Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 27 февраль куни Истанбулдаги “Бейларбейи” саройида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Рустам Азимовни қабул қилди. Бу ҳақда Туркия Президенти расмий сайти хабар беради. Оммавий ахборот воситаларига кўра, Туркия Бош вазири ўринбосари, Иқтисодиёт ва Мудофаа вазирлари иштирокидаги музокаралар қарийб бир соат давом этган.
Р.Азимов бошчилигидаги делегация Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши (DEİK) Истанбулда ташкил этган ўзбек-турк бизнес-форумида иштирок этган. Форум якунида икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган келишувлар имзоланган.
Жумладан, томонлар ҳамкорлик учун қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электроника, кимё саноати, туризм ва логистика каби 10 етакчи йўналишни белгилаб олган.
Форумда чиқиш қилган Туркия Иқтисодиёт вазири Ниҳат Зейбекчи 2016 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси ҳажми 1,2 миллиард долларни ташкил этганини қайд этган, бу кўрсаткич мавжуд имкониятлар даражасидан паст этгани таъкидлаган. Вазир икки давлат ўртасида 1995 йилда имзоланган сармоялар бўйича келишувни ҳамда эркин савдо ҳақидаги шартномани қайта кўриб чиқишни таклиф этган.
Иқтисодиёт вазири турк қурилиш компаниялари Ўзбекистонда умумий қиймати 2 миллиард доллардан ошиқ 110 та лойиҳани амалга оширганини қайд этган.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов расмий Тошкент Анқара билан ҳамкорликни янада кенгайтириш истагида эканини билдирган. Таъкидланишича, икки мамлакат нефт-кимё, шунингдек, олтин, кумуш ва уран каби фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик қилиши мумкин. Темир ва автомобиль йўллари қурилиши лойиҳалари эса ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари саналади.
“Туркия Ўзбекистони мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган мамлакат ва ўзбек халқи буни асло унутмайди”, – деб таъкидлаган Р.Азимов.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 16 декабрда тан олган. 1992 йил 4 мартда икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган. Ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ўзаро 90 дан ошиқ ҳужжат, жумладан, Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган.
Айни вақтда юртимизда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компанияси фаолият юритмоқда. Тўқимачилик, қурилиш, меҳмонхона бизнеси, фармацевтика ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларда фаолият юритаётган турк ширкатларида 50 мингга яқин ишчи ўрни яратилган.
Собир Салим
Шу мавзудаги мақолалар:
Ражаб Тоййиб Эрдўғон Шавкат Мирзиёвни Туркияга таклиф қилди. 07.12.2016