Шарқда довруқ таратган икки муаззам асар — Низомий Ганжавий ва Хусрав Деҳлавий “Хамса”лари ХIV—ХV асрлар ва кейинчалик ҳам шундай якка сўз билан номланган. Ҳазрат Навоий ўз “Хамса”сининг сўнгги достонида ёзганидек, «Ки бўлди кўнгул мойили “Хамсатайн”. Сўзнинг луғавий маъноси эса икки “Хамса” деганидир.
Бундан беш-олти йил бурун ушбу ҳафталик саҳифасида хамсачилик моҳиятан туркий ҳодиса экани, илк хамсанавис Низомий озар туркларидан, иккинчи хамсанавис Хусрав Деҳлавий эса ўзимизнинг шаҳрисабзлик ўзбеклардан бўлиб, ҳинд заминида нашъу намо топгани ва ҳар иккаласи ҳам шароит тақозоси билан ўз “Хамса”ларини она тилида ёза олмай, форс тилида ёзишгани ҳақида камина чиқиш қилган ва бизнинг Алишеримиз ўз “Хамса”сини она тилида ёзиш билан ҳодисанинг асл ўзани — туркий тил бағрига қайтаргани таъкидланган эди.
Хамсачилик нафақат Шарқ, балки бутун жаҳон адабиётида ноёб ҳодиса. Шу даражада ноёбки, унинг ҳақиқий моҳияти жаҳоннинг ман-ман деган адабиётшунослари томонидан ҳам тўлиқ англаб етилган эмас. Айримларининг наздида гўё биринчи “Хамса”ни ёзган Низомий диққат-эътиборга лойиғу, қолган хамсачилар, айниқса, кейинги икки буюк хамсанавис, Хусрав Деҳлавий ва Алишер Навоий шунчаки назирагўйлар, холос. Бу хато нуқтаи назар бўлиб, унинг тўрига биздаги айрим тадқиқотчилар ҳам баъзан илиниб туради. Бундай хато фикрни айтувчилар ё Низомий “Хамса”си билан мутлақо таниш эмаслар ёки унга шунчаки кўз югуртирганлар, холос. Гап шундаки, улуғ Абдураҳмон Жомий ўзининг “Баҳористон” асарида туркий “Хамса” ҳақида фикр юритиб, «Дар муқобилаи “Хамса”и Низомий” жумласини ишлатади. Бу ердаги “муқобила”, луғатларда кўрсатилганидек, бир-бирига яқин икки: бири — қарши чиқиш, рўбарў келиш, иккинчиси — тенг туриб айтиш маъноларини англатади. Яна ҳазрат Жомийнинг бир сўзига таянадиган бўлсак, кейинги “Хамса”ларни жавобия тариқасида битилган асарлар дейиш мумкин. Зеро, хамсачилик Шарқда улкан бадиий мусобақа майдони ҳисобланган. Даҳо шоиримизнинг:
Осон эрмас бу майдон ичра турмоқ, Низомий панжасиға панжа урмоқ —байти мазкур фикрнинг қуйма бадиий исботидир.
Масалага илмий узил-кесил нуқта қўйиш учун, аввало, уч буюк «Хамса»нинг форс тилидаги дастлабки иккиси тўлиқ ҳолда ўзбек тилига ўгирилиши, яъни улар ўзбекча сўзлаши, Навоий тилида гапириши лозим. Шундан кейин ҳар уччала “Хамса” қиёсий-типологик йўсинда жиддий тадқиқ этилиши керак. Бунинг устига, не бахтки ҳазрат Навоийнинг ўзи “Хамса”даги кириш ва чиқиш бобларида шундай тадқиқот йўсини калитларини аниқ-равшан белгилаб кетганлар. Уларни илмий тадқиқ қилиш қолган, холос.
Қолаверса, “Хамсатайн” моҳиятан халқимизнинг миллий-этник бадиий меросидир.
Форсий “Хамса”ларни таржима қилиш анъанаси бизда азалдан мавжуд. Бу борада Қутб, Ҳайдар Хоразмий ва Огаҳийни эҳтиром билан эслаш лозим. Кейинги даврда Ш.Шомуҳамедов, Ж.Субҳон ва О. Бўриев таржималарини қайд этиш лозим. Бу соҳада ҳам ёш таржимонлар етишиб чиқишига умид қилиб, ҳозирча ижод ва таржимада қалами анча чархланиб қолган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш лозим. Гап шундаки, шу пайтгача Низомий “Хамса”сидаги икки достон “Хисрав ва Ширин” ҳамда “Лайли ва Мажнун” О.Бўриев томонидан она тилимизга таржима қилиниб, нашр этилди. Лекин қолган уч достон ҳали тилимизга ўгирилган эмас. Бунинг устига, таржимоннинг гувоҳлик беришича, чоп этилган китобда “Хисрав ва Ширин”нинг ибтидо бобидан ўн уч байт ва “Аллоҳ таолонинг тавҳидида” бобидан етти байт, жами йигирма байт, қирқ мисра негадир тушириб қолдирилган.
Албатта, қилинажак таржималар буюк хамсалар бўй-бастига муносиб юксак савияда бўлиши, Навоий “Хамса”си тилига хос салобат билан жаранглаши шарт.
Хуллас, таржима соҳасида мавжуд кучлардан самарали фойдаланиш, янги истеъдодли таржимонларни тарбиялаш юксак маънавият учун зарурдир.
Сувон Мели
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 11-сонидан олинди.