Нафиса тандирдаги нонларини узиб, иккитасини дастурхонга ўради-да, овсини Саиданикига шошилди.
Баҳром муаллимнинг иккинчи хотини ҳам пешанасига сиғмади. Уй-рўзғор ишларида дуппа-дуруст куймаланиб, лўмбиллабгина юрган аёл бирдан ётиб қолди.Ошқозонида ўсимтаси бор экан. Лекин уч ойда икки операцияни бошидан ўтказиб ҳам, бечора ўнгланмади. Касалхонадан уйига ноумид қайтди. “Бўлди, – дейишибди врачлар, – биз қўлимиздан келганини қилдик. Қолгани – Худодан”.
Баҳром муаллимнинг кўз очиб кўргани, раҳматли, Гулнора инсультдан “кетган” эди. Буниси ошқозонидан тузалмас дардга чалинибди. Униси ҳам уч ой шифохонада тўшакка михланиб ётган ва “уйига рухсат беришгач”, ҳафта ўтиб узилган эди. Баҳром муаллим-ку яна бир кунини кўрар. Лекин паймонаси тўлганга қийин. Саида опа бечора бу дунёга келиб нима кўрди? Ҳали элликка ҳам киргани йўқ.
Хонанинг тўрида оппоқ чойшабларга ўралган қалин кўрпачалар устида, оқ жилдли кўрпа ёпиниб ётган оқ кўйлакли, оқ дуррачали аёл ёнида чўк тушиб ўтирган невараси – Ҳамиднинг жажжигина қўлчаларини ушлаб, унга нималарнидир уқдираётган эди. Овсинини кўриб қимирлади, лекин вужудида қаттиқ оғриқ сезди, шекилли, инграб юборди.
– Баралгиннинг таъсири камайиб қолди, – деди у. – Уколь олганимдан бери тўрт соат ўтди.
– Безовта бўлманг, янга! – деди Нафиса ва пилдираганча бориб беморнинг ёнига чўкди.- Ҳечам безовта бўлманг!
Бемор синиқ кулди. Унинг кўзлари киртайиб, ранглари сўлиган қоқигулдек сарғайиб қолган эди. Иситмаси бор, шекилли, ёрилган лабларидан билинар-билинмас қон сизиб турибди. Қандай соғлом, қандай дуркун, қандай меҳнаткаш аёл эди. Қўли ҳам ширин, тили ҳам ширин. Бир ҳафта бурун, Нафиса шифохонага уни кўргани борганида ҳам анча пеш эди.
– Ҳамиджон, сен ҳовлига чиқиб, бирпасгина ўйнаб кел, – деди бемор. -Мен Нафиса янганг билан озгина гурунглашай. Хўпми, айланай?
Олти ёшлардаги кўзлари катта-катта, киприклари қизларникидек қалин ва узун, кулча юзли бола Нафисага норози бир нигоҳ ташлади-да, катталардек бир-бир босиб, секин чиқиб кетди. Бемор унинг ортидан кўзлари ёшга тўлганча қараб қолди.
– Мен кетсам, шугина боламга қийин бўлади-да, келин.
– Қаерга кетасиз, янга? Яхши ният қилинг. Худо ҳоҳласа, ҳали Ҳамиднинг тўйларини кўрасиз? Қолаверса, унинг ота-онаси – ўғлингиз билан келинингиз бор.
Бемор яна синиқ кулди. Бошини афсус билан қимирлатди. Аввалги эридан ҳам фарзанд кўрмаган бу аёл Баҳром муаллимга теккач, унинг тўнғич невараси Ҳамидни ўғил қилиб олган, шу муштдеккина болани еру кўкка ишонмас эди.
– Бу гапларни қўйинг, Нафиса. Менинг икки-уч кунлик умрим қолди. Сизни ўзим чақиртирмоқчи бўлиб турган эдим. Келганингиз яхши бўлди. Бир илтимосим бор…
– Илтимосим? Айтинг, янга. Қўлимдан келса, бош устига.
Бемор овсинининг ўнг қўллини кафтига олди ва суҳбатнинг охиригача қўйиб юбормади. Қўллари иссиқ эди.
– Ҳозир Ҳамиджон билан иккаламиз ўтган-кетганларни эслаб, гаплаши-иб ўтирган эдик. Унинг ярим тунда уйғониб, ош пишириб беринг, деб ҳархаша қилганларини, ўчоққа ўтин қалаб, тонггача палов пиширганларимни эсладик. “Шулар эсингдами, болагинам?” десам, “Ҳаммаси эсимда, моможон,” дейди. “Энди дўхтирхонага кетмайсизми?” деб йиғлаб ўтирган эди. “Энди ҳеч қачон дўхтирхонага бормайман, айланай!” дедим.
Нафисанинг кўзлари ёшга тўлди. Юзини бурди.
– “Эрталабгача сабр қил, айланай. Сен уйқудан тургунгича паловни тайёрлаб қўяман”, деб ялинсам ҳам кўнмаган эди ўшанда. “Ҳозир пишириб бермасангиз, эртага мафияга қўшилиб кетаман!” деб мени қўрқитмоқчи бўлган.”Вой ўлмасам, бу нима деганинг, Ҳамиджон? Мафиянг нима?” – десам. “Мафия – киссасига ўткир пичоқ солиб юрадиган ёмон одамлар”, дейди. “Бу гапларни сенга ким ўргатди?” десам, “Киносини кўрдим”, дейди. Ўшанда болагинамнинг гапларидан кула-кула кечаси соат иккида туриб, ош пиширган эдим. Ошхонада коса-товоқни тақур-туқур қилиб юрганимни эшитиб, бобоси қўрқиб кетганини айтмайсизми? Бир пайт узун шохани кўтариб, ошхонага кириб келиб қолса, денг. Акангизнинг вожоҳатини кўриб, менинг ҳам ўтакам ёрилиб кетай, деган. Бечора акангиз уйга ўғри тушди, деб ўйлаган экан-да.
Ширин хотиралардан юз-кўзлари ёришиб кетган бемор ёнида турган чойнакка ишора қилди. Нафиса пиёлага қуйиб берган кўк чойдан икки марта майда-майда хўплади:
– Оҳ, қандай яхши кунлар экан ўша кунлар, Нафиса! Қани энди, яна бир марта, яна бир мартагина болагинамга ош пишириб беролсам! Яна бир мартагина ўз қўлларим билан пиширган паловни болагинамнинг маза қилиб ейишларини кўролсам!..
Нафиса ҳиққиллашга тушди.
– Худо ҳохласа, ҳали тузалиб кетасиз, янга!..
– Келин, сиздан илтимосим бор.
Нафиса кўз ёшларини майда гулли чит кўйлагининг узун енгига артди.
– Айтинг, янгажон!
– Яна тўрт ойдан кейин Ҳамидгинам мактабга боради. Иложи бўлса, ўзингизнинг синфингизга олинг. Хўпми? Бу йил яна биринчи синфни оласиз-ку, тўғрими?
– Ҳа.
– Танаффусларда кўз-қулоқ бўлиб туринг, айланай. Биласиз, болам жуда шўх. Бирортаси уриб-нетиб юрмасин, тағин.
– Хўп, янгажон! Бунисидан ҳеч хавотир олманг.
– Яна бир илтимосим… Илтимосим ҳам жуда кўпайиб кетди, келин! Лекин дардларимни сиздан бошқа кимга ҳам айтман? Қизим бўлмаса, ўғлим бўлмаса. Бу дунёдан тирноққа зор ўтдим… Ака-ука, опа-сингил ўз йўлига экан…
– Тортинмай айтиверинг, янгажон! Айтаверинг!
– Мени кетганимдан сўнг, Баҳром акангизни тезроқ уйлантириб қўйинглар… Иложи бўлса, Шўрқудуқдаги Собир полвоннинг қизини олиб беринглар. Ёлғизгина қизчаси билан отасиникига келиб ўтирган эмиш, деб эшитаман.
– Янга! – деб хайқириб юборди Нафиса. – Ўзингизни ўйласангиз-чи, ахир! Ўзингиз қандай аҳволда ётибсизу, гапираётган гапларингизни қаранг!..
– Мен буларни ўзимни ўйлаб гапиряпман, айланай, келин! -деди аёл шифтга беҳол тикилганича. – Бу ёқда Ҳамиджон чирқиллаб ётса, акангиз бечора кўйлагининг ёқалари кир-чир юрса. Ош-овқатида ҳаловати, роҳати бўлмаса, мен у дунёда қандай тинч ётаман, айланай?
Нафиса индай олмай қолди.
– Ҳамидинг янги момоси қандай аёл бўлади? Худо билади. Шунинг учун маракам ўтганидан кейин болагинамни ота-онасиникига жўнатиб юборинглар.
Ҳамиднинг ота-онаси қишлоқнинг нариги чеккасида яшайди. Иккаласи ҳам мактабда муаллим, Нафиса билан бирга ишлайди. Ҳамиддан бошқа яна икки фарзанди бор.
– Хўп.
– Яна бир илтимосим, айланай, келин: хайит кунлари бўладими, Хотира куни бўладими, Баҳром акангизнинг қабристон томонга йўли тушса , эслатинг: Ҳамидгинамни ҳам бирга олиб борсин. Мен болагинамни соғиниб, кутиб ётаман. Патинкачасини “тиккиллатибгина” қабримнинг тепасига келса, қадам товушларини эшитсам, гапирса – овозларини эшитсам, “Болагинам келди!” деб хурсанд бўламан! Сиз ҳам яхши кўрган ҳамсоям, ҳам келиним, ҳам сирдош синглимсиз, Нафиса. Баҳром акангизга шуларни эслатиб туринг, илтимос!..
– Вой янгам бечора-я! Вой-воя!..
– Энди ана бу тугунни очинг.
Кўз ёшлари дарёдек қуйилаётган Нафиса беморнинг ёстиғи ёнида турган оқ рўмолни ечди.
– Ичида бир расм бор. Олинг.
Олди. Буви билан наберанинг икки-уч йил бурун бирга тушган оқ-қора тасвирдаги хирагина расми.
– Шу расм сизда турсин, айланай Нафиса, – деди бемор. – Тайин жойга яшириб қўйинг. Ҳамиджон уйланганида рамкага солиб, уйининг дахлизига осиб қўярсиз. Боламнинг тўйини, яхши кунларини кўролмай кетяпман. Уйига шу расмни осиб қўйсангиз, рамкадан бўлса ҳам бўсағада келинни ўзим кутиб оламан. Хўпми, айланай?
– Хўп!
– Энди охирги илтимосим, келин: уйингизда ош қилганингизда, унда-бунда Ҳамиджонни ҳам чақириб, бир капгиргина сузиб беринг. Болам ошни жуда яхши кўради…
– Хўп, янгажон, хўп!..
– Ҳаёт экан, билиб-билмай ранжитган бўлсам, мени кечиринг, айланай. Мендан рози бўлинг!
Нафисанинг тили калимага келмай қолди.
– Сиз ҳам кечиринг! Сиз ҳам рози бўлинг!- дея олди зўрға.
– Мингдан-минг розиман!.. Нон ҳиди келяпти… Оҳ, нон ҳиди!..
– Вой ўлмасам! Унутибман! Нон ёпиб, сизга ҳам иккитагина олиб чиққандим.
– Нон емаганимга уч ойдан ошибди. Қани энди бир тишламгина ея олсам! Еяолмайман-да, келин!.. Майли, мағзидан данакдайгина ажратиб беринг. Шими-иб ётаман! Ҳидларининг ширинлигини қаранг, а!..
“Оила даврасида” газетаси, 21 фераль 2013 йил.