17 январь куни Тошкент шаҳридаги “Китоб олами” марказида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг “Ҳилол-нашр” нашриётида чоп этилган “Меҳмон туйғулар”, “Фалак”, “Зулмат салтанати” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтган эди. Учрашувда Тоҳир Малик мухлисларнинг саволларига атрофлича жавоб бериб, қимматли маслаҳатлар бердилар. Қуйида ана шу фикрларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда «Исроф қилманглар!» дейди. Жамиятимиздаги энг катта иллатлардан бири ҳам – исрофдир. Мен озроқ эслайман, ёшлишимизда нонга кечаси билан навбатда туришарди. Ҳозирги йигитлар кечаги нонни ейишмайди. Мана шуни нонкўрлик дейди, исроф дейди. Баъзи артистларнинг нодонлигидан ғашим келади. Улар «гардеробимда элликта костюмим» бор, деб исрофгарчилигидан мақтанади.
Нон исрофи қанчалик гуноҳ бўлса, вақт исрофи ҳам шунчалик катта гуноҳдир. Иқтидор, зеҳннинг ҳам исрофи бор. Кимгадир Аллоҳ таоло математик бўлиш зеҳнини бердими, энди у шу иқтидорини камолга етказсин. Бой бўламан деб бозорга чиқиб кетмасин. Акс ҳолда у мана шу Аллоҳ берган иқтидорни исроф қилган бўлади. Чунки Аллоҳ буни ҳаммага ҳам бермаган.
Афсуски, вақтни исроф қилиш бўйича ҳам кўпгина халқлардан илғормиз. Вақт исрофи бўйича эркакларимиз аёллардан қолишмайди. Саудиялик бир дўстим ҳазиллашиб айтиб қолди: «Сизларга жуда қийин экан. Кунига бир маҳал овқатланаркансизлар холос». «Нега энди?» дея таажжуб билдирсам, «Сахардан ошга бораркансизларда, зиёфатлар кечқурун тугаркан», деди.
Бир китобимда «столба қоровуллари» ҳақида ёзган эдим. Бу кечқурун симёғоч ёруғида ўтириб, соатлаб гаплашиб ўтирадиган йигитлар ҳақида. Эркак киши 2-3 соат нима ҳақида гаплашиши мумкин? Шу бекор кетган вақт ўрнига кунига битта ҳадис ўргансангиз, йилига 366 та ҳикмат қалбингизга жо бўлади.
Месси, Роналду деган энг қимматбаҳо футболчиларнинг майдондаги ҳар бир ҳатти-ҳаракатини компьютер ҳисоблаб боради. Улар битта ўйинда 15-16 километр югураради. Тинимсиз меҳнат қилади. Шунча югурганига яраша, натижаси ҳам яхши бўлади. Бизнинг думбул футболчиларимизнинг энг яхшиси ҳам 5 километр зўрға югуради. Шунга яраша натижани ҳам кўраверасизлар. Кечаям ютқизишди-ку. Уларнинг ҳаммасининг бўйнига омоч бойлаб, далада қўш ҳайдатиш керак. Булар на ўз қадрини билади, на вақтнинг. Сизлар ҳам шулар каби танбал бўлиб қолманглар!
— Ёзувчининг асар ёзишдан мақсади, нияти қандай бўлиши керак?
— Ҳар соҳада ҳам аввало, ният хайрли бўлиши керак. Қайси иш бўлмасин, агар ундан моддий манфаат олиш ният қилинса, унинг охири яхши бўлмайди. Менда ҳам бирон асар ёзишдан аввал ундан моддий фойда олиш нияти бўлмаган. Мен нимаики ўқиб-ўрганган бўлсам, ҳаммасини сиз китобхонларга қайтариш нияти ва бу йўлда Аллоҳ ризолигини исташ бор.
Баъзилар адабиёт насиҳатга айланмаслиги керак, дейди. Менинг асарларимни ҳам танқид қилувчилар кўп. Нега адабий асарларида Қуръондан оят, ҳадис келтиради, «бисмиллоҳ» билан бошлайди, дейишади. Унда Алишер Навоийни ҳам танқид этамизми? Ахир, ҳазратнинг ҳар сатри ҳикмат-ку! Адабиёт асли «Одобул куллиёт» (одоблар куллиёти) дейилади-ку! Адабиёт одамлар тарбиясига, халққа Аллоҳнинг буйруқларини етказишга хизмат қилиши керак.
— Технологиялар ривожланиши билан мулоқот жараёнида ўзбек тилининг бузилиш ҳолатлари, саводсизлик кучайиб бормоқда. Бу муаммони ечишда қандай амалий ишлар қилинмоғи керак?
— Тил энг улуғ неъматлардан бири. Бугун зиёлилар, ота-оналар ёш авлоднинг саводхонлигидан ташвишга тушмоқдалар. Ўзбек тилига давлат мақоми берилганда барча хурсанд бўлган эди. Ўша пайтлар одамлар асосан русча қўшиб гапирса, ҳозирда умуман тушунарсиз сўзлар қўшиб гапириш урф бўлган. Бундай муаммолар ҳукумат қарорлари билан эмас, инсоннинг фаросати, саводини ошириш билан бартараф этилади.
Ҳақиқатан, тилга эътибор — элга эътибор. Баъзида маъносини билмаган ҳолда сўкинаётганларни эшитиб қоламиз. Аёл ўз боласини «жувонмарг бўлгур» деб койийди. Агар маъносини (ёшлигингда ўлиб кет) билганида бундай деб сўкмас эди. Халқимиз қадимдан койиш сўзларини ҳам яхши ният билан ифодалаган: «жувонмарг бўлмагур», «қуриб кетмагур».
— Тарихни адабиёт орқали ўрганиш керакми? Нима учун ҳозирги кунда тарихий романлар деярли ёзилмаяпти?
— Совет даврида «тарихий асар ёзиш мумкин эмас» деб очиқ айтишарди. Пиримқул Қодиров «Юлдузли тунлар»ни ёзганларида ўн йил чиқаришмади. Шароф Рашидов ўқиб, масъулиятни зиммамга оламан, дегандан сўнг чиқди. Мустақилликдан сўнг яхши тарихий асарлар ёзилади, деб ўйлаган эдим. Лекин буни китобхон яхши қабул қилмаяпти. Бунинг сабаблари бор. Тарихий асар ёзиш учун тарихнинг ўзини билиш етарли эмас. Ўша тарихнинг руҳига ҳам кириш керак. Амир Темур ҳақида ёзадиган одам Исломни яхши билиш керак. Бир танишим тарихий асар ёзаман деганларида, сиз аввал намозни тушунинг, деган эдим. Асар қаҳрамони 5 ракаат намоз ўқийди. Баъзилар беш вақт билан беш ракаатнинг фарқига бормас экан…
Жаҳон адабиётида кўп йиллардан бери тортишув бўлиб келади: тарихий асарда тарихийлик кучли бўлиши керакми ё бадиийлик? Мен бадиийлик тарафдориман. Машҳур рус ёзувчиси айтганидек, «тарихий далил тугаган жойда тарихий асар бошланади». Тарихий далилларни тарих китобларидан ҳам ўқиш мумкин. Бадиий асарнинг вазифаси мушоҳадага чорлашдир. Бунга қуруқ далилнинг ўзи билан эришиб бўлмайди.
«Алишер Навоий» деган асарни биласизлар. Ундаги Гули билан Навоий муҳаббати мутлақо нотўғри ва бемаъни. Чунки подшоҳ билан вазирнинг бир қизни талашиши мен учун бемаъниликдир. Тарихий асарда ҳам тўқима бўлсин, лекин бунақа бемаъни, ишонарсиз тўқима билан асарнинг маъносига путур етказмаслик керак.
— Ёзувчилик туғма қобилиятми ёки меҳнат маҳсули?
— Рус ёзувчиси Максим Горький бу ҳақда «1 фоиз талант, 99 фоиз меҳнат» деган. Аллоҳ таоло ато этган иқтидор бўлмаса бу нарсага эришиш жуда қийин. Муҳими ана шу зеҳнни тарбиялай билишда. Мен бир асарни бошлашдан олдин ўзимни ёш ёзувчи деб тасаввур қиламан, агар таниқлилигимни унутмасам яхши ёзолмайман. Ёзувчиларга шуҳрат ёмон таъсир қилади.
Мен олим эмасман, олимларнинг мухлисиман. Сизларга насиҳат қилиш, ақл ўргатиш ниятим йўқ. Чунки ўқувчиларим орасида мендан кўра ақлли, билимлилари кўп. Ёзаётганда шунга эътибор бераман.
— Асарларингизни ёзишда Ислом динининг таъсири, ўрни қай даражада?
— Мен эски даврларда ҳам қўлёзмаларимни «бисмиллоҳ»дан бошлаб ёзардим (албатта бу қисми босма асарда чиқмас эди). У пайтларда Ислом динини ўрганиш жуда қийин эди. Атеистларнинг китобини ўқирдим. Улар динни танқид қилишда Қуръони каримдан оятлар келтиришарди. Мен шунисини олардим холос. Москвадаги бир дўстим Болгарияга борганда унга Қуръони каримнинг русча таржимасини совға қилишган экан. Дўстимга китобнинг фотонусхасини (у пайтлар ксерокслар йўқ эди) олиб бер, десам у кўчириб чиқишни маслаҳат берди. Москвага икки ойга борган эдим. Ижодий ишларимни бир четга суриб, китобни кўчиришга тушдим. Китобни олиб, ўн кундан сўнг уйга қайтдим. Кўчириб бўлиб, дўстимга телефон қилдим, китобни почтадан юбормоқчи бўлдим. Дўстим: «Сен қандай мусулмонсан? Шу китобни почтадан юбориб бўладими», деб танбеҳ берди. Китобни олиб эрталаб Москвага учиб, кечки рейсда қайтиб келдим. Шунда ичимга бир руҳ тушган эди.
Китобларимни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» билан чиқариш катта орзум эди. Совет цензорларини алдашга мажбур бўлдим. «Сўнгги ўқ» романим бисмиллоҳ билан бошланади. Фақат муаллиф номидан эмас, қаҳрамон номидан: — Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим — Жаҳонгир шундай деди-да, милтиқни ўқлади…
Шундан сўнг Аллоҳ ишимни ўнглаб, бисмиллоҳ билан чоп этилишда давом этди.
— Ҳозирги кунда ҳам худди «Шайтанат» каби оммабоп бўлган бирон асар ёзишни режалаштирганмисиз?
— 1974 йили Мирзо Улуғбек ҳаётидан «Фалак» деган асар ёзган эдим. У пайтлар тарихий асар ёзиш мумкин бўлмагани учун фантастикага боғлаб чиқаргандим. Уни давом эттирмоқчи бўлдим. Тажрибам етмади, руҳан тайёр эмасдим. Ҳозир шу асарни тўлдириш устида ишлаяпман. Бу асар тарихий йўналишда бўлади.
— Ҳозирда савияси паст бўлган нашрлар кўпайиб кетгани бор гап. Уларнинг савиясини оширишда китобхонлар нима қилиши керак?
— Ҳозирда китоблар жуда кўп чоп этилмоқда. Лекин ўқимишлилик даражаси ҳақида ижобий фикр айтиш қийин. Детектив ёзиш осон дейишади. Ҳозир кўпчилик ёзиб ётибди. Ёзувчи ёзаётган мавзусини жуда яхши билмоғи керак.
Бир нашр мен билан суҳбатга ўз мухбирини юбориб, «Тоҳир акадан сўранглар, газетамизни нима қилсак, яхши бўлади. Шуни ҳам билиб кел», деб тайинлабди. Мен уларга ҳазил аралаш жавоб бердим: «Газетангизни ёпсангиз яхши бўлади».
Қаерда санъат, адабиёт пулга хизмат қилар экан, улардан хайр кутиб бўлмайди. Телевизорда кино, қўшиқларни танқид қилишади-ю, ўзлари ўша бемаъни фильм ва ашулаларни эфирга қўйишади.
— Китоб, ахборот технологиялари китоб ўрнини боса оладими?
— Бизда ҳар бир оилада ҳам компьютер йўқ. Уларнинг ҳаммасида ҳам интернет мавжуд эмас. Ундан ҳамма ҳам фойдалана олмайди (масалан, мен ҳам). Китоб ҳеч қачон интернетга ўз ўрнини бўшатиб бермайди.
Японияда цунами бўлганда кўрсатишган эди. Катта бир залда ётган ёш йигит китоб ўқияпти. Шунча мусибатдан сўнг ҳам у китоб ўқишга майл топа олди. Шу пайт Япония императори келиб, ўша болага таъзим қилиб салом берди. Мана, илмнинг шарафи қаерда.
Китобим – офтобим, деймиз. Лекин компьютерни офтоб деёлмаймиз, у электр токисиз ишламайди.
Сизнинг илм йўлидаги қилган ҳаракатингиз, Аллоҳ йўлида ёзилган китобларнинг ҳар бир саҳифасидан олган илмингиз учун Ўзи ажрлар ёзсин!
Давронбек Тожиалиев ёзиб олди.