Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги Эрон миллий газ компаниясини икки томонлама ҳамкорликка доир нохолис ахборот тарқатишда айблади. Расмий Ашхободга кўра, Эрон миллий газ компанияси сайтида тарқатилган маълумотлар ҳақиқатдан йироқ бўлиб, Эрон томонининг қарздорлиги бўйича аҳволни хаспўшлашга қаратилгандир.
“Хусусан, “Туркмангаз” давлат концерни томонидан гўё шартноманинг газ сифати ва миқдори билан боғлиқ шартлари бузилишига йўл қўйилгани ҳақидаги даъволар ҳақиқатга тўғри келмайди. Аслида, Эронга туркман табиий газини етказиш бўйича шартнома ижроси мобайнида Эрон миллий газ компанияси томонидан кўп маротаба мажбуриятларни бузиш ҳолатларига йўл қўйилган”, – дейилади Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Қайд этилишича, шартноманинг асосий тамойили “take or pay” – “ол ёки тўла” бўлишига қарамай, Эрон газ ширкати битим шартларига риоя қилмаган. Эрон миллий газ компаниясининг “кўпга чўзилган самарасиз музокаралар” хусусидаги баёноти ҳам асл воқеликка зиддир.
“Шу ўринда таъкидлаш жоизки, айнан Туркманистон томонининг ташаббуси билан Эрон нефть вазирлиги ва Эрон миллий газ компанияси билан мунтазам учрашув, маслаҳатлашув ва музокаралар ўтказилиб келмоқда. Ушбу жараёнда Туркманистон томони нафақат газ етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартномага дахлдор масалалар, балки Туркманистон ва Эроннинг газ бўйича ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича ҳам аниқ таклифлар билан чиққан”, – дейилади расмий Ашхобод баёнотида.
Эрон миллий газ компанияси Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигини икки компания ўртасидаги низога аралашувда айблаган эди.
“Бу борада ҳеч қандай қоидабузарлик мавжуд эмас, негаки, тижорат битими ва шартномаларида бу каби масалалар қайд этилмайди. Шу билан бирга, барчага маълумки, ҳар бир давлат ташқи сиёсат идорасининг асосий вазифаларидан бири ўз мамлакати манфаатлари (жумладан, иқтисодий), фуқаролари ва ташкилотлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборатдир. Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигининг мазкур масалани ёритишдаги фаоллигини ушбу жиҳатдан тушуниш лозим”, – дейилади баёнотда.
Аввалроқ Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат 1997 йилдан буён икки томонлама келишувга қатъий амал қилган ҳолда Эронга газ етказиб бериб келгани, аммо Эрон миллий газ компанияси 2013 йилдан буён табиий газ бўйича юзага келган қарзини узишга ҳаракат қилмагани ҳақида хабар берган эди. Қайд этилишича, Эрон миллий газ компанияси Туркманистоннинг конструктив ташаббусларига ижобий жавоб бермагани боис 2017 йил 1 январдан қўшни давлатга туркман табиий газини етказиб бериш тўхтатилган.
Собир Салим