида кўздан ғойиб бўлди.
Ғуччи чол эртаси ярим тунда Қизилтошга бориб тушди. Байталини эски работ буржидаги юлғун тупига боғлаб, хуржунини нураган пахса девор тагига олди. Работнинг усти ўпирилиб тушган, дарбозахонасида сайраётган бойқуш одам исини сезиб жим бўлиб қолди, кейин яна бошлади. Сўнг хас-хашак остидаги чигирткалар, каваклардан судралиб чиққан илонлар… Басма-бас сайрашга тушдилар.
Атроф сутдек ойдин. Ойдинда работнинг харобаси улкан кўринади. Вақт ҳам негадир сустлашиб қолган.
Ғуччи чол ёлғизликдан энди чўчиди. Кўнглига чўккан ваҳимадан қутулмоқ истаб, байталининг ёнига борди, бўйнидан маҳкам қучоқлади, юзини унинг тўс-дағал ёлларига босди. Байталга ҳожисининг қилиғи хуш ёқди, бўйнини тағин ҳам қуйи эгди, сўнг юганини бир-икки силкитиб, нозли кишнади. Ғуччи чол байталнинг оғзидан сўлиғини чиқариб, ўтлагани қўйди. Ўзи камзулини ерга ташлаб, хуржунни ёстиқ қилдию ойни, хира юлдузларни кузатиб ётди…
Сал ўтиб, юраги сиқилди. Нарироққа ўтлаб кетган байтални чақирди:
— Беҳ-беҳ, жонивор, бери кел!
Байтал сезинди. Ўтдан бош узиб, Ғуччи чолнинг ёнига келди. Унинг юзларини ҳидлади. Байталнинг оғзидан аччиқ какра ҳиди уфурди. Ғуччи чолнинг кўнгли бузилди.
— Ҳаммамиз ўламиз, Санобар, — деди у байталга. — Менам, мени гапга қўйган Тўрабойям, ҳаммамиз… Бир-биримизнинг дилимизни бекорга оғритганимиз қолади. Ҳеч ким дунёга устун бўлолмайдй. Эшитяпсанми, жонивор?
Байтал икки марта бош силтаб ташлади.
— Худоям бир кун бориб ўтиб кетади, — деди Ғуччи чол.— Одамлар бўлмагандан кейин худонинг нима кераги бор?
— Биз-чи? — деб сўради байтал. — Бизлар қоламиз-ку?
— Э!.. — деб қўл силтади Ғуччи чол. — Бариси бир эмасми? Нима, от одаммидики…
У бирдан жимиб қолди. Байталнинг кўнглини оғритганини сезди.
— Сен бошқа гапирмагин, жонивор, — деди у сал туриб.—Бари бир сени тушунолмайман. Отмисан, одаммисан ишқилиб, дунёга бир кунлик меҳмонсан. Энди шуниям гап қилиб юрамизми?
Байтал ўсал бўлди. Бошини бир силкитиб, юганини чиқариб ташладию боши оққан тарафга йўртиб кетди. Ғуччи чол ўзининг ваҳми билан овора бўлиб ёлғиз қолганини пайқамади ҳам.
«Яхши бўлмади, —деб ўйлади у. — Худога шак келтирдим! Худо бўлмаса… бўлмайди-ку, ахир?!» Назарида худо йўқолиб, дунё етим қолгандай эди.
* * *
Алқисса, Ғуччи чол анча кундан сўнг Галатепага соғ-омон қайтиб келди. Келган куни кечқурун гузарга чиқди, одамларни тўплаб уларга Жонузоқ араб, унинг байтали ҳақида нақл қилди. Лекин ишонган одам кам бўлди.
— Жонузоқ ҳар қадамда биттадан от ҳадя қиладиган аҳмоқ эмас, — деди чойхоначи Барот Қийшиқ. — Галатепанинг тузини тотган эди, қадрдонлигимиз бор эди. Нега ўзи келмади?
— Каттақўрғонга кетаётган экан, — деди Ғуччи чол. — Мен пиёда кетаётувдим, от билан бир хуржун егулик берди.
— Егулик қани, Ғуччибек? — деб сўради Назар Махсум.
— Егуликни едим.
— Хуржунингиз қани?
— Хуржун эскироқ эди, работда қолдирдим.
— Тузук, тузук, — деб салмоқлади Барот Қийшиқ. — Майли, хуржунни нари қўяйлик, сиз айтинг, Ғуччи бува, Жонузоқ араб ҳадя қилган отнинг ўзи қани?
— От кетиб қолди, — Ғуччи чол ростини айтишга мажбур бўлди. — Мендан аразлаб кетди.
Гурунг аҳли унинг гапларидан кулган бўлди.
— Сиз бир қизиқ одамсиз, — деди чойхоначи. — Ҳамма сиздан ҳафа бўлади, аразлайди, кетиб қолади. Аввал кампирингиз кетувди, энди байтал кетибди…
— Кампир келган, — деди Ғуччи чол. — Синглисини кўриб келди.
— Кетиб қолганда ҳафа бўлгандирсиз? — гапини қўймади чойхоначи.
— Нега ҳафа бўламан, у қочиб кетгани йўқ-ку?..
— Мўлтонининг тозиси-чи, този қочиб кетгани рост-ку?
Ғуччи чол каловланиб қолди. Хайрият, мулла Дониёр унинг жонига ора кирди.
— Сиз чой опкелсангиз бўларди, Баротбой, — деди у чойхоначига қараб, сўнг, Барот Қийшиқ ўчоқ бошига кетгач, яна Ғуччи чолга мурожаат қилди.
—Қайтганингиз тузук бўпти, Ғуччи. Булар бекорини айтибди, мен Жонузоқнинг от ҳадя қиларига ишонаман. Худога шукр, тирик экан, мен аввалроқ бир раҳматли бўп кетган, деб эшитувдим.
— Ҳали тирик экан, — деди Ғуччи чол. — Анча чўкиб қопти. Каттақўрғонга боргиси кеп йўлга чиқибди.
— Биз сизни йўқолиб кетди, деб ўйловдик, Ғуччибек, — деб гап қўшди Назар Махсум. — Мен бир шаҳар борсамми ҳам дедим, ҳарне, ўғлимиз Санобек ҳукуматнинг одами, сизни излагани бировни қўярмиди…
— Йўқолганим йўқ. Қизилтошга борувдим. Жонузоқбой отини берди. Кўп ақлли байтал эди, одамга ўхшаб гапирарди.
Мулла Дониёр билан Ибодулло Махсумдан бўлак ҳамма унинг гапидан кулди.
— Яхши байтал эди, — давом этди Ғуччи чол.— Мусулмон байтал эди. Шайтон йўлдан уриб, худога шак келтирувдим, шунга ҳафа бўлди.
Бу гал ундан ошкора хохолаб кулишди. Ғуччи чол нима деярини билмай, тек қолди. Шунча гап етмагандек, мулла Нишон уни кофирликда айблади:
— Сиз худога ишонмайсиз, Ғуччи, — деди у. — Шу сабабким, шайтони алайҳилаъна байталингизнинг танига кириб олибди. Тилга кирибдими, унинг танига шайтон оралаган. Сиз кофирсиз, Ғуччи, ғирт кофирсиз! Фақат кофирнинг бошига шундайин касофат савдолар тушади!
Ғуччи чол гапиролмай қолди. Бахтига, Ибодулло Махсум гапга аралашди:
— Эсингизда бўлсин, Нишонбой, шайтон одамнинг танидан ўзга жойни ўзига макон қилмайди, — деди у. — Сиз тузук одамсиз-ку, лекин муллаликдан мазангиз йўқроқ. Байтал жониворнинг бирор фисқу фасоди, бизга ўхшаб ғайирлиги бўлмаса, нега сиз унга мундай туҳмат қиласиз? Худонинг кўрсатган каромати денг, ажабмаски, шу байтал кейин одамга айланган бўлса…
— Махсум ҳинду экан!.. — деб қичқирди мулла Нишон мулла Дониёрни гувоҳликка чақириб. — Эшитяпсизми, Махсум ҳиндунинг мулласига ўхшаб гапиряпти. Битта кофир камлик қилувди, энди, манави Махсум ҳам кофир чиқди!.. Ўзингиз айтинг, Дониёр ака, байтал ҳам ҳеч замонда одамга айланадими?
— Муниси тадрижи худога боғлиқ, — деди мулла Дониёр мужмалроқ қилиб.
— Йўқ, Дониёр ака, байтал одамга айланмайди. Сизам байталнинг одамзоддан бўлмиш фарқига бормайсиз экан!
— Бўлмаса, нега Мурод жувозкашнинг хотинчаси байталга ўхшаб кишнайди? — деб сўради мулла Дониёр.
Қолган мардумлар ҳам унинг гапини бир оғиздан тасдиқлашди. «Мурод жувозкашнинг хотини ростдан ҳам икки яшар байталчага ўхшаб кишнайди», деб айтишди.
Мулла Нишон кўп мулзам бўлди. Чандон ўйлади ҳамки, муносиб жавоб тополмади. Қейинроқ бориб, ҳаёлида ғалати-ғалати гумонлар туғиладиган бўлди. Дейлик, хотини Ҳанифа кулса, «Нега кишнаяпсан, байталча?», деб сўрайди. Шу-шу, бечора Ҳанифа кулишни ҳам бас қилди. Энди уни қитиқлаб ҳам кулдиролмайсан. Завқи ошиб-тошиб кетганида, лабининг бир бурчини кўтариб илжаяди, холос. Қейин бирдан хўрлиги келади. Лекин тузукроқ хўрсиниши ҳам қийин. Мулла Нишон унинг хўрсинганини эшитса бўлди, «Нега пишқиряпсан, байталча?», деб сўрайди.
Машойихлар айтганидек, юрт айвони кенг, бу айвонда минг алвонда одам, минг алвон одамнинг минг турфа ташвиши бор. Мулла нишоннинг ташвиши — гумон қилмоқ. Ҳанифанинг ташвиши — кишнамаслик, бизники… Ким билсин, бизнинг нима ташвишимиз бор?.. Мундай қараса, ташвишимиз қолмади ҳисоб. Бурчимиз ровийлик эди, бўйин товламадик ва манзилга етдик. Манзилга етган кимсанинг битта нияти бўлади:
Танимиз соғ, жонимиз тинч бўлсин!