12 декабрь куни Туркманистон Бетарафлик халқаро ҳуқуқий мақомини олганига 22 йил тўлди. Мазкур сана муносабати билан Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон халқига табрик йўллади.
Табрикда мазкур тарихий сана асрлар давомида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларига содиқ бўлиб келган мамлакат нуфузини янада ошириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланади.
“Мамлакатимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан икки карра тан олинган Бетарафлик ҳуқуқий мақоми ички ва ташқи сиёсатимиз асосини ташкил этади. Бетарафлик иқтисодиётнинг жадал тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини изчил таъминлашнинг асосий шартларидан биридир”, – дейилади табрикда.
Қайд этилишича, Туркманистоннинг турли йилларда БМТнинг Фан ва техника комиссияси ҳамда Ижтимоий тараққиёт қўмитасига сайланиши ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг халқаро эътирофи саналади.
“Туркманистоннинг бетарафлиги халқларни жипслаштириб, дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги йўлларини очади. Замонавий ҳаво бандаргоҳлари, автомобиль йўллари, транзит-транспорт коридорларини қуриб, биз халқимизнинг кўп асрлик тинчлик ва дўстлик анъаналарини янада бойитмоқдамиз. Бетарафлик куни арафасида Серхетабат–Тургунди темирйўлининг фойдаланишга топширилгани тарихий воқеа бўлиб, бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимизни бутун дунёга намоён этиб, мустақил туркман давлати нуфузини оширди”, – дейилади Туркманистон Президенти табригида.
Туркманистон раҳбарига кўра, замонавий дунёдаги янги шарт-шароитлар, глобаллашув жараёнларини инобатга олиб, расмий Ашхобод Осиё-Тинч океани минтақаси, Ўрта ва Яқин Шарқ, Европа ва Америка давлатлари билан кўп томонлама ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди. БМТ, ЕИ, МДҲ, ШҲТ, ЕХҲТ, ИҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати каби халқаро тузилмалар билан алоқаларни мустаҳкамлайди.
Мактубда ички ва ташқи сиёсатга таяниб, қулай геосиёсий вазият ҳамда улкан табиий бойликлар, қолаверса, илмий салоҳиятдан фойдаланиб мамлакат дунёнинг ривожланган давлатларига бирига айлантирилиши таъкидланади.
Эслатиб ўтамиз. БМТ Бош Ассамблеяси 1995 йил 12 декабрдаги 50-юбилей сессиясида Туркманистоннинг доимий бетарафлиги хусусида резолюция қабул қилди. Бетарафлик мақоми Туркманистонга халқаро муносабатларнинг мустақил субъекти сифатида миллий манфаатларни рўёбга чиқаришнинг самарали йўлларини топиш имконини берди. Кузатувчиларга кўра, Туркманистоннинг бетарафлик модели минтақавий бақарорлик ва халқаро цивилизацион мулоқотга ҳам кўмак бермоқда. Алоҳида мамлакатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик туфайли расмий Ашхобод БМТ томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бунга далил сифатида БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил 3 июндаги 69-сессиясида Туркманистоннинг доимий бетарафлиги хусусида яна бир резолюция қабул қилинганини қайд этиш мумкин.