Мавжуда Ҳакимова (1932-1992)

Мавжуда Ҳакимова 1932 йилнинг 5 май куни Хўжанд шаҳрида туғилган. Тожикистон давлат Университетини битирган (1958). Сўнгра «Пионери Тожикистон» газетасида, «Машъал»журналида меҳнат қилган. «Комсомоли Тожикистон» (1970-1971) газетасида, «Феруза» (1985-1990) журналида муҳаррир вазифасида фаолият кўрсатган.
«Сурудисеҳр» (1964), «Илҳом» (1970), «Мошини мошинсавор» (1972), «Ба сўйи нур» (1976), «Набзи роҳ» (1977), «Тўйи баҳор» (1980), «Диёри муҳаббат» (1987) номли шеърий мажмуалар муаллифи.
Шеърлари ўзбек ва рус тилларига таржима қилинган. «Халқлар дўстлиги» ордени, «Шижоатли меҳнати учун» медали ва бошқа давлат мукофотлари билан тақдирланган. 1965 йилдан Тожикистон ёзувчилар Иттифоқи аъзоси. 1992 йилда оламдан ўтган.

АЙТИЛМАГАН БАЙТЛАР

Гулбаҳор фаслида сен тутдинг лола,
Ҳидлайман дам-бадам, қўлимдан қўймай.
Унда дил сўзларинг, қалбинг ҳавола,
Ненидир англадим, меҳрингга тўймай.

Ўйларим етаклар сўқмоқлар аро,
Кафтга кафтинг қўйдинг висол тонгида.
Тутсанг ҳамки хомуш гулдаста, аммо
Кўрдим юрагингни лола рангида.

Тақдир ўзга йўлга бошлади бизни,
Икки томон кетдик иқбол сўроқлаб.
Бора-бора дилдан англадим ўзни,
Афсус, ортда эди таниш сўқмоқлар.

Кўнглимда борини дўстларга тутдим,
Қолди қарашларинг нигоҳларимда.
Ишқим ашъорига номингни битдим,
Қондай айланасан юрак-бағримда.

Биламан, ўртада катта масофа,
Бирлаштира олгай на Ой, на Қуёш.
Меҳрим сўнган эмас, ишқим мусаффо,
Тақдир ҳазилига берурман бардош!

Ол лоланг безамиш китоб қатини —
Висол дамларидан бевисол тилсим!
Тилсим тилидаги севгинг хатини
Ёшлиқдан сингдирдим юракка сим-сим!

ЯПРОҚ

Баҳор кулганида баланд бутоқда,
Ўзни кўз-кўзлади бир яшил япроқ.
Ўзлигин унутиб завқланган чоғда,
Шаббода машқига рақс тушди қувноқ.

Тонг-саҳарда ошиқ ўз ишқин гўё
Изҳор этган каби шивирлар хурсанд!
Ўз қўрқи, ҳуснига бўлиб маҳлиё,
Ўзга япроқларни этмади писанд.

Куз ҳам келди,
Илк бора уни
Учириб туширди шафқатсиз шамол.
Айрилиқ доғидан сарғайган куни,
Ўша баланд шохга арз этди дарҳол:

«Яна баҳор келар,
Қулф урар майса,
Мендай ўсиб чиқар яна бир япроқ.
Сен менинг рангимга кириб яшнайсан,
Мен каби у япроқ куйларми бироқ?!»

ВАТАН ИШҚИ

Қуёш ўт қалби-ла урганда хандон,
Қулф уриб яшнайман тилагим билан.
Гулшанда сайраса булбул — ғазалхон,
Жўр бўлгум булбулга юрагим билан.

Ғунча барҳаётдир илдизи билан,
Шабада эркалар ғунча баргини.
Гулшанда ғунчадек яйраб кетаман,
Умрим гулшанида дўст билгум уни.

Баҳор ёмғиридан тошароқ алҳол
Ўзин соҳилига сиғмаса дарё,
Бамисли Вахш, Жайҳун, Зарафшон мисол
Юрагимда дарё бўлғуси пайдо!

Қалбимга ҳамоҳанг барча фасллар,
Юртим тупроғига бу жоним пайваст.
Ишқимни ардоқлар турфаранг гуллар,
Ватан ишқи билан оламан нафас!

Тилак Жўра таржимаси