Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида 26 сентябрь – Европа тиллар куни доирасида маърифий тадбирлар ўтказилди.
Тадбирнинг расмий очилиш маросимида ЎзДЖТУ раҳбарияти ва ҳамкор давлатлар элчилари қатнашди. Франция, Германия, Швейцария, Руминия ва Грузия давлатлари элчихоналари, ЕИнинг юртимиздаги ваколатхонаси ҳамда Гёте институти ҳамкорлигидан ташкил этилган сана муносабати билан илмий-амалий анжуман, кўргазма, бадиий чиқиш, танлов ва спектакль намойиши уюштирилди.
Тадбирда Франция элчиси Изабель Сервоз-Галлуччи хоним ҳамда Германия элчиси жаноб Гюнтер Оверфельд ҳам қатнашди.
Бу йил мазкур сана доирасидаги тадбирлар замонавий драматургияга бағишлангани сабаб Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси француз драматурги Реми де Восни юртимизга таклиф этган эди. Замонавий драматургиянинг долзарб масалаларига бағишланган анжуманда француз адиби ҳам ўз маърузаси билан иштирок этди.
Шу куни ЎзДЖТУ талабалари француз, олмон, испан, инглиз ҳамда рус тилларида тайёрлаган бадиий чиқишларини намойиш этдилар. Тадбир якунида Европа тиллари куни доирасида эълон қилинган танлов ғолиблари тақдирланди.
Ўзбекистон ёшлар театрида драматург Реми де Воснинг “Бизни ўлим ажратгунча” спектакли илк бор француз тилидаги субтитрлар билан санъат ихлосмандларига тақдим этилди. Ушбу бадиий намойиш Европа тиллари куни байрамига ўзига хос якун ясади.
26 сентябрь – Европа тиллари куни 2001 йилдан буён Европа кенгаши шафелигида нишонлаб келинади. Шу куни дунё бўйлаб тил тарғиботига бағишланган маърифий кечалар ўтказилади.
Мазкур санани нишонлашдан кўзланган мақсад Европада маданиятлар ва тиллар хилма-хиллигини муҳофаза этиш, ёшларни хорижий тилларни ўрганишга рағбатлантириш ҳамда турли маданиятлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашдан иборатдир.
Европа халқлари 200 га яқин тилда сўзлашади. Жумладан, 24 та тил ЕИнинг расмий тили мақомига эга. Дунёнинг бошқа минтақаларидан Европа иттифоқида яшаш учун келган миллатлар тили қўшилса, ушбу рақам янада йириклашади.
Европа тиллари куни Ўзбекистонда ҳам тобора кўпроқ билимга чанқоқ ёшларни жалб этмоқда.
С.Салим