“Энг ибратли ҳаётий ҳикоялар” танловига
– Илҳомжон ҳозир етти ёшда, Худо ҳохласа бу йил мактабга чиқади – дея сўз бошлайди Илҳомжоннинг онаси. – У иккинчи фарзандимиз. Акаси бу йил тўртинчи синфни тугатди. Аллоҳга шукр тўрт мучаси соғ. Фарзанд туғилган вақтда унинг ота-онасидан бахтлироқ инсон бўлмайди дунёда. Бу бахтни фарзандли бўлган ҳар бир киши ўзича ҳис қилса-да, аммо уларнинг ҳаммаси деярли бир хил туйғуни туйишади: бундай вақтда осмонларда учиб юришади ота-оналар. Бизда ҳам худди шундай бўлди. Гарчи, Илҳомжон иккинчи фарзандимиз бўлса-да, унинг таваллудидан акасининг дунёга келган вақтида севинганимиздан-да ортиқроқ севиндикки, ҳар бир фарзанд ўз ризқи билан туғилишига яна бир бор имон келтирдим.
Вақт оқар сувдек ўта бошлади. Ҳаммаси рисоладагидек эди. Аммо, вақт ўтиши билан қалбимни бир хавотир эгаллай бошлади: Илҳомжон гарчи шовқинни тез илғаса-да кўз олдидаги нарсаларга бефарқ қараётганини сеза бошладим. Эримга бу ҳақда айтганимда “ваҳима қилма, туппа-тузук болаку” – деб урушиб бердилар. Орадан икки-уч кун ўтиб қайнонам Илҳомжоннинг кўзини шифокорга кўрсатиш кераклигини ўзлари айтиб қолдилар. Бордик. Мен қўрққан воқеа содир бўлди: таниш шифокор жигаргўшамнинг кўзларида қанақадир парда борлигини, шу сабабли ҳам унинг кўзлари кўрмаслигини айтди…
Кўз олдим қоронғулашиб, бошим айланди ва бирдан ҳамма нарса сокинликка чулғанди. Оппоқ булутлар ва мендан бўлак ҳеч нарса йўқ эди атрофимда. Кўзимни очганимда эса шифохонанинг икки кишилик хонасининг оппоқ шифтинию, деразадан тушиб турган қуёш нурини ва менга “хайрият, кўзини очди” дея қараб турган шифокор, унинг ортида қўлида бир нималар ушлаб турган ҳамширани кўрдим. Кейин билсам орадан тўрт соат вақт ўтган экан.
Бу воқеага ҳам олти йил бўлди. Бу орада Аллоҳга шукрки, қайнотам шифокорлар билан маслаҳатлашиб, Тошкентдаги махсус шифохонада Илҳомжоннинг кўзларини даволатдилар. Бу узоқ муддатли даволаниш ўз самарасини берди. Унинг кўзлари кўра бошлади. Менинг ҳам қалбимга қувонч қайтиб келди. Аллоҳнинг қудрати билан фарзандимнинг кўзига нур бахш этган шифокор унинг кўзлари кўраётганлигини, аммо бошқа соғлом одамлар каби аниқ ва равшан кўролмаслигини айтди. Шунисигаям минг марта шукр қилдик. Ўзингга шукр яратган эгам, ўзингга шукр.
Ҳозирги кунда Илҳомжон мустақил бемалол ўзи юра олади, ҳарфларни ҳам ўргатдим, ёзишгаям анча қўли келишиб қолди. Ўзингга шукр яратган эгам, ўзингга шукр. Фақатгина бир нарса баъзам қалбимни тирнайди. Гоҳида у кўчадан “ая, кўчада бир амаки менга кўзинг кўрми деди, йўқ Тошкентда апараста қилгандан кейин кўради, десам йўғе деб кулди”, “ая, пастки кўчадаги Нодирни аяси бу билан ўйнама, шунча соғлом ўртоқларинг турганда шу билан ўйнайсанми деб уни олиб кетди, лекинчалик Нодир яхши бола у менга “кейинроқ ўйнаймиз“ деди”, “ая, кеча амакимни “айфон”ларини ўйнаётганимда Бакир амаки “ўзи кўзинг тузук кўрмайдию, телефон ўйнашга бало борми” деди”, яна “ая, у киши унақа деди, ая бу киши бунақа деди” деб келганида Аллоҳнинг ўзи кечирсину, одамлардан нафратланиб кетаман. Агарда бунақа гапларни ёш болалар айтса умуман бу ҳақда ўйламасдим ҳам, хафа ҳам бўлмасдим. Аммо, афсуски бунақа гаплар кап-катта одамлардан чиқганидан кейин нима қилай…
Кечагина бўлган воқеа эса ҳаммасидан ўтиб тушди. Овсинимнинг туғилган кунлари эди. Куни билан меҳмон кутдик. Ҳаммаси яхши ўтди. Кечга яқин эса қайнакам овсиним ва фарзандлари қатори менинг икки ўғлимниям шаҳримиз марказидаги истироҳат боғига олиб бордилар. Мен бироз мазам йўқлиги сабабли уйда қолдим. Улар анча кеч қайтишди: ҳамма болалар улар қатори катталар ҳам хурсанд эди. Фақатгина Илҳомжоннинг киприкларида қотиб қолган икки томчи ёш ва унинг кўзларида қувонч йўқлигини кўриб, нимадир бўлганлигини сездим ва астагина овсинимни чақириб сўрадим:
– Илҳомжонга нима бўлди?
– Овсин, мазза қилиб айландик, фонтанни томоша қилдик, атракционларда учдик. Кейин музқаймоққа бордик – дея гап бошлади овсиним мени бироз тинчлантириш учун. Лекин бу гаплар менинг қулоғимга кирмасди, – Дадаси олдинроқ бориб жой танладилар ва бизни чақирдилар. Навбат кўп бўлганлиги сабабли ҳаммамиз тез-тез танланган стол томон юриб бориб, ўзимизга стул танлаб ўтирдик. Дадаси ҳамма келдими деганларидан кейингина Илҳомжоннинг йўқлигини билиб қолдик. Қарасам у иккита стол нарида эллик ёшлилар атрофидаги 3-4 та нотаниш аёл ўтирган стол томон бораётган эди. Қоронғуда уларни биз деб ўйлаган шекинли, бориб стулга ўтирмоқчи бўлди. Шу пайт Илҳомжон у аёллардан бирига қараб “ойижон сизмисиз” дегани эшитилди. Ўтирган аёллар ярқ этиб ҳаммаси унга қарашди. Бу вақтда мен ҳам уларга яқинлашиб қолганим учун уларнинг юзини чироқнинг ёруғида аниқ кўрдим. Уларнинг юзида кексаларимизнинг юзидаги нур ҳам, аёлларга хос иффат, ҳаё ҳам, ҳеч бўлмаганда бир ожизгина болакайнинг ҳолига ачиниш ҳисси ҳам кўринмасди. Шу пайт улардан бири Илҳомжонга қараб – ойижонингни дадажонингни қучоғидан қидир, нима кўрмисан, мен ойижонингга ўхшайманми – дея тўнғиллай бошлади. Илҳомжон эса беғубор нигоҳини у аёлга қадаб – йўқ, Тошкентда апараста қилгандан кейин кўради, бобом олиб борганлар мани Тошкентга, россаям кўп марта борганман – деб гапира бошлади. – Йўли жуддаям…
– Ээээ бўлди бас қил, – Беғубор боланинг беғубор гапини бўлди халиги аёл. – кўрмисан, кармисан манга фарқи йўқ. Нарироқ кетсанг бўлди.
Шу пайт Илҳомжоннинг кўзларидан икки томчи ёш юзидан сирпаниб тушганини кўрдим. Югуриб бориб, уни бағримга босдим. Аёлларга эса нафрат билан қарай олдим, холос. Чунки, тилим калимага келолмай қолганди. Секингина унинг қўлидан ушлаб ўзимиз ўтирган стол томон етаклай бошладим. Икки-уч қадам қўйганимиздан сўнг бояги аёллардан бири “ҳой, бола” дея Илҳомжонни чақирди. Ичимда “ҳарқалай инсофлироғи ҳам бор экан буларнинг ичида” деган ҳаёл ўтди. Минг афсуски, унақа бўлиб чиқмади.
– Ҳой, бола. Қара пулинг тушиб қолди – давом этди ҳалиги аёл.
Икки дақиқа ҳайкалдек қотиб қолдим… Вужудимни нафрат кучи эгаллади. Бир пайт қарасам Илҳомжон эгилган кўйи икки қўли билан ерни пайпаслаб “тушиб қолган пули”ни қидираётган экан. Бу ҳолатни кўрган аёл кўринишидаги шайтонлар даврасида бирдан қаҳ-қаҳ отилди. Нафақат аёлларга, балки эркакларгаям, умуман Одам Ато авлодига хос бўлмаган кулги эди бу кулги, Одамзотнинг шайтон измига ўтганидан дарак берарди бу кулги… Музқаймоқ егани келганларнинг ҳаммаси шу томонга қарашди… Аста эгилиб, Илҳомжоннинг қўлидан тутиб ортга қайрилдим. Ортимдаги “аёллар”га эса титроқ овозда, секингина “худога солдим” демоқчи бўлдиму, аммо овозим ҳам чиқмай қолганди.
Овсинимнинг бу гапларини кўзларимда нам, вужудимда титроқ, юрагимда эса қандайдир аламзадалик билан тингладим.
– Ая, ўша она манга “пулинг тушди” деди, лекинчалик мани пулим йўғиди… Ая, у она мани алдади, оналарам алдайдими ая! – Болам эшик олдида ҳаммасини эшитиб ўтирган экан.
Унинг бу сўзлари ва кўзларидаги икки томчи ёш овсинимнинг ҳам кўзларини намлантирди… Ўша кўрмаган, танимаган одамлардан шу қадар нафратландимки, ўша ерда бўлганимда нимадир бўлиши аниқ эди. Боламнинг юзига юзларимни босиб, кўзда ёш билан кўзларидаги ёшни артдим.
– Йиғлама болам, қалбсизлар йиғласин, қалби кўрлар йиғласин, сен йиғлама болажоним, сен йиғлама…
Жалолиддин Турсунов ёзиб олди.
Самарқанд вилояти, Ургут шаҳри.