Туркияда 24 июнь куни муддатдан олдин ўтказилган президентлик сайловида амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон мутлақ кўпчилик овозини йиғиб ғалаба қозонди. Бу ҳақда Туркия марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси Сади Гувен маълум қилган.
Ҳозирга қадар бюллетенларнинг 99,16 фоизи ҳисоблаб чиқилган. Бунга кўра, Ражаб Тоййиб Эрдўғон 52,55 фоиз фоиз йиғишга муваффақ бўлган. МСК раиси қолган бюллетенлар ҳисоб-китоби умумий натижани ўзгартирмаслигини айтган.
Туркия президентлиги учун курашда амалдаги давлат раҳбаридан ташқари яна беш номзод иштирок этиб, қуйидаги натижаларга эришди.
Жумҳурият халқ партияси (CHP) номзоди Муҳаррам Инже 30,67 фоиз овоз олган.
Халқ демократик партияси (HDP) раҳбари Салоҳиддин Демиртош 8,36 фоиз овоз тўплаган.
“Яхши” (İYİ) партияси етакчиси Мерал Акшенерни электоратнинг 7,33 фоизи қўллаб-қувватлаган.
Шунингдек, “Saadet” партияси раҳбари Темел Карамоллаоғлу 0,89 фоиз, “Vatan” партияси етакчиси Доғу Перинчек эса 0,2 фоиз овоз йиғишга муваффақ бўлган.
Сайловда ғалаба қозонган Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анқарада йиғилган тарафдорлари қаршисида нутқ сўзлаб, 24 июнь кунги сайловда демократия ғалаба қозонганини таъкидлаган.
Қайд этилишича, Туркия халқи PKK, FETÖ каби жиноятчи гуруҳларга қарши кураш учун овоз бериб, яна бир карра мамлакат мустақиллиги ва келажагини ҳимоя қилди. Электорат демократик ислоҳотлар бардавомлиги, эркинлик ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси тантанасини қўллаб-қувватлади.
Туркия раҳбари, шунингдек, халқ дастаги ва ёрдами билан 2023 йилга қадар қўйилган стратегик мақсадларга эришишда сабот билан ҳаракат қилишини таъкидлади.
Ражаб Тоййиб Эрдўғон сайловда аҳоли фаол иштирок этганини мамнуният ила қайд этиб, бу кўплаб мамлакатларга сабоқ бўлишини билдирди.
Маълумотларга қараганда, 24 июнь куни сайлаш ҳуқуқига эга фуқароларнинг қарийб 90 фоизи ёки 59 354 840 киши овоз берган.
Ражаб Тоййиб Эрдўғонни сайловдаги ғалаба билан хорижий давлат ва ҳукумат раҳбарлари табрикламоқда. Жумладан, сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилингандаёқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни Туркия Президенти лавозимига сайлангани билан самимий табриклади.
24 июнь куни Туркия халқи мамлакат парламенти – Буюк Миллат Мажлиси аъзоларини ҳам сайлади. Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, сайловда 6 та партия 10 фоизлик тўсиқни ошиб ўтган.
Бюллетенларнинг 99,10 фоизи ҳисоб-китобига кўра, иқтидордаги Адолат ва тараққиёт партияси (AK PARTİ) – 293 (42,49 фоиз), Жумҳурият халқ партияси – 146 (22,67 фоиз), Халқ демократик партияси – 67 (11,62 фоиз), Миллий ҳаракат партияси (MHP) – 50 (11,13 фоиз), “Яхши” партияси – 44 (10,01 фоиз) депутатлик мандатига эга бўлди.
Муддатдан олдин ўтказилган президентлик ва парламент сайлови замонавий Туркия тарихида янги саҳифа очиши кутилмоқда. Негаки, сайловдан кейин мамлакатнинг давлат бошқарув шакли парламент республикасидан президент республикасига ўзгаради.
2017 йилнинг 16 апрелида Туркияда Конституцияига ўзгартириш киритиш бўйича референдум бўлиб ўтган эди. Мазкур референдум натижаси сайловдан кейин расман кучга киради.
Янги тартибга кўра, Президент фармонлар қабул қилиш, вице-президент ҳамда вазирларни тайинлаш ва бўшатиш ваколатига эга бўлади. Бош вазир лавозими эса бекор қилинади. Бундан ташқари, қонун Қуролли кучлар ва махсус хизматларнинг бевосита Президентга бўйсунишини назарда тутади.
Мамлакат етакчиси беш йилдан икки ваколат муддатига сайланиш ҳуқуқи эга бўлади.
Шунингдек, янги тартибга мувофиқ, Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутатлигига сайланишга оид ёш чегараси 25 ёшдан 18 ёшга туширилади, парламент аъзолари сони эса 550 нафардан 600 нафарга оширилади.
Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон кўпдан буён амалдаги парламент бошқаруви ўзини оқламаётгани, бугунги қалтис шароитда энг мақбул ечим президентлик тизимига ўтиш эканини таъкидлаб келади. Туркиянинг амалдаги етакчиси президентлик бошқаруви мамлакат тараққиётини янада жадаллаштириб, бошқарув самарадорлигини оширади, деб ҳисоблайди.
Эрдўғоннинг таъкидлашича, янги Конституция ва президентлик бошқаруви давр талаби саналади ва бу тизим бутун халқ манфаатларига хизмат қилади. Пировардида эса президентлик бошқаруви Туркияни қудратли мамлакатга айлантиради.
Таҳлилчиларга кўра, Туркиянинг президентлик бошқарувига ўтиши сиёсий барқарорлик билан бирга, иқтисодий тараққиётни жадаллаштиришга хизмат қилади.
Собир Салим
Шу мавзудаги мақолалар:
Туркия халқи президентлик бошқарувини танлади. 17.04.2017
Туркия: парламент бошқарувидан президентлик тизими сари. 21.01.2017