Эшик секин тақиллади.
– Киринг, – деди профессор Ғулом Эрматов бошини кўтармасдан. Бошини қандай кўтарсин, бир касални кўрса, текширса, уч-тўрт хил қоғоз тўлдириши, сўнг бош врачга қўл қўйдириши, ёзганларини компьютер деган дахмазага жойлаши керак. Илгари табиблару олимларга маза бўлган, қоғозбозлик билан шуғулланмаган. Турли идораларга ҳисоботлар ёзмаган. Бугунги олиму шифокорнинг устидан кулиш осон. Ўша куладиганлар мана шу ғичирлаб турган омонат курсида бир кун ўтириб, ёши, жинси, миллати ва касби ҳар хил одамларнинг – беморларнинг дардларига қулоқ тутиб, инжиқликларига чидаб кўрсин. Чидаб бўпти!
– Ассалому алайкум!
– Валайкум! – профессор бошини кўтариб, торгина столи олдида қимтиниб турган ўттиз беш ёшлардаги йигитни кўрди. Қўлида – оқ белбоққа ўралган китобга ўхшаш нарса. Лекин, китоб эмас. Нима бўлиши мумкин? Йўқ, китоб. «Одам анотомияси» дарслиги шундай – узун ва қалин. Аспирантмикин?
– Келинг? – профессор йигитга қаради. Йўқ, аспирантга ўхшамайди. – Ўтиринг.
Йигит қўлини саломлашиш учун чўзди.
– Сизга раҳмат айтгани келдим, домла. Мана буни дадам бериб юбордилар. Эсталикка.
– Дадангиз?
– Дадамиз – ганчкор усталар. Бу – лавҳ.
Профессор, олтмиш ёшлардаги басавлат, тўладан келган одам, лавҳни олиб, столда қалашиб ётган қоғозлар устига қўйди. Оғиргина экан. Ёнғоқдан ясалган бўлса керак. Бечора ота. Шунча овораи сарсон бўлиб, лавҳ ясаб ўтирганда кўра, раҳмат айтишнинг енгилроқ йўлини қилиб қўяқолса ҳам бўларди-ку. «Лавҳни бозорда қанчага оларкан? – деб ўйлади профессор.- Икки юзга олармикин?»
– Оиламиз билан сиздан жуда миннатдормиз. Раҳмат!
– Қани, ўтириб, сал тушунтириброқ гапиринг-чи.
Йигит ўтирди. Яшил рўмолчаси билан пешонасини артди.
– Бундан бир ярим йил олдин ёрдам, маслаҳат сўраб келгандим олдингизга. Фарғона водийсига борганингизда. Эсингиздами? Азизман.
Қаердан ҳам эсида турсин. Эрталаб қандай овқат еганини эслай олмайдию, бир ярим йил бурун қабулига келган беморни қандай эсласин. Лекин, қаршисида ўтирган йигит таниш: баланд бўйли, сочлари қалин, қирра бурун. Оқ кўйлак, қора костюм кийган. Туфлиси ҳам ўзининг кулча юзидек ялтираб турибди. Ҳали раъйи қайтмаган, қийинчилик кўрмаган, қорин қўя бошлаган, ўттиз беш ёшлардаги маҳмаданагина йигит. Башанглиги, қўлларининг мулойимлигига қараганда, майдароқ амалдор бўлса керак.
– Хўш?
Йигит гапини нимадан бошлашни билолмай қимтиниб турди.
– Тортинмай гапираверинг. Бир ярим йил бурун қандай шикоят билан келган эдингиз? Ошқозонингиз жойига тушиб кетдими? Маслаҳату тавсияларимизнинг фойдаси бўлдими?
– Фойдаси бўлганда қандоқ! Ҳасан Ҳусан ўғил кўрдик!
– Табриклайман! Умри билан берган бўлсин!
Профессор шундай дедию бу йигитга қандай ёрдам берганини эслашга уринди. Генеколог ёки уролог бўлмаса. Қандай ёрдами тегди экан бу водийлик балага?
У ёши тўқсондан ошиб қазо қилган онасининг гапини эслади. Одам боласи эллик ёшдан кейин – йилига, олтмишдан кейин – ойига, етмишдан кейин – кунига, саксондан кейин эса соатига қарир экан, болам, дер эди ул зоти муборак.
«Ҳали олтмишга етмасимдан хотирамдан айрилиб ўтирсам, – деб мулоҳаза қилди профессор. – Бир ярим йил бурунги гапни эслай олмасам. Тавба-а!»
Азиз профессорнинг хаёлидан ўтган фикрларни уқигандек, изоҳ беришга тушди:
– Бир ярим йил аввал, ёзда Фарғонага борган эдингиз. Аҳолини тиббий кўрикдан ўтказгани. Ўшанда учрашган эдик. Эсингиздами? Қабулингизга кирганимда, дарду муддаомни сўрадингиз. Айтдим, беш қизим бор. Ўғил фарзанд кўролмаяпмиз, дедим. Мен учрашмаган табибу духтир, ичмаган дори қолмади, дедим. Сиз кулдингиз. “Ҳомиланинг жинсини дори дармон билан тўғрилашнинг иложи бўлганида, ер юзида аёлдан камёб зот бўлмасди!” – дедингиз.
– Эй-е, гап бу ёқда денг! Ҳа-а, ана энди эсладим! Дадангизнинг ҳам олти фарзанди бор. Бештаси қиз. Тўғрими?
– Тўғри.
– Хўш, маслаҳатларим кор қилдими? – деб қайтадан сўради профессор ва жойидан бир қўзғалиб олди. Сўрар экан, бутун вужудида катта бир қониқиш, ҳузур туйди. Одатда, ижод аҳли ўзи яратган асарнинг одамларга ёққанини кўрса, мақтасангиз, ана шундай ҳузурланади. Профессорнинг ҳам гўштдор юзлари ёришиб кетди.
“Сиз, ука, мабода банкда ишламайсизми?” – деб сўраган эди Ғулом Эрматов ўшанда Азиздан. Йигит ҳайрон бўлган.
“Ҳа. Нима эди?”
“Кредит бўлимидами?”
“Ҳа. Кредит бўлимида. Бош мутахассисман.”
“Ишхонангиз уйингизга узоқроқ бўлса керак?”
“Тўққиз километр.”
“Анчагина экан. Ишингиз оқшом соат олтида тугаса ҳам, сиз одатда ярим тунда уйга қайтасиз? Унгача ресторан, кафе, чойхона, улфатчилик… Тўғрими?”
“Тўғри…”
“Эрталаб уйқудан кеч турасиз. Апил-тапил кийиниб, уйқули кўзингизни ишқалаб, ишга жўнайсиз. Соат ўн бирларда биттами-иккита чала пишган гўммами, сомсами еб оласиз. Шунда ҳам иштаҳангиз тортса, албатта. Тўғрими?”
“Тўғри.”
“Тахминларим тўғри бўлса, ука. Гап мундоқ. Мен гениколог ҳам, уролог ҳам эмасман. Гастринтролог, яъни ошқозон-ичак касалликлари бўйича мутахассисман. Лекин, бунақа яшаш тарзингиздан воз кечмасангиз, бир умр ҳаракат қилинг, дунёнинг дорисини ичинг, ўғил фаразанд кўролмайсиз.”
Профессорнинг гапларидан ўзини йўқотиш даражасига етган йигитнинг оғзи очилиб қолди.
“Нима қилишим керак, домла? Йўл кўрсатинг, илтимос!”
“Ибн Сино тўғри овқатланиш ҳақида нима деган? Биласизми?”
Йигит ерга қаради.
“Буюк бобомиз айтганларки, эрталабки овқатни отангга ҳам берма. Тушликдаги овқатни дўстинг билан е. Кечки овқатингни душманингга бер. Эсладингизми?”
Гап нимадалигини ҳали ҳамон тушунолмаётган йигит мужмалроқ бош ирғади.
“Ўғил ёки қиз фаразанднинг туғилиши, аввало, худодан. Лекин бандаси ҳам қўл қовуштириб ўтирмаслиги керак. Ҳаракатда – баракат. Кузатишларимга асосланиб, қатъий ишонч билан айтаманки, маслаҳатимга қулоқ тутсангиз, риоя қилсангиз, иншооллоҳ, ниятингизга етасиз.”
Йигитнинг кўзлари чақнаб кетди:
“Бажонидил!”
“Демак, уч маҳал ҳам овқатни вақти-соатида ейсиз. Эрталаб эса эртароқ туриб, бадан тарбия билан шуғулланишга, албатта, оловда, эштияпсизми, оловда-а, пишган иссиқ овқат истеъмол қилишга одатланасиз.. Ёнига ёнғоқ, майиз, бодом қўшсангиз, янада яхши. Кейин…”
Профессор йигитга қаради. Йигит – врачга.
“Кейин-чи?”
“Кейин бир ярим, икки йилда ўғил кўрмасангиз, Тошкентга бориб, юзимга соласиз. Тортинманг, уялманг. Кабинетимга боринг. Ўғил кўрмасангиз, профессорлик дипломимни кўз олдингизда майда-майда қилиб йиртиб ташлайман!..”
Профессор қўлини чўзди:
“Келишдикми?”
Йигит қўлини ташлади:
“Келишдик!”
Мана энди, ўша йигитнинг оғзи – қулоғида: Ҳасан Ҳусан ўғилнинг отаси. Профессорнинг маслаҳатига амал қилиб, кам бўлмапти. Муродига етибди.
Профессор ўрнидан туриб, йигитни бағрига босди:
– Табриклайман! Чин дилдан хурсандман!
– Раҳмат, домла! Маслаҳатингизни бир ўртоғимга айтган эдим, у ҳам ўғилли бўлди!
– Балли!
-Домла, сиздан бир нарсани сўрасам майлими?
– Майли.
– Ўзингизда фарзандлардан нечта?
– Бештагина.
– Нечтаси ўғил?
Профессор жим бўлиб қолди. Сўнг ўтирган жойида аввал қорни титради. Кейин елкалари, бутун вужуди силкина бошлади. Хоҳолаб кулишга тушди:
-Бешаласи ҳам қиз! – деди. – Бу дунёда бўзчи белбоққа ёлчимагани шу-да, ука!..
«Оила даврасида» газетаси, 2013 йил 24 январь.