Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзо бўлиши ташкилот мақомини янада оширади

Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлиши иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди, иқтисодиётдан сиёсатга қадар, спортдан таълимга қадар йўналишлардаги ишлар самарадорлигини оширади. Бу ҳақда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) бош котиби, элчи Рамил Ҳасанов маълум қилган.

Бош котибга кўра, Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга кириши унинг минтақавий ташкилот сифатида мақомини янада мустаҳкамлайди.

Таҳлилчилар Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзо бўлиши Анқара дипломатиясининг ютуғи эканини таъкидламоқдалар. Зеро, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг Кенгашга аъзо бўлиши ҳақидаги қарорни Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Тошкентга сафари чоғи маълум қилгани ҳам бежиз эмас.

Ўзбекистон раҳбари жорий йил 30 апрель куни Тошкентда туркиялик ҳамкасби билан биргаликда ўтказган матбуот анжуманида расмий Тошкент Туркий кенгашга аъзо бўлишга тайёрлигини, тез муддатда ташкилотнинг бош қароргоҳида Ўзбекистон байроғи ўрнатилишини билдирди. Шунингдек, Кенгашнинг Бишкекдаги саммитида ҳам Ўзбекистон иштирок этишини маълум қилди.

Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбойжондан иборат Кенгашга Ўзбекистоннинг қўшилиши туркий дунёдаги робиталарни янада мустаҳкамлаши кутилмоқда.

Туркий кенгаш бош котибининг ўринбосари Омар Кожаман ҳам расмий Тошкентнинг бу қарорини тарихий деб ҳисоблайди.

“Ўзбекистон шиддат билан ривожланаётган ҳамда кўп нуфусли мамлакат сифатида Туркий кенгаш равнақига улкан ҳисса қўшади. Ўзбекистон аъзо бўлганидан кейин Туркий кенгаш иқтисодиёт, таълим, болалар, спорт ва туризм соҳаларидаги кенг қамровли лойиҳаларни амалга оширади. Ўзбекистоннинг Туркий кенгаш таркибига қўшилиши ташкилот қудратини оширади. Ўзбекистон иштирокида Туркий кенгаш глобал ва минтақавий тинчликни таъминлаш йўлида жадал чора-тадбирларни амалга оширади”, – дейди Туркий кенгаш бош котибининг ўринбосари Омар Кожаман.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши – замонавий туркий мамлакатларни бирлаштирувчи халқаро ташкилот. Кенгаш 2009 йил 3 октябрда  Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон томонидан ташкил этилган. Бош қароргоҳи Истанбулда жойлашган.

Кенгаш туркий тилли давлатлар ўртасида иқтисодиёт, илм-фан, таълим, транспорт, божхона, туризм каби соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган. Кенгаш аъзоларини муштарак тил, муштарак тарих, муштарак маданият ва муштарак қадриятлар бирлаштиради. Кенгаш доирасида Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеяси, Туркий маданият халқаро ташкилоти (TÜRKSOY), Туркий маданият ва мерос жамғармаси, Туркий тилли ишбилармонлар кенгаши ва Туркий тилли давлатлар академияси фаолият юритади.

Туркий тилли давлатлар кенгаши Европа Иттифоқининг мини-модели деб баҳоланади.

С.Салим