Гулчеҳра Сулаймоний (1928-2003)

Гулчеҳра Сулаймоний 1928 йил 1 январда Бухорода машҳур шоир Пайрав Сулаймоний оиласида туғилган. Бухоро ўқитувчилар институтининг тил ва адабиёт факультетини тамомлаган. “Тожикистон пионери”, “Машъал”, “Садои Шарқ”, “Маориф” нашрларида ишлаган.
«Бугун байрам» (1957), «Икки туп олча» (1962), «Наргис» (1966), «Чархфалак» (1971), «Қирқ кокил» (1972), «Хубон олмаси» (1974), «Тори маржон» (1976), «Илҳом» (1977), «Тирукамон» (1979), «Лолалар очилган пайт» (1982), «Сичароғ» (1988), «Куртаи чакан» (1989) каби китоблари чоп этилган.
Гулчеҳра Сулаймоний Ж. Жабаев, С. Маршак, А. Барто, В. Инбер, С. Михалков, Қ. Муҳаммадий, С. Капутикян, Зулфия, М. Малтсева шеърларини тожик тилиган таржима қилган.
У Тожикистон халқ шоири (1988), Абу Абдуллоҳ Рўдакий номидаги давлат мукофоти (1977) ва “Халқлар дўстлиги” ордени (1986) соҳиби.
2003 йил 5 апрелда вафот этган.

БУХОРО

Менинг азиз шаҳрим, қадим Бухоро —
Шеър маскани, зебо сўзлар маскани.
Сендадир болалик ёдим, Бухоро,
Шайман, онам каби қалбга босгани.

Тарихсан — мўъжиза, санъатга тўлиқ,
Пирсан — жаъми жаҳон зиёрат қилган.
Сенсан мен куйлаган энг тўнғич қўшиқ,
Гўдак ҳайратларим сенга тўкилган.

Нақшинкор бағрингни севаман жондан,
Соҳир рангларингни, ойдин юзингни.
Меҳри оҳанрабо, чеҳраси хандон,
Севаман ёқимли талаффузингни.

Менинг юрагимда қолган нақшланиб
Асрий обидалар жилваси, ранги.
Наздимда, ўзингдан кетар бошланиб
Дилбар кундузларнинг шафақли тонги.

Сен чунон кўҳнасан, чунон навқирон,
Бағринг ёғдуларга шунчалар бойким,
Бор қора доғларга келтирдинг қирон,
Қалбинг ойдинлигин олдида ой ким?!.

ВАРРАК

Ҳушимни ўғирлаб
Учмоқда варрак,
Мен етмаган кўкни
Қучмоқда варрак.

Варракни учирган
Шамолми? Шамол?!
Хаёлларим ипи
Тортар, эҳтимол.

Балки тортаётир
Уни ушбу дам
Болаликнинг ширин
Орзулари ҳам!

Пастда нима бўлса,
Қўйиб армонга,
Уча бер, варрагим,
Қуёш томонга.

Уча бер, не бўлса,
Баридан баланд,
Ва лекин хўшлашма
Ўз уйинг билан

бирор пайт оққушдай
Қўнгил томига,
Чорлаб турса ҳамки
Фазо комига.

Турган бўлар томда
Болакай шодон,
Нақ ўзи парвоздан
Қайтгандай шу он.

…Айланавераркан
Умр парраги.
Қани у болакай,
Қани варраги?!.

Тилак Жўра таржимаси