Жорий йил 16 апрель куни Туркия Конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича референдум ўтказилади. Мамлакат бўйлаб умумхалқ овоз бериш тадбирига жадал ҳозирлик кўрилмоқда. Ахборот агентликлари хабарига кўра, хорижий давлатлардаги Туркия элчихоналарида сайлов участкаларини ташкил қилиш ва чегаралардаги божхона марказларида овоз бериш жараёнини йўлга қўйиш каби тайёргарликлар якунланмоқда. Масалан, АҚШда истиқомат қилаётган Туркия фуқаролари Вашингтон, Нью-Йорк, Бостон, Маями, Чикаго, Ҳюстон ва Лос-Анжелос шаҳарларида 1 апрелдан овоз бериши мумкин.
Бошқарувдаги чалкашликларга барҳам берилади
Президентлик тизимига бағишланган анжуман. Истанбул шаҳри, 2017 йил февраль
Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон яқинда ижтимоий тармоқ орқали 16 апрель санаси Туркия учун ҳал қилувчи сана бўлишини таъкидлаб, президентлик бошқарувининг афзалликларига тўхталди. Давлат раҳбарига кўра, Туркиянинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти ваколатларидаги чалкашликлар ва ўзаро зиддиятлар боис мамлакат катта талафот кўрмоқда.
Сиёсий инқирозлар ҳам турк халқ оёғига тушов бўлаётганига эътибор қаратган Эрдўғон мамлакат масъулиятли ва кучли бошқарувга эҳтиёж сезаётганини айтган.
Туркия етакчиси бир неча кун аввал Пудратчилар уюшмаси мукофотини топшириш маросимида ҳам Конституциявий ислоҳотларга эътибор қаратган.
Президентга кўра, янги сиёсий ислоҳотлар Туркияни мутараққий давлат даражасига кўтариб, ички бирлик ва жипсликни янада мустаҳкамлайди.
Қайд этилишича, янги тизимнинг бош кафолатчиси бу халқдир. Шу боис референдумда кўпчиликнинг розилигини олишга ҳаракат қилиш лозим.
“Биз ортга чекинишга ўрганмаганмиз. Шундай экан, ҳамиша қатъият ила олға қадам ташлашимиз даркор”, – деган Ражаб Тоййиб Эрдўғон.
Референдум натижаси иқтисодий тараққиётга ҳам таъсир кўрсатади
Конституциявий ислоҳотлар тарафдорлари ўтказган тадбир. Адияман шаҳри, 2017 йил февраль
Таҳлилчиларга кўра, Туркиянинг президентлик бошқарувига ўтиши сиёсий барқарорлик билан бирга, иқтисодий тараққиётни жадаллаштиришга хизмат қилади. Айни пайтда иқтисодиётга оид муҳим қарорларни қабул қилиш узоқ муддатга чўзилади. Турли бошқарув идоралари ўзаро якдил тўхтамга келгунга қадар гоҳида иқтисодий лойиҳалар долзарблигини ҳам йўқотади.
Референдумда янги бошқарув усули ёқланса, Туркияда сўнгги 15 йил давомида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар суръати янада жадаллашади, хориж сармоясини жалб этиш кўрсаткичи ошади.
Туркия муҳим геостратегик минтақада жойлашган. Аммо сўнгги йилларда ички ва ташқи омиллар расмий Анқаранинг йирик иқтисодий лойиҳаларига ғов бўлмоқда. Янги тизим мазкур тўсиқларни бартараф этиб, Туркиянинг иқтисодий-молиявий марказ сифатидаги нуфузини бундан-да мустаҳкамлайди. Боз устига, мамлакат 2023 йилгача амалга оширишни режалаштирган улкан режаларни рўёбга чиқара олади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 21 январь куни Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутатлари Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Мамлакатда президентлик бошқарувини жорий этишни кўзда тутган лойиҳани 488 депутатдан 339 нафари ёқлаган.
18-моддадан иборат конституциявий қонун Туркия Президенти ваколатларини кенгайтириш ва унинг мақомини кўтаришни кўзда тутади. Бунга кўра, Президент фармонлар қабул қилиш, вазирларни тайинлаш ва бўшатиш ваколатига эга бўлади. Амалдаги Бош вазир лавозими эса бекор қилинади. Бундан ташқари, қонун Қуролли кучлар ва махсус хизматларнинг бевосита Президентга бўйсунишини назарда тутади. Мамлакат етакчиси беш йилдан икки ваколат муддатига сайланиш ҳуқуқи эга бўлади.
Шунингдек, янги лойиҳага мувофиқ, Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутатлигига сайланишга оид ёш чегараси 25 ёшдан 18 ёшга туширилади, парламент аъзолари сони эса 550 нафардан 600 нафарга оширилади.
Собир Салим
Шу мавзудаги мақола:
Туркия: парламент бошқарувидан президентлик тизими сари. 21.01.2017