Ўзбекистон илм-фанида аёллар улуши маълум қилинди

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг илмий тадқиқотлар олиб боришдаги иштироки 39 фоизга яқинлашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси Ижтимоий-гуманитар фанлар бўлими раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Нодира Мустафоева “Янги Ўзбекистон” нашрида чоп этилган мақоласида маълум қилган.

Айни пайтда ЎзФА тизимида ходимлар сони 5337 нафар, шундан 2081 нафари аёллар (38,9 фоиз), илмий ходимлар сони 2833 нафар, шундан 927 нафари аёллар (32,7 фоиз), фан докторлари 490 нафар, шундан 109 нафари аёллар (22,2 фоиз), фан номзодлари ва PhD 831 нафар, шундан 265 нафари (31,8 фоиз) аёллардир.

Академия тизимида таянч докторантурада таҳсил олаётганларнинг умумий сони 686 нафар, шундан 250 нафарини аёллар (36,4 фоиз), докторантурада (DSc) 88 нафар, шундан 25 нафарини аёллар (28,4 фоиз) ташкил этади.