Дамасо Алонсо (Dámaso Alonso y Fernández de las Redondas) – таниқли испан адабиётшунос олими, шоир. Адабиёт тарихи бўйича кўплаб тадқиқотлар муаллифи. Жаҳон адабиётида “27-йиллар авлоди” деб ном олган шоирлар сирасига киради.
ТАХАЙЮЛ
Шунчалар толиқдим, шунча толиқдим,
алангалар ҳатто кўринар сўник.
Йигирма йил умрим кечган шаҳарда
дақиқалик халоватим йўқ.
Қаҳқаҳалар сўник, йиғилар сўник,
димоғингни ёрар оқшом ҳавоси,
ана, юлдуз санар болохонада
ҳамсоямнинг бийрон боласи.
Қўшилиб санайман, оҳ, етиб бўлмас,
бир, икки, уч, тўрт, беш зўрға!
Йўқ, етиб бўлмайди, қайта санайман,
эргаша олмайман чақнаган нурга…
* * *
Ҳайқираман ўзимга ўзим:
“Йигирмага кирдинг, Дамасо,
йигирмага кирдинг сен бугун!”
Етаклашиб ёнимдан ўтар
севишганлар бепарво, шодон.
Мен китоб ўқийман, шеърлар битаман,
севиш ва севилиш ҳақида ҳамон.
бахтиёрлик ҳақда, баҳорда офтоб
нурини меҳр-ла сочиши ҳақда…
Лек бугун кўзгуга боқдим шаҳд ила
ва дедим ўзимга: “Ҳайқир Дамасо!
Баҳоринг кутмоқда таманно билан
йигирмага кирдинг, Дамасо!”
ҚЎШИҚ
Инсон суяр кошоналарни,
Асъасаю афсоналарни,
Тўкмас бунда қайноқ кўзёшлар.
Мен-чи, фидо сенга шаббода,
Қўшиқларим бўлсин бахшида,
Лабларида тутгувчи бода,
Мен фидоман сенга шаббода.
Кенгликларни тўлдириб, бесар,
Маволарнинг бағрида эсар,
Қучоғида тўлса паймонам.
Ёки кутсам, уммон қўйнида
Денгизчидай энтикиб жоним.
Кокилларин сирмаб билакка,
Жиловдори бўларман албат.
Орзуларим – ҳур-ҳур шамоллар
Кафтларида етсам тилакка.
Дарғаларни денгиз бағрида,
Дафн қилган каби сўнгги дам,
Шамолларга сочинг ҳокимни,
Ором топсин бедор руҳим ҳам.
Русчадан Ўктам Мирзаёр таржималари