Эр қўлини хотинининг елкасига қўйиб:
– Онаси? – дейди. – Онаси?
Аёл кўзларини зўрға очади.
– Онаси, чироқни ёқиб юбор.
Аёл туриб, сўридан тушади ва нима қиларини англай олмай, уйқули кўзлари билан эрига қарайди.
-Нима дедингиз, дадаси?
-Чироқни ёқасанми, дегандим.
Аёл айвоннинг оқ деворидан кўзга элас-элас ташланиб турган ўчирғич тугмачасини босади. Пештоқдаги чироқнинг ўткир шуъласидан иккаласининг ҳам кўзлари қамашиб кетади. Эр ёстиғи остидан дафтар-қалам олиб, нималарнидир ёзади. Ўйланиб туради-да, яна ёзади.
-Ёниб тураверсинми? – Аёл хомуза тортади.
– Ўчира қол. Хаёлимга икки сатр гап кеп қолди. Ёзай, десам, қоронғулик қилди.
Аёл яна кўрпага киради.
-Анча салқин тушиб қолибди.
– Осмонга қара. Юлдузларга қара! Ҳеч шунча юлдуз кўрганмисан?..
– Қўл чўзсанг, етгудай…
Аёл энди хомуза тортмайди. Юлдузларни томоша қилиб ётади. Қаердадир чигиртка чириллайди. Узоқ-узоқдан итнинг вовуллагани эшитилади.
-Ойдин! – дейди эр кўрпа ичига қўл юбориб, хотинининг иссиққина, бўлиққина билагини топади. – Бугун қандай кун биласанми?
-Чоршанба бўлса керак.
– Ҳа, чоршанба. 17 июль.
– Нима эди?
– Бугун роппа-роса ўн йил бўлди.
Аёл иссиққина кафтини эрининг қўлига қўяди. Силайди. Эрининг териси мулойим. Аёл ўз бармоқларининг дағаллигини сезади. Ўроқ, кетмоннинг изи.
-Юрагим тўлиб-тошиб кетяпти. Ўн йил бўпти-я!
-Ҳа, умр тез ўтаяпти. Кечагина боғларда қувлашиб юрардик.
– Мен эса бу дунёда юз йилдан бери яшаётгандайман. Боя бирдан уйғониб кетдим.
Эр қўлини кўрпадан чиқаради.
– Қарасам, устимга ойнаванд қозон тўнтарилгандай. Юлдузлар чарақлаб турибди. Бирдан ўша кун эсимга тушиб кетди. Қара, ўн йил бўлибди-я! Ё, тавба-а!..
Аёл индамайди.
-”Ўшанда ўлиб кетганимда, нима бўларди?” деб ўйладим. Ахир худо ўзи асрамаса, бандасининг иложи қанча? Бандасининг умри анаву чироққа ўхшайди, парвардигор истаса, ўчиради-қўяди.
-Гапларингизнинг ваҳималигини қаранг!
-Йўқ, ваҳима эмас. Ўшанда мен бетон тўсиқ устига белим билан эмас, бошим билан тушганимда нима бўларди?..
Аёл индамайди.
-Қўйинг энди шу гапларни. Ухлайлик.
-Тасаввур қил: ўшанда ўлиб кетсам, мендан ном-нишон ҳам қолмасди. Зах ерда, қурт-қумирсқалар орасида… Устимда ўт-ўлан, ёнтоқлар ўсиб ётарди ҳозир…
-Тавба қилдим! Сизга нима бўлди, ўзи!
Аёл тирсагига таяниб туради ва эрига қарайди. Билаклари оқариб кўринади.
– Сен ҳам… сен ҳам… бу… бошқа ерда бўлардинг!..
– Бу нима деганингиз? Мени қўрқитманг!..
– Қўрқитаётганим йўқ. Жуда-жуда гапиргим келяпти, Ойдин! Қара, одамзотнинг умри шунчалик жўн, шунчалик омонат экан, а! Тавба-а!
Эрнинг овозида титроқ сезилади.
-Ойдин, мен қандай қилиб… Нима учун… Ҳалиги, шуйтиб майиб бўлиб қолганимни биласанми?..
-Ярим тунда шу гапларга зарил кептими, дадаси. Қўйинг.
Аёл эрининг кўрпасини тўғрилаган бўлади.
– Ухлайлик. Наҳорда сутни бозорга олиб чиқишим керак.
– Йўқ, жавоб бер. Биласанми?
– Нега билмай? Ҳамма билади-ку. Якшанба куни студент ошналарингизга қўшилиб мардикорликка чиққансиз. Ҳалиги оти нима эди?.. Бир ўрис кишининг болконига дераза қўйиб бераётганингизда тўртинчи қаватдан йиқилиб тушгансиз.
-Йўқ, Ойдин, сен билмайсан. Бу – ёлғон! Мен тўқиган ёлғон! Мени тўртинчи қаватдан отиб юборишган.
Аёл оғир хўрсинади. Эрнинг билинар-билинмас хансирагани эшитилади.
– Нега индамайсан?
– Билмадим. Менга дўхтирлар, мелисалар, эрингиз болкондан йиқилиб тушибди, деган.
– Ай, содда аёл, а! Шу гапга ишониб қўя қолдингми? “Нега?” “Кимнинг болконидан?” деб сўрамадинг? Нега ўша уйнинг эгаси эримнинг аҳволидан бирор марта келиб хабар олмади, деб қизиқмадинг?
– Қизиққандим.
– Қизиққандим?
– Қандай хабар олсин. Ўша аёлни ҳам эри уриб ўлдиришига сал қолган экан-ку.
– Қайси аёлни?
-Ўша хуш… тошкентлик танишингизни… Жамилани.
Эр ўтириб олади.
-Сен билармидинг?
Аёлдан садо чиқмайди. Хўрсинади.
– Билсанг? Нега? Қандай қилиб? Шунча вақт қандай қилиб ичингда сақлаб юрдинг?…
– Билишимни Сизга айтсам, дод-вой солсам, дардимиз енгиллашармиди? Ё сиз тузалиб, оёққа туриб кетармидингиз?.. Энам: “Қўй, болам, эрингни шайтон йўлдан урган. Кечиримли бўл”, деди… Бир куни ўзингиз гап очишингизни билардим. Мана, айтдингиз…
– Ишонмайман! – Эр юзини аёлнинг кўкрагига босади. – Ишонгим келмаяпти!
Аёлнинг қайноқ кўз ёшларига эрининг кўз ёшлари қўшилиб кетади.
-Мен сенинг тирноғингга ҳам арзимайман, Ойдин!
Аёл эрининг елкаларини, сочларини силайди.
-Қўйинг. Бундай деманг, дадаси. Болаларингиз эшитса, қандай хаёлга боради.
Эрнинг елкалари узоқ титрайди. Аёл унинг кўрпачадан пастга тушиб кетган жонсиз оёқларини авайлаб кўрпага ўраб қўяди. Хўрозлар қичқириб, тонг оқара бошлайди.
– Айтган-ча, боя ёзган шеърингиз нима ҳақида эди, дадаси?
Эр базўр пичирлайди:
– Ёлғон дунё, сенинг бунча ёлғонларинг кўп?
Мен билгану билолмаган армонларинг кўп!..