Афғонистоннинг Балх вилояти Қалдар туманида Ўзбекистон томонидан йўлланган инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, тадбир иштирокчилари Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдириб, инсонпарварлик ёрдами ўз вақтида кўрсатилаётганини таъкидлаган. Жумладан, туман раҳбари М.Вали Ўзбекистоннинг инсонпарварлик ёрдами Афғонистон шимолий ҳудудлари, хусусан, Балх вилояти аҳолиси фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этган.
Ун, ўсимлик ёғи, буғдой, гуруч, макарон, консерва, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлардан иборат озиқ-овқат тўпламлари, кийим-кечак бир ой аввал кучли сув тошқини ва сел содир бўлган Қундуз, Саманган, Таҳор ва Жузжон вилоятларига ҳам юборилиши маълум қилинган.