Ҳабиб Саъдулла (тахаллуси; асл номи Саъдуллаев Ҳабибулла) (1942.5.4, Наманган – 2006) — Ўзбекистон халқ шоири (1999). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1992).
Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тугатган (1971). «Муштум» журналида мусаҳҳиҳ (1966—67), мактаб ўқувчилари газетасида адабий ходим (1967—68), «Наманган ҳақиқати» газетасида бўлим мудири, муҳаррир ўринбосари (1968—73), Наманган вилоят Ёзувчилар уюшмасида раис (1973—90), вилоят Маданият ишлари бошқармасида бошлиқ (1990—98) бўлиб ишлаган.
Дастлабки шеърлар тўплами — «Океандан шабада» (Усмон Темур билан ҳамкорликда, 1969). Шундан сўнг Ҳабиб Саъдулланинг «Баҳор билан суҳбат» (1975), «Мулоқот» (1979), «Яна остонангда» (1982), «Эҳтиром» (1984), «Боғлар юртин боласимиз» (1988), «Тазарру», «Кўчамдан жонон ўтганда» (1992), «Косонсой карвонлари» (1993), «Учқўрғоннинг уч хирмони» (1996), «Рамазон муножоти» (1997), «Нур қадри» (1998) шеърий китоблари нашр этилган.
Ҳабиб Саъдулла шеърларида ўзи мансуб бўлган авлоднинг ўзгариб бораётган воқеликдан олган таассуротлари ва шу воқеликка муносабати ўз ифодасини топган. Шоирнинг уруш мавзусига бағишланган «Туғилган йилим», «Онаизор» ва «Тирик қурбонлар» достонлари автобиографик хусусиятга эга. Бундан ташқари, Ҳабиб Саъдулла «Усмон атлас», «Замин садоси», «Еттинчи қитъа», «Эътиқод», «Чуст ривояти», «Адиб тақдири», «Жароҳат» сингари достонларни ҳам ёзган.
Ҳабиб Саъдулланинг «Юсуф ва Зулайҳо» (1975), «Меҳр қуёши» (1985) драмалари ва «Раҳмат, иғвогар» (1989) комедияси вилоят театрида саҳналаштирилган. «Эл-юрт хурмати» ордени билан мукофотланган (2003).