Ўрмон жимжит, фақат дарахтларга тушаётган қорнинг аста шитирлаши эшитилди. Бу енгилгина қуруқ қор кундузи ёға бошлаб, шох-бутоқларга муз момиғини тўкиб, ўтларнинг хазон бўлган япроқларига кумуш парда ташлаб, йўлларга катта, оппоқ ва юмшоқ гилам ёйиб, бу дарахт денгизининг бениҳоя сукутини қуюқлаштирмоқда эди.
Ўрмон қоровулхонасининг остонаси олдида ёш бир жувон енгларини шимариб, болта билан ўтин ёрмоқда. Бу баланд бўйли қадди-қомати келишган ва бақувват ўрмон қизи — отаси ўрмончи ва ўзи ўрмончининг хотини эди.
— Бугун тунда ёлғиз ётамиз, Бертина, уйга кир, қоронғи тушиб қолди. Эҳтимол ўрмонда пруссаклар ва бўрилар изғиб юргандир,— деган товуш эшитилди уйдан.
Ўрмончининг хотини қулочини кериб, қарсиллатиб ўтин ёраркан:
— Бўлдим, она. Ҳозир, ҳозир кираман, қўрқма ҳали ёруғ-ку,— деди.
Кейин у уйга ўтин ва бир боғ шох олиб кириб ўчоқ ёнига тахлади, яна эшикка чиқди. Дераза қопқоқларини, яхлит дубдан ясалган оғир қопқоқларни ёпди ва қайтиб кириб эшикни тамбалаб қўйди.
Бужмайиб, кексайиб, қўрқоқ бўлиб қолган онаси олов ёнида ўтириб ип йигирмоқда эди.
— Дадангнинг уйда йўқлиги ёмон-да,— деди кампир,— иккита хотиннинг қўлидан нима келади?
— Ҳа, мен-чи, бўрини ёки пруссакни бир амаллаб отиб ташларман, ахир! — деб жавоб берди жувон ва ўчоқ бошида осиғлик турган катта тўппончага ишора қилди.
Унинг эри пруссаклар ҳужум бошлаган вақтларидаёқ аскарликка олинган ва хотинлар эса Дилда лақабли Никола Пишона деган кекса отаси билан ёлғиз қолишган. У бўлса уйдан кетишга, шаҳарга кўчиб тушишга асти кўнмаётган эди.
У ерга яқин шаҳар Ратель бўлиб, у тоққа солинган қадимги қалъа эди. Бу ватанпарварлар шаҳри; унинг аҳолиси босқинчиларга қаршилик кўрсатишга, шаҳардан чиқмасликка ва эски одатда кўра қамалга бардош беришга қарор қилишган. Генрих IV ва Людовик XIV замонида Ратоль гражданлари икки марта қаҳрамонона мудофаа билан ном чиқарганлар. Энди эса, агар уларни қалъа деворлари ичида ёндириб юборсалар ҳам худди шундай қилишади.
Шундай қилиб, улар тўплар ва милтиқлар сотиб олишди, кўнгиллиларни қуроллантиришди. Батальонлар ва роталар тузишиб, қалъа майдончасида эртадан кечгача машқ қилишади. Уларнинг ҳаммаси: нонвойлар, боққоллар, қассоблар, нотариуслар, адвокатлар, дурадгорлар, китоб сотувчилар, ҳатто аптекачилар истеъфодаги драгун офицери Лавинь жанобларининг қўл остида навбати билан маълум соатда машқ қилишади. Лавиннинг ўзи ҳозир Раводан жанобларининг қизига уйланиб, ундан мерос қолган дўконда атторлик қиларди.
Лавинь жаноблари қалъа коменданти деган унвон олди ва ёшлар аскарликка кетгани учун у, жон-жаҳди билан мудофаага тайёрлик кўраётган ҳамма аҳолининг бошини бириктирди. Семизлар ёғини камайтириш ва нафас қисишдан қутулиш учун кўчаларда йўртиб, ҳаллослаб юришар, камқувватлар чайир бўлиш учун оғир-оғир нарсаларни кўтаришарди.
Хамма пруссакларни кутмоқда. Лекин пруссаклар кўринмасди. Аммо яқин ўртада туришарди, уларнинг разведкачилари ўрмон билан икки марта Дилда лақабли ўрмончи Никола Пишонанинг қоровулхонасигача келишган. Тулки сингари зийрак кекса ўрмончи чопганича келиб шаҳарлиларни бу ишдан хабардор қилган, шундан сўнг тўпларнинг оғзи ўша ёққа қаратиб қўйилган. Лекин душмандан дарак йўқ эди.
Дилданинг уйи Авелин ўрмонида авангард постлик хизматини ўтарди. Чол ҳафтада икки марта шаҳарга бориб озиқ-овқат келтирар ва атрофда бўлаётган янгиликлардан шаҳарликларни хабардор қиларди.
Чол ўша куни шаҳарликларга бориб, ўтган куни кундузи соат учларда немис пиёда аскарларидан кичикроқ бир отряди унинг уйига келганини ва ўша заҳотиёқ олдинга қараб кетганини, отряднинг бошлиғи, унтер-офицер французча билади, деб айтгани кетганди.
Чол шаҳарга кетаётганида изғиб юрадиган бўрилардан қўрқиб, шербашара иккита бўрибосар итини ўзи билан эргаштириб кетган, хотинларга эса тунда эшикларни яхшилаб беркитиб ётинглар, деб айтган эди.
Хотинларнинг ёши ҳеч нарсадан қўрқмас, кексаси эса доим жон титроғига учраб:
— Бунинг оқибати яхшилик билан тугамас, кўрарсан, яхшилик билан тугамас,— дерди.
Ўша куни кечқурун кампирни ҳар вақтдагидан кўпроқ ваҳима босди.
— Билмайсанми, отанг қачон келаркин? — деб сўради у.
— Ўн бирдан олдин келмаса керак. Комендантнинг уйида овқат егани қолганида ҳамиша кеч келади, — деди қизи.
Ёш жувон овқат пиширгани эндигина қозон осиб сув қуйган эди, мўридан эшитилаётган номаълум шарпани пайқаб, турган жойида қотиб қолди.
— Эшитяпсанми, ўрмонда юришибти… камида етти-саккиз киши,— деди шивирлаб.
Онаси қўрқиб кетиб ип йигиришни тўхтатди ва:
— Оҳ, худойим, отанг йўқ-ку! — деб пичирлади. Кампир гапини тамом қилмаган ҳам эди, қаттиқ зарбдан эшик ларзага келди.
Хотинлар жавоб қилишмовди, эшик орқасидан гулдираган товуш билан бақириб:
— Оч! — деди биров. Бирпасдан кейин яна ўша товуш:
— Оч эшикни, бўлмаса бузиш! — деди.
Шунда Бертина ўчоқ бошида осиғлик турган катта тўппончани олиб, юбкасининг чўнтагига солди ва қулоғини эшикка қўйиб туриб:
— Ким? — деди.
— Бу мен, ўтган кундаги отряд.
— Нима ишингиз бор? — деди яна Бертина.
— Отрядимдан эрталаб адашдим. Сиз очиш керак, бўлмаса мен эшикни синдириш, — деди.
Ўрмончи жувоннинг эшик тамбасини туширишдан бошқа иложи йўқ эди, оғир эшикни қия очиб қорнинг хирагина ёруғида олти кишини, олтита прусс солдатини, ўша, ўтган кун келганларни кўрди.
Бертина жаҳл билан:
— Бемаҳалда нима қилиб юрибсизлар? — деди. Унтер-офицер яна:
— Адашиб қолдим, бутунлай адашиб қолдим ва мен уйингизни кўриб танидим. Мен эрталабдан бери ҳеч нарса емадим, отрядим ҳам, — деди.
— Уйда онам билан мендан бошқа ҳеч ким йўқ, — деб тихирлик қилди Бертина.
Солдат мулойимлик билан:
— Ҳечқиси йўқ. Мен сизларни хафа қилмайман, фақат сиз овқат беришингиз керак, бўлмаса ҳозир биз очлик ва ҳорғинликдан йиқилиш.
Ўрмончи жувон ўзини четга олиб:
— Киринглар,— деди.
Солдатлар киришди, уст-бошлари қор, қор қўнган каскалари бўлса устига кўпиртирилган қаймоқ солинган пирожноега ўхшарди, уларнинг ҳориганликлари кўриниб турарди.
Ўрмончи жувон столнинг икки томонидаги ёғоч эшакларни кўрсатиб:
— Ўтиринглар,— деди,— мен сизларга овқат пишириб бераман, тинкаларинг жуда қуриганга ўхшайди.
Жувон эшикни тамбалади.
Кейин қозонга яна сув қуйди, яна ёғ, картошка солди, ўчоқ бошидаги чангакка илиғлик турган ёғни олди ва ярмини кесиб уни ҳам қозонга ташлади.
Олти солдат очликдан кўзлари жовдираб, хотиннинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб туришарди.
Қурол ва каскаларини бир бурчакка уйиб қўйиб, мактаб курсисида ўтирган ювош болалардек кутиб ўтиришди.
Кекса она яна ип йигиришга тушди ва минут сайин аланглаб босқинчи солдатларга қараб қўярди. Уйда чархнинг ғувиллаши, ёнаётган оловнинг шитирлашию қайнаб чиқаётган овқатнинг биқир-биқири эшитилиб турарди, холос…
Лекин эшик орқасидан ажиб бир товуш, йиртқичнинг пишқиришига ўхшаш қаттиқ пишқириқни эшитиб, ҳаммалари сапчиб тушишди.
Немис унтер-офицери милтиғига қараб югурди. Ўрмончи жувон ишора билан уни тўхтатди.
— Бўрилар, — деди у кулимсираб. — Сизларга ўхшаб улар ҳам ўрмонда оч изғиб юришади.
Немис ишонмади ва ўз кўзи билан кўрмоқчи бўлди, лекин эшик очилар-очилмас, лапанглаб қочиб кетаётган иккита сур бўрини кўрди.
У ўрнига келиб ўтираркан, ғудраниб:
— Мен ишонгим келмаган эди,— деди. Кейин овқатни кутиб ўтирди.
Улар каттароқ луқма олиш учун оғизларини қулоқларига етгунча очиб, очкўзлик билан овқат ея бошлашди; кўзларини ҳам катта очишар, томоқларидан овқат қувурдан ўтаётган сувдай қулт-қулт қилиб ўтарди. Иккала аёл сариқ соқолларнинг қандай тез қимирлашига, гўё силкиниб турган ўсимлик ичига тушиб ғойиб бўлаётган картошкаларга қлраб жимгина ўтиришарди.
Кейин немислар чўллашди, ўрмончи жувон сидр сузиб чиққани ертўлага тушиб кетди. У жойда анчагина ҳаяллаб қолди. Бу ертўла гумбаз тахлит қилиб солинган бўлиб, айтишларига қараганда революция йилларида турма ҳам, яширинадиган жой ҳам бўлган экан. У ерга ошхонанинг бурчагидаги қопқоқни очиб, айланма зина билан тушилар эди.
Бертина хурсанд, ўзича ич-ичидан кулиб чиқди. У немисларнинг олдига бир кўза сидр қўйди. Кейин онаси билан ошхонанинг нариги бурчагида ўтириб овқат еди.
Солдатлар овқатни еб бўлиб, курсида ўтирган жойларида мудраб қолишди. Солдатларнинг дам униси, дам буниси пинакка кетиб, пешонасини столга уриб олар ва уйғониб кетиб қаддини ростларди.
Бертина унтер-офицерга:
— Оловга яқинроқ жойга ўтақолинглар, ҳаммага ҳам жой етарли, онам билан биз менинг уйимга чиқиб ётамиз,— деди.
Иккала аёл юқори қаватга чиқиб кетишди. Уларнинг эшикни қулфлаганлари, анчагача нари-бери юрганлари эшитилиб турди ва ниҳоят жим бўлишди.
Пруссаклар оёқларини оловга қилиб, шинелларини юмалоқлаб бошларига қўйиб, ерга чўзилишди ва тездан олтови олти хил: бири чийиллаб, бири йўғон, лекин ҳаммаси бир хилда узун ва баланд хуррак торта бошлашди.
Худди уйнинг деворига отаётгандек қаттиқ ўқ овози чиққанида уларнинг ухлаганларига анча вақт бўлган бўлса керак. Солдатлар ирғиб ўринларидан туришди, яна гумбурлаб икки ўқ узилди, унинг орқасидан яна учта отилди.
Юқоридаги эшик ланг очилиб ялангоёқ, ички кийимда, қўлида шам, ғоят қўрққан ўрмончи жувон кўринди.
— Французлар, — деди қиз ғўлдираб, — камида икки юз киши. Агар сизларни бу ерда кўришса, уйга ўт қўйиб юборишади. Тезда ертўлага тушинглар, лекин шовқин-сурон қилманглар. Агар товушларинг чиқса ҳаммамиз ҳам ҳалок бўламиз.
Унтер-офицер шошганидан:
— Биз кўнади, биз кўнади, — деди шивирлаб, — қаердан тушишимиз керак?
Хотин шошиб ертўланинг қопқоғини очди ва олтита немис кетма-кет айланма зинадан, пиллапояни оёғи билан пайпаслаганича туртиниб ертўлага тушиб кетди.
Лекмн сўнгги касканинг учи тушиб бўлар-бўлмас, Бертина ертўланинг девордай қалин зилдай дуб қопқоғини қарс этиб ёпти. Каттакон турма қулфидаги калитни икки марта буради ва асирларнинг бошида ўйин тушиб юборишдан ўзини зўрға тийиб, ҳузур қилиб аста кулди.
Улар қопга, темир панжаралик туйнукдангина ҳаво кириб турадиган тошдан ясалган мустаҳкам қопга тушгандай қимирламай туришарди.
Бсртина яна тезда олов ёқди, яна овқат пиширгани қозон осаркан:
— Бугун тунда отам хўб чарчайди-да, — деб сўзланди. Кейин ўтириб кута бошлади. Жимликда соатнинг бир хилда қаттиқ тиқ-тиқ қилишигина эшитилиб турарди.
Ёш жувон ҳар замонда соатнинг стрелкасига қараб-қараб қўяр, унинг бу қарашида «мунча секин юраётир?» деяётгандай бир ифода бор эди.
Лекин тездан назарида оёғи тагида ивир-шивир эшитилаётгандай бўлди. Ғишт гумбазлар остидан тушуниб бўлмайдиган гаплар эшитилиб турарди. Афтидан пруссаклар қўлга тушганларини пайқаб қолишган кўринади, бир оздан кейин унтер-офицер айланма зинадан чиқиб бор кучи билан ертўланинг қопқоғини ура бошлади.
— Очиш! —деди у товуши борича бақириб.
Қиз ўрнидан турди ва яқинроқ бориб унинг тилини масхара қилиб:
— Сиз нима хоҳлаш?— деди.
— Очиш!
— Мен очиш йўқ.
— Очиш бўлмаса, мен эшикни синдириш! — деди немис жони чиқиб.
Қиз хандон ташлаб кулиб:
— Синдирақол, синдир, чироғим!—деди.
Немис дуб қопқоқни милтиқ қўндоғи билан ура бошлади. Лекин бундай қопқоқни чўқмор билан ҳам бузиб бўлмас эди.
Ўрмон қизи немиснинг пастга тушиб кетаётганини эшитди. Кейин солдатлар кетма-кет чиқиб қопқоқнинг мустаҳкамлигини ва ўз кучларини синаб кўришди. Лекин уриниш беҳудалигини англаганларидан кейин, яна пастга тушиб, маслаҳат қила бошлашди. Аёл аввал уларнинг сўзларига қулоқ солди, кейин кўча эшикни очиб, қоронғиликка қулоқ сола бошлади. Узоқдан итнинг ҳуришини эшитди. Овчиларга ўхшаб ҳуштак чалди, ўша заҳоти қоронғиликдан иккита катта ит чиқиб келди ва жилпанглаб қизга қараб югурди. Қочмасин деб, қиз уларнинг бўйнидан ушлаб олди. Сўнг жони борича:
— Ҳо,-о, ота! — деб қичқирди.
— Ҳо-о, Бертина,— деган жавоб эшитилди жуда узоқдан.
Қиз бир оз кутиб тургач, яна:
— Ҳо-о, ота! — деди.
— Ҳо-о, Бертина,— деган жавоб эшитилди яқиндан.
— Туйнукнинг рўпарасидан ўтма. Ертўлада немислар бор,— деди ўрмончининг қизи унга.
Чап томондаги икки дарахт орасида тўсатдан чолнинг новча қомати пайдо бўлди.
— Ертўлада немислар бор? Нима қилади у ерда? — деб сўради чол ҳаяжонланиб.
Ёш жувон кулиб юбориб:
— Ҳа, кечагилар. Ўрмонда адашиб қолишган экан, тириккина турсин деб ертўлага солиб қўйдим, — деди.
Сўнг, ўқ узиб немисларни қўрқитганини ва ертўлага қамаб қўйганини бошдан-оёқ сўзлаб берди. Чол ҳамон қовоғини солиб:
— Энди уларни нима қиламан? — деди.
— Бор, Лавинь жанобларини отряди билан олиб кел. Буларни асир қилиб олсин. Хўб севинади-да! — деди қизи.
Шундан кейин чол Пишон ҳам кулимсираб:
— Рост айтасан, хўб севинади! — деди.
— Мана овқат, егину, тездан чоп,— деди қизи.
Чол аввал икки идишдаги овқатни итларининг олдига қўйиб, сўнг столга ўтириб овқат ея бошлади.
Гангир-гунгир гапни эшитгач, немислар жим бўлиб қолишди. Чорак соатдан сўнг Дилда яна йўлга тушди. Бертина эса қўлларини жағига тираганича кута бошлади.
Асирлар яна кўзғалиб қолишди. Энди улар қичқиришар, ҳадеб чақиришар, милтиқнинг қўндоғи билан жон борича ертўланинг мустаҳкам қопқоғини уришарди.
Бир оздан кейин яқин орада бирон немис отряди бўлса, эшитиб қолармикан деган умид билан туйнукдан ўқ уза бошлашди.
Ўрмончининг қизи қотиб қолгандай ўтирарди: лекин немисларнинг шовқин-сурони унинг ғашига тегар ва безовта қиларди. Қизда қаттиқ ғазаб қўзғалди. Аблаҳларнинг товушини ўчириш учун ўлдириб ташлагиси келди. Тоқати тоқ бўлиб, кўзини соатдан узмай ҳар минутни ҳисоблай бошлади.
Отаси кетганига бир ярим соат бўлди. Энди у шаҳарга етгандир. Қиз уни кўриб тургандай. Мана, отаси бўлган воқеани Лавинь жанобларига сўзлаб бераётир. Лавиннинг юраги ҳовлиқиб, ранги ўчиб кетди ва қўнғироқ чалиб хизматчисини чақирди, шинель ва милтиғини келтириб беришни буюрди. Бертинанинг қулоғига кўчаларни янгратиб чалинаётган ноғора товуши эшитилаётгандай бўларди. Қўрқиб кетган одамлар деразалардан қарайди. Кўнгиллилар шошиб-пишиб, юрган йўлида қилич қайишини тугмалаганича нафаси оғзига тиқилиб, югуриб уйларидан чиқишяпти ва комендантнинг уйига қараб кетишяпти.
Кейин отряд шошганича зулмат ичида, қор уюмлари орасида Дилданинг бошчилигида ўрмонга жўнайди.
У ҳадеб соатга қарарди, «бир соатдан кейин шу ерда бўлишади».
Унинг бутун вужудини асабий бир бетоқатлик қамраб олган эди. Минутлар бениҳоя чўзиларди. Яна қанча кутиш керак, ахир?
Ниҳоят, стрелкалар унинг мўлжалича отряд етиб келиши керак бўлган вақтни кўрсатди.
У келишаётганмикин, деган умидда қулоқ солгани яна кўча эшикни очди. Эҳтиёт билан лип этган сояни кўрди, чўчиб қичқириб юборди. Бу отаси эди.
— Бирон ўзгариш бўлмадими, билиб кел деб мени юборишди, — деди у.
— Йўқ, ҳеч қандай ўзгариш йўқ.
Шундан сўнг чол чалган узун ва қаттиқ ҳуштак овози зулматни ёриб ўтди.
Тездан дарахтлар орасида аста яқинлашиб келаётган қора соялар — ўн кишидан иборат авангард кўринди.
Дилда ҳадеб:
— Туйнук рўпарасидан ўтманглар,— деб такрорларди. Олдин келганлар кейин келганларга ҳалиги хатарлик ерни кўрсатишарди.
Ниҳоят, ҳар биттасида икки юзтадан ўқ бўлган икки юз кишилик асосий отряд етиб келди.
Лавинь жаноблари ҳовлиққанидан титраган ҳолда ўз одамларини шундай қилиб жойлаштирдики, уй ҳар томондан ўралди. Ертўлага ҳаво кириб турадиган қора тешик рўпарасидаги кенг жойгина бўш қолди.
Кейин Лавинь жаноблари уйга кирди ва гўё буғланиб, туйнук орқали учиб кетгандай кўмилиб жим ўтирган душманнинг сони ва жойланиши ҳақида маълумот олди.
Лавинь жаноблари ертўланинг қопқоғини тепди ва:
— Жаноб прусс офицери! — деб чақирди. Немис жавоб қилмади.
— Жаноб прусс офицери! — деб такрорлади комендант. Яна жавоб бўлмади. У дамини чиқармай ўтирган немисни қурол-аслаҳаси билан таслим бўлишга йигирма минут ундади. Ўзига ҳам, солдатларига ҳам жазо бермаслик ва ҳарбий унвонини қолдиришни ваъда қилди. Лекин на розилигини ва на ёвлашишини билдиргудек бирон аломат эшитишга муяссар бўлмади. Аҳвол анча оғирлашди. Кўнгиллилар исиниш умидида кучерларга ўхшаб ер тепинишар, ўзларини ўзлари елкаларига уришар, ҳа деса яна туйнукка қарашар, ҳар қайсисида ҳам ўша ердан югуриб ўтсам нима қиларкан, деган болаларча истак кучайиб борарди.
Уларнинг ичида Подевон деган битта жуда эпчил одам бор эди, ниҳоят, ўша мардлик қилди. Кийикдай югуриб келиб, туйнукнинг рўпарасидан чопиб ўтди. Ҳеч гап бўлмади. Асирлар ўлиб қолгандай туюларди.
— У ерда ҳеч ким йўқ, — деди биров.
Яна битта солдат ҳалиги даҳшатли туйнук рўпарасидан югуриб ўтди. Кейин худди ўйин бошлангандай бўлди. Худди қувлашмачоқ ўйнаётган болаларга ўхшаб, оёқлари остидаги қорни сачратиб, минут сайин битта солдат у отряддан бу отрядга чопиб ўта бошлади. Шаҳарликлар исиниш учун шох-шаббаларни териб, катта- катта гулханлар ёқиб юборишди ва олов ёруғи ўнг томондан чап томонга югуриб ўтган одамга бир нафасгина шуъла ташларди.
— Малуазон, сенинг галинг! — деди қичқириб кимдир.
Малуазон семиз нонвой эди. Ўртоқлари ҳамиша унинг қорнидан кулишарди.
У иккиланиб қолди. Ҳамма кула бошлади. Шунда юрагига сал дадиллик бериб, катта қорнини силкитганича ҳарсиллаб-гурсиллаб чопиб кетди.
Бутун отряд кула бериб ичаги узилди.
— Баракалла, баракалда, Малуазон! — деб унга далда беришарди.
У энди йўлнинг учдан икки қисмини чопиб ўтган эди, тўсатдан туйнукдан қисқагина қип-қизил аланга сочилди.
Ўқ узилди. Семиз нонвой додлаганича муккаси билан қорга йиқилди.
Ҳеч ким ёрдамга бормади. Сўнг унинг ўзи оҳ-воҳ қилиб эмаклаб, хатарли доирадан четга чиқиши билан ҳушидан кетди.
Ўқ сонининг юқорисига, энг сергўшт жойига тегипти.
Биринчи қўрқув, биринчи саросимадан сўнг яна кулги кўтарилди.
Лекин шу он уй остонасида комендант Лавинь кўринди. У қандай ҳужум қилиш режасини тузиб чиққан эди, баланд овоз билан:
— Мисгар Планшю шогирдлари билан!— деди.
Уч киши олдинга чиқди.
— Уйнинг тарновларини сугуриб олинг,— деди. Чорак соат ичида комендантга йигирма метр тарнов топиб келишди.
Сўнг комендант жуда эҳтиёт бўлиб, ертўла қопқоғининг бир четини тешишни ва унга қудуқдаги насос трубанинг бир учини улашни буюрди. Кейин шодлиги ичига сигмай:
— Ҳозир немис жанобларига ичгани сув берамиз, — деди.
Унга жавобан ҳамма хурсанд бўлиб, «урра!» деди ва севинчли қичқириқлар, қаҳқаҳалар эшитилди. Комендант ҳар беш минутда алмашиб турадиган ишчи батальонлар тузди ва:
— Насосни босинглар!— деди.
Насос ишга тушди, қувурдан қулдираган товуш ўтди-да, ертўланинг зинасидан олтин балиқлик ҳовузга тушаётган шаршаракдек, шариллаб сув оқиб туша бошлади.
Ҳамма нима бўларкин, деб кутмоқда эди.
Бир соат ўтди, икки соат, уч соат ҳам ўтди.
Капитан тутоққанича ошхонада у ёқдан-бу ёққа юрар, вақти-вақти билан қулоғини ерга қўйиб кўрар, душман нима қилаётганини ва қачон таслим бўлишини билишга уринарди.
Энди душман шошиб қолди. Уларнинг сўзлашгани, шалоплаб сувда юраётгани, бочкаларни қўзғатаётгани эшитилди.
Эрталаб соат саккизларда туйнукдан овоз келди.
— Мен хоҳлар эдим, француз офицер жаноблари билан сўзлашсам, — деди французчалаб, тили келишмагани ҳолда.
Лавинь бошини деразадан сал чиқариб:
— Таслим бўласизми? — деди.
— Мен таслим бўламан.
— Ундай бўлса яроғ-аслаҳаларингизни ташланг.
Ўша заҳоти туйнукдан қорга бир милтиқни ташлаб юборишди, кейин иккитани, сўнг учтани ва ҳаммасини ташлашди.
— Бошқа йўқ. Тезроқ тўхтатиш. Мен ўляпман,— деди ҳалиги овоз.
— Тўхтатинг! — деди комендант.
Насос тўхтади. Ошхона солдатлар билан лиқ тўлганида комендант: «Милтиқ ушлаб тайёр бўл», деб буйруқ берганидан кейин, ўзи шошмасдан ертўланинг қопқоғини очди.
Аввал тўртта бош, тўртта сап-сариқ, узун-узун ва ҳўл сочлик бош кўринди. Ундан кейин қўрққан, ивиган, совуқ қотган олтита немис кетма-кет чиқди.
Уларни дарҳол ушлаб боғлашди ва солдатлар икки туркумга бўлинишди: биттаси асирларни, биттаси ходага боғлаб ясалган замбилда ётган Малуазонни қуршаб, бехосдан ҳужум бўлиб қолишидан чўчиб, ўша ондаёқ йўлга тушишди.
Рателга ғалаба билан қайтишди.
Лавинь жаноблари прусс авангардини асир олгани учун орден билан мукофотланди, семиз нонвой эса жанг майдонида ярадор бўлгани учун ҳарбий медаль олди.
Зумрад Орифжонова таржимаси